Зеленский маъмурияти раҳбари истеъфо берди, Путин уруш қачон тугашини айтди

Сурат манбаси, Reuters
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, президент маъмурияти раҳбари Андрий Ермак истеъфога чиққан.
Украинанинг коррупцияга қарши кураш идоралари 28 ноябр куни президент маъмурияти раҳбари Андрий Ермакнинг уйини тинтув қилишни бошлаганди.
Андрий Ермак Россия билан урушга чек қўйиш йўлида олиб борилаётган АҚШ билан музокараларда етакчи шахс бўлиб келганди. Аммо охирги вақтларда қатор танқидларга юз тутиб, вазифасидан кетиш борасида босимларга учраган.
54 ёши Ермак ижтимоий тармоқлардаги хабарида коррупцияга қарши агентлик расмийлари унинг адвокатлари ҳузурида "уйида процедурал амалларни" ўтказаётганлигини тасдиқлаганди.

Сурат манбаси, Reuters
Украина учун яна бир зарба
Буларнинг ҳаммаси шу ҳафта охирида АҚШ Мудофаа вазири Дан Дрисколнинг Киевга музокаралар учун келиши кутилаётгани манзарасида бўлиб ўтмоқда. Келгуси ҳафта эса АҚШ ҳайъати Москвага йўл олиши режаланган.
Андрий Ермакнинг уйи тинтув қилинаётгани ҳақидаги хабарлар чиқишидан сал аввал у The Atlantic веб-саҳифасига берган интервьюсида "Зеленский президент бўлиб қолар экан, ҳеч ким ҳудудни ён беришга умид қилмасин. У бу каби келишувга имзо қўймайди", деб айтганди.
Жорий коррупция можароси президент Зеленскийнинг сиёсий мавқеини заифлаштираётгани ҳақида айтилмоқда.
Текширувчилар Украина энергия секторидаги 100 миллион долларлик қаллобликка алоқадорликда гумон қилинган қатор таниқли шахсларни тергов қилишмоқда.
Украинанинг икки антикоррупцион агентлиги Nabu ва Sap "Энерхоатом" давлат атом энергияси ширкати дохил қатор ширкатларни ўз ичига олган коррупцион тизимлар далилларини ошкор қилинганини маълум қилишган.
Коррупция можароси ҳақида украиналиклар қандай фикрда?
Украинада бу текширувлар хуш қаршиланган. Яқинда ўтказилган омма фикрини ўрганиш сўровлари натижаси сўралганларнинг етмиш фоизи Андрий Ермакнинг истеъфоси тарафдори экранлигини кўрсатганди.
Ермакнинг истеъфосини ўз партияси дохил яна кўплаб партиялардан бўлган парламент вакиллари ҳам талаб қилишганди.
Халқаро саҳнада эса бу Украинанинг музокаралардаги мавқеини заифлаштиргани айтилмоқда.
Янграган айбловлар Украинанинг Европа Иттифоқидаги ҳамкорларини хавотирга солган.
Коррупция иши бўйича айблов эълон қилинган қатор бошқа шахслар Украина учун муҳим бўлган энергия таъминоти соҳасидан маблағларни бошқа соҳага йўналтирилганлари айтилган.
Истеъфога чиққунига қадар Андрий Ермакка нисбатан расман айбловлар эълон қилинмаган ва у ўзининг бу ишга алоқадорлигини рад этиб келмоқда эди.
Россия ҳужумлари Украина энергия тизимига жиддий зарар етказган ва кўплаб украиналиклар кунига атиги бир неча соат электроэнергия билан таъминланмоқда.
Президент Зеленский аллақачон бу иш юзасидан қатор шахсларни вазифаларидан бўшатган ва бир неча айбланувчи ҳибсга олинган. Жаноб Зеленскийнинг собиқ бизнес ҳамкорларидан бири Тимур Миндич мамлакатдан қочиб кетган.
Россия президенти Украина уруши қачон тугаши ҳақида айтди
Ukraina qo‘shinlari egallab turgan hududlaridan chiqib ketishsa, o‘shanda harbiy amaliyotlar to‘xtaydi. Ketishmasa, biz bunga qurol bilan erishamiz
Россия президенти Владимир Путин Бишкекка сафари ниҳоясида берган матбуот анжуманида Украинадаги уруш қачон тўхташи ҳақидаги саволга жавоб берган.
Жаноб Путиннинг айтишича, "ҳарбий амалиётлар Украина қўшинлари эгаллаб турган мавқеларини тарк этган вақти тўхтатилади".
"Агар кетишмаса, биз бунга қурол билан эришамиз", дея урғулади Россия президенти.
Айни вақтда жаноб Путин Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориш учун келаси ҳафта АҚШдан музокарачилар гуруҳи Москвага келишини тасдиқлади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Путин АҚШ томонидан илгари сурилган баҳсли тинчлик режаси келишувга асос бўлиши мумкинлиги, аммо ҳозирча фақатгина келишиб олиш керак бўлган яна кўплаб жиҳатлар мавжудлигини айтиб ўтди.
Таклиф қилинган режада Украина Қуролли кучларининг ҳали Россия эгаллаб олмаган Донецк минтақасидаги ҳудудлардан чиқиб кетишлари айтилгани матбуотда хабар берилганди.
Аммо Украина ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари бу таклифни мутлақо рад этишган.












