Қасос порно нима ва унга қурбон бўлган аёллар ҳаёти қандай кечади? Dunyo, O'zbekiston

Сурат манбаси, Nemolchi.uz
Ўзбекистонда яна бир аёлнинг жинсий очиқ видеоси тарқалди. Бу сафар диққат марказида - 20 ёшли талаба Муштарийбону Комилова.
Октябрь ойида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 3-курс талабаси илм даргоҳида унга бир мулозим тегажоқлик қилиб, деразадан улоқтирганини айтгач, тергов очилганди.
Алоқадор мавзулар:
Муштарийбонуни 3-қават деразасидан итариб юборгани иддао қилинган декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев октябрь охирида 118 (номусга тегиш) ва 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) моддаларига боғлиқликда ҳибсга олинган. Қиз ҳодиса ортидан бир нечта жароҳатлар билан касалхонада даволанган.
Аммо, орадан икки ой ўтиб, Муштарийбонунинг интим видеоси тарқалди. Унга ҳимоячилик қилаётган Nemolchi.uz фаолларининг айтишларича, бу видеоларни қиз ўтган йил ўз йигитига йўллаган ва видеолар ўз телефонида сақланиб қолган бўлган.
Nemolchi.uz ёзишича, Муштарийбону ҳодисаси бўйича очилган жиноят ишига алоқадор терговчилардан бири унинг телефонини текширган ва видеоларни ўзига юклаб олган, Муштарийбону унинг ҳам тегажоқлигига жавоб қайтармагани ортидан, бу видеоларни интернетда тарқатган.
Сайт ҳозирда Тошкент Ички ишлар бошқармаси бу терговчига нисбатан текширув олиб бораётганини айтади.

Сурат манбаси, Toshkent IIB
Муштарийбону мустақил равишда бу интим видеолар унга тегишли ё тегишли эмаслигини айтмади, аммо ижтимоий тармоқларда у кескин танқидлар оқими остида қоляпти.
Кўп шарҳловчилар бу каби видеоларни эркакларга юборувчи аёлнинг декан ўринбосарига нисбатан қўйган айбловлари қанчалар ҳаққоний эканини савол остига оляптилар.
Охирги йилларда Ўзбекистонда жамоатчилик эътиборига тушган бир нечта аёлларнинг жинсий очиқ видеолари тарқалди. Хусусан, таниқли актриса, журналист, депутат бошига тушган бу ҳолларнинг баъзиларида клиплар фейк, бошқалари эса ҳаққоний. Аммо, афтидан уларнинг барчасида мақсад битта - муайян шахснинг шаънини булғаш.
Халқаро саҳнада бу каби ҳужум "revenge porn", яъни "қасос порноси" дея ном олган ва давлатлар қонунчилигига кириб улгурган.
Тициана Кантоне
Ўлими ортидан у тириклигида кўрмаган меҳрни кўрди.

Италиянинг анъанaдор Неапол шаҳрида туғилиб ўсган Тициана 2016 йилда ўз жонига қасд қилди. У 31 ёшида эди.
Ўз йигити билан қилаётган жинсий алоқаси акс этган видео тарқалиб кетиши ортидан Тициана исмини ўзгартирди, бошқа шаҳарга кўчиб ўтди ва бу видео интернетдан ўчирилиши йўлида судлар орқали курашди.
У видеони ўз ишончли дугоналарига юборганини айтган, аммо кимдир уни интернетга жойлашини кутмаган.
Видеода айтган гаплари трендга чиқиб, у бутун Италияда ҳажвиялар нишонига айланганди. Унинг ўлими ортидан, онасининг айтишича, "қизим жуда хиссиётга берилган қиз эди, бошқа жойга кўчиб ўтса ҳам, ўша секс видео орқали келиб чиққан машҳурликдан қутула олмади".
Тициананинг ўлими ортидан кўплаб италянлар у ҳақидаги фикрларини ўзгартирдилар. Унинг дафн маросими миллий қайғу муҳитида ўтди. Аммо, анъанaдор католик қадриятлари кучли бўлиб қолаётган Италия жанубида ҳамма ҳам таассуф билдирмади.
"У машҳурликни истаганди. Ҳеч қандай авлиё эмасди", деб ёзди Турин шаҳри ҳокимлиги мансабдори Валтер Капуто ўшанда. Кўп вақт ўтмай, жаноб Капуто бу сўзлари учун кечирим сўради.
Италян ёзувчиси Роберто Савиано Тицианага бўлган нафратга Италиянинг сексга бўлган "касал" муносабати сабаб эканини ёзди. "Мен Тициана учун мотамдаман. У эркин ва ўйинқароқ секс ҳануз энг ёмон гуноҳ саналувчи мамлакатда яшаётган аёл эди" деди у.
Бошқалар эса, у эркак бўлганида, бу каби машҳурликни ўз фойдасига ишлатган бўларди, дейишди.
Аби Титмус
Аммо, бу каби машҳурликни ўз манфаати йўлида қўллаган аёллар ҳам борми?
Англиянинг мудроқ Линколншир графлигида катта бўлган Аби Титмуснинг ота-онаси ўқитувчилар эди. Аби эса шифокор бўлиш орзуси изидан қувиб, Лондондаги Сити университетида тиббиёт ўқиди. Университетни битиргач, ҳамшира бўлиб ишлай бошлади.

