Рамзан Қодировнинг севимли уйига ўт кетди

Ўт ўчирувчилар Чеченистон президенти франциялик таниқли актёр Жерар Депардьега 5 хонали квартира совға қилган 40 қаватли турар-жой биносидаги ёнғинни қарийб саккиз деганда ўчиришга муваффақ бўлишган.
Маҳаллий масъулларнинг билдиришларича, ёнғин узоқ вақт давом этганига қарамай, бирор бир инсоний талофатга сабаб бўлмаган.
Сўнгги хабарларга кўра, юз берган ҳодиса юзасидан "Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш" банди бўйича жиноий иш ҳам очилган.
Президент Рамзан Қодиров Instagramдаги блогида кўрсатган "профессионализм ва жасоратлари" учун ўт ўчирувчиларга шахсан ўзи миннатдорчилик билдирган.
"Грозний-Сити" мажмуасида жойлашган ушбу осмонўпар турар-жой биносини бор-йўғи олти ойгина бурун Рамзан Қодировнинг ўзи тантанали равишда фойдаланишга топширганди.
Энг замонавий русумда қурилган ҳашаматли бино икки қонли уруш ортидан вайронага айланган Грознийнинг қайта тикланиши рамзи сифатида кўрилганди.
Аён бўлишича, турар-жой биносига ҳалича одамлар кўчиб ўтишга улгурмаган бўлишган.
Маҳаллий масъуллар ёнғинга қисқа электр туташуви сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини фараз қилишмоқда.
Агар, Россия оммавий-ахборот воситаларидаги хабарларга қаралса, бинонинг Жерар Депардьега квартира берилган қисмига ёнғин ўтмаган.
Яқиндан кузатиб турган бўлса-да, ёнғин келиб чиққан пайтда Рамзан Қодиров Грознийда бўлмаган.
Унинг от пойгасини томоша қилиш учун Бирлашган Араб Амирликларида бўлгани айтилади.
Ҳашаматли бино

"Грозный-Сити" 2011 йилнинг октябр ойида Рамзан Қодировнинг таваллуд айёми билан бир кунда нишонланган "Шаҳар куни"да тантанали равишда очилганди.
Байрам муносабати билан уюштирилган тадбирларда таниқли хонанда Seal, созанда Ванесса Мэй, Ҳолливуд юлдузлари Жан-Клод Ван Дамм ва Ҳилари Суонклар ҳам иштирок этишганди.
"Шаҳар куни" тантаналарига шунча пулни қаердан олгани ҳақидаги саволга эса, Чеченистон президенти "Аллоҳ бериши"ни айтиб, жавоб берганди.
Унинг бу сўзлари расмий Кремль ҳар йили Чеченистон ва Шимолий Қофқознинг бошқа минтақаларига сарфлаётган миллиардлаб доллар пуллар манбаининг шаффоф эмаслигига оид фикрларга ҳам сабаб бўлганди.
Шу ўринда "Грозний-Сити" мажмуасининг қурилиши қанчага тушгани ҳам очиқланмаганди.
Ушбу мажмуадан жой олган етти осмонўпар бинодан энг баланди саналувчи "Олимп" 145 метрга юксалади ва Москвадан ташқаридаги энг узуни саналади.
"Ҳеч кимга сир эмас, Чеченистондаги энг баланд бинога ўт кетди. Кимлардир бундан хурсанд бўлишга ҳам улгуришди. Бундай инсонларга Худонинг ўзи инсон берсин. Яратгувчининг кўмаги билан биз ушбу бинони қайта тиклаймиз. Бунинг учун энг замонавий технологиядан фойдаланамиз. Бино аввалгисидан кўра чиройлироқ ва яхшироқ бўлади. Унинг ёнида эса, "Грозний-Сити 2"нинг энг кўркам осмонўпар бинолари жойлашади", деб ваъда берган Чеченистон президенти.












