Толибон қудрати тўрт йиллиги: ҳукумат энди муваққат эмас. Видео

Сурат манбаси, EPA
Толибон бутун Афғонистон бўйлаб ҳокимиятни қўлга олганининг тўрт йиллиги муносабати билан Толибон олий раҳбари Ҳибатуллоҳ Охунзода баёнот эълон қилди.
Унда Толибон расмийлари ва ҳукумат аъзоларининг лавозимлари номидан "вазифасини бажарувчи" сўзлари олиб ташланишига фармон берди.
Мавлавий Охунзода баёнотида айтилишича, энди Афғонистонни қайта қуришга "қулай шароит" юзага келди, Афғонлар "тил, миллат, ҳудудий ва бошқа бўлинишлардан озод бўлдилар".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бу йил Толибон қудратга қайтишининг санасини 2024 йилдагидек дабдабали ҳарбий парадларсиз нишонлашга қарор қилди.
Ўтган йил 15 августида Кобулдаги Баграм ҳарбий базасида йирик ҳарбий парад уюштирилган, унда Ғарб Афғонистоннинг олдинги ҳукуматига берган тикучар ва учоқлар парвозлари ташкил этилган, қурол ва ҳарбий техника намойиш этилганди.
Бунга АҚШнинг бугунги Президенти Доналд Трамп ғазабнок муносабат билдирганди.
"Биласизми, улар ҳар йили парад ўтказишади, ўзларининг тор кўчасидан бизнинг ҳарбий машиналаримизни босиб ҳайдашади. Бу эса мени ғазаблантиради. Буни кўрсам, мени жаҳлим чиқади", деганди Доналд Трамп.
Бу йил Толибон маросимни Кобул шаҳридаги парламент - Лойя Жирға биносида ўтказди.
Маросимда қатор мамлакатлар элчилари иштирок этишган.
Бироқ мухбирлар Бош вазир Мулло Муҳаммад Ҳасан Охунд ва Бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Бародар кўринмаганига эътибор қаратдилар.

Сурат манбаси, EPA
Толибон байрам муносабати билан тикучарлардан гуллар сочилишини эълон қилди.
Толибон қудратга келганининг тўрт йиллиги арафасида Россия Толибонни Афғонистоннинг расмий ҳукумати деб тан олган биринчи мамлакат бўлди.
Шу кунларда Яқин Шарқ Институти Афғонистонга бағишланган ҳисобот эълон қилди.
Бу ҳисоботда Толибон раҳбариятининг 90 фоизини бир этник гуруҳ вакиллари ташкил этади, ҳукумат таркибида бирорта ҳам аёл йўқлиги айтилади.
Халқаро ташкилотлар Толибонни хотин-қизларнинг ўқиш ва ишлаш ҳуқуқларини топтаётганликда айблайдилар, вазиятни ўнглашга чақирадилар.

Сурат манбаси, .
Толибон байрам арафасида Ҳирот вилоятида Пашдан сув омбори қуриб битказилиб ишга туширилгани муносабати тантанали маросим ўтказди.
Тўғон Эронга сув элтадиган икки дарёдан бири Ҳарируд дарёсида қурилди.
Сув омбори лойиҳаси Эрон норозилигига сабаб бўлган.
Чунки Ҳарируд Эроннинг иккинчи йирик шаҳри Машҳадни ичимлик суви билан таъминлайдиган ягона дарё.
Толибон қурғоқчилик сабаб 2011 йилда бошланган, бироқ қурилиши тўхтаб қолган сув омборини кўтаришга мажбур бўлганини айтади.
Янги сув омбори 54 миллион кубометр сувни йиғиши, 13 минг гектар ерни суғориш имконини бериши хабар қилинди.












