Ўзбекистон иқлим ўзгаришида курашни бой бермоқдами? Видео

Тутунли Тошкент

Сурат манбаси, Nurphoto via Getty Images

Сурат тагсўзи, Тошкент ҳавоси ёмон шаҳарлар рўйхатидан тушмай қолди
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Сўнгги вақтларда аҳоли орасида заҳарланган ҳаво, чанг бўронлари, аномал иссиқ, қурғоқчилик ва уларнинг оқибатидан келиб чиқаётган турли касалликлар ва нафас олишдаги муаммолардан шикоятлар кўпаймоқда. Ҳукумат бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгариши талафотларини бартараф қилишга кеч қолмаяптими?

Diqqat, BBC дастуримизда ана шу мавзуни кўтардик.

Минтақа, хусусан, Ўзбекистон халқи иқлим ўзгариши асоратларини ўз таналари ва яшаб турган муҳитда йилдан йилга тобора чуқурроқ ҳис қилишмоқда.

Халқаро саммит ваъдалар ва саммитларга қарамай, иссиқхона газлари янада ошмоқда, қазилма ёқилғилар истеъмоли ўсиб боряпти ва дунё бўйлаб ҳарорат Ер сайёрасига фожиали шикаст етказадиган босқичга чиқиш арафасида.

Экстремал ҳаво ҳодисалари ҳамма ерда тобора тез-тез юз бермоқда, ундан на бадавлат ё на камбағал давлатлар ҳимояланган.

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгариши инсон ҳаётининг ҳар бир қатламига дахл қила бошлаган.

"Марказий Осиё мамлакатлари учун энг катта оқибат ҳавода ифлосланиш, чангнинг кўпайиб кетиши ва бунинг орқасидан чўлланиш, тупроқ деградацияси. Келажакда биз жуда катта иқлим муҳожирлари пайдо бўлиши билан тўқнашамиз", дейди иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов.

Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида сув захиралари аллақачон 20–30 фоизга камайган. Захираларнинг янада камайиши қурғоқчилик кучайиб боришини англатади.

Мутахассислар минтақада чўлланиш жуда ҳам кучли, дарахтзорларнинг камайиб бораётгани, суғориладиган ер майдонларининг ишдан чиқиши натижасида қурғоқчилик кўпроқ бўлишидан бонг уришмоқда.

Сўнгги ўн йилликларда ҳаво ҳарорати ошиши билан бирга, ёғингарчилик меъёрлари ҳам ўзгарган.

Узоқ муддатли ёғинсиз кунлар кетидан бирданига нам ҳаво оқимларининг кириб келиши ортидан кўп миқдорда ёмғир ёғиши прогноз қилинмоқда.

Иқлим муаммолари фақат қишлоқ жойларда эмас, балки шаҳарларда ҳам аниқ кўринади.

Тошкент ҳавосидаги зарарли заррачалар миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан 6 баробар юқори, деб айтилди.

Техноген фожиа Орол денгизининг қуриши бутун иқлим фожиасининг ёрқин мисоли. Бугун у ерда сув ўрнини чанг ва туз эгаллаган. Мазкур ҳолат нафақат табиат, балки инсон саломатлиги учун ҳам катта хавфга айланиб бўлган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Помир тоғларидаги тилсим

Помир тоғларидаги музлик

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Помир тоғларидаги музлик тилсими очиладими?

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги сувнинг аксар қисми Тожикистондан келади. У ердаги музликларда бўлаётган ғайриоддий ҳолат олимларнинг эътиборига тушган.

Дунё бўйлаб музликлар эриётган бир пайтда Сирдарё ҳамда Амударёни сув билан таъминловчи Помир ва Тяншан тоғларидаги айрим музликлар эримаган. Аксинча, улар каттариб бораётгани олимларнинг назарига тушди. Аммо ҳолат ўзгара бошладими?

Ушбу саволларга жавоб топиш учун бир гуруҳ олимлар Тожикистон шарқидаги "Кон Чуқурбоши" музлигига чиқишди.

