АҚШ Россияга янги жазо чораларини киритди

Сурат манбаси, RIA Novosti
Москванинг Украина сиёсатига қарши янги жазо чоралари Президент Путинга яқин 7 нафар мулозим ва 17 ширкатни нишонга олади.
Оқ Уй эълон қилган баёнотда айтилишича, уларнинг банк ҳисоблари музлатилади ва АҚШга сафар қилишлари тақиқланади.
Оқ Уй матбуот котиби Жей Карнининг айтишича, Россия 17 апрелдан буён Украинадаги кескинликни юмшатишга қаратилган Женева битимини бажариш бўйича ҳеч иш қилмаган, аксинча, зиддиятнинг янада ёйилишига ҳисса қўшган.
Жазо чоралари қўлланиши айтилган расмийлар рўйхатида Бош вазир ўринбосари Дмитрий Козак, "Роснефт" раҳбари Игор Сечин ва Президент маъмурияти бошлиғининг ўринбосари Вячеслав Володинлар бор.
Ғарб Москвани Украина шарқидаги ҳокимият биноларини эгаллаб турган бўлгинчи жангариларни қўллаб-қувватлашда айблайди.
Бўлгинчилар ўтган ҳафта қўлга олинган 7 нафар ғарблик ҳарбий кузатувчиларни ҳамон ушлаб турибди.
Ўзини Славянск шаҳар ҳокими деб эълон қилган Вячеслав Пономарев уларнинг украин ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган федерализм тарафдорларига алмаштирилишини айтган.

Сурат манбаси, AP
Айни пайтда Украина шарқидаги Харьков шаҳар ҳокими Геннадий Кернес суиқасд уриниши ортидан оғир аҳволда экани айтилмоқда.
Харьков шаҳар кенгаши тарқатган хабарда айтилишича, Кернесни курагидан ўқ еган.
Украин матбуотига кўра, ўқ снайпер милтиғидан отилган.
Кернес 2010 йилдан буён Харьков шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб келади.
Норозилик намойишлари пайтида у Майдонга фаол қаршилик кўрсатган, аммо шу йил февралида кутилмаганда Киевдаги янги ҳокимият тарафига ўтганди.












