Ўзбекистон ва дунё: Тошкент, Каракас ва Дамашқни нима бирлаштиради?

Тошкент

Тошкент - яшашга энг арзон шаҳар

Economist Intelligence Unit яшашнинг арзон ва қимматлиги бўйича шаҳарлар рейтингини эълон қилди. Рейтингда дунё бўйлаб 133 шаҳар бир-бирига солиштирилган.

Сингапур (Сингапур), Париж (Франция) ва Гонгконг (Хитой) дунёнинг энг қиммат шаҳарлари, деб топилган. Яшаш учун энг қиммат шаҳарлар ўнталигидан, Цюрих (Швейцария), Женева (Швейцария), Осака (Япония), Сеул (Жанубий Кореа), Копенгаген (Дания), Ню-Йорк (АҚШ), Тел Авив (Исроил), Лос Анжелес (АҚШ) ҳам жой олган.

Тошкент эса Каракас (Венесуэла) ва Дамашқ (Сурия) билан бир қаторда яшаш учун энг арзон шаҳарлар учлигидан ўрин эгаллаган. Economist Intelligence Unit'га кўра, сиёсий ва иқтисодий жараёнларнинг шиддат билан издан чиқиши, инфляция ва валюта курсларининг кескин тебраниши оқибатида «бир қанча аҳоли масканлари»да яшаш арзонлашиб ва сифатсизлашиб бормоқда.

Энг арзон шаҳарлар ўнталигида, шунингдек, Олма-ота (Қозоғистон), Бангалор (Ҳиндистон), Карачи (Покистон), Лагос (Нигерия), Буэнос Айрес (Аргентина), Ченнай (Ҳиндистон), Ню Деҳли (Ҳиндистон)ни ҳам кўриш мумкин.

Утрехтда трамвай йўловчиларини ўққа тутган гумондор ҳибсга олинди

Нидерландиянинг Утрехт шаҳрида трамвай йўловчиларига қуролли ҳужум уюштириб, уч инсоннинг ҳаётига зомин бўлишда гумонланаётган 37 яшар турк Гўкмен Танис қўлга олингани хабар қилинмоқда.

Голландия полицияси

Сурат манбаси, Голландия полицияси

Нидерландия Бош вазири Марк Рюттега кўра, Танисни одамларга ҳужум қилишга ундаган сабаблар юзасидан, ҳозирча, узил-кесил хулосага келинмаган. Полиция террорчилик хуружи эҳтимоли ҳам кўриб чиқилаётганини маълум қилган. Хабар қилинишича, Гўкмен Танис, аввал ҳам, Нидерландия полицияси томонидан қўлга олинган. Маҳаллий ишбилармон Би-би-сига Таниснинг Чеченистонда жанг қилгани ва ИШИДга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олингани ва кейинроқ қўйиб юборилганини сўзлаб берди.

Фаластинда намойишчилар Ҳамасни танқид қилмоқда

Ғазо бўлгасида кўп сонли фаластинликлар оғир турмуш шароитига қарши норозилик билдиришда давом этмоқда. Ишсизлик даражаси 70 фоизга қадар етиши айтиладиган ҳудуд ёшлари яшашнинг оғирлигида, ҳатто, бўлгани қаттиққўллик билан бошқариб келувчи Ҳамас ташкилотини ҳам айблаб чиқмоқда.

Бундай кўлам ва шиддатдаги норозилик намойишлари Ҳамас бўлга назоратини тўла қўлга олган 2007 йилдан бери кузатилмаган. Ташкилот ғазабнок оломонни шафқатсиз усуллар билан тарқатишга уринмоқда. Ижтимоий тармоқда тарқалган видеоларда хавфсизлик ходимлари намойишчиларни калтаклаётгани ва осмонга қарата ўқ узаётганини кўриш мумкин.

Бироқ аксар намойишчилар ўзининг талаби сиёсий эмас, балки иқтисодий эканини таъкидлаган. Улар сиёсий ўзгаришлардан кўра биринчи навбатда иш, тенглик ва эркинлик истаётганини билдирган. Кенг тарқалган видеолардан бирида фаластинлик аёл Ҳамас аъзолари қиммат уйлар ва машиналарга эга бўлган бир вақтда, ўзининг тўрт ўғли иш топа олмай юрганидан нолиган.

Ҳамас назоратидаги Ғазо бўлгасида, сўнгги икки йилдан буён, иқтисодий қийинчиликлар кескинлашмоқда. Молиявий аҳволни ўнглаш мақсадида Ҳамас яқинда солиқларни оширган ва унинг оқибатида нархлар осмонга сакраб кетган эди. Ташкилот юзага келган иқтисодий қийинчиликларда Ғарбий Соҳил қисмларини бошқарувчи сиёсий рақиби Фатаҳни айблаб чиққан.

Эрдўғон Крайсчўрчдан олинган қонли видеони оммага кўрсатди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Текирдоғ шаҳрида ўз тарафдорлари билан кўриша туриб, улкан экранда дунё ҳамжамияти тарқатмасликка ундаётган Янги Зеландия масжидларига уюштирилган қонли ҳужум видеосини қўйиб берди. Жаноб Эрдўғон бирор халқаро ташкилот ёки давлат раҳбари Крайсчўрч ҳужумчисини «насроний террорчи» деб атамаётганини айтиб, ёзғирган. Жаноб Эрдўғон, шунингдек, агар мусулмонлар бирдамликни қўлдан бермаса, бундай ҳужумлар қайта такрорланмаслигини ҳам таъкидлаган.

Ражаб Таййип Эрдўғон

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Эрдўғон ғарб давлатлари Крайсчўрч ҳужумчисини «насроний террорчи» деб атамаётганини қоралаган.

Икки масжидда 50 кишининг умрига зомин бўлган ҳужумчи Брентон Таррант одамларни ўққа тутаётганини жонли тарзда Facebook'да узатиб турган. Ҳеч қанча вақт ўтмай мазкур видео жамоатчилик босими остида деярли барча тармоқлардан ўчириб ташланган.

Мухолифат жаноб Эрдўғонни шафқатсизлик тасвирланган видеони намойиш қилиш орқали 31 мартда ўтадиган маҳаллий сайловлар олдидан сайловчилар дастагини қўлга киритишга интилаётганликда айблаб чиққан.

Би-би-си мухбири Марк Лоуэннинг фикрича, ҳукуматга яқин турк матбуоти мазкур воқеани, гўё, жаноб Эрдўғон мусулмонларни исломофобиядан ҳимоя қилишга бош кўтаргандек тасвирламоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek