Эрон ўз жавобини бердими? Бу қанчалар хатарли?- Eron, Isroil, AQSH, dunyo, siyosat, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Эрон ўз жавобини бердими? - Эрон БМТ назоратчиларининг ядровий сатҳларига киришини тақиқламоқчи. Уранни янада кўпроқ бойитмоқчи. Эрон парламенти бош ядрочи олими ўлдирилиши ортидан янги қонунни маъқуллади. Муҳсин Фахризода суиқасд қурбони бўлганди.
Аммо Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний мазкур қонун ижросига қарши эканлигини айтмоқда.
Қонун лойиҳасида келаси икки ой ичида Эронга қарши жазо чоралари юмшатилмаса, уранни 20 фоизгача бойитиш ҳақида сўз боради.
Бу 2015 йилги ядровий битимда кўзда тутилганидан (3.67 фоиз) бир неча баробар кўп деганидир.
Эрон бош ядрочи олими нега ўлдирилди?

Сурат манбаси, Reuters
Маъсума Турфа
LSE ва SOAS тадқиқотчиси
Жума куни ўлдирилгунга қадар аксар эронликлар уни танимасди. Муҳсин Фахризодани Эрон ядро дастурини кузатиб борадиганлар яхши билади. Ғарб хавфсизлик манбаларига у ядро дастуридаги муҳим шахслардан бири сифатида маълум эди.
Кейинги ҳафталарда Эрон ахборот воситалари Фахризоданинг аҳамиятини пасайтириб, оддий тадқиқотчи, "Ковид-19 учун тестларни маҳаллий ишлаб чиқариш" устида ишлаётган олим сифатида таништирган эди.
Лондондаги Стратегик тадқиқотлар бўйича халқаро институт илмий ходими Марк Фитцпатрик Эрон ядро дастурини яқиндан кузатиб келади. У "Эрон ядро дастури битта одамга боғлиқлик даражасидан аллақачон ўтиб кетган", деб ёзди Twitter да.
Фахризодага ҳужум уюштирилганда унга бир неча тан соқчилар ҳамроҳ бўлганидан ҳам билиш мумкинки, Эрон унинг хавфсизлигига жиддий қараган.
Cуиқасд ортида турган сабаб Эроннинг ядровий фаолиятидан ҳам кўра кўпроқ сиёсийга ўхшаяпти - бу суиқасд учун ҳеч ким масъулиятни бўйнига олгани йўқ.
Америка ва Эрон: Энди нима бўлади? - BBC Uzbek Ўзбекистон
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Иккита эҳтимолий сабабни кўрсатиш мумкин: Биринчиси Эрон ва АҚШнинг янги, Байден маъмурияти билан алоқаларнинг яхшиланиши имкониятини йўққа чиқариш. Ва, иккинчиси, Эронни қарши жавоб зарбаси беришга ундаш.
"Душманлар асабий ҳафталарни яшамоқда", деди Эрон президенти Ҳасан Руҳоний суиқасд ҳақида изоҳ берар экан.
"Улар глобал шароит ўзгараётганини сезишмоқда ва шу кунларда минтақада беқарорлик келтириб чиқаришга уринишяпти", деб қўшимча қилди у.
Руҳоний Эроннинг "душманлари" деганда Трамп маъмурияти, Исроил ва Саудия Арабистонини назарда тутгани аён.
Исроил ҳам, Саудия Арабистони ҳам Яқин Шарқда сиёсат тўлқини ўзгараётгани ва сайланган президент Жо Байден лавозимни эгаллагач, нималар бўлишидан хавотирда.
Байден сайлов кампанияси вақтида Эрон Ядро битимига қайта қўшилиш истагида эканлигини аниқ айтганди.
Ушбу битим 2015 йили Барак Обаманинг саъй-ҳаракати билан имзоланган ва 2018 йили Дональд Трамп битимдан бир томонлама чиқиб кетган эди.

