Иқлим ўзгаришини тўхтатиш ё дунёни совутиш чораси топилдими?

Океан атмосферага чиқариладиган CO2'нинг тахминан тўртдан бир қисмини ютади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Океан атмосферага чиқариладиган CO2'нинг тахминан тўртдан бир қисмини ютади
    • Author, Жона Фишер
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Англиянинг жанубий соҳилида денгиздан углерод сўриб олишга қаратилган инновацион лойиҳа иш бошлади.

SeaCURE деб номланган кичик синов лойиҳа Буюк Британия ҳукумати томонидан иқлим ўзгаришига қарши технологияларни яратиш доирасида молиялаштирилмоқда.

Глобал исишнинг асосий сабаби бўлган иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш энг муҳим вазифа эканлиги борасида иқлимшунос олимлар деярли якдил фикрда.

Бироқ, кўплаб олимлар аллақачон чиқарилган газларнинг маълум қисмини ушлаб қолиш ҳам ечимнинг бир қисми бўлиши лозим, деб ҳисоблашади.

Плимут денгиз лабораториясидан профессор Том Белл Веймутдаги SeaCURE иншоотининг ичида
Сурат тагсўзи, Плимут денгиз лабораториясидан профессор Том Белл Веймутдаги SeaCURE иншоотининг ичида

Углеродни тутиш деб аталувчи бу лойиҳалар одатда чиқиндиларни манбанинг ўзида ушлаб қолишга ёки уларни ҳаводан сўриб олишга қаратилади.

Алоқадор мавзулар:

SeaCure'нинг қизиқ томони шундаки, у денгиздан сайёрани иситувчи углеродни олиш самаралироқ бўлиши мумкинлигини синаб кўрмоқда, чунки углерод концентрацияси ҳавога қараганда сувда юқорироқ.

Веймутдаги иншоот атмосферадан углеродни денгиз орқали чиқариб ташлаш имкониятини синаб кўрмоқда
Сурат тагсўзи, Веймутдаги иншоот атмосферадан углеродни денгиз орқали чиқариб ташлаш имкониятини синаб кўрмоқда

Лойиҳа офисининг кириш қисмига етиб бориш учун Weymouth Sealife марказининг орқа томонига айланиб ўтиб, "Диққат: Морай илонбалиқлар тишлаши мумкин" деган ёзув ёнидан ўтиш керак.

Бу инновацион лойиҳанинг айнан шу ерга жойлаштирилиши бежиз эмас.

Бу тошлоқ соҳил остидан ўтиб, Ла-Манш бўғозига чиқадиган, денгиз сувини сўриб олиб, қирғоққа чиқарадиган қувурдир.

Лойиҳа сувдан углерод олиш атмосферадаги CО2 гази миқдорини камайтиришнинг тежамкор усули бўлиши мумкинми, йўқми, шуни аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

SeaCURE денгиз сувини қайта ишлаб, углеродни ажратиб олади, сўнг уни кўпроқ CO2 ютадиган денгизга қайтаради.

Биз бу ерга келган биринчи телерадиожурналистлар бўлдик. Плимут денгиз лабораторияси профессори Том Белл бизга атрофни кўрсатади.

Унинг тушунтиришича, жараён денгиз сувининг бир қисмини кислоталироқ қилиш учун қайта ишлашдан бошланади. Бу эса денгиз сувида эриган углеродни газга айлантириб, CО2 кўринишида атмосферага чиқишига туртки бўлади.

BBC
Gazli ichimlikni ochganingizda, ko‘piklashini ko‘rgansiz, bu CO2 chiqishi. Biz dengiz suvini katta yuzaga yoyish orqali xuddi shunday jarayonni amalga oshiryapmiz.
Professor Tom Bell
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

"Бу денгиз сувини тозаловчи қурилма," дейди профессор Белл кулиб, бурчакка бурилганимизда.

"Тозаловчи" зангламайдиган пўлатдан ясалган катта идиш бўлиб, у кислотали денгиз суви ва ҳаво ўртасидаги алоқани максимал даражада таъминлайди.

"Газли ичимликни очганингизда, кўпиклашини кўргансиз, бу CО2 чиқиши, – дейди профессор Белл. – Биз денгиз сувини катта юзага ёйиш орқали худди шундай жараённи амалга оширяпмиз. Бу полга ичимлик тўкиб, CО2 нинг денгиз сувидан жуда тез чиқиб кетишига имкон беришга ўхшайди."

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ҳавога чиққан CО2 сўриб олинади, кейин эса сақлаш учун кўмирга айланган кокос ёнғоғи пўчоғи ёрдамида концентрланади.

Кам углеродли денгиз сувига қўшилган кислотани нейтраллаш учун ишқор қўшилади, кейин у денгизга қуйиладиган оқимга ҳайдалади.

Денгизга қайтгач, у дарҳол атмосферадан кўпроқ CО2 ютишни бошлайди ва шу тариқа иссиқхона газларини камайтиришга оз бўлса-да ҳисса қўшади.

