Эрон: Кўчада ит айлантириш ҳам сиёсий исёнми?

Сурат манбаси, EPA
- Author, Жессика Ронсли ва Парҳом Қубодий
- Author, Парҳом Қубодий
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Эрон расмийлари мамлакатнинг бир неча шаҳарларида ит айлантиришни тақиқлашди. Айни қарор жамоат хавфсизлиги ва саломатлик хавотирлари билан изоҳланмоқда.
Кўчада ит айлантириш ҳали 2019 йили пойтахт Теҳронда тақиқланганди. Айни қарор ўтган ҳафтададан бери камида 18 шаҳарда қўлланила бошланди.
Итингизни ўз уловингизда ҳам олиб юролмайсиз.
Эроннинг Исфаҳон ва Кермон каби шаҳарларида куни-кеча итни кўчада айлантириш тақиқланди, дея хабар берди AFP.
Ўтган якшанба кунидан бери тақиқ ишга тушган бошқа шаҳар - Иламдаги мулозимнинг маҳаллий матбуотга айтишича, янги тартибни бузган одамларга қарши "қонуний чора" кўрилади.
Аммо шу пайтгача Эронда бундай тақиқни тўлиқ йўлга қўйиш имкони бўлмаган. Чекловларга қарамай, Теҳронда жуда кўпчилик ўз итини айлантириш учун кўчага олиб чиқади.
1979 йилги Исломий Инқилобдан бери Эронда ит боқишга муносабат салбий. Ҳукумат итни "нопок" жонзод деб, ит боқишни Ғарб маданияти таъсиридаги одат, деб билади.
Шунга қарамай, ёш эронликлар ўртасида ит боқиш кўпайган. Ва бу ҳатто Эрон тузумига қарши исён сифатида ҳам кўрилади.
Мамлакатда ит боқишни тақиқловчи қонун йўқ. Аммо прокурорлар кўпинча маҳаллий доирада чекловлар киритишади ва полиция унинг ижросини таъминлайди.
"Ит айлантириш жамоат саломатлиги, тинчлиги ва хотиржамлигига таҳдид солади" - деб айтган Ҳамадон шаҳри прокурори Аббос Нажафий.
Баъзи ҳолларда кўчада ит айлантирган одамлар ҳибсга олинган ва уларнинг кучуклари мусодара этилган.
Айрим одамлар итларини тунда кимсасиз жойларда айлантиришади ёки қўлга тушмаслик учун автоуловда кўчага олиб чиқадилар.
It aylantirish jamoat salomatligi, tinchligi va xotirjamligiga tahdid soladi...
Исломий Эрон сиёсатчилари ит боқишни ғайриисломий, деб урғулашади.
Кўплаб диний уламоларга кўра, итни силаганда, жониворнинг сўлаги одамнинг тана аъзоси ёки кийимига текса, ўша тана аъзоси ва кийим нопок бўлади.
Эрон Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хаманиий ҳам чўпонлик, овчилик ҳамда қўриқчилик мақсадларидан ташқари ҳолларда ит боқишни илгарилари қоралаб чиққан.
2021 йили 75 нафар депутат ит боқишни "бузғунчи ижтимоий муаммо" деб атаган ва у "секин-аста Эрондаги Исломий турмуш тарзини ўзгартириши мумкин", дея огоҳлантиришганди.
Эроннинг Маданият ва Исломий Ахлоқ вазирлиги ҳали 2010 йили уй ҳайвонлари ва уларга оид маҳсулотларни реклама қилишни тақиқлаган.
Кейинроқ, 2014 йилда эса итини кўчада айлантирган одамларни жаримага тортиш ва ҳатто дарралаш ташаббуси ҳам парламентда кўтарилган, бироқ у қонун сифатида маъқулланмаганди.
Танқидчиларнинг айтишича, полиция шахсий эркинликларни чеклаш ва ит эгаларини таъқиб қилиш ўрнига, зўравон жиноятларни нишонга олиб, жамоат хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратиши лозим.
Ит боқиш, ҳижоб ёпинмаслик, махфий зиёфатларга бориш ва спиртли ичимликлар ичиш анча вақтдан бери Эрондаги диний тузумга қарши исён сифатида ҳам ўртага чиқмоқда.












