Бразилияда ўтаётган COP30 иқлим саммити нима? Иқлим ўзгаришига қарши курашда ўрни нимага муҳим?

Ayol iqlim bo'yicha konferentsiyani e'lon qiluvchi plakat yonidan o'tmoqda.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

    • Author, BBC янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Бразилияда БМТнинг йиллик иқлим конференцияси бошланди. Иқлим саммити Париж келишуви имзоланганига 10 йил тўлган рамзий бир паллада ўтказилмоқда. Келишув имзоланганда, дунёнинг қарийб 200 давлати Ер сайёрасининг ҳароратини саноатлашишгача бўлган даражасидан 1,5 °C гагина ошган ҳолда ушлаб туришга, ва ҳеч қандай ҳолатда ҳам бу фарқни 2 °C га етказмасликка келишиб олган эди. Чунки исишдаги 2 °C фарқ ҳалокатли оқибатларга - янги кучдаги табиий офатлар, оммавий миграция ва қашшоқликка олиб келиши мумкинлиги эътироф этилган эди.

Бугун, орадан 10 йил ўтгач, олимлар бу мақсадларга ҳозирги суръатлар билан эришиш қийинлигини тан олмоқда. БМТ бош котиби эса ҳароратдаги фарқнинг 1,5 °C дан ошиши энди муқаррар эканини билдирган.

Дунё етакчилари, олимлар, нодавлат ташкилотлар ва экофаоллар Бразилиянинг Белем шаҳрида иқлим ўзгаришига қарши кураш чораларини муҳокама қилиш учун йиғилади.

Саммитда деярли барча давлатлар вакиллари иштирок этади, бироқ Хитой, Австралия, Туркия ва Индонезия каби кўплаб етакчилар давлатлар раҳбарлари тадбирга келмайди. АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам COP30 саммитига боришни ёки маъмуриятидан кимнидир юборишни режалаштирмаяпти. Лекин учрашувда АҚШ Конгресси ва Демократик партия аъзолари қатнашиши кутилмоқда.

COP30 ўзи нима?

COP30 (Conference of the Parties – Томонлар конференцияси) - бу БМТнинг Иқлим ўзгариши муаммолари бўйича Конвенциясига аъзо давлатлар халқаро конференциясининг инглизча номининг қисқартмасидир. Ушбу ном 1992 йилда Рио-де-Жанейрода ўтказилган конференцияда қабул қилинган. БМТга аъзо давлатлар ҳукуматлари, экспертлар, бизнес ҳамжамияти ва фаоллар иқлим ўзгаришларини ҳамда уларга қарши қандай курашиш масалаларини муҳокама қиладилар.

COP30 қачон ва қаерда бўлиб ўтади?

Конференция 2025 йил 10 ноябрдан, 21 ноябргача ўтказилади. Саммит расмий бошланишидан олдин, 6 - 7 ноябрь кунлари дунё етакчилари учрашув ўтказишди.

Иқлим саммити илк бор Бразилияда, Амазонка дарёси дельтаси ҳудудида жойлашган Белем шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу жой танланиши тропик ўрмонларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги марказий ролини таъкидлайди. Бироқ саммитга тайёргарлик баҳс-мунозараларга сабаб бўлди: делегациялар турар жой етишмаслигидан шикоят қилмоқда, шунингдек, тадбир ўтказиладиган жойга йўл қуриш учун ўрмоннинг бир қисмини кесиш қарори экологлар томонидан танқид қилинди. Бундан ташқари, Бразилия нефть ва газ қазиб олиш учун лицензиялар беришни давом эттирмоқда - бу эса иқлим мақсадларига зид ҳисобланади.

Buyuk Britaniya Bosh vaziri Ser Keir Starmer, Braziliya prezidenti Lula va shahzoda Uilyam

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Буюк Британия бош вазири Кей Стармер, Бразилия президенти Лула да Силва ва шаҳзода Уилям конференция олди йиғилишида

COP30 га борганлар ва бормаганлар

Конференцияга тайёргарлик учрашувида бошқа етакчилар қаторида Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон, Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляен иштирок этди.

Британия қироли номидан Уэлс шаҳзодаси сўзга чиқиб, мамлакатларни «тез яқинлашаётган иқлим таҳдидларига қарши бирлашишга» чақирди.

Бироқ кўплаб етакчилар келмади. Келмаганлар орасида дунёнинг икки йирик ифлослантирувчи давлати раҳбарлари - Хитой президенти Си Сзинпин ва АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам бор.

Бу эса асосий иқтисодиётлар томонидан яна ҳал қилувчи мажбуриятлар бўлмаслигидан хавотирларни кучайтиради.

Сиёсатчилар ва дипломатлар сафига олимлар, фаоллар ва журналистлар қўшилади. Олдинги саммитлар кўмир, нефт ва газ саноати билан боғлиқ иштирокчилар сонининг кўплиги учун танқид қилинган. Фаоллар бу ҳолат қазилма ёқилғи тарафдорларининг таъсири ошиб бораётганини кўрсатади, деб ҳисоблайди.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

COP30 нима учун муҳим?

