Бағдоддаги қатор портлашлар 50 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлди

Шанба куни Боғдодда бирин-кетин тўққиз автомашина портлаб одамларни даҳшатга солган.
Сурат тагсўзи, Шанба куни Боғдодда бирин-кетин тўққиз автомашина портлаб одамларни даҳшатга солган.

Ҳодисалар Ироқ пойтахтининг шиалар яшайдиган туманларида содир этилган.

Полицияга кўра, қурбонлар сони 57 га етган, камида 150 киши жароҳатланган, уларнинг орасида оғир аҳволдагилари ҳам бор.

Портлашларнинг ҳаммаси бир хил кўринишда такрорланган, аҳоли гавжум жойларда тўхтаб турган машиналарга миналар ўрнатиб кетилган.

Шанба куни Бағдодда бирин-кетин тўққиз автомашина портлаб одамларни даҳшатга солган.

Олдинроқ ҳам Бағдод яқинида юз берган портлашда тўрт киши ўлгани, 16 нафари яралангани хабар берилган.

Қурбонлар ва жабр кўрганларнинг аксарияти Ҳайит байрамини нишонлашга чиққан аёллар ва болалар бўлишган.

Бу йилги Рамазон Ироқда охирги беш йилда энг қонлиси бўлгани айтилмоқда.

Рамазон ойининг ўзида ўлганлар сони 670 дан ошган.

Ироқда кейинги пайтларда шиа ва суннийлар тўқнашувлари кучайиб бораётгани кузатилмоқда.

Шиа-сунний жамоалари муносабатлари таранглашганидан асосан тинч аҳоли жабр кўрмоқда.

Суннийлар Бош вазир Нури ал-Маликий бошлиқ ҳукумат томонидан таҳқирланаётганларини таъкидлашади.

Саддам Ҳусайн пайтида сунний мусулмонлар Ироқнинг давлат тизимларида юқори мансабларни эгаллаб келишган.

Бироқ АҚШ қўшинларининг ишғоли ва Саддам Ҳусайннинг ағдарилиши ҳокимият тепасига шиаларнинг келишига имкон берди.

Айни пайтда АҚШ Ироқдаги қонли ҳодисаларни қоралаб чиқди.

Давлат Департаменти эълон қилган мурожаатда портлашни уюштирганлар Ислом ва халқаро жамоатчилик душманлари эканлиги айтилди.

Мурожаатда шунингдек, ҳужумларни Ал-Қоиданинг Ироқдаги етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий томонидан уюштирилганига ишонилади.

Ал-Бағдодийнинг манзили ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилинмоқда.

Ироқдаги шиа-сунний можаролари йил бошидан буён 4 минг кишининг ёстиғини қуритди, 10 мингдан ортиқ инсон яраланди.