Украина Қора денгизда Россия танкерларига зарба берди
- Author, Дэнни Эберхард
- Author, Том Беннетт
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Украина расмийларининг хабар беришича, украин денгиз дронлари Қора денгизда Россияга тегишли икки нефт танкерига зарба берган.
BBC томонидан тасдиқланган видеолавҳаларда сув юзасида ҳаракатланувчи дронларнинг тўлқинлар орасидан тезлик билан келиб кемаларга урилиши, сўнг катта аланга билан портлаши ҳамда қора тутуннинг осмонга кўтарилаётгани кўринади.
Туркия расмийлари зарба берилган танкерларни Kairos ва Virat деб атади. Иккаласи ҳам Гамбия байроғи остида фаолият қилган. Танкерлар жума куни Туркия соҳиллари яқинида нишонга олинган. Virat шанба куни ҳам зарба олган. Жабрланувчилар ҳақида маълумот йўқ.
Ҳужумлар Киевнинг ҳаракатлари тобора кескинлашаётганини кўрсатади. Украина Россиянинг нефт тушумларини камайтиришга интиляпти. Бу маблағлар эса, Москва учун Украинадаги ҳарбий амалиётлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Хабар қилинишича, ушбу икки кема Россиянинг "соя флоти" таркибида бўлган. Бу атама 2022 йил Украинага уруш очилганидан кейин Россиянинг Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун ишлатадиган юзлаб танкерларга нисбатан қўлланилади.
Соя флоти асосан эски танкерлардан иборат бўлиб, кўпчилигининг кимга тегишли экани ва суғуртаси ноаниқ
Қора денгиздаги ҳужумлар Россия нефтини ташувчи кемалар учун янги хавфни кўрсатди.
Kairos кемаси Қора денгизнинг жануби-ғарбида, Virat эса марказий шарқ қисмида зарбага учради. Лондон фонд биржаси маълумотига кўра, икки танкер ҳам санкцияга тушган кемалар рўйхатида.
Ҳужумда Украина хавфсизлик хизмати (SBU) ишлаб чиқарган Sea Baby туркумига мансуб денгиз дронлари қўлланилган.
Туркия расмийлари кемаларга ёрдам берганини айтди ва Kairosдаги ёнғинни ўчиришга уринган икки турк кемаси акс этган видеони эълон қилди.
Ҳужумлар Украина томонидан огоҳлантириш сифатида баҳоланмоқда, яъни Қора денгизда Россия нефтини ташувчи кемалар фақат Ғарб санкцияларига эмас, балки тўғридан-тўғри ҳужумга ҳам дуч келиши мумкин.
Ўтган тунги ҳужумдан сўнг Каспий минтақасидан нефт ташувчи йирик консорциум Россиянинг Қора денгиздаги Новороссийск портидан юклаш ишларини тўхтатди.
Caspian Pipeline Consortium маълум қилишича, ҳужум туфайли портдаги кемалар тўхтайдиган жойга катта зарар етган.
Россия ва Қозоғистон ширкатнинг асосий ҳиссадорлар ҳисобланади.
Ғарбдаги нефт гигантлари Exxon Mobil, Chevron ва Shell ҳам консорциум таркибидан ўрин олган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Айбек Смадияров ҳужумдан қаттиқ норозилик билдириб, бу каби ҳолат учинчи марта қайд этилаётганини айтди.
Унинг таъкидлашича, Қозоғистон барқарор ва узлуксиз энергия таъминотига алоҳида аҳамият беради.
Смадияров бу ҳодиса Қозоғистон ва Украина ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатганини қўшимча қилди ва Киевдан бундай вазиятлар такрорланмаслиги учун аниқ чоралар кўришни талаб қилди.
Айни пайтда Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, хавфсизлик бўйича юқори мартабали расмий Рустем Умеров бошчилигидаги делегация урушни тугатиш бўйича келишув юзасидан музокараларни давом эттириш учун АҚШга йўл олган.
Умеров Украина делегациясига раҳбарлик қилиши кутилмоқда. Олдинги бош музокарачи - Зеленский администрациясининг нуфузли раҳбари Андрей Ермак жума куни антикоррупция идораси ходимлари унинг уйида тинтув ўтказганидан кейин истефога чиққан эди.
Украина делегацияси якшанба куни Флоридада АҚШ расмийлари билан учрашиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф келаси ҳафта Москвада музокаралар ўтказади.













