You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Урушда зўрланган эркаклар сукутни бузишмоқда
- Author, Йованна Георгиевски
- Role, Би-би-си Серб Хизмати
"Фақат менинг бошимга шу кун тушган деб ўйлагандим": Косовода зўрланган эркаклар ниҳоят сукутни бузишмоқда.
Қарийб 20 йил давомида Албан ўзини 1990-йилларда Косово уруши пайтида жинсий зўравонликка учраган ягона одам деб ҳисоблаб келган. Аммо қонун зўрланганларга кўпроқ ёрдам бериш учун ўзгартирилганида, у бундай кўргиликка учраган ягона одам эмаслигини тушунди.
Алоқадор мавзулар:
ДИҚҚАТ: Мақолада дилни хира қилувчи тафсилотлар бўлиши мумкин.
17 ёшида Албан (исми ўзгартирилган) оиласи билан Косоводаги қишлоғидан қочиб яширинган, бироқ озиқ-овқат етишмасди, шу боис бир куни у егулик олиб келиш учун уйига қайтди.
У боққа етиб борганида, серб полицияси кийимидаги бир гуруҳ одамлар уни тўхтатиб, уйга судраб киришди.
"Аввалига мен нима бўлаётганини тушунмадим", дейди Албан. У ҳозир 40 ёшда.
"Мен оғриқни ҳис қилдим ва улар орқамдан пичоқ уришди деб ўйладим.
Аммо кейин улар кийимларимни ечишганини, бошимга энг ёмон кунни солишаётганини англадим. Ҳушимдан кетдим." Ўша кунларни эслар экан, унинг овози титрайди.
Дритон (исми ўзгартирилган) Албаннинг ҳикоясини жуда яхши тушунади. Улар ҳеч қачон учрашмаган, аммо 60 ёшга кирган Дритон ҳам худди шундай сирни сақлаб келган. У 1999 йилда бир неча марта жинсий зўравонликка, жумладан, гуруҳ бўлиб зўрланишга учраган.
Бу Дритон 30 кун давомида Косоводаги қамоқхонада сақланганда содир бўлган. Унинг ишонишича, қамоқхонани серб ҳарбийлаштирилган гуруҳи бошқарган.
Бу бошқа эркаклар билан ҳам содир бўлганини билган бўлса-да, узоқ вақт давомида буни фақат хотинига айта олган.
Югославия парчаланганидан кейин юз берган можарода 130 000 га яқин одам ҳалок бўлган ва фақат 1998-1999 йиллардаги Косово уруши даврида 10 000 дан 20 000 гача одам жинсий зўравонликка учраган эди.
Косово мустақил бўлишга уринган, Сербия эса этник албан аҳолисига нисбатан шафқатсиз репрессиялар билан жавоб қайтарганди. Кейинги жангларда ҳар икки томон ваҳшийлик, жумладан, тинч аҳолини зўрлашда айбланди.
2018 йилда Косово ҳукумати жинсий зўравонликни бошдан кечирган одамларнинг азоб-уқубатларини расман тан оладиган ва уларга молиявий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи янги қонунни қабул қилди.
Бу Албан ва Дритонни йигирма йиллик сукутни бузишларига ва урушнинг сўнгги табуларидан бирини енгишларига ёрдам берди.
Улар ариза берган 2000 нафар косовалик орасида. Бугунги кунга қадар уларнинг 1600 нафардан ортиқ одамнинг зўрлангани тан олинди, жумладан, 84 нафари эркаклар.
Ҳукумат дастлаб ариза топшириш муддатини 2023 йил февралигача белгилаган эди, аммо у 2025 йилнинг майигача узайтирилди.
Даҳшатли сир
Албан ҳали ҳам ўзи ҳужумга учраган ўша оилавий уйида яшайди. "Мен учун даҳшат бу, лекин кўчиб кетишга имконим йўқ", дейди у ўзи туғилган қишлоғини тарк этмагани сабабини тушунтириб.
