Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги "Достук" пости: Тизимли коррупция занжири узилдими? Видео

- Author, Davron Hotam
- Role, BBC muxbiri, Qirg'iziston
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Ўш вилоятидаги энг йирик "Достук" чегара пости раҳбарини ҳибсга олди.
Ўзбекистон ва қирғизистонлик аксарият йўловчиларнинг тинимсиз шикоятларига сабаб бўлган "сунъий навбатлар" ва "пул эвазига ўтказиш" тизими ортида ким турганлиги расман очиқланди.
МХДҚ хабарида айтилишича, амалдор чегара постида тизимли равишда пул ундириш механизмини йўлга қўйган.
Маълум бўлишича, чегарада сунъий равишда тирбандлик ва узун навбатлар ташкил этилган. Навбатда соатлаб қолиб кетишни истамаган йўловчилар учун "ўртамчилар" пайдо бўлиб, маълум миқдордаги пул эвазига тўсиқсиз ўтиш таклиф қилинган.
"Гумонланувчи воситачилар орқали чет эллик фуқаролардан доимий равишда пул олиб турган ва чегарада жиноий фаолият билан шуғулланувчи шахсларга ҳомийлик қилиб келган," — дейилади МХДҚнинг расмий хабарида.
Ҳозирча ҳибсга олинган А.Н.О. ёки унинг ҳимоячиси айбловларга нисбатан расмий муносабат билдирмаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев «Достук» чегара постидаги вазиятни ўрганиш мақсадида бунга қадар бир неча бор ушбу масканга борган. Қўмита матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеоларда Ташиев ижтимоий тармоқларда йўловчилар томонидан билдирилган шикоятлар — узун навбатлар ва пул талаб қилиш ҳолатлари бўйича пост мутасаддиларидан изоҳ сўраганини кўриш мумкин.
Текширув вақтида МХДҚ раиси чегара хизмати ходимлари ўртасида коррупция ҳолатларига йўл қўйилаётгани ёки йўқлиги билан қизиққан. Ўша вақтда "Достук" назорат ўтказиш пунктининг етакчиси навбатларнинг юзага келишини ҳужжатларни текширувчи ходимлар сонининг камлиги билан изоҳлаб, чегарада коррупция ҳолатлари мавжуд эмаслигини, навбатлар эса фақат техник ва ходимлар етишмовчилиги сабабли пайдо бўлаётганини билдирган.
Бугунги вазият: Постда «ҳаво» ўзгардими?
"Достук" назорат-ўтказиш пункти бошлиғи қўлга олинганидан икки кун ўтиб, мазкур чегара ҳудудидан ўтаётган йўловчилар билан суҳбатлашдик.

Улар бугун чегарадан ўтувчилар анча кам экани ва шу билан бирга навбат кутишлар ҳам бўлмаётганини айтишди.
"Бугун жуда яхши. Ҳеч ҳам "очеред" йўқ. Ҳаммаси яхши. Кирсак, ким келар экан деб, қатор ўтиришган экан. Киришимиз билан печатларимизни босиб берди. Мен бу чегарадан кўп ўтаман. Олдин ростдан ҳам навбат кутиш кўп бўларди. Бугун ундай эмас. Ўзимиз ҳам жуда хурсанд бўлиб, ўтиб келяпмиз", - дейди ўзбекистонлик Инобатхон Хожиматова BBC билан суҳбатда.
Ўзини Матлубахон Холмирзаева деб таништирган яна бир ўзбекистонлик йўловчи эса, аввал Россияда юргани учун, кўп йиллардан бери энди биринчи марта Ўшга келганини айтди.
"Мен Россиядан яқинда келдим. Бу чегарадан охирги марта ўтганимга кўп йил бўлиб кетди. Бугун эрталаб Ўшга ўтгандим, ҳозир энди қайтиб кетяпман. Ҳеч муаммо бўлмади. Кўп кутмадим".

BBC саволларига жавоб берган бошқа йўловчилар ва оғир юк ташувчи автомобил ҳайдовчилари ҳам чегарадан ўтишда қийинчилик йўқ эканини таъкидлашди.
Чегара хизматининг маълумотларига кўра, "Достук"постининг кунлик ўтказиш қуввати 16 минг кишига мўлжалланган. Аммо амалда суткасига 18 мингдан 26 минггача одам ўтмоқда. Айниқса, Ўзбекистондаги Қорасув бозорида улгуржи савдо бўладиган кунлари оқим кескин ортади.
"Мени қамоқ билан қўрқитишди"
Ўшлик мустақил журналист Шоҳрух Соипов ўз Facebook саҳифасида сўнгги 3-4 йил давомида ушбу постдаги вазият ҳақида шундай дейди:
"Ўш шаҳридаги "Достук" назорат-ўтказиш пункти бошлиғининг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари томонидан ҳибсга олиниши ушбу ўтказиш пунктида тизимли коррупция мавжудлигини яққол кўрсатиб бермоқда.
Сўнгги 3-4 йил давомида мен бу муаммони бир неча бор ёритиб, аниқ қонунбузарлик фактларини кўрсатиб келганман", - деб ёзади Шохрух Соипов.
Журналистнинг ёзишича, у 2023 йил февралида шахсан постдан ўтиб, коррупция ҳолатини видеога олган. Шундан кейин у милицияга сўроққа чақирилиб, "миллатлараро адоват қўзғиш" ва "провокация"да айбланган.
"Чегара бўйича коррупция ҳақида кўплаб мурожаатлардан сўнг, 2023 йил феврал ойида эрта тонгда мен шахсан "Достук" назорат-ўтказиш пунктидан ўтишга қарор қилдим. Чегарачилар томонидан коррупция фактлари ҳақиқатан ҳам тасдиқланди. Мен содир бўлаётган воқеаларни видеога туширдим ва ўзимнинг суриштирув натижаларимни эълон қилдим.
"Dostuk" punktidagi korruptsiyani yoritganimdan keyin meni provokatsiya qilishda, milliy adovat uyg‘otishda ayblashdi, qamoqqa tashlanishim kerakligini aytishdi.
Бу муаммо ҳақида ёзганларимдан сўнг мени милицияга сўроққа чақиришди, шунингдек, айрим шахслар томонидан таҳдид ва қўрқитишларга дуч келдим. Айниқса, "Достук" назорат-ўтказиш пунктидаги коррупцияни ёритганимдан кейин қаттиқ босим кўрсатилди: мени провокация қилишда, миллий адоват уйғотишда айблашди, қамоққа ташланишим кераклигини айтишди ва бошқа бемаъни айбловлар билдирдилар", - деб ёзади Шохрух Соипов.
Унга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги энг йирик ҳамда гавжум бўлган "Достук" чегара постида тез-тез текширувлар ўтказиб туриш керак. Бу Қирғизистоннинг обрўси учун муҳим, деб ҳисоблайди мустақил журналист.
"Дўстлик": Ёпиқ эшиклардан стратегик дарвозагача
"Достук" (Дўстлик) назорат-ўтказиш маскани нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистон, балки бутун Фарғона водийси учун стратегик аҳамиятга эга. Андижон вилоятининг Хўжаобод туманини Ўш шаҳри билан боғловчи ушбу пост икки халқ ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларнинг асосий боғловчи йўлаги ҳисобланади.
Бироқ, бу йўлак доим ҳам очиқ бўлмаган. 2005 йилдаги Қирғизистон ва Ўзбекистондаги воқеалар, хусусан, Андижондаги намойишларнинг қонли бостирилиши ортидан икки давлат ўртасидаги чегара алоқалари ёмонлашиб, кўплаб ўтказиш пунктлари, жумладан, "Достук" ҳам йиллар давомида деярли ёпиқ ҳолатда қолган ёки ўтиш тартиби ўта қаттиқ чекланган эди. Ўша вақтларда оддий фуқаролар учун чегарадан ўтиш ҳақиқий синовга айланган, оилавий ришталар ва савдо алоқалари узилиб қолганди.
Вазият 2016 йилда Ўзбекистонда сиёсий ҳокимият алмашганидан сўнг тубдан ўзгарди. Кузатувчиларга кўра, Президент Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати натижаси ўлароқ Бишкек ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар илиқлашди. 2017 йил сентябрь ойида "Достук" пости тантанали равишда қайта очилди. Бу воқеа икки халқ учун тарихий кун сифатида эсда қолди — одамлар чегарада бир-бирларини кўз ёшлари ва карнай-сурнайлар билан кутиб олишган эди.
Бугунги кунда "Достук" орқали нафақат минглаб йўловчилар, балки миллионлаб долларлик товарлар айланмаси ўтади.
Ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида умумий 15 назорат ўтказиш пункти ишламоқда.





























