Тўйларда ҳам айтиладиган мадҳия? Қирғизистон депутатларининг боши қотган

Сурат манбаси, Jokorku Kenesh
- Author, Davronbek Nasibxonov
- Role, BBC muxbiri, O'sh
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Қирғизистон давлат мадҳиясини ўзгартирмоқчи. Аммо бу жараён осон кечмаяпти. Ўтган йилнинг февраль ойидан бери икки марта танлов эълон қилинди. Биринчи сафар 700 дан ортиқ, иккинчи сафар эса 130 дан зиёд матн кўриб чиқилди. Лекин мутахассисларнинг кўнгли тўлмаган.
27 январда ҳам Қирғизистон парламентининг тегишли қўмитаси танлаб олинган учта мадҳия вариантини тинглаган, аммо уларнинг бирортаси ҳам маъқул кўрилмаган.
Йиғилишда қатнашган давлат мадҳиясини ўзгартириш учун тузилган идоралар аро комиссия аъзоларидан бири, мусиқашунос Чинара Умўталиева мадҳиянинг матнини ҳам, мусиқасини ҳам танлаш осон бўлмаганини, аввал таклиф қилинган вариантларнинг бари ярамаганини таъкидлаб, ҳозирги мадҳияни ўзгартирмай қолдиришни таклиф қилди:
"Бир йил ўтирдик. Бизга келган бирорта ҳам лойиҳа ярамади. Танланган уч матннинг мусиқалари салмоқли бўлишига қарамай, матни унга лойиқ эмас. Шу сабабдан, ҳозирги гимнимиз буларга нисбатан анча залворли, уни катта-катта шоирлар ва иқтидорли бастакорлар яратган".
Аммо мадҳияни ўзгартириш учун тузилган комиссиянинг етакчиси Сиртбай Мусаев гимн бошқа қўшиқлардан фарқли бўлишини таъкидлаб, ҳозирги гимн ўз вазифасини бажариб бўлди, деган фикрда.
Лекин, янги мадҳия учун тақдим этилаётган асарларда Сиртбай Мусаевга кўра, «миллий руҳ» етишмаяпти:
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
«Мадҳияни эшитганда одамнинг эти жимирлаб кетиши керак. Эски мадҳия ўз вазифасини бажариб бўлди, бугун давлатимиз бошқа даражада. Лекин бизда яхши мадҳия ёза оладиган шоир ва бастакор қолмадими, деб ҳайрон бўляпман».
«Советча услубдан воз кечиш вақти келди»
Қирғизистон парламенти — Жогорку Кенеш спикери Нурлан Турғунбек ўғлининг фикрича, ҳозирги мадҳия ўта мураккаб ва ҳарбий марш услубида ёзилган. Спикернинг таъкидлашича, давлат рамзи фақат расмий тадбирларда эмас, балки халқнинг кундалик ҳаётида ҳам яшаши керак.
«Бизнинг мақсадимиз — 7 ёшли боладан 80 ёшли отахонгача ҳамма бемалол айта оладиган мадҳия яратиш. У фақат сиёсий тадбирларда эмас, балки турли маросим ва тўйларда ҳам ватанпарварлик қўшиғидек куйланиши лозим. Биз советча услубдан кетишимиз ва мусиқани эркинроқ қилишимиз керак», — деди спикер парламент йиғилишида.

Сурат манбаси, EPA
Мадҳияни ўзгартириш ғояси Қирғизистон жамиятида бир хил кутиб олингани йўқ. Айниқса, ижодкорлар орасида «агар яхшироқ асар яратилмаса, бор мадҳияни ўзгартиришдан нима фойда», деган қарашлар кучли.
Ёш шоир Улуқбек Омокеевнинг фикрича, мадҳия бу буюртма билан ёзиладиган оддий матн эмас:
«Мадҳия ички туйғуларингни жунбушга келтириб, керак бўлса, кўзингга ёш олдириши лозим. Мадҳия шоир ва бастакорнинг юрагидан сизиб чиқиб, бошқа юракларга етиб борсагина ҳақиқий мадҳия бўлади. Фалон миллион сомга ёзилган нарса мадҳия эмас. Туркиянинг «Истиқлол марши»ни ёзган шоир Меҳмет Акиф Эрсой қалам ҳақи олмаган, пулни хайрияга ўтказиб юборган. Мадҳия — давр алмашса, эл тақдири тарозига қўйилса ёки тарихий бурилиш юз берса, ўз-ўзидан янгиланади, ўзи яралади. Унгача эса ҳозирги мадҳиямизни куйлаб туришимиз керак деб ҳисоблайман».
Давлат мадҳиясини ўзгартириш ташаббуси парламент спикери Нурланбек Турғунбек ўғлидан чиққан. У 2024 йили Қора-Қирғиз автоном вилояти тузилганининг 100 йиллигига бағишланган тадбирда давлат мадҳияси ҳамма осон куйлай оладиган даражада бўлиши кераклигини айтган.
Кейинчалик бу ташаббусни президент Садир Жапаров ҳам қўллаб, давлат рамзини ўзгартириш замон талаби эканини айтган.
Ҳозирда Қирғизистон мадҳиясини ўзгартириш бўйича танлов давом этмоқда.
Аммо халқ орасида давлат рамзларини ўзгартиришга қарши чиққанлар ҳам кўп.
Қирғизистон давлат мадҳияси 1992 йил 18 декабрда тасдиқланган. Амалдаги мадҳия матнининг муаллифлари — Жалил Садиков ва Шабданбек Қулуев, мусиқасини эса Насир Давлесов ҳамда Калий Молдобасанов ёзган.
Амалдаги ҳукумат 2023 йилда давлат байроғининг айрим элементларига ҳам ўзгартириш киритган эди. Ўшанда ҳам ушбу қарорни танқид қилганлар бўлган.












