Ироқда жангарилар Фалужа шаҳрини қўлга олганлар

Ироқ ҳукумати Бағдоддан ғарбда жойлашган стратегик муҳим Фалужа шаҳри устидан назоратни тўлиқ қўлдан бой берган.
Ҳукумат кучлари шаҳардан чиққач, исломийлар Фалужани эгаллаб олганлар.
Хавфсизлик хизматидаги манбаларнинг Би-би-сига билдиришича, шаҳарнинг жанубий қисми "Ал-Қоида"га алоқадор "Ироқ Ислом давлати" исёнчи гуруҳи назоратида.
Шаҳарнинг қолган қисми ҳам "Ал-Қоида"ни қувватлайдиган бошқа гуруҳлар қўлида, деб хабар беради Би-би-сининг Ироқдаги мухбири.
Анбар вилоятидаги полиция бошлиғи Фалужа аҳолиси исломийларнинг қамалида қолганини айтган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Боғдоддан 60 чақирим ғарбда жойлашган шаҳарда ҳукумат кучлари умуман кўринмайди - кўчаларда қуролланган жангарилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб юришибди. Шунингдек, зенит пулемётлари ўрнатилган усти очиқ машиналарда юрган жангариларни кўриш мумкин.
Айни пайтда Сурияда "Ироқ Ислом давлати" жангарилари ва уларга рақобатчи бошқа исёнчи гуруҳлар орасида қаттиқ жанглар кетаётгани айтилмоқда.
Исломийлар уларга қарши бошқа гуруҳларнинг ҳужумлари тўхтатилмаса, Ҳалаб(Алеппо)ни ҳукумат қўшинларига ташлаб чиқишларини айтиб таҳдид қилганлар.
Ироқдаги янги зўравонликлар душанба куни Рамади шаҳридаги исломийлар жамлоғи полиция томонидан тарқатилганидан сўнг бошланиб кетган.
2012 йилнинг охирида тузилган бу жамлоғ ташкилотчилари аксарияти шиалардан иборат марказий ҳукумат сунний мусулмонларнинг ҳуқуқларини паймол қилаётганига қарши норозиликларини билдирганлар.
Сунний мусулмон етакчилари кўп маротаба Ироқ Бош вазири Нури Маликийни фақат шиа жамоалари манфаатларини ҳимоя қилаётганликда айблашган.
Ўз ўрнида жаноб Маликий сунний жангариларни Анбар вилоятини Ироқдан ажратиб олишга уринаётганларини айтган.

Полиция жангариларга бас келолмаган
Рейтер агентлиги хабар беришича, армия артиллериядан ўтга тутиб, шаҳарни қайтариб олишга уринмоқда.
Ироқ Бош вазири Нури Маликийнинг телемурожаатида барча террористик гуруҳлар яксон қилинишига ваъда берган.
Сешанба куни Бош вазир Анбар вилоятида хавфсизликни таъминлашни полицияга топшириб, аскарларни Рамади, Фалужа ва бошқа шаҳарлардан олиб чиқишга рухсат берганидан сўнг кўп ўтмай жангарилар бу шаҳарларга кириб келишган.
Улар полиция бўлимларига ҳужум қилиб, ҳибсдагиларни чиқарганлар.
Чоршанба куни ҳукумат Анбарга қайтадан қўшин йўллаган.
Бу пайтда исломийлар қора рангли байроқларини Рамади ва Фалужа шаҳарлари биноларига ўрнатганлар ва миноралардаги карнайлардан аҳолини ўз қаторига қўшилишни ва ҳукуматни тинч эгаллаб олишга чақирганлар.
Охирги ойларда сунний жангарилар Ироқнинг барча ҳудудларида фаоллашган. Ироқдаги вазиятни кузатиб турган мухбирлар мамлакатда сунний ва шиалар ўртасида кенг миқёсда уруш бошланиб кетиши эҳтимоли катталигини айтишмоқда.
АҚШ Давлат котиби Жон Керрига кўра, Қўшма Штатлар Ироқ ҳукуматига "Ал-Қоида"га алоқадор жангариларга қарши курашда кўмаклашади, лекин бу Вашингтон Ироққа қўшин юборишини англатмайди.
БМТ ҳисобига кўра, 2013 йилда Ироқда мазҳаблараро тўқнашувларда қарийб тўққиз минг киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг етти мингдан ортиғи тинч аҳолига тўғри келади.