Денгиз суви махсус ишловдан ўтказилади ва ундан углерод чиқариб ташланади, шундан сўнг қайта денгизга қуйилади
Сурат тагсўзи, Денгиз суви махсус ишловдан ўтказилади ва ундан углерод чиқариб ташланади, шундан сўнг қайта денгизга қуйилади

Углеродни тўғридан-тўғри ҳаводан ушлаб қоладиган анча ривожланган технологиялар бор, аммо SeaCURE лойиҳасини бошқараётган доктор Пол Ҳаллоран менга бунинг ўрнига сувдан фойдаланиш афзалликлари борлигини айтди.

"Денгиз сувида ҳавога нисбатан тахминан 150 баравар кўпроқ углерод мавжуд," дейди доктор Ҳаллоран.

"Аммо унинг ўзига хос қийинчиликлари бор, Бунинг учун энергия талаби жуда юқори."

Ҳозирда ушбу тажриба лойиҳаси чиқараётган CО2 миқдори жуда оз – йилига атиги 100 тонна, бу Атлантика океанини кесиб ўтадиган тижорат учоғи чиқарадиган CО2 дан камроқ. Аммо дунё океанининг катталигини ҳисобга олсак, SeaCURE тадқиқотчилари бу технологиянинг катта салоҳияти борлигига ишонмоқда.

SeaCURE Буюк Британия ҳукуматига тақдим этган ҳисоботида, агар дунё океани юзасидаги денгиз сувининг 1 фоизи қайта ишланса, технология йилига 14 миллиард тонна CО2 ни йўқотиш учун кенг миқёсда қўлланилиши мумкинлигини таъкидлаган.

Бунинг имконияти бўлиши учун жараён қайта тикланадиган энергия билан таъминланиши керак. Эҳтимол, бу денгизда сузадиган қурилмадаги қуёш панеллари ёрдамида амалга оширилар.

"Углеродни йўқотиш зарур. Агар сиз ноль эмиссияга эришмоқчи бўлсангиз, ноль эмиссия кейинги исишни тўхтатиш учун керак," дейди Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро панель аъзоси ва углеродни тутиб қолиш бўйича эксперт доктор Оливер Геден.

"Тўғридан-тўғри денгиз сувидан олиш бир усул. Уни бевосита ҳаводан олиш эса бошқа усул. Асосан 15-20 та вариант мавжуд ва охир-оқибат қайси усулни қўллаш, албатта, харажатга боғлиқ бўлади."

SeaCURE лойиҳасидан олинган углероди камайган сув денгиздан унча узоқ бўлмаган жойдаги сойга тушади
Сурат тагсўзи, SeaCURE лойиҳасидан олинган углероди камайган сув денгиздан унча узоқ бўлмаган жойдаги сойга тушади

SeaCURE лойиҳаси учун ҳукумат 3 миллион фунт стерлинг миқдорида маблағ ажратади ва у Буюк Британияда иссиқхона газларини ушлаб қолиш ва сақлаш технологияларини ривожлантириш доирасида қўллаб-қувватланадиган 15 та синов лойиҳадан биридир.

"Атмосферадан иссиқхона газларини чиқариб ташлаш соф нолга эришишимизда жуда муҳим," дейди энергетика вазири Керри Маккарти. "Эксетер университетидаги SeaCURE каби инновацион лойиҳалар бунинг учун зарур бўлган яшил технологияларни яратишда, малакали иш ўринларини таъминлашда ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришда муҳим роль ўйнайди."

Эксетер университетидан Гай Ҳупер углероди камайган денгиз сувининг денгиз жонзотларига таъсирини ўрганмоқда

Сурат манбаси, University of Exeter

Сурат тагсўзи, Эксетер университетидан Гай Ҳупер углероди камайган денгиз сувининг денгиз жонзотларига таъсирини ўрганмоқда

"Атроф-муҳитга баъзи таъсирлар"

Шунингдек, кўп миқдордаги кам углеродли сув денгиз ва ундаги жонзотларга қандай таъсир қилиши ҳақида савол туғилади. Веймутда сув қувурдан шунчалик оз миқдорда оқиб чиқадики, бу ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги мумкин.

Гай Ҳупер Эксетер университети докторанти бўлиб, лойиҳанинг эҳтимолий таъсирини ўрганмоқда. У лаборатория шароитида денгиз жониворларига кам углеродли сувнинг таъсирини синаб кўрмоқда.

"Денгиз организмлари маълум жараёнлар учун углеродга муҳтож, – дейди у. – Масалан, фитопланктон фотосинтез учун углероддан фойдаланса, мидиялар ўз чиғаноқларини яратиш учун ундан фойдаланади."

Ҳупернинг айтишича, дастлабки натижалар кам углеродли сув миқдори сезиларли даражада оширганда атроф-муҳитга маълум таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

"Бу зарарли бўлиши мумкин, аммо буни юмшатиш йўллари ҳам бор – масалан, кам углеродли сувни олдиндан суюлтириш орқали. Муҳими, бу масала дастлабки босқичларданоқ муҳокамага қўйилиши лозим."