У ҳужумга учраган йўлак кичик ошхона, ҳаммом ва у ҳозирда хотини ва болалари билан бирга турадиган ётоқхонани бирлаштиради.
Уй юмушлари билан юрган хотини, ўйнаб юрган болалари бу уйда Албаннинг бошига нимани солишганини билишмайди.
"Оилам билишини хоҳламайман, чунки ҳозир ҳам қанийди умуман туғилмаган бўлсам, деб ўйлайман.
Улар менинг руҳимни синдиришди, баъзида ўзи тўкис эркакманми деб ташвишланиб қоламан - бу жуда оғир юк", дейди у.
Нима бўлгани расман тан олинишига ариза топширишдан аввал, у ўз азоблари ҳақида фақат бир марта гапирган - зўрлангандан бир неча кун ўтгач, отасига.
"Отам бундан тамом бўлаёзди, лекин барибир омон қолганимдан хурсанд эди, чунки улар мени ўлдиришлари мумкин эди", деб эслайди Албан, кўз ёшлари унинг ёноқларидан оқиб тушаркан.
Дритон ҳам отасига бошидан кечган синовлар ҳақида айтиб беришни ўйлади, лекин бу фикрдан қайтди.
"Отам кекса ва касалванд эди, буни кўтаролмаслигидан қўрқдим", дейди у.
"Аммо у нимадир жойида эмаслигини сезгандек эди."
Охир-оқибат у ҳибсхонадан чиққанидан бир ҳафта ўтиб учинчи фарзандини дунёга келтирган хотинига айтди.
"У буни қабул қилди. Бўлган ишларда менинг айбим йўқ эди", дея қўшиб қўйди у икки қўли билан юзини чангаллаб.
Сукутни бузиш
Human Rights Watch ташкилоти урушдаги зўрлашни Сербиянинг марҳум собиқ президенти Слободан Милошевич режимининг "тизимли этник тозалаш воситаси" деб таърифлаган.
Доктор ва инсон ҳуқуқлари фаоли Фериде Рушити айтишича, йиллар давомида бу ҳақда гапириш косоволик аёллар орасида ҳам табу эди.
У Албания шимолидаги кўплаб косоваликлар қочиб келган лагерларда уруш давридаги зўрлаш ҳолатларини ҳужжатлашни бошлаган.
"Уят ҳисси кенг тарқалган эди: эркаклар аёлларга содир бўлган воқеа ҳақида очиқ гапиришга тўсқинлик қилишарди, чунки бу ўша эркаклар ўз аёлларини ҳимоя қила олмаганини англатар эди."
Можародан кейин у омон қолганларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатадиган Косово Қийноқ қурбонлари реабилитация марказини (КҚҚРМ) ташкил қилди.
Одатда аёллар ушбу марказга мурожаат қилишарди, фақат 2014 йилда, Косово парламентида мазлумларни расман тан олиш қонуни биринчи марта муҳокама қилинганида, эркаклар ҳам ёрдам сўрай бошлади.
"Анъанага кўра, улар оилани ҳимоя қилишлари ва ўзларини мазлумдек тутмасликлари керак", дейди Рушити хоним.
Ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан КҚҚРМ ҳам мазлумларнинг ҳисобларини текширишда ёрдам беради, яъни улар ойига 230 евро (245 доллар) миқдорида давлат нафақаларини олишлари мумкин, бу Косоводаги ўртача иш ҳақининг учдан бир қисмидир.
Албан янги қонун ҳақида янгиликлардан эшитди. Йигирма йиллик сукутни бузиш осон эмасди.
КҚҚРМ эшигини тақиллатиш учун у уч марта уринди. Дастлабки икки мартада юраги қаттиқ ура бошлади, қўллари қалтираб, кафтлари терлаб, фикридан қайтди. Ниҳоят, 2019 йил баҳорида қарорини амалга оширди.
