Ўзбекистон, коронавирус: Аҳли оилам билан ишлайдиган ошхонамиз инқироз ёқасига келиб қолди - O'zbekiston

Адҳам Отажонов
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда 24 мартдан карантин чораларининг кучайтирилиши ортидан деҳқон бозорлари, супермаркетлар, озиқ-овқат дўконларидан ташқари одамлар гавжум деярли барча жамоат жойлари ёпилди. Мижозлар оқимининг буткул тўхташидан, асосан, кичик тадбиркорлар зарар кўраётгани айтилади. «Бешбармоқ» ресторани эгаси Адҳам Атажанов Би-би-сига кичик бизнес бошига тушаётган қийинчиликлар тўғрисида сўзлаб берди.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 23 мартдан эътиборан мамлакатдаги кўнгилочар масканлар, ошхона ва чойхоналар ёппасига ёпилган эди.

Шу кундан бошлаб мамлакат бўйлаб тўй-маросимлар ҳам тўхтатилган эди.

Қарорда овқат элтиб бериш хизмати бундан мустасно экани айтилган.

Ҳукумат 19 март кундан массаж салонлари, дискотекалар ва болалар ўйин заллари фаолиятини чеклаганди.

Бундай чоралар ортидан, айниқса, умумий овқатланиш ва туризм секторига мансуб кичик бизнеслар оғир қийинчиликларга юз тутгани айтилади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳаттоки, кўп тармоқли умумий овқатланиш компаниялари эгалари ҳам ижтимоий тармоқ орқали оғир кунларни бошдан кечираётганликлари ҳақида хабар берган.

Интернет тармоғида Абу Муслим тахаллуси билан машҳур, «Бешбармоқ» ресторани асосчиси ва соҳиби Адҳам Атажанов Би-би-сига кичик тадбиркор ўлароқ ўзининг ошхона бизнеси карантин даврида қандай аҳволга тушиб қолганини гапириб берди.

Адҳам Отажонов: Карантинга тайёр эмасдик

Бешбармоқ

Атажоновнинг сўзларига кўра, ошхона бизнеси унинг оиласининг ягона тирикчилик манбайидир.

«Оилада 10 одаммиз. Қарияларимиз, ёш болаларимиз бор. Ошхона шу 10 кишилик рўзғоримизни тебратиб турибди», дейди у.

У ҳукумат жорий этган карантинни қўллаб-қувватласада, тадбиркор ўлароқ, карантин туфайли, ошхонасининг ёпилиб қолишига тайёр бўлмаганини айтади.

«Ўзи ҳукумат талаб қилмаса ҳам, ошхонамни ёпиш ҳақида ўйлаб турган эдим. Чунки бу ерда аҳли оилам билан биргаликда ишлаймиз. Уларга касаллик юқиши ва мижозлар касал юқтириб кетишига оила бошлиғи сифатида йўл қўя олмас эдим».

Адҳам Атажанов ошхонадан тушган кунлик даромад катта оиланинг кунлик тирикчилик харажатларига сарф бўлиши, «қора кунлар» учун маблағ тўплаб қўйишнинг имкони камроқ эканини маълум қилади.

«Орттириб, йиғиб қўйган жойим ҳам йўқ эди. Карантин туфайли ёпилишга мажбур бўлишимизни ҳеч кутмаган эдик. Олдинроқ билганимизда, ғамлаб, тўплаб қўяр эдик. Шундан озгина қийналиб қолдик, лекин буни ҳеч ким атайин кимнидир синдириш учун қилмайди. Карантинни тўғри тушунишимиз керак. Ҳозир кўпчилик шундай аҳволда», сўзлайди Атажанов.

Атажанов ошхонани ўзининг ҳовлисида очгани сабабли ижара ҳаққини тўлашдек муаммога дуч келмаган бўлсада, унинг қўлида ишлаган ишчиларнинг аҳволи оғирлашиб бораётганини айтади.

«Ошхонамда аҳли оилам, икки ўғлим билан юргизамиз. Бироқ икки фаррош аёл ва ошпаз ёрдамчиси бор. Мажбурликдан уларни таътилга чиқардик, қўлдан келганча ёрдам бердик».

«Лекин карантин чўзилса, нафақат уларнинг, ўзимнинг ҳам қийналишимиз аниқ. Ҳаммаси карантин муддатига боғлиқ», қўшимча қилади у.

У оиласи ва бизнесини молиявий инқироздан қутқариб қолиш йўлида, ҳозирча, аниқ бир нарсани режалай олмаганини айтади.

«Озиқ-овқатимиз яна ўн беш кунларга етади. Бу энди ошхонамизнинг оборотидан қолган маҳсулотлар. Ҳозирча, шуни еб ётибмиз. Кейин нима бўлади - ҳали билмаймиз», билдиради Атажанов.

«Карантиндан сўнг ошхонани қайта очиш учун балки қарз-ҳавола кўтарармиз, балки давлат фоизсиз қарз билан ёрдам бериб турар. Агар давлат қарз бериб турса, яхши бўларди. Фақат фоизсиз бўлиши керак», давом этади у.

Атажанов ўзи таниган-билган кичик тадбиркорларнинг бари фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганини борасида гапиради.

«Кўп тадбиркор биродарлар бор. Энди улар бугун топади, бугун ейди. Эртага топади, эртага ейди. Уларнинг ҳам қўлида жамғармаси йўқ. Бироқ ҳеч ким қийналяпмиз, деб шикоят қилмаяпти. Ҳамманинг бошига келган тўй, деб сабр қилиб ўтирибди».

«Лекин сабрнинг ҳам чегараси борда. Уларнинг ейишга нимаси қолмаса, билмадим аҳволи қандай кечади», қўшимча қилади Атажанов.

Ҳукумат кичик бизнесни инқироздан қандай сақлаб қолмоқчи?

Карантиндан бошқа кунлар
Сурат тагсўзи, Карантиндан бошқа кунлар

24 март куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев ўзининг уза.уз вебсайтида эълон қилинган мақоласида ҳукумат кичик бизнес вакилларига коронавирус пандемияси туфайли юзага чиққан қийинчиликлар фонида қандай ёрдам қўлини чўзишни режалаштираётганини батафсил изоҳлаб ўтган.

Мусаев президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни имзолаган «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонга мувофиқ жисмоний шахслар ва корхоналар учун бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар тасдиқланганини таъкидлайди.

"Хусусан, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси (223 минг сўм) 50 фоизгача камайтирилди. Бу 239 минг якка тартибдаги тадбиркорга 155 миллиард сўм маблағини тежаш имкониятини беради.

Туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти тўғридан-тўғри ёки билвосита туризм соҳасига боғлиқ бўлган 3 минг 167 якка тартибдаги тадбиркор учун даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорини 30 фоизга камайтириш тавсия этилди. Шу тариқа бу тадбиркорлар ҳисобида 2,3 миллиард сўм қолади", деб ёзади Давлат Солиқ қўмитаси раиси.

Мақолада ёзилишича, 1 апрелдан 1 октябргача алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилган.

«Шу билан бирга, умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилди. Ушбу имтиёзлардан 7 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фойдаланиб, улар ихтиёрида 17,1 миллиард сўм қолади», маълум қилади Мусаев.

«Президентимизнинг топшириғига кўра ҳар бир тадбиркор билан янгича тизим асосида ишлаймиз. Токи тадбиркорлик субъекти бугунги вазиятда бизнес қилишдан қўрқмаслиги, Президент ҳимоясида эканини сезиши керак», давом этади солиқ тизими раҳбари.

коронавирус