Белемдаги саммит жуда муҳим паллада ўтказилмоқда. 2015 йилда имзоланган Париж келишуви глобал исишни 1,5 °C да чеклашни мақсад қилган эди, бироқ ҳозирги иқлим режалар белгиланган йўлдан анча йироқ.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ҳатто ҳозирги чиқиндиларни камайтириш бўйича барча мажбуриятлар бажарилганда ҳам, аср охирига келиб ҳарорат 2,3–2,5 °C га ошиши мумкин. Бу рақамлар БМТ Атроф-муҳит дастури (UNEP)нинг янги ҳисоботида келтирилган.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ экстремал об-ҳаво шароитлари туфайли сўнгги ўн йилликда дунё бўйлаб 250 миллион киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди, деб хабар берди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси.

Тўфонлар, бўронлар, қурғоқчилик ва ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво - аҳоли кўчиши ва можароларга сабаб бўлаётган ҳодисалар сирасига киради. Уларга аста-секин ривожланадиган офатлар ҳам қўшилади: чўлланиш, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва экотизимларнинг емирилиши, бу эса озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини хавф остига қўяди.

COP30 саммитига қадар давлатлар чиқиндиларни камайтириш бўйича янгиланган стратегияларни тақдим этиши керак эди, аммо октябрь охирига келиб буни фақат учдан бир қисми бажарди.

Гутерриш шундай деди: "1,5 °C дан ошиши энди муқаррар, агар тоза энергияга ўтиш жараёни тезлаштирилса, аср охирига келиб ҳароратни пасайтириш ҳали ҳам мумкин бўлади."

Yamayka oroliodagi to'fondan keyin vayronalar orasida, bolasini quchoqlab o'tirgan ayol

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Глобал исиш, жумладан, «Мелиссе» каби Ямайка оролини вайрон қилган тўфонлар янада кучли шамоллар ва янада интенсив ёғингарчиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини англатади.

Иқлим конференциясининг асосий мавзулари

Саммитда Бразилия аввалги конференцияларда қабул қилинган мажбуриятларни бажариш бўйича чораларни келишиб олишга умид қилмоқда. Углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича янги режалар билан бир қаторда, муҳокамага бир нечта бошқа масалалар ҳам қўйилиши мумкин.

Қазилма ёқилғидан воз кечиш

COP28 саммитида, 2023 йилда, давлатлар биринчи марта "қазилма ёқилғидан босқичма-босқич воз кечиш" зарурлигини тан олдилар. Бироқ кейинги саммит бу борада сезиларли натижага эриша олмади.

Молиялаштириш

COP29 да бой давлатлар ривожланаётган мамлакатларга 2035 йилгача йилига камида 300 миллиард доллар ажратишга мажбур бўлдилар, аммо бу етарли эмас. Бразилия маблағни давлат ва хусусий манбалар ҳисобидан 1,3 триллион долларга ошириш учун "йўл харитаси"ни таклиф қилмоқда.

Қайта тикланувчи энергетика

Жаҳон ҳамжамияти 2030 йилгача шамол ва қуёш энергияси қувватини уч баравар оширишга келишиб олди, бироқ Халқаро энергетика агентлиги огоҳлантирмоқда: ҳозирги ўсиш суръатлари жуда паст.

Табиат ва ўрмонлар

Бразилия "Тропик ўрмонлар абадий" жамғармаси ташаббусини тақдим этди, унинг мақсади - Амазонка ўрмонларини ҳимоя қилиш ва тиклаш учун 125 миллиард доллар жалб қилиш. Буюк Британия хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлашни ваъда қилган, аммо давлат маблағини ажратмайди.

лес

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Тропические леса Амазонки — важнейший буфер против повышения температуры.

COP30дан муваффақиятли бурилиш кутса бўладими?

COP30 саммитида муҳим бурилиш қилиш қийин бўлади, бунинг асосий сабабларидан бири АҚШ президенти Доналд Трампнинг позицияси бўлиб, у глобал исиш бўйича илмий консенсусни рад этади. Трамп сентабр ойида БМТдаги нутқида иқлим ўзгаришини "дунёда содир бўлган энг катта фирибгарлик" деб атади. Шунингдек, у нефть ва газ қазиб олишни кучайтиришни, Париж иқлим келишувинидан чиқиб кетишни, ҳамда аввалги президентлар амалга оширган экологик ташаббусларни бекор қилишни ваъда қилди.

Бу аллақачон халқаро музокараларни мураккаблаштирди — пластик бўйича глобал келишув тузиш уринишлари муваффақиятсиз тугади, шунингдек, денгиз транспортида чиқиндиларни камайтириш бўйича битим кечиктирилди.

Сиёсий келишмовчиликлар ва тараққиётнинг секинлашишига қарамай, COP30 мамлакатлар учун глобал мажбуриятларни тасдиқлаш ва "яшил" ўтишга реал қадамларни кўрсатиш учун муҳим имконият бўлиб қолмоқда.

Ҳарорат ўзгаришини 1,5 °C да ушлаб туриш тобора қийинлашиб бораётган бўлса-да, БМТ маълумотларига кўра, айнан Париж келишуви иқлим ўзгаришига қарши "деярли умумий ҳаракатларни" рағбатлантирган.