Оврўпо Россияга етти кун муҳлат берди

Оврпўо Иттифоқи Россияга қарши янги жазо чоралари қўлламоқчи.

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Оврпўо Иттифоқи Россияга қарши янги жазо чоралари қўлламоқчи.

Оврўпо Иттифоқи вакиллари ҳозир Россияга нисбатан яна қандай жазо чораларини қўллаш мумкин, деган масалада шошилинч иш олиб боришмоқда.

Олдинроқ Украина президенти Пётр Порошенко ўз мамлакати Россия билан "ҳақиқий уруш ёқасида" эканини айтганди.

Бироқ Россия ўз кучлари ноқонуний тарзда Украина ҳудудига кириб, у ердаги росссияпараст бўлгинчиларни қўллаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этиб келади.

Сўнгги кунларда эса Украинадаги россияпараст бўлгинчилар қўли баланд келиб, Донетцк ва Луганскда ўз мавқеларини қайта мустаҳкамлай бошлашган.

Киевнинг айтишича, россияпараст исёнчилар шарқий Украианада қўлга киритган сўнгги муваффақиятлари ортида Россиянинг дастаги ва қўллови турибди.

Шу пайтгача айни бўлгинчилик низоасида икки ярим мингдан зиёд нобуд бўлгани айтилади.

Руспарастлар ва Россия

Ўтган апрел ойида Россия Қримни референдум орқали ўз таркибига қўшиб олганидан сўнг Украина шарқидаги рус бўлгинчилари ҳам ажралиб чиқиш ҳаракатларини бошлаб юборишганди.

Ғарбнинг таъкидлашича, бу рус бўлгинчиларини Россия ҳам ҳарбий, ҳам моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб қувватлаб келади.

Украина шарқидаги россияпараст жангарилар.

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Украина шарқидаги россияпараст жангарилар.

Можаро вақт сайин чуқурлашиб бораркан, Оврўпо Иттифоқи зудлик билан ҳаракат қилиб, Россияга таъсир ўтказиш зарурлигини айтмоқда.

Лекин янгича жазо чоралари нималарни кўзда тутиши маълум эмас.

Расмий Литванинг фикрича, ҳозир Россия Украина тимсолида бутун Оврўпога қарши уруш олиб бормоқда ва шу боис Оврўпо Иттифоқи ҳам Киевни зарурий ҳарбий жиҳозлар билан таъминлаши лозим.

Лекин Олмония канцлери Ангела Меркелнинг айтишича, ушбу можарода ҳарбий воситаларни ишга солмаслик керак.

Британиянинг фикрича, Россия қўшинлари Украина тупроғидан чиқиб кетмас экан, Москвага бунинг салбий оқибатлари бўлишини англатиб қўйиш даркор.

Сўнгги хабарларга кўра, шу пайтгача қўлланган жазо чоралари оқибатида Россия рубли қадри долларга нисбатан кескин тушиб кетган. Аммо улар Москванинг Украина борасидаги мавқеини ўзгартиролгани йўқ.

Айни пайтда, мазкур чоралар муайян даражада Оврўпонинг ўзидаги тижорат ва сайёҳликка ҳам салбий таъсир эта бошлаган.

Бир неча ойдан кейин қиш бошланади ва Россия яна табиий газни таъсир воситаси сифатида ишга солиши мумкин, деган фикрлар бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02