Аммо, 2004 йилда, 27 ёшида ҳаёти остин-устун бўлди. Аби жинсий алоқа билан шуғулланаётгани акс этган видео тарқалди.
Тўрт йил аввал суратга олинган видеода 23 яшар Аби Титмус, унинг ўша вақтдаги йигити - таниқли телебошловчи Жон Лесли, ҳамда яна бир аёл - фотомодель Ойша Абубакр кўринган. Учовлоннинг видеоси уларнинг рухсатисиз хусусий компютердан юклаб олинган ва тарқатилган. Уни тарқатган шахс эса бироз вақт ўтиб бошқа жиноят ишида айбдор деб топилиб қамалди.
Сариқ матбуот учун бу "girl next door", кўринишидан бегуноҳ малласоч "қўшни қиз" ажойиб мавзуга айланди. Унинг, ўзи айтганидек, уятдан ўзларини қўярга жой топа олмаган ота-онаси ва ҳамширалик униформаси матбуот учун ҳам контраст, ҳам фантазия манбаи эди. Абининг ўзи эса ўша кунларни "ҳаётимнинг энг қора ҳафтаси" дея таърифлаган.
Бир неча нашрлар Аби Титмуснинг эксклюзив ҳикоясини чоп қилиш илинжида унга мурожаат қила бошладилар ва Аби бу можаро ҳақида самимий суҳбат қуриш учун ўша пайтда энг кўп ўқилувчи "News of the World" газетасини танлади. Бироқ, унинг иқрорномалари унга бўлган қизиқишни янада орттирди.
Интервью ортидан Аби Титмус ўзига агент ёллади. Матбуот наздида, у ўзи орттирган машҳурликдан "фойдалана бошлади".
Қатор эркаклар журналлари учун фотосессиялар, порноканалда бошловчилик, бир неча реалити шоулардаги иштирок ва очиқча секс ҳикоялар жам бўлган мемуарлари ортидан у ҳатто театр ва фильмларда суратга тушди.
Узоқ депрессия муолажаларидан кейин у Америкага кўчиб ўтди ва америкалик актёр билан турмуш қуриб бир фарзандли бўлди. Ҳозирда Аби Титмус Голливуд фильмлари ва сериалларида роллар ижро этмоқда.
Қасос порно ва қонунчилик

Сурат манбаси, Getty Images
Британияда 2015 йилдан буён шахснинг рухсатисиз улар акс этган интим видео ё суратни улашиш жиноят дея қабул қилинган. Италияда эса қасос порно айблови 2019 йилда қонунчиликка киритилди. Ўзбекистонда бу режалангани ё режаланмагани борасида маълумот йўқ.
Аммо, Британияда бу йил нафақат бу каби видео ё суратни тарқатиш, балки уни тарқатиш билан таҳдид қилиш ҳам жиноят дея эълон қилинди.
Эндиликда, шахснинг рухсатисиз уларнинг интим видео ё суратини тарқатишни айтиб таҳдид қилишингизнинг ўзигина сизни икки йилгача панжара ортига юбориши мумкин.
Бу йил февралида 25 ёшли Девид Хоппер бир аёлнинг очиқ суратларини унинг рухсатисиз бошқа шахсга кўрсатишда ва суратларни кўпроқ одамлар, жумладан аёлнинг отасига ҳам йўллашда таҳдид қилишда айбдор деб топилиб, уч ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилди.
Данганнон туман судида кўрилган ишга биноан, аёл Хоппердан бу суратни тарқатмасликни сўраб ёлворган.
"Мен бу қизнинг айбланувчига ёлвориб ёзган смсларини кўрдим. Аммо, у барибир бу ишни қилган. У қиз узоқ вақт қандай стресс остида бўлганини тасаввур қиляпман. Мен бу каби амални ҳар қандай аҳлоқий инсон учун буткул номақбул деб биламан", деди ҳакам Майкл Ранаган.
Ҳакам айбланувчига юзланиб шундай деди: "Бу ишнинг қурбонига шикаст етганига шубҳам йўқ. Жабрдийда ўзини яккалаб олган. Сиз бу жиноят эканини билмагандим дея даъво қилдингиз. Мен сизга ишонмайман."
Ҳакам бу каби қасос порноси ишлари туман судларида кўрилаётганидан хавотир билдирди ва қурбонлар тақдирини юқори судлар ҳал қилиши кераклигини айтди.
"Бу жиноят шафқатсиз, қўрқоқ, ва қурбонларга ҳар қандай ҳамдардликдан ҳоли жиноят. Бу иш аёлнинг шахсий ва касбий ҳаётига таъсир қилган. У қўрқувда яшаяпти ва ухлай олмайди. У иш жойини ўзгартирди, ва Британияни тарк этиш ҳақида ўйлаяпти. У "Мен энди ҳеч ким эмасман, қадрим қолмади" деяпти", деди ҳакам ҳукм чиқариш жараёнида.
Девид Хопперга аёл билан боғланиш тақиқланди ва унинг телефони йўқ қилинди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













