You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ким кучли – Эронми ё Исроил?
- Author, Ориф Шомим
- Role, Би-би-си Урду ва Форс хизматлари
- Ўқилиш вақти: 12 дақ
Яқин Шарқда танглик кучайди. Агар катта уруш бошланса, ким ютади?
Алоқадор мавзулар:
Исроил, Эрон ва Ҳизбуллоҳ ўртасида кескинлик кучайгани ортидан тўқнашувлар содир бўлиб, йирик можаро бўлишидан хавотир уйғотмоқда.
Ливаннинг Ҳизбуллоҳ қуролли гуруҳи сўнгги ҳафталарда Исроил шимолида бир қатор дрон ва ракета ҳужумларини амалга оширди, бироқ Исроилнинг июль ойида юқори мартабали қўмондонни ўлдирганига жавоби ҳали олдинда эканини айтмоқда. Куни-кеча эса, Ливаннинг чегарадан қарийб 30 километр шимолда жойлашган Мейфадун шаҳрида уй портлаши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, деди шифокорлар ва хавфсизлик манбаси.
Хўш, агар катта уруш бошланса, турли томонларнинг нисбий кучи қандай?
Ҳамаснинг сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания Эрон пойтахти Теҳронда ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди.
Ҳамас ҳам Эрон пойтахти Теҳронда сиёсий раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилганини тасдиқлади.
Исроил ҳужум ортида турганини тасдиқлагани ҳам, инкор ҳам этгани йўқ.
Аммо бу Яқин Шарқдаги танглик янада кескинлашди.
Эроннинг жавоб ҳужуми минтақада катта урушга сабаб бўлиши мумкинлигига оид жиддий хавотирлар пайдо бўлди.
13 апрель куни Эрон Исроилга ракета ва дронлар ҳужуми уюштиргани ва Исроилнинг дрони Эрондаги ҳарбий нишонга зарба берганидан бери кескинлик кучаймоқда.
Исроилда жиддий қурбонлар бўлмаса-да, 300 дан ортиқ снарядлар отилгани Эроннинг узоқдан зарба бериш қобилиятини кўрсатди.
Эроннинг ракета салоҳияти ҳарбий қудратининг асосий қисмидир.
Қайси томон ютади?
Би-би-си бу масалани қуйида санаб ўтилган манбалар ёрдамида ўрганиб чиқди. Аммо ҳар бир давлат сир тутаётган муҳим салоҳиятга эга бўлиши ҳам мумкин.
Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институти (ХСТИ) энг аниқ ҳисоб-китоб қилиш учун турли расмий ва очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда ҳар икки мамлакат армиясининг ҳарбий кучини таққослайди.
Бошқа ташкилотлар, масалан, Стокгольм Халқаро Тинчлик Тадқиқот Институти ҳам ҳисоб-китоб қилади, аммо аниқлик даражаси кўпинча рақамни очиқ бермайдиган мамлакатлар учун фарқ қилиши мумкин.
Бироқ, Осло Тинчлик Тадқиқот Институти (ОТТИ) ходими Николас Марш айтишича, ХСТИ дунё бўйлаб мамлакатларнинг ҳарбий қудратини баҳолашда мезон сифатида кўрилади.
F-35 дунёдаги энг замонавий учоқлардан биридир.
Кейинги қадам
Исроил ва Ҳизбуллоҳ бир-бирига ҳужумларини кучайтирди. Исроил Ливандаги Ҳизбуллоҳ марраларига ҳаво ҳужумларини уюштирган ва 2024 йил 30 июлда юқори мартабали қўмондон Фуад Шукрга суиқасд уюштирганини тан олди.
Ҳизбуллоҳ Исроил шимолига ракета зарбалари берди. Исроилнинг "Темир гумбаз" ракетага қарши мудофаа тизими уларнинг аксариятини тутиб олмоқда.
Аммо мудофаа таҳлил журнали "Janes"нинг Яқин Шарқ мудофаа бўйича эксперти Жереми Бинни огоҳлантиради: "Темир гумбаз Ливандан отилган қисқа масофали артиллерия ракеталарига қарши асосий мудофаа тизимига айланади. Аммо Ҳизбуллоҳда бундай ракеталар шунчалик кўпки, улар Исроил ҳаво мудофаасига жиддий юк бўлиши мумкин."
Осло Тинчлик Тадқиқот Институти ходими Николас Марш шундай дейди: "Эрон нишонларнинг кенг рўйхатини эълон қилди. Бу эътиборни чалғитишга уриниш бўлиши мумкин. Аммо Исроил учун барча эҳтимолий нишонларни муҳофаза қилиши қийин бўлади".
Унинг огоҳлантиришича, "Исроил учун асосий масала ракеталарни Исроилга яқинлашмасдан уриб туширишдир".
Ҳизбуллоҳнинг марҳум юқори мартабали қўмондони Фуад Шукрнинг Ливанда Исроил ҳаво ҳужумида ҳалок бўлганидан кейинги бир ҳафталик хотирлаш маросимида намойиш этилган плакат.
Йирик эскалация бўлиши мумкинми?
Defence Eye муҳаррири Тим Риплининг Би-би-сига айтишича, ҳарбий стратеглар Эрон ва Ҳизбуллоҳнинг жавоби ҳақида кенгроқ ўйлашлари керак.
"Биз эронликлар, Ҳизбуллоҳ ва ҳусийларнинг (Яқин Шарқдаги халқаро кемаларга ҳужум қилаётган исломий жангарилар) тафаккурига киришимиз керак. Нега яна худди шу ишни қилиш учун қувватни беҳуда сарфлаш керак?
Рипли фикрича, Эрон Ҳизбуллоҳни трансчегаравий ҳужум бошлашга ундаши мумкин, эҳтимол у 7 октябрь куни Ҳамас ҳужумлари Исроилга қандай зарба бергани, оддий ракета ҳужумлари эса Исроил мудофаасига осонликча кира олмаганини билади.
Унинг айтишича, Эрон хорижий нефть танкерларини қўлга олиш масаласини кўриб чиқиши мумкин.
Аммо Janes'дан Жереми Бинни фикрича, бундай бўлиши даргумон:
"Ҳизбуллоҳнинг Радван элита кучлари трансчегаравий операциялар учун тайёргарликдан ўтган, аммо мен улар ўч олишда иштирок этмайди деб ўйлайман", дейди у.
"Бир томондан, Исроил мудофаа кучлари (ИМК) бундай сценарийга 7 октябрга қараганда анча яхшироқ тайёр; бошқа томондан, ҳатто оз сонли Исроил фуқароларининг ўғирланиши 2006 йилда бўлгани каби жиддий кескинликка олиб бориши мумкин.
2006 йилда Ҳизбуллоҳ икки исроиллик аскарни ўғирлаб кетганидан кейин Исроил Ливанга қуруқликдан ҳужум уюштирди. Ҳар икки томонда катта йўқотишлар билан оғир жанглар бўлди.
Қутқарувчилар 2006 йил 13 августда Байрутнинг шиа маҳаллари марказида исроилликлар ҳужумига учраган бино вайроналари орасидан одамларни қутқармоқда.
Риплининг айтишича, Исроил Ҳизбуллоҳнинг ҳарбий кучига жиддий таъсир ўтказмасдан, уни руҳан чўктириш учун яна ҳужумлар уюштириши мумкин.
"2006 йилда Ливанда ва ҳозир Ғазода шундай қилишди", дейди у.
Ўт ўчирувчилар 2006 йил 23 июлда Ливан жанубидан отилган ракета келиб тушган Исроил шимолидаги уй томида.
Технологик афзаллик
ХСТИ маълумотларига кўра, Исроилда 340 та жанговар учоқ мавжуд бўлиб, бу унга ҳаво ҳужумларида аниқ устунлик беради.
Учоқлар орасида узоқ масофага учувчи F-15, радарларни четлаб ўтадиган юқори технологияли F-35 ва тезкор ҳужум вертолётлари бор.
ХСТИ маълумотларига кўра, Эронда 320 га яқин жанговар учоқлар мавжуд. Учоқлар 1960-йилларга бориб тақалади ва улар орасида F-4, F-5 ва F-14 учоқлари бор.
Аммо ОТТИ ходими Николас Маршнинг айтишича, бу эски учоқларнинг қанчаси ҳақиқатда уча олиши номаълум, чунки таъмирлаш учун эҳтиёт қисмларни топиш жуда қийин бўлади. Бунга Ғарбнинг Эронга қарши санкциялари сабаб бўлмоқда.
АҚШ кучлари F-14 Tomcat'ни фойдаланишдан чиқарганига 20 йил бўлди, аммо Эрон ҳамон ундан фойдаланади.
Темир гумбаз ва Ўқ
Исроил мудофаасининг асосини "Темир гумбаз" ва "Ўқ" тизимлари ташкил этади.
Ракета муҳандиси Узи Рубин мамлакат Мудофаа вазирлигида Исроил ракетага қарши мудофаа ташкилоти асосчиси.
Ҳозир у Қуддус Стратегия ва Хавфсизлик Институтида катта илмий ходим. У Би-би-сига Темир гумбаз ва халқаро иттифоқчилар Эрон Исроилга қарата отган деярли барча ракета ва дронларни йўқ қилганини кўриб, ўзини қанчалик «хавфсиз» ҳис қилганини айтди.
"Мен жуда мамнунман ва жуда хурсанд бўлдим... У ўз нишонига жуда мослашган. У қисқа масофали ракетага қарши мудофаадир. Бошқа [тизимда] шунга ўхшаши йўқ."
Исроилнинг "Темир гумбаз" ракетага қарши мудофаа тизими Эрон томонидан учирилган 300 дан ортиқ ракета ва дронларни уриб туширишга ёрдам берди.
Эрон Исроилдан қанчалик узоқ?
Исроил Эрондан 2100 км узоқликда жойлашган. Унинг ракеталари мамлакатга ҳужум қилишда асосий қуролдир, дейди Defence Eye муҳаррири Тим Рипли.
Эроннинг ракета дастури Яқин Шарқдаги энг йирик ва энг хилма-хил дастур ҳисобланади.
2022 йилда АҚШ Марказий қўмондонлиги генерали Кеннет Маккензи Эронда "3000 дан ортиқ" баллистик ракета борлигини айтганди.
CSIS Ракетага қарши мудофаа лойиҳасига кўра, Исроил бир қанча мамлакатга ракета экспорт қилади.
13 апрель шанба куни Эрон Исроилга қарата 300 дан ортиқ ракета ва дронларни учирди.
Эрон ракеталари ва дронлари
Эрон 1980 йилдан 1988 йилгача қўшни Ироқ билан урушидан буён ўзининг ракета тизимлари ва дронлари устида кенг кўламли ишларни амалга оширди.
У қисқа ва узоқ масофали ракеталар ва дронларни ишлаб чиқди, уларнинг аксарияти яқинда Исроилда қарши учирилган.
Ҳусий исёнчилари томонидан Саудия Арабистонига отилган ракеталарни ўрганаётган таҳлилчилар улар Эронда ишлаб чиқарилган деган хулосага келишди.
Эроннинг Суриядаги консуллиги биноси 1 апрель куни ҳаво ҳужуми натижасида вайрон бўлди ва Эроннинг юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ҳалок бўлди.
Узоқ масофадан "жазолаш"
Defence Eye муҳаррири Тим Риплининг айтишича, Исроил Эрон билан қуруқликдаги урушга киришиши даргумон: "Исроилнинг катта устунлиги унинг ҳаво кучлари ва бошқариладиган қуролларидир. Шунинг учун у Эрондаги асосий нишонларга ҳаво ҳужумлари уюштириш имкониятига эга".
Риплининг айтишича, Исроил душман шахсларни ўлдириши ва нефть иншоотларини ҳаводан йўқ қилиши мумкин.
""Жазо" улар тилидаги муҳим сўз... Исроил ҳарбий ва сиёсий раҳбарлари бу сўзни доим такрорлашади. Бу уларнинг фалсафасининг бир қисмидир, улар ўз рақиблари Исроилга қарши ҳаракат қилишдан олдин икки марта ўйлашлари учун жазолашлари керак."
Эроннинг юқори мартабали ҳарбийлари ва фуқаровий арбоблари ўтмишда ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган, жумладан, 1 апрель куни Сурия пойтахтидаги Эрон консуллиги вайрон қилинди, бу эса Эроннинг ҳужумига сабаб бўлган эди.
Исроил бунинг учун ҳам ёки Эроннинг таниқли расмийларини нишонга олган қатор ҳужумлар учун ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Инкор ҳам этгани йўқ.
Таҳлилчилар фикрича, Эрон ҳарбий-денгиз флоти уруш олиб бориш учун етарлича жиҳозланмаган. ХСТИ ҳисоботига кўра, Эроннинг эскирган ҳарбий-денгиз кучларида 220 га яқин, Исроилда эса 60 га яқин кема бор.
Денгиз кучлари
ХСТИ ҳисобига кўра, Эроннинг эскирган флотида 220 га яқин, Исроилда эса 60 га яқин кема бор.
Таҳлилчиларнинг айтишича, Эрон денгиз флоти уруш олиб боришга қодир эмас.
ХСТИ маълумотларига кўра, Исроил флотида 60 га яқин кема бор.
Киберҳужумлар
Киберҳужум содир бўлган тақдирда Исроил Эрондан кўпроқ нарсани йўқотади.
Эроннинг мудофаа тизими технологик жиҳатдан Исроилникига қараганда камроқ ривожланган, шунинг учун Исроил армиясига киберҳужум қилиш анча фойдали бўлиши мумкин.
Исроил ҳукуматининг Миллий киберҳужумлар маъмурияти таъкидлашича, "кибер ҳужумлар интенсивлиги ҳар қачонгидан камида уч баравар юқори ва ҳужумлар Исроилнинг барча секторларида содир бўлмоқда. Эрон ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги ҳамкорлик уруш даврида фаоллашди".
Унда айтилишича, 7 октябрдан 2023 йил охиригача 3380 та киберҳужум содир этилган.
Эрон фуқаро мудофааси ташкилоти раҳбари, бригада генерали Ғуломризо Жалолийнинг айтишича, Эрон яқинда бўлиб ўтган парламент сайловлари олдидан бир ой ичида 200 га яқин киберҳужум олди олинган.
Декабрь ойида Эрон нефть вазири Жавад Оужи киберҳужум бутун мамлакат бўйлаб ёқилғи қуйиш шохобчаларида узилишларга сабаб бўлганини айтди.
2008 йилда Эроннинг ўша пайтдаги президенти Маҳмуд Аҳмадинежод Натанз атом электр станциясида уран қазиб олиш ҳажми кўпайганини эълон қилган эди.
Ядровий таҳдид
Исроил ядро қуролига эга бўлса керак, аммо расман атай ноаниқлик сиёсатини давом эттирмоқда.
Эрон ядро қуролига эга эмас, деб ишонилади ва аксинча айбловларга қарамай, ядровий қуролга эга давлатга айланиш учун ўзининг фуқаролик ядровий дастуридан фойдаланишга уринмаётганини айтиб келади.
География ва демография
Эрон Исроилдан анча катта давлат ва унинг аҳолиси (деярли 89 миллион) Исроилникидан (деярли 10 миллион) тахминан тўққиз баравар кўп.
Шунингдек, у Исроилга қараганда олти баравар кўп фаол аскарга эга. ХСТИ маълумотларига кўра, Эронда 600 000, Исроилда эса 170 000 фаол аскар бор.
Эрон Исроил томон дрон ва ракеталар учирганидан кейин, Ўлик денгиз қирғоғида ётган баллистик ракета.
Исроил қандай жавоб бериши мумкин?
Тел-Авив университетидан Яқин Шарқ бўйича тадқиқотчи доктор Эрик Рондскийнинг айтишича, Исроил Эронга ҳужум қилганда аввалдан огоҳлантирган эди ва бу унинг муваффақиятсизлиги омилларидан биридир.
Қўшни мамлакатлардаги Эрон томонидан дастакланадиган жангарилар мунтазам равишда Исроилга ҳужумлар уюштирмоқда.
Janes'нинг Яқин Шарқ мудофаа бўйича эксперти Жереми Биннининг айтишича, Исроил зудлик билан жавоб қайтариши даргумон: "Агар улар жавоб қайтаришни хоҳласалар, Ливан ёки Суриядаги нишонларни бомбалашлари мумкин".
Бинни одатдагидек кенг кўламли уруш бўлишига шубҳа қилади. "Армия жанг қилмайди, денгиз флоти жанг қилмайди, улар (Эрон ва Исроил) бир-биридан узоқда."
"Биз ҳар икки томон бир-бирининг ҳаво мудофаа тизимига узоқ масофадан зарбалар бериш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз. Биз бунинг бир томонини Эроннинг Исроил мудофаасига қарши узоқ масофадан зарба беришга уринишида кўрдик".
Унинг айтишича, Исроил Сурия, Иордания ва Ироқ каби суверен давлатлар ҳаво ҳудудини бузишга мажбур бўлади.
Ваҳоланки, Исроилда Эрон ичида яширин операциялар ўтказа оладиган тажрибали махфий хизмат бор.
АҚШ Эронни Ямандаги ҳусий исёнчиларни дронлар билан қуроллантиришда айбламоқда.
"Эрон картаси"
Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Тариқ Сулаймоннинг Би-би-си Урду ҳизматига айтишича, Исроил парламенти ва вазирлар маҳкамасида уруш тарафдорлари бор, улар Исроил Бош вазирига босим ўтказишади. "Нетаняху ўзини сиёсий жиҳатдан заиф деб билса, у дарҳол Эрон картасини ўйнайди."
Апрель ойида Исроилнинг Иброний университети томонидан ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, Исроил жамоатчилигининг деярли тўртдан уч қисми, агар бу Исроилнинг иттифоқчилар билан муносабатига путур этказса, Эрондан ўч олишга қарши.
Университет баёнотида айтилишича, сўров 14 ва 15 апрель кунлари Интернет ва телефон орқали ўтказилган, унда яҳудий ва араб бўлган исроилликлардан 1466 эркак ва аёл танлаб олинган.
Ҳусий жангарилари 2023 йил 19 ноябрь куни Қизил денгизда Британия ва Япония кемасини ўғирлашди.
Исроил ва Эрон ўртасидаги "прокси уруши" нима?
Исроил ва Эрон ҳали расман жанг қилмаган бўлса-да, иккала давлат ҳам норасмий уруш ҳолатида. Эрон ва бошқа мамлакатларда муҳим эронлик арбоблар ўлдирилмоқда, бунинг учун Исроил айбланяпти, Эрон эса ўзининг ишончли проксилари орқали Исроилни нишонга олмоқда.
Ҳизбуллоҳ жангари ва сиёсий гуруҳи Ливандан Исроилга қарши Эроннинг энг йирик прокси урушини олиб бормоқда. Эрон Ҳизбуллоҳни қўллаб-қувватлаётганини инкор этмайди.
Унинг Ғазодаги Ҳамасни қўллаб-қувватлаши ҳам худди шундай. Ҳамас 7 октябрь куни Исроилга қарши ҳужумларни бошлаган. У ўнлаб йиллар давомида Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета отган.
Исроил ва Ғарб давлатлари Эрон Ҳамасга қурол-яроғ, ўқ-дори етказиб беради, жангариларни ўқитади, деб ҳисоблайди.
Ҳусийлар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда.
Ямандаги ҳусийлар Эроннинг бошқа бир проксиси сифатида кўрилади. Саудия Арабистони ҳусийлар томонидан отилган ракеталар Эронда ишлаб чиқарилганини айтмоқда.
Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳлар Ироқ ва Сурияда ҳам сезиларли кучга эга. Эрон Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлайди ва Исроилга ҳужум қилиш учун Сурия ҳудудидан фойдаланаётгани айтилади.
Мазкур мақолани тайёрлашда Аҳмен Ҳаважи, Карла Рош, Ризо Сабитий ва Крис Партриж ҳам иштирок этган.
31 июл
Бугунги тангликка олиб келган воқеалар силсиласи
Янгиланмоқда: Ғазода Ҳамас ҳарбий раҳбари ўлдирилган, Теҳронда Исмоил Ҳания билан видолашув. Видео
Исроил ҳарбийлари хабар қилишича, 13 июлдаги Хон Юнисга ҳаво ҳужумида Ҳамаснинг ҳарбий раҳбари Муҳаммад Дейф ҳалок бўлгани тасдиқланди.
Муҳаммад Дейф Хон Юнисдаги қароргоҳида нишонга олинган, дейди Исроил ҳарбийлари.
Ҳамас ҳаракати Муҳаммад Дейфнинг ўлими хабарини тасдиқлагани йўқ.
Ушбу хабар Ҳамас сиёсий раҳбари Исмоил Ҳаниянинг Теҳронда ўлдирилиши, "Ҳизбуллоҳ" ҳаракатининг қўмондони Фуад Шукрнинг Байрутда ҳаво ҳужумида ҳалок бўлгани хабарлари ортидан тарқалди.
1:59 / 2:10
Ҳизбуллоҳ энди Исроил билан урушадими, Исроил-чи? Видео:
Теҳронда Исмоил Ҳания билан видолашув
31 июл тунида Теҳронга уюштирилган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган Ҳамас раҳбари Исмоил Ҳания дафн маросимига ўн минглаб эронликлар тўпландилар.
Исмоил Ҳания ва унинг тан қўриқчиси жанозасини Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳаменеий ўқиди.
Исмоил Ҳания жасади Қатарда дафн этилиши хабар қилинди.
АҚШ матбуотининг Эрон расмийларига иқтибосан хабар беришларича, "Эрон заминига ҳужум учун жавоб сифатида" Эрон Олий руҳоний раҳбари Исроилга ҳужум қилишга буйруқ берган.
Исроил Исмоил Ҳанияга суиқасдга тўғридан-тўғри муносабат билдиргани йўқ.
Бироқ Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу яқин кунларда душманларига "қақшатқич зарба" берганини айтди.
Чоршанба тунидаги телевизион мурожаатида Бош вазир Нетаняҳу беш минутча гапирган, лекин у Ҳамас раҳбари Ҳания ўлими ҳақида гапирмаган.
Нетаняҳу Теҳрон ҳужумидан бир неча соат олдин Ливан пойтахти Байрутга ҳужумда "Ҳизбуллоҳ" қўмондони Фуад Шукр ўлдирилганига тўхталди.
У исроилликларни "олдинда қийин кунлар тургани"дан огоҳлантирди.
"Байрутга ҳужумдан бери биз ҳамма томондан таҳдидларни эшитдик. Биз ҳар қандай сценарийга тайёрмиз ва биз бирлашган ва қатъийлигимизга қоламиз", деди Исроил бош вазири.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Яқин Шарқда низонинг "хавфли кенгайиб кетиши"дан огоҳлантирди.
31 июл. Ҳамасга йирик зарба: унинг лидерларидан бири Исмоил Ҳания ўлдирилди - Эрон жавоб зарбасини берадими? Видео
Ҳамас тарқатган хабарга кўра, унинг лидерларидан бири Исмоил Ҳания Эрон пойтахтида Исроил ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди.
Эрон матбуотига кўра, Ҳания Теҳрондаги уруш фахрийлари учун мўлжалланган бинода бўлган ва ҳужум соат 02:00 атрофида содир бўлган. Айрим хабарларга кўра, у ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлган.
Эрон бу ҳужумга қасос муқаррар эканини айтмоқда.
62 ёшли Ҳания кўплар томонидан Ҳамаснинг раҳбари деб ҳисобланарди.
Исроил бунга ҳеч қандай изоҳ бермади, бироқ 7 октябрь куни Исроил жанубига 1200 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумдан сўнг у Ҳамасни йўқ қилишга ваъда берганди.
Ҳамас томонидан бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил Хамас назорати остидаги Ғазо бўлгасида камида 39,400 кишининг ҳаётига зомин бўлган йирик ҳарбий амалиёт билан жавоб берган.
Ҳамасга кўра, Ҳания сешанба куни қасамёд қилган Эроннинг янги президенти Масуд Пезешкияннинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганди.
Гуруҳнинг сиёсий бюроси аъзоси Мусо Абу Марзукнинг айтишича, бу "қўрқоқлик" ва "жавобсиз қолмайди"; Ҳамаснинг яна бир юқори мартабали амалдори Сами Абу Зуҳрий эса гуруҳ "ўз йўлида давом этиши"ни айтди.
Эрон ташқи ишлар вазирлигининг айтишича, Ҳаниянинг "шаҳид"лиги Теҳрон, Фаластин ва қаршилик кучлари ўртасидаги чуқур ва узилмас ришталарни мустаҳкамлайди", дейилади давлат матбуоти хабарида.
Ҳамас лидери Исмоил Ҳания ўлдирилди, энди ёмон бўладими?
Буёғи нима бўлади - таҳлил:
Мурод Батал Шишаний
Лондондаги "Remarks on Political Violence" гуруҳи раҳбари
Ҳамас раҳбари Исмоил Ҳаниянинг Теҳрон ичкарисида нишонга олиниши жуда рамзий маъно ва таъсирга эга.
Исроил бу ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.
Аммо кўпчиликнинг наздида бу Исроилнинг иши.
Чунки айнан Исроил бунгача турли Фаластин гуруҳларининг етакчиларини нишонга олиб келган ва келади.
Лекин, бир нарсани таъкидлаб ўтишимиз керакки, Исмоил Ҳания ўтган йил октябридаги ҳужум арафасида саҳнада йўқ эди.
Исроилга қилинган ҳужумга ўша пайтда Ҳамаснинг Ғазо ичкарисида бўлган лидерлари бошчилик қилишган.
Исмоил Ҳания эса, четда эди. Шунинг учун ҳам, бугун Исмоил Ҳаниянинг Исроил томонидан нишонга олинишининг бирор бир оператив мақсади йўқ, деган фикрдаман.
Бироқ Исроил Ҳамас етакчиларини Теҳрон ичкарисида ҳам нишонга олишга қодир эканини кўрсатиш нуқтаи назаридан рамзий аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, сўнгги воқеа Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху учун қисман ғалабани ҳам англатади.
Чунки Исроил Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумга масъул Ғазо ичкарисидаги барча лидерларини ҳозиргача ҳам нишонга олишга муваффақ бўлгани йўқ.
Шу боис ҳам, бу сўнгги ҳодисанинг рамзий аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Яъни, Беньямин Нетаньяху жамоатчиликка шунча ойлик ҳарбий амалиётлар ортидан ҳам, Ғазо ичкарисидаги муаммо бартараф этилмаган бўлса-да, ўзларини қисман ғолиб қилиб кўрсата олади.
Тинчлик музокараларида эса, ҳеч нарса ўзгармайди.
Аксинча, сўнгги воқеа Ғазодаги амалиётлар бўладими, Теҳрон ёки Ливандаги индивиудал ҳужумлар, Беньямин Нетаньяхуни уларни амалга оширишга янада руҳлантиради.
Аммо бу минтақадаги урушнинг янада оловланишига олиб келади, деган фикрдан йироқман.
Тинчлик музокаралари ҳам шу туришича, яъни Ғазонинг ўзи билан чекланганича қолади, менимча.
Эрон қасос олишни истагани билан сўнгги воқеалар бу масалада Исроилнинг қўли баланд эканлигини кўрсатди.
Бу эса, Эроннинг қатъияти ва қудратини сусайтиради.
Менимча, Эрон фақат ўзининг орбитасида, деб кўрилувчи гуруҳларга орқа қила олади.
Яъни, Исроил ва унинг манфаатларига ҳужум қилишлари учун Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" ва балки, ҳатто, Ҳамас бўладими - уларни янада кучайтиришга бориши мумкин.
Эроннинг жавоби қандай бўлади?
Бенжамин Радд
Халқаро алоқалар бўйича UCLA Burkle маркази катта илмий ходими
Эрон можаронинг кескинлашишини истамайди. Буниси аниқ.
Ўтмишда эронлик таниқли шахслар ёки Эрон қўллаган гуруҳлар вакиллари ҳужумга учраган вақтлари биз бунга гувоҳ бўлганмиз.
Фикримча, улар бу "жонга жон" қабилидаги амал эканлигини қабул қилишади.
Яъни, бу ҳужум бир неча кун аввал Шимолий Исроилга қилинган "Ҳизбуллоҳ" ҳужумига жавобий амални намоён қилади.
Эрон баёнот чиқаради, даҳанаки пўписа бўлади, куч намойиш қилинади.
Лекин, Исроил шуни кўрсатдики, давлат бўладими ё давлат раҳбари бўладими, ҳеч ким қочиб қутула олмайди.
Шунинг учун Эрон яна бир юқори лавозимли шахс нишонга айланишидан аввал тангликни юмшатишга ҳаракат қилиши мумкин.
Вазият бундан уёғига ўтиши белгиларини кўрмаяпман.
Акс-садолар
Россия ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари ҳам ҳужумни қоралади.
Ҳаниянинг ўлими Исроил Ливанда жойлашган ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ҳизбуллоҳ гуруҳининг юқори ҳарбий қўмондони ўлдирилгани даъво қилганидан бир соат ўтиб содир бўлди.
Ҳания 1980-йиллар охирида Ҳамаснинг таниқли аъзоси бўлган ва 1989-йилда Фаластиндаги биринчи қўзғолон ортидан Исроил томонидан уч йил қамоққа олинган.
Кейин у 1992 йилда бир қатор Ҳамас етакчилари билан бирга Исроил ва Ливан ўртасидаги назоратсиз ерга сургун қилинган.
Ҳания 2006 йилда Ҳамас умумхалқ сайловларда энг кўп овозларни қўлга киритганидан сўнг президент Маҳмуд Аббос томонидан Фаластин бош вазири этиб тайинланган эди.
Бироқ бир йил ўтиб, Ҳамас бир ҳафталик урушда жаноб Аббоснинг Фатҳ партиясини Ғазо секторидан сиқиб чиқарганидан сўнг лавозимидан озод этилган эди.
Ҳания ўзининг ишдан бўшатилишини "конституцияга зид" дея рад этиб, ҳукумати "Фаластин халқи олдидаги миллий масъулиятидан воз кечмаслигини" таъкидлаб, Ғазода ҳукмронликни давом эттираётганини таъкидлаган.
У 2017 йилда Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланган.
2018 йилда АҚШ Давлат департаменти Ҳанияни террорчи деб тан олди. У сўнгги бир неча йил давомида Қатарда яшаб келаётганди. Ҳамас ва Исроил ўртасидаги музокараларда Ҳания энг асосий музокарачи ролида бўлган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002