Уларга кўра, Тожикистон шарқидаги айрим музликлар сўнгги 25 йилда деярли кичраймаган. Айримлари аксинча, каттарган. Эримай келган музликларнинг аниқ сони очиқ манбаларда йўқ. Олимлар "Қорақурум аномалияси" деб аталмиш бу ҳодисани жиддий ўргана бошлади.

Помир музликлардан олинган намуналар лабораторияларда таҳлил қилиниб, уларнинг ёши ва хусусияти ўрганилади.

Бироқ сўнгги йилларда ушбу тилсимли музликларда ҳам эришлар кузатила бошлаган.

"Айни дамда бу музликлар ҳам дунёдаги бошқа музликлар сингари ўз ҳажмини йўқота бошлади. Бу аномалияга якун ясаяптими, деган саволни пайдо қилади. Дунёнинг қолган нуқталари каби улар ҳам эрий бошлайдими? Ёки улар яна тикланиши ва аномалия узоқроқ давом этиши мумкинми? Биз буни англашни хоҳлаймиз", дейди музшунос олим Эван Майлз.

Помир ва Тяншандаги айрим музликлар эримаётган бўлса-да, умумий манзарада бу минтақада ҳам музликлар эрий бошлаган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакатдаги 14 минг музликнинг қарийб 10 фоизи буткул эриб йўқ бўлиб кетганидан бонг урган.

Унинг айтишича, Тожикистондаги музликлар Марказий Осиёдаги 60 фоиз сув захираларининг манбаси ҳисобланади.

Уларнинг йўқ бўлиши минтақа суғориш тизимига жиддий таъсир қилади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ишлатадиган 70-80 фоиз сувлар айнан Тяншан ва Помир тоғларидан бошланади. Қишлоқ хўжалиги бу музликларга боғлиқ.

Касаллик ва ҳолсизлик кўпайган…

Ўзбекистонда иқлим ўзгариши глобал кўрсаткичлардан икки баравар тез юз беряпти. Таъбир жоиз бўлса, у фронт чизиғида. Ўзбекистоннинг денгиздан йироқ бўлгани ҳам, албатта, салбий иқлимий аҳамиятга эга. Мамлакатдаги ўртача ҳарорат ошишда давом этяпти ва яна ошиб бориши башорат қилинган.

Иқлим ўзгариши қуруқ мавсумнинг узайишига, қор кам тўпланишига ва музликлар озайишига, буғланиш ошишига, қурғоқчилик тез-тез юз беришига етаклаган.

Аномал иссиқлик ва қурғоқчиликнинг шиддати ёғингарчиликдаги ўзгаришлар билан қўшилиб, янада кескин ҳодисаларга сабаб бўлади, яъни жала ёмғирлар, тошқинлар ва ер кўчишлари кўпаяди, дейди олимлар.

Буларни одамлар кундалик ҳаётда қандай ҳис қилмоқда?

BBC
O‘zim Olmaliqda yashayman. Ekologiya juda ham yomon. Ba’zan gazlarni chiqarib yuboradi. Umuman chidab bo‘lmaydi. Onkologik kasalliklar ko‘payib ketyapti.
Olmaliqlik ayol
Batafsil: bbc.com/uzbek

"Ўзим Олмалиқда яшайман. Экология жуда ҳам ёмон. Баъзан газларни чиқариб юборади. Умуман чидаб бўлмайди. Онкологик касалликлар кўпайиб кетяпти. Болалар ва катталарда аллергик касалликлар кўпайяпти", дейди олмалиқлик аёл.

"Олдин бир туман марказида 1, 2 та дорихона бўларди. Қишлоқларда битта аптекача бўларди. Аптекачи зерикканидан пашша қўриб ўтирарди. Ҳозир болалардан бошлаб то катталаргача фақат дори ичишади. Ўзим ҳам ёнимда дори кўтариб юраман, қанд касаллигига қарши. Демак, табиатда ўзгариш катта бўлган", дейди ўрта ёшлардаги эркак.

BBC Ўзбек хизматига Тошкент марказида гапирган бошқа одамлар ҳам иқлим ўзгаришини ўз ва яқинлари танасида ҳис қилишётганини айтишди.

Иқлим ўзгаришини секинлатишдаги энг катта масъулият кимда?

