You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тирик этни еювчи қуртдан зарарланганлар кўпаймоқда - Мексика
- Author, Ванесса Бушшлютер
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Мексикада инсон ва ҳайвонларнинг этини тириклайин ейдиган қуртдан зарарланганлар сони ортмоқда. Ўнлаб одам касалхонада даволанган.
Мексика ҳукуматининг маълумотларига кўра, тирик этни еювчи Янги дунё паразити (New World screwworm – NWS) билан зарарланган ҳайвонлар сони август ойи ўртасигача бўлган тўрт ҳафта ичида 53% га ошган.
Бу қуртлар асосан қорамолларга зарар етказса-да, мексикалик расмийлар ит, от, қўй ва ҳатто инсонларда ҳам касалланиш ҳолатларини қайд этган.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, Кампече ва Чяпас штатидаги касалхоналарда ўнлаб одамлар ушбу зарарланиш сабабли даволанган.
Мексикада ҳайвонлар орасида юқиш ҳолатлари ортиши АҚШ соғлиқни сақлаш тизимлари бу ҳолатда илк бор инсонга юққанини аниқлагандан бир неча кун ўтиб қайд қилинган. Бемор Салвадордан АҚШга қайтганди.
АҚШ бу паразитларни 1966 йилда йўқ қилганини маълум қилганди. Ўшанда стерилланган эркак чивинлар очиққа қўйиб юборилган ва шу билан ҳашаротларнинг кўпайиш жараёни бузилганди. Мексика ҳам шундай йўл билан 1991 йилда уни йўқотган эди.
Бироқ паразит Марказий ва Жанубий Американинг тропик ва субтропик ҳудудларида кенг тарқалган бўлиб, сўнгги вақтларда шимолга тарқала бошлади. Мексикада илк янги ҳолат 2024 йил ноябрида қайд этилган.
Тирик этни еювчи чивиннинг урғочилари (Cochliomyia hominivorax) ўз тухумларини қони илиқ жонзотларнинг очиқ ярасига ёки яқинига қўяди. Уларни шунингдек, бурун, оғиз, қовоқ, қулоқ ва жинсий аъзолар каби шиллиқ қаватлар ҳам жалб қилади.
Тухумлар яра ёки шиллиқ қаватга кириб, тирик гўштдан озиқланадиган қуртларга айланади.
Бу зарарланиш тиббиётда "миаз" деб аталади ва агар даволанмаса, жиддий зарар етказиши, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Чунки қуртлар ўткир илгакли оғзи билан тўқималарни ёриб киришади.
Соғлиқни сақлаш мутахассислари инсонларда ўлим ҳолатлари кам учрашини таъкидлашади, аммо саломатлигида муаммолари бўлганлар ва кексалар алоҳида эҳтиёткорликка чақирилмоқда.
Мексика Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, июл ойида Кампече штатида тери саротонига учраган 86 ёшли аёл эт еювчи қурт тушишидан ҳолати оғирлашиб вафот этган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Энг катта хавф гўшт маҳсулотлари билан ишловчи ёки зарарланган чорва бор қишлоқ жойларда яшаётган одамларга тааллуқли.
АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) одамларни ушбу паразит тарқалган ҳудудларга борган тақдирда аломатларга диққат қилишга чақирмоқда. Уларга теридаги сабабсиз яралар, ярада ёки бурун, оғиз, кўзларда қуртларнинг қимирлашини ҳис этиш ва очиқ жароҳатда қуртларни кўриш киради.
Мутахассислар зарарланишни олдини олиш асосий чора эканини таъкидлашади. Бу эса очиқ яраларни тоза сақлаш ва ёпиб қўйиш ҳамда ҳашаротларга қарши восита ишлатишни ўз ичига олади.
Шунингдек, мутахассислар ўзини зарарланган деб гумон қилганларни дарҳол шифокорга мурожаат қилишга чақиришмоқда.