Дритон ҳам қонун ҳақида янгиликлардан эшитган ва бўлган воқеаларни қандай етказишни билмай қолганди. Чунки қандай бўлганини зўрға эслар эдим дейди у.
"Мен кимгадир айтмоқчи эдим, лекин ўзимни борадиган жойи йўқ одамдек ҳис қилдим, шунинг учун ниҳоят шундай жой топилганидан енгил тортдим."
Уруш тугагандан сўнг, ҳар иккаласи ҳам даҳшатли тушлар, кайфият ўзгариши ва юрак уриши тезлашишига қарши шифокорлар тавсия этган антидепрессантлар қабул қилишди.
Бироқ, улар КҚҚРМга келганларида, психологик ёрдам олдилар.
"Улар менга бу менинг айбим эмаслигини тушунтиришди, - дейди Албан, - чунки мен ҳимоясиз фуқаро эдим".
Йилларча давом этган сукутни эслаб, Дритон "узоқ вақт давомида бу иш ҳақида хабар бермоқчи бўлдим, аммо қаерга боришни билмасдим" дейди.
"Мен ўзимни ҳали ҳам расво бўлган одамдек ҳис қиляпман, - деб қўшимча қилади у, - лекин бу нарсалар ҳақида гапирганимдан сўнг, бироз енгил тортдим."
Айниқса, Украина, Исроил ва Ғазодаги янгиликларни кўраётганда, бошқа жойларда ҳам шунга ўхшаш воқеалар содир бўлиши мумкинлиги унинг хаёлига тез-тез келади.
"Ҳаммага айтаманки, хабар беринг. Бунда уятли нарса йўқ, нима бўлганини айтиш керак", дейди у.
Адолатни кутиб
Мазлумларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, КҚҚРМ ходимлари ҳам ҳужумни содир этган одамларни судга тортиш учун далиллар тўплашга ҳаракат қилмоқда. Аммо "кўпчилик омон қолганлар судда гувоҳлик беришга тайёр эканликларини намойиш қилсалар ҳам, жиноятчиларнинг кимлигини билишмайди", дейди ташкилот психологи Селви Изети.
"Бизда камдан-кам ҳолларда уларнинг исмлари ёки уларнинг ташқи кўриниши ҳақида маълумот бор, чунки баъзилари ниқоб кийган бўлади", дея қўшимча қилади у.
Дритоннинг айтишича, у билан бирга худди шундай синовларни бошдан кечирган «беш-олти» бошқа эркаклар ҳам ҳибсда бўлган, аммо у уларнинг ҳеч бирини кейин топа олмаган.
"Мен уларни топиб, жиноятчилар ҳақида маълумот алмашишни жуда хоҳлардим, лекин уларни қаердан қидиришни билмайман ва нотўғри эшикни тақиллатиб қўйишдан қўрқаман", дейди у.
2021 йилда суд қарори билан Косовонинг серб полициячиси Зоран Вукотич аёлларни зўрлагани ва уруш пайтида этник албан фуқароларини ҳайдаб чиқаришда иштирок этгани учун 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Бу 1998-1999 йиллардаги уруш пайтида Косовода жинсий зўравонлик қилганлик учун биринчи суд ҳукми, дейди Изети хоним. "Бу бошқа тирик қолганларда жиноятчилар йиллар ўтса ҳам жазоланиши мумкинлигига умид уйғотди."
Хорватия, Босния ва Герцеговина каби Болқондаги бошқа мамлакатларда ҳам Косовога ўхшаш қонунлар мавжуд ва расман тан олинган мазлумлар сони йил сайин ортиб бормоқда.
Бироқ, жинсий зўравонлик қурбонларини қонуний равишда уруш қурбонлари сифатида тан олмайдиган Сербияда бундай эмас. Ҳозиргача серб эркаклари можаро пайтида зўрлангани ҳақида гапиргани маълум эмас.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002