Ўзбекистон экология, атроф муҳит ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2023 йил чиқарган ҳисоботида Ўзбекистон иқлим ўзгариши натижасида жиддий таъсир кўраётган давлат сифатида тан олинган.

Бу билан ҳукумат иқлим ўзгариши Ўзбекистонга жиддий таъсир кўрсатаётганини расман тан олган.

Ҳисоботда айтилишича, вазиятни оғирлаштираётган нарса инсон омили. Одамлар атроф-муҳитни ифлослантириб, иқлим ўзгаришини янада кучайтирмоқда.

Шунингдек, унда келтирилишича, Ўзбекистонда олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан ўлиш даражаси бошқа ерларга қараганда юқори – 27 фоиз.

Яъни инсонлар иссиқ ҳаводан нафас олмаса, иссиқ шароитларда кўп қолмаса ёки зарарланган маҳсулотларни истеъмол қилмаса соғлом қолиши мумкин.

Қишлоқ хўжалигида аҳвол қандай?

Сабзи кўтарган одам

Сурат манбаси, VYACHESLAV OSELEDKO via Getty Images

Ўзбекистонда иссиқхона газларининг энг катта манбаи – энергетика. Иккинчи ўринда эса қишлоқ хўжалиги туради, чунки қишлоқ хўжалигининг мамлакат иқтисодида тутган ўрни катта.

Аммо, дастурхондаги нози-неъматларни етиштириш энди қийинлашган - сув танқислиги, ер сифатининг ёмонлашиши, шўрланиш бунга таъсир қиляпти.

"Қишлоқ хўжалигида сув захираларининг чекланаётгани айрим экин турларида касалликлар авж ола бошлагани – қатор соҳаларда, айниқса, чорвачиликда ҳам кўринди. Ҳали аниқ рақам, аниқ тадқиқот натижалари йўқ, чунки Ўзбекистондаги кўламини аниқ, фундаментал, илмий тадқиқи борасида тадқиқот олиб борилаётганини мен билмайман", дейди Тошкентдан биолог олим Бахтиёр Расулов.

Мутахассиснинг айтишича, айрим жойлардаги фермерлар сув камайиб кетганини ўз тажрибаларида сеза бошлашган. Олдин сув сероб вақтида пахта 4-5 марта суғорилган бўлса, ёғингарчилик ва сувнинг камайиши ҳисобига ғўзани суғориш айрим ҳудудларда, аксарият ҳолларда 1-2 мартага тушган.

Натижада озиқлантириш камайиб, пахта навларининг ҳосили тушиб кетмоқда, ўсимлик касалликлари кўпаймоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

"Мен 2-3 та тадқиқотда хулоса ўқидим. Агар биз биологик деҳқончилик ва органик деҳқончиликка ўтадиган бўлсак ҳаво ҳароратини мўътадил тарзда сақлаш имконияти мавжуд экан. Бизда органик деҳқончиликнинг дастлабки қадамлари, илми қилинди. Бу ҳам Ўзбекистон учун янги бир ечим ҳисобланади", дейди Бахтиёр Расулов.

Олимнинг таъкидлашича, Ўзбекистон иқлим ўзгариши билан курашни ҳали бой бергани йўқ.

"Хитой деймизми, Америка деймизми ёки бошқа мамлакатлар деймизми, бу жараёнга ҳали ҳеч ким 100 фоиз ечим топгани йўқ. Биз кеч қолдик, деб айтолмайман. Агар юқоридаги раҳбарлар давра қилиб, олимларни чақириб, нима ишларингиз бор, қандай ечимлар қилинган, деса. Ҳамма институтлар ечим топган-да. Ҳатто нано технологиянинг бугунги ютуқларини ҳам қишлоқ хўжалигига татбиқ қиляпмиз. Масалан, янги авлод нанобио стимуляторлари бор, ўсимликлар учун қўлланиляпти. Ҳашаротларга қарши курашувчи нано дорилар бор. Микроорганизмларга қарши нанотехнологиялар бор. Фақат бизда нима борлигини билишимиз керак. Лекин ютқаздик деб айтолмайман, ҳали курашиш, юмшатиш имконияти бор", дейди Бахтиёр Расулов.