Ўзбекистон ва дунё янгиликлари: Австралиядаги тинтувлар, Сербияда қамалга олинган президент саройи ва таслим бўлган Бутефлика

Сурат манбаси, Getty Images
Янги Зеландиядаги масжидларга ҳужум ортидан Австралияда уйлар тинтилмоқда
28 яшар австралиялик Брентон Таррантнинг Крайсчўрчда жойлашган икки масжидга қонли ҳужуми ортидан Австралия ҳукумати у истиқомат қилган Янги Жанубий Уэлс штатидаги Графтон шаҳрида уйларни тинтишни бошлаган.
Австралия полицияси Сиднейдан 600 километр шимолда жойлашган Графтон шаҳридаги эгалари шахси очиқланмаган бир қанча уйларда тинтув ўтказилганини маълум қилган.
Маҳаллий матбуот текширилаётган уйлардан бири Брентон Таррантнинг опасига тегишли экани тўғрисида хабар берган.
Полиция эса ҳужумчининг Австралияда қолган оиласи терговга ёрдам бераётганини билдирган.

Сурат манбаси, Reuters
Янги Жанубий Уэлс штати полицияси тинтувлардан асосий мақсад Янги Зеландияда бошланган терговга яқиндан ёрдам бериш учун далиллар топиш эканини айтган.
Янги Зеландия полицияси, ҳозирча, Таррантнинг ёлғиз ўзи ҳаракат этганини тахмин қилмоқда.
Сербиядаги норозилик намойишлари жиддий тус олмоқда

Сурат манбаси, EPA
Бир неча ҳафтадан бери президент Александр Вучичнинг истеъфоси талаби билан Сербияда ўтаётган тинч намойишлар дам олиш кунларида жиддий тус олган.
Норози сербияликлар давлат телевидениеси жойлашган бинога бостириб кирган ва президент қароргоҳини маълум вақт тўсиб қўйган.
Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўзни ёшлантирувчи газ қўллашга мажбур бўлган.
Мухолифат 2017 йилда қудратга келган президент Вучични 1990 йилларда Сербияни бошқарган Слободан Милошевичнинг сўз ва матбуот эркинлиги юзасидан қаттиққўл назоратини қайта тиклашга уринаётганликда айбламоқда.
Мухолифат ва ғазабнок фуқаролар президентнинг зудликда истеъфога чиқишини талаб этиб, мақсадига эришмагунча тарқамаслигини маълум қилмоқда.
Ўта миллатчи қарашлари билан танилган президент Вучич эса намойишчилардан қўрқмаслиги ва уларнинг босимига бўйсунмаслигини таъкидлаган.
Жазоирдаги намойишлар президентни таслим бўлишга мажбур қилди

Сурат манбаси, EPA
Жазоирда ҳафталардан бери давом этаётган намойишлар босими остида мамлакатни 20 йилдан буён бошқариб келаётган Абделазиз Бутефлика президентлик сайловида бешинчи муддат учун номзодини қўймасликка қарор қилган.
Ногиронлик аравачасига михланиб қолган 82 ёшдаги жаноб Бутефлика, қўшнилари ва Яқин Шарқнинг айрим раҳбарларидан фарқли ўлароқ, "Араб Баҳори"дан омон чиқиб, ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишга муваффақ бўлган эди.
Ҳозирча президент лавозимида қолаётган жаноб Бутефлика апрелда ўтказилиши режалаштирилган президентлик сайловини номаълум муддатга кечиктириб, мамлакатни сиёсий ва конституциявий жиҳатдан ислоҳ қилиш учун миллий мажлис ташкил қилинишини эълон қилган.
Бундан бир ойча муқаддам ўн минглаб ёш жазоирликлар мамлакатда зудлик билан ислоҳотлар ўтказилиши, авторитар бошқарув усулига чек қўйилиши, амалдаги президент истеъфо бериб, халқпарвар ҳукумат шакллантиришини талаб этган ҳолда норозилик намойишларини бошлаб юборганди.
Ўтган ҳафта янги бош вазир сифатида тайинланган Нуриддин Бедуий якшанба куни намойишчилар талабига мувофиқ янги ҳукумат ташкил қилиниши йўлида музокаралар бошланишини эълон қилмагунига қадар Бутефлика тузуми омма иродасини тан олмай келаётган эди.
Гонгконг метросида поездлар тўқнашиб кетди

Сурат манбаси, Reuters
Гонгконг метросидаги янги сигнал тизими синови чоғида икки электропоезд бир-бири билан тўқнашиб кетган.
Синов ўтказилаётгани шарофати билан поезд вагонларида йўловчилар бўлмаган.
Иккала ҳайдовчи ҳам касалхонага ётқизилган.
Инсоний талафотлар кузатилмаган бўлсада, кунига миллионлаб йўловчи фойдаланадиган метро тизимининг айрим хизматлари тўхтаб қолган.
Метро тизими расмийлари ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ва таъмир ишларини якунлаш «анча узоқ вақт олиши»ни маълум қилган ҳамда одамларни носозлик юзага келган бекатларни четлаб ўтиш, имкони бўлса, бошқа транспорт воситалари хизматидан фойдаланишга чақирган.
Reuters агентлигининг хабар беришича, Гонгконг метросидан ҳафтанинг иш кунлари олти миллионча одам фойдаланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