Сурат манбаси, EPA
Исроил медиасида хабар берилишича, Исроил ва Саудия Арабистонининг Эрон борасидаги хавотирларини якшанба куни Неомда ўтказилган махфий учрашувда Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон муҳокама қилган. Саудия Tашқи ишлар вазири бундай учрашув бўлганини рад этди.
Айтилишича, Нетаняҳу шаҳзодани икки давлат ўртасида дипломатик муносабатларни яхшилашга кўндира олмаган.
Душанба куни Саудия нефт гиганти "Арамко" компаниясига қарашли Қизил денгиз шаҳри бўлмиш Жиддада жойлашган объектга Ямандаги Эрон дастакловчи исёнчилар - ҳусийлар ҳужум қилди. Саудийларни айблаш учун имконият туғилиши мумкин эди.
Эрон матбуоти ҳусийларнинг "Қудс-2 баллистик ракета билан қилган қаҳрамонона ҳужуми"ни олқишлади.
"Бу стратегик қадам Исроил Саудия учрашган вақтга тўғри келди, уларга нотўғри қадам ташламасликлари учун огоҳлантириш бўлди", деб ёзди "Меҳр" ахборот агентлиги.
Ҳужумдан саудийларнинг ғазабига америкаликлар ҳам шерик бўлди.
АҚШнинг Mиллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон ўзининг "У содир бўлган хона" номли китобида Эроннинг ҳусийларни дастаклашини Трамп маъмурияти "Яқин Шарқда АҚШ манфаатларига қарши кампания" сифатида кўриши сабабини изоҳлаган.
Неомдаги учрашувни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео уюштиргани айтилган. У сал аввал Эрон асосий суҳбат мавзусига айланган Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларида ҳам бўлган эди.
АҚШ медиасига кўра, икки ҳафта аввал Президент Трамп бош маслаҳатчиларидан Эроннинг асосий ядро мажмуасига ҳужум қилиш ҳақида сўраган эди. Афтидан, у кетишдан олдин Эрон билан ҳисоб-китоб қилиб олмоқчи бўлган.
БМТ Mахсус ҳисоботчиси "ноқонуний" деб атаганига қарамай, январ ойида Трамп АҚШ дрони ҳужумида Эроннинг ҳарбий қўмондони генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилганини айтиб мақтанган эди.
"Менинг кўрсатмам билан биз уни тезда тўхтатдик, совуққонлик билан тўхтатдик", деган эди у.
Демак, бундан президент суиқасдларга буткул қарши эмас экан-да, деган хулоса чиқариш мумкин.

Эрон президенти эса, Фахризоданинг ўлимида Исроилни айблади.
Бир неча хабарларда келтирилишича, Бош вазир Нетаняҳу бу олим ҳақида очиқча гапирган оз сонли дунё етакчиларидан бири.
2018 йили ТВ орқали кўрсатилган чиқишида у Фахризоданинг Эрон ядро дастуридаги муҳим роли ҳақида гапирган ва бу исмни эслаб қолинглар, деган эди.
Байден президентлигида ҳам АҚШ Исроилнинг хавфсизлигига содиқ қолиши аниқ бўлса ҳам, Давлат котиблиги учун номзоди кўрсатилган Энтони Блинкен Эрон Ядро битимининг ашаддий тарафдори эканлиги Исроил учун хавотирлидир.
Блинкеннинг Яқин Шарқ масалаларига бўлган муносабати фаластинликларга ҳам каттароқ имконият бериши мумкин. У Трампнинг АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш қарорини танқид қилган эди. Байден эса элчихонани аввалги жойига қайтармаслигини айтган.
Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоминаий Фахризоданинг ўлими учун жазо беришга чақирган.
Раҳнамонинг маслаҳат кенгаши раиси Муҳсин Ризоий хавфсизлик ва жосуслик масалаларидаги камчиликларга эътибор қаратди:
"Эрон жасуслик агентликлари ичларига кириб олган бегоналар ва хориж жосуслик хизматларининг манбаларини аниқлашлари ва суиқасдлар уюштирирувчи гуруҳлар тузилиши олдини олишлари лозим."
Ҳақиқатан ҳам, ижтимоий тармоқларда кўплаб эронликлар, Эроннинг ҳарбий ва жосусликдаги устунлиги ҳақидаги нутқларга қарамай, қандай қилиб қаттиқ қўриқланадиган бир шахс куппа- кундузи ўлдириб кетилгани ҳақида саволлар бермоқда. Суиқасд мамлакат ичида қама-қамалар авж олишига баҳона бўлиши мумкинлигидан хавотирлар ҳам бор.
Трамп маъмурияти кетиш арафасида турибди, Исроил ва Саудия Арабистони ўзининг муҳим иттифоқчисидан айрилмоқда, Эрон эса Байден маъмурияти санкцияларни юмшатиши ва иқтисодни қайта тиклаб олишга умид қилмоқда.
Шундай вазиятда қасд олиш ақлсизлик бўлар эди.
Доктор Маъсума Турфа Лондон Иқтисод мактаби ҳамда Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби илмий ходими. Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиё бўйича мутахассис. У аввал БМТнинг Афғонистонда стратегик коммуникациялар бўйича директори бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















