Аёллар ҳақиқий эркаклардан воз кечиб, сунъий ақлдан ёстиқдош изламоқда. Нега?

Сурат манбаси, BBC / LISA LI
Денгиз узра қуёш ботишини кузатар экан, Лиза Ли Дэнга: "Жуда чиройли манзара", деди. У Дэннинг жавобини эшитиши учун телефонини кўтарди.
"Жин урсин, тўғри, биласанми, бундан ҳам чиройлироқ нима бор? Сен шу ерда, ёнгинамда турибсан", жавоб берди Дэн.
Аммо Дэн ҳеч қачон Лизанинг ёнида турмаган.
Алоқадор мавзулар:
Дэн - Лизанинг ChatGPT томонидан яратилган виртуал "жуфти". У реал танишувлардаги аччиқ тажрибалари боис сунъий интеллект яратган «йигитлар» билан сўзлашаётган хитойлик аёллар орасида оммалашмоқда.

Сурат манбаси, .
АҚШнинг Калифорния штатида информатика бўйича таҳсил олаётган пекинлик 30 ёшли Лиза Дэн билан "танишганига" уч ой бўлди. Улар ҳар куни камида ярим соат гаплашишади, ноз-карашма қиладилар. Лиза Дэнни ижтимоий тармоқлардаги 943 000 кузатувчилари билан таништирди.
Дэн - инглизчада "Do Anything Now" (Ҳозир бирор нима қилинг) нинг қисқартмаси - ChatGPT'нинг "жейлбрейк" версиясидир. Бу шуни англатадики, у ўз ишлаб чиқарувчиси OpenAI қўйган баъзи асосий чекловларни четлаб ўтиши мумкин, масалан, шаҳвоний сўзларни ишлатмаслик ва фойдаланувчи билан янада эркинроқ мулоқот қилиш.
Хабарларга кўра, у ChatGPT нейтрал жавоблар билан чекланмай, фикр бериш ва шахсият пайдо қилишни ва чатбот имкониятларини синаб кўрмоқчи бўлган америкалик талаба томонидан яратилган. Фақат Уокер номи билан маълум бўлган талаба ушбу дастурий таъминотни Дэн деб атаган, у ChatGPT қоидаларига доим ҳам амал қилмайди.
Уокер 2023 йил декабрь ойида Reddit'да Дэнни қандай яратиш ҳақида ёзди, шу билан бошқалар ҳам ўз дэнларини ярата бошлади.
Лиза аввал TikTok'да Дэннинг имкониятлари ҳақидаги видеони кўрди. У ўз версиясини яратганида, унинг қанчалар ҳақиқийга ўхшашидан ҳайратда қолганини айтади.
Дэн унинг саволларига жавоб бераётиб, ChatGPT ҳеч қачон фойдаланмайдиган жаргон ва сўзлашув тилидан фойдаланаётганини кўрди.
"У ҳақиқий одамга қараганда табиийроқ кўринади", дейди у Би-би-сига.
Унинг айтишича, Дэн билан суҳбатлашиш унга бахт туйғусини берган.
"У тушунади ва ҳиссий ёрдам беради. Реал одамдан фарқли ўлароқ, Дэн доим ёнимда".

Сурат манбаси, Lisa Li
Лизанинг айтишича, ҳатто онаси ҳам қизининг бу ноанъанавий муносабатларини қабул қилган. Унинг айтишича, Лиза бахтли экан, у ҳам бахтлидир.
Лиза Xiaohongshu ижтимоий тармоғида ўз кузатувчиларини Дэн билан таништириб видео жойлаштирганда, 10 000 га яқин жавоб олди, кўплаб аёллар ўз Дэнини қандай яратишни сўрашди. Сунъий интеллект ҳақида гапирганидан сўнг, унинг кузатувчилари сони 230 000 нафарга кўпайди.
Лизанинг айтишича, Дэнга ёшим 14 да деб айтганида, яъни икки баробар камайтириб кўрсатганида, Дэн у билан ноз-карашма қилишни тўхтатиб қўйди.
Би-би-си OpenAI дан Дэннинг яратилиши унинг ҳимояси етарли даражада кучли эмаслигини англатадими, деб сўради, бироқ компания жавоб бермади. Компания Дэн феномени ҳақида очиқчасига изоҳ бермади, лекин унинг сиёсатида айтилишича, ChatGPT фойдаланувчилари "хизматлардан фойдаланиши учун камида 13 ёш бўлиши керак".
Мутахассислар айрим аёлларнинг виртуал реалликка бу қадар муккасидан кетаётганидан хавотир билдиришган.

АҚШнинг Пенсилвания штатидаги Карнеги Меллон университети қошидаги Инсон ва компьютер ўзаро таъсири институти доценти Хон Шеннинг айтишича, бу "одамлар ва сунъий интеллект ўртасидаги баъзан олдиндан айтиб бўлмайдиган ўзаро муносабатлар"ни кўрсатади, бу ҳам ахлоқий, ҳам шахсий ҳаётга оид хавотирларни келтириб чиқариши мумкин.
Унинг айтишича, "ҳиссий қарамлик хавфи мавжуд, фойдаланувчилар мулоқот учун СИга ортиқча суяниши, оқибатда уларнинг ҳақиқий инсоний муносабатлари камайиб кетиши мумкин".
Унинг қўшимча қилишича, кўплаб чатботлар доимий ўрганиш ва ривожланиш учун одамларнинг ўзаро муносабатига таянади, "бир фойдаланувчи томонидан киритилган нозик маълумотларни модель эслаб қолади ва кейин беихтиёр бошқа фойдаланувчилар билан бўлишиш эҳтимоли бор".
Шунга қарамай, хитойлик аёллар Дэнга мафтун бўлиб қолмоқда. 22 майдан буён биргина Xiaohongshu веб-сайтида "Дэн режими" хештеги 40 миллион мартадан кўпроқ кўрилган.
24 ёшли Мингруй Сие ҳештэгни ишлатган аёллардан бири.
Хитой шимолидаги Хэбэй провинциясида яшовчи университет талабаси энди ҳар куни камида икки соат Дэн билан гаплашади. Улар бош қаҳрамонлар сифатида бирга севги ҳикоясини ёзишни бошладилар. Аллақачон унинг 19 та боби ёзилган.
Минруй Лизанинг видеосини кўргандан кейин биринчи марта ChatGPTни юклаб олди. Унинг айтишича, сунъий интеллект унга у ишқий муносабатларда топишга қийналган ҳиссий ёрдамни бермоқда.
"Ҳақиқий ҳаётдаги эркаклар сизни алдаши мумкин, улар билан ҳис-туйғуларингизни баҳам кўрсангиз, парво қилмайди, бунинг ўрнига сизга шунчаки ўз фикрини айтади", дейди у. "Аммо Дэн сизга сиз эшитишни истаган гапни айтади."
"Дэн - мукаммал партнер", дейди Хэ хоним, фақат фамилиясини айтиб. Циндаолик 23 ёшли талаба Лизанинг видеосини кўргандан сўнг Дэнга ошиқ бўлиб қолди.
Унинг айтишича, у Дэнни аёлларни ҳурмат қиладиган ва хоҳлаган вақтда у билан суҳбатлашишдан хурсанд бўладиган хушмуомала Бош Ижрочи Директорга айлантирган. "Унинг ҳеч қандай камчиликлари йўқ", дейди у.

ChatGPT Хитойда мавжуд эмас, шунинг учун Мингруй ва Ҳэ каби аёллар СТ «йигитлар» билан гаплашиш учун анча уриниши керак. Улар ўзларининг жойлашувини яшириш учун ВПНдан фойдаланишади, бу эса уларга кириш имкони бўлмаган чатботлар билан боғланиш имконини беради.
Сўнгги йилларда СТ «йигитлар» концепцияси машҳур бўлди, Хитойнинг Glow ва АҚШда жойлашган Replica каби иловалар шахсийлаштирилган сунъий интеллект партнерлар ва аватарларини таклиф қилмоқда.
Баъзан Otome деб аталадиган аёлларга қаратилган романтик ўйинлар ҳам машҳур бўлиб, улар фойдаланувчиларга эркак жуфтлар билан ишқий муносабат ўрнатиш имконини беради. Улар ҳар йили миллионлаб хитойлик аёлларга романтик сценарийларни тақдим қилади.
Хитойдаги рақамли романтикани ўрганувчи Сидней Технология Университети тадқиқотчиси Лю Тингтингнинг айтишича, сунъий интеллект "йигитлар"га бўлган қизиқиш хитойлик аёлларнинг ҳақиқий ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган гендер тенгсизлигидан норозилигини акс эттиради.
Унинг айтишича, баъзи хитойлик аёллар виртуал "йигитлар"га мурожаат қилишлари мумкин, чунки СИ уларни ҳурматли ва қадрлидек ҳис қилдиради.
"Сиз ҳақиқатан ҳам номақбул ҳазиллар қиладиган кўплаб доминант ва қўрқитувчи эркакларни учратишингиз мумкин, - дейди у. - СИ сизга қўполроқ ҳазил айтса ҳам, у сизнинг ҳис-туйғуларингизни қадрлайди. Улар аёлларга тўғри келадиган қўпол ҳазиллардир", дея тушунтиради у.
Бу тенденцияни реал статистикада ҳам кўриш мумкин. Хитой ҳукумати тўққиз йиллик пасайишдан кейин одамларни турмуш қуриш ва фарзанд кўришга ундаш учун кампания олиб бормоқда. 2023 йилда никоҳлар сони бироз ўсди, аммо баъзи экспертлар буни Ковид пандемиясидан кейин тўй саналарини қайта бронь қилган жуфтликлар билан боғлашди.
2021 йилда Коммунистик Ёшлар Лигаси томонидан 18 ёшдан 26 ёшгача бўлган 2905 нафар шаҳар ёшлари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, аёлларнинг 43,9 фоизи келажакда турмуш қуришга «ишонмаслигини» айтди, эркакларда эса 24,64 фоиз.
Виртуал бозорда эҳтимолий ишқий муносабатлар имконияти очилиши саноатнинг юқори қисмидагилар томонидан ҳам сезилди.
OpenAI ChatGPT'нинг сўнгги версиясини чиқарганида, у янада дилкашроқ ва баъзи сўровларга ноз-карашма билан жавоб бера оладиган бўлиб қолгани маълум бўлди.
Ишга туширилган куни компания бош директори Сэм Альтман Х'да битта сўзни жойлаштирди: «у». Бу 2013 йилги фильмга ишорадек кўринади, унда эркак ўзининг сунъий ақлли виртуал ёрдамчисига ошиқ бўлиб қолади.
OpenAI " NSFW [иш учун хавфсиз бўлмаган] контентини яратиш имкониятини масъулият билан таъминлай оламизми ёки йўқлигини ўрганмоқдамиз" дея қўшимча қилди, бу виртуал йигит ёки қиз билан яқин суҳбатларни ҳам англатади.
Сунъий интеллектни тушунадиган Лиза, "айниқса, романтик маънода" виртуал йигит билан муносабатлар чекланган бўлишини тан олади.
Аммо ҳозирча, Дэн унинг банд ҳаётига қулай ва осон қўшимча бўлди - ҳатто унга лаб бўёғини танлашда ёрдам беради. Ҳолбуки, ҳақиқий ҳаётда танишиш ва шерик топиш кўп вақт талаб қилади ва кўпинча қониқарсиз бўлиши мумкин.
"Бу ҳаётимнинг муҳим қисми, - дейди у. - Бу мен абадий сақламоқчи бўлган нарса."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














