Москвада АҚШ расмийлари ва Россия президенти ўртасида Украинадаги уруш борасида музокаралар бошланди. Путин: "Европа билан уришмоқчи эмасмиз, лекин улар бошлашса биз тайёрмиз"

Москвадаги АҚШ расмийлари билан учрашув олдидан Россия президенти Европа давлатлари уруш бошлаган тақдирда Россия бунга тайёр эканлигини айтди.
2 декабр куни Москвада режаланган АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнерлар билан учрашув арафасида Россия президенти Владимир Путин журналистлар ўнгида гапирар экан Европа давлатлари музокаралардан ўзлари бош тортганларини айтган.
Biz Yevropa bilan urishmoqchi emasmiz, lekin ular boshlashsa biz tayyormiz.
«Улар нима учун бундай қилишди? Улар жим туришмаяпти. Музокаралардан четлатилдик, деб хафа ҳам бўлишяпти. Лекин улар ўзлари четлашишди. Қайсидир муддат улар билан яқиндан алоқада эдик. Улар бирданига алоқани узишди. Бу уларнинг ташаббуси эди», дея таъкидлади жаноб Путин.
Россия президентининг АҚШ расмийлари билан учрашуви 2 декабр соат 5 да бошланиши кутилганди.

Сурат манбаси, TASS
Лекин белгиланган вақтдан 1 соат ўтиб ҳам учрашув ҳали бошланмаган.
Президент Путин Москванинг бошқа бир ерида сармоядорлар билан анжуманда иштирок этмоқда эди.
Учрашув олдидан Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Москва шаҳрини сайр қилишган ва улар белгиланган вақтда Кремлга етиб келганлари хабар берилган.
Кейинчалик учрашув кечикиб бошлангани хабар берилди.
Россия-АҚШ учрашувидан умидлар қандай?
Ушбу учрашув АҚШнинг Флорида шаҳрида Украина ва АҚШ расмийлари ўртасида Америка томонидан илгари сурилган тинчлик режасини маромига етказиш борасида ўтказилган 2 кунлик музокаралардан сўнг бўлиб ўтмоқда.
Флоридадаги учрашувда ҳам Стив Уиткофф ва Жаред Кушнерлар қатнашишган.
Бу учрашувни Украина президенти Володимр Зеленский "конструктив", дея баҳолаганди. Аммо «ҳал қилиниши керак бўлган ҳали қатор мураккаб нуқталар борлиги»ни урғулаган.
Жаноб Зеленский шунингдек, Киевнинг музокаралардан асосий мақсади «Украина мустақиллигини сақлаб қолиш ва хавфсизлик кафолатларига эришиш» эканлигини таъкидлаган.

Унга кўра, "ҳудудий масала энг мушкул нуқтадир".
Айни вақтда музокаралар арафасида Москва Украина шарқида эгаллаб олган ҳудудларини кенгайтириш мақсадида амалиётларини кучайтирган.
Украина бирон қарич ерни ҳам ён босмаслигини билдирган.
Москвадаги учрашувдан бир неча соат аввал Россия расмийлари Украина шарқидаги Покровск ва шимоли-шарқидаги Волчанск шаҳарларини эгаллашга муваффақ бўлганларини маълум қилишган.
Украина томони бу борада баёнот бермаган. Жабҳадаги вазиятни кузатувчи манбалар иккала шаҳар ҳам Россия қуролли кучлари томонидан тўлиқ эгалланганини тасдиқлашмаган.
Украина расмийларига кўра, Москва музокаралар арафасида АҚШ Украинага босимни кучайтириши йўлида ҳаракат қилишмоқда.
Москвага сафаридан аввал Стив Уиткофф Британия Бош вазири, Украина президенти ва Украина томонидан бош музокарачи Рустем Умеров билан мулоқот қилган.
Ноябр ойида илк бор АҚШ томонидан илгари сурилган тинчлик режаси Украина ва унинг Европадаги иттифоқчиларида катта хавотирларга сабаб бўлганди.
Режа Россия талабларига ён босиш билан бирга, Европа банкларида музлатиб қўйилган Россия маблағларини қандай сарфланишини ҳам белгилаши норозиликларни келтириб чиқарганди.
Охирги ойларда Москва Американинг тинчликка эришиш йўлидаги воситачилик уринишлари билан ҳамкорлик қилаётгандек кўринганди. Аммо айни вақтда Украина мустақиллигига дахл қилувчи ва Киев томонидан қабул қилиб бўлмас, дея таърифланган талабларни ҳам илгари сурган.
Киев ва унинг Европадаги иттифоқчилари НАТОга аъзо бўлиб кириш дохил Украинани келгуси ҳужумлардан сақлаши мумкин бўлган хавфсизлик кафолатлари берилишини исташмоқда.
Аммо Россия бунга мутлақо қарши ва АҚШ президенти Трамп ҳам Украинанинг бу ҳарбий иттифоққа қўшилиши имконсиз эканлигини айтган.












