Грузия: Узоқ йиллар давом этган чақалоқ савдоси қандай фош бўлди?

- Author, Фэй Нерс ва Вуди Моррис
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
Эми ва Ано қуйиб қўйгандек ўхшаш эгизаклар. Аммо туғилганларидаёқ ўғирланиб, бошқа-бошқа оилаларга сотиб юборилган. Йиллар ўтиб улар Истедодлар ТВ шоуси ва TikTok видеоси орқали топишдилар. Улар ўз ўтмишларига қизиқиб, Грузияда туғруқхоналардан ўғирлаб сотиб юборилган минглаб болалардан эканликларини билиб олишди. Бу воқеаларга кўп бўлмаган, 2005 йил. Ҳозир эса улар ўз саволларига жавоб исташади.
Эми Лейпцигдаги меҳмонхона хонасида у томондан бу томонга бориб келарди. "Қўрқиб кетяпман, чиндан қўрқяпман. Бутун ҳафта давомида ухлай олмадим. Бизга нима бўлганини билишим учун охирги имконият бу", дейди у бироз асабий шаклда.
Унинг эгизи Ано телефонида TikTok видео кўриб юмшоқ курсида ўтирибди. "Мана шу аёл бизни сотган бўлиши мумкин", дейди у.
Ано ҳам асабийлашаётганини, аммо бунга қандай реакция қилиши, ғазабини боса оладими ёки йўқлигини билмаслигини айтди.
Бу узоқ сафарнинг якуни эди. Улар Грузиядан Германияга, жумбоқни ечиши мумкин бўлган нарсани излаб келишган. Улар ниҳоят ўзларининг биологик оналари билан учрашишади.

Сўнгги икки йил давомида улар нима бўлгани ҳақида гапириб беришди. Улар ҳақиқатни билганларида, Грузияда ўн минглаб болалар туғилгандаёқ сотиб юборилганини, улар одам савдоси қурбони бўлганини аниқлашди. Расмийлар содир бўлган воқеаларни текширишга уринишига қарамай, ҳозирча ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.
Эми ва Ано бир-бирларини қандай топганликлари ҳақидаги ҳикоя уларнинг 12 ёшида бошланган.
Эми Хвития Қора денгиз қирғоғидаги чўқинтирган онасининг уйида ўзининг севимли телекўрсатуви - истеъдодлар шоусини томоша қилаётган эди. У ерда ўзига жуда ўхшаш бир қиз жайв рақси тушаётган эди. Бу қиз унга ўхшашгина эмас, айнан ўзгинаси эди.

Сурат манбаси, Khvitia family/ Fremantle / Simco Ltd
"Ҳамма онамга қўнғироқ қилиб, "Нега Эми бошқа исм билан чиқиб рақс тушяпти?" деб сўрашди", деб айтади у.
Эми бу ҳақда оила аъзоларига айтганда, "Ҳамманинг ўхшаши бўлади", деди онаси.
Орадан етти йил ўтиб, 2021 йил ноябрида Эми ўзининг кўк сочли ва қошига пирсинг қилинган ҳолатда TikTok видеосини жойлаштирди.
Тбилисидан 320 км узоқликда яшовчи 19 ёшли Ано Сартанияга дўсти ўша видеони юборди. У "менга роса ўхшар эканку" деб ўйлади.
Ано қошида пирсинг бор қизни интернет орқали кузатди, бироқ уни топа олмади ва ёрдам сўраб ўша видеони университет WhatsApp гуруҳига юборди. Эмини таниган киши постни кўриб, Facebook'да уларни таништириб қўйди.
Эми дарҳол Ано ўша Грузия истедодлар шоусида кўрган қиз эканини дарҳол пайқади.
"Сени анчадан буён қидиряпман!" - деб ёзди у. "Мен ҳам", деб жавоб берди Ано.

Сурат манбаси, Amy Khvitia
Кейинги бир неча кун ичида улар жуда кўп ўхшашлик борлигини билиб олишди.
Уларнинг иккаласи ҳам Грузиянинг ғарбий қисмидаги ҳозирда тугатилган Кирцхи туғруқхонасида туғилган, бироқ уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларида туғилган кунлари бир-биридан бир неча ҳафта фарқ билан ёзилган.
Улар опа-сингил бўлишлари мумкин эмас, эгизак ҳам. Аммо ўхшашликлар жуда кўп эди.
Уларга бир хил мусиқа ёқади, иккаласи ҳам рақсга тушишни яхши кўрарди ва ҳатто соч турмаги ҳам бир хил. Уларда бир хил генетик касаллик - дисплазия деб аталадиган суяк касаллиги ҳам бор эди.
Улар биргаликда бир сирни ечаётгандек эди. "Ҳар сафар мен Ано ҳақида янги ниманидир билсам, ҳаммаси ғалати бўлиб кўрина бошлади", дейди Эми.
Улар кўришишга рози бўлишди ва бир ҳафта ўтгач, Эми Тбилисидаги Руставели метро бекатида эскалатор олдига келганда, у ва Ано бир-бирларини юзма-юз кўришди.
"Бу худди ойнага қарагандек эди: бир хил юз, бир хил овоз. Мен уман, у эса мен", дейди Эми. Улар эгизак эканликларини ўшанда билишди.
"Мен қучоқлашни ёқтирмайман, лекин уни қучоқладим", дейди Ано.

Сурат манбаси, BBC/ Woody Morris
Улар бир-бирларининг оилалари билан кўришишга қарор қилишди ва биринчи марта ҳақиқатни билиб олишди. Улар бу оилаларга 2002 йилда бир-биридан бир неча ҳафта фарқ билан қабул қилинган.
Эми хафа бўлди ва бутун ҳаёти ёлғон бўлиб қолгандек туюлди. Бошдан-оёқ қора кийинган қиз асабий тарзда юзидаги кўз ёшларини артди. "Ақл бовар қилмайди, - дейди у. - Лекин бу ҳақиқат."
Ано "оиламдан ғазабландим, хафа эдим, мен шунчаки қийин суҳбатлар тугашини хоҳлардим, шунда биз ҳаммамиз ўз йўлимизда давом этамиз".
Эгизаклар кейин туғилганлик ҳақидаги расмий гувоҳномаларидаги маълумотлар, туғилган саналари нотўғри эканлигини аниқлашди.
Эмининг фарзандли бўла олмаган онасига бир дўсти маҳаллий шифохонада исталмаган чақалоқ туғилганини айтади. У шунчаки шифокорларга пул тўлаб, болани уйига олиб кетиши, ўз фарзандидек тарбиялаб ўстириши мумкин эди.
Анонинг онаси билан ҳам худди шундай бўлган.
Уларни асраб олганларнинг ҳеч бири қизлар эгизак бўлганини билмаган ва қизларини асраб олиш учун катта пул тўлашларига қарамай, бунинг ноқонуний эканлигини билмаганликларини айтишади. Гуржистон тартибсизликлар даврини яшаётган эди ва касалхона ходимлари ҳам бу ишга аралашгани учун улар буни қонуний деб ўйлашган.
Иккала оила ҳам қанча пул берганликларини ошкор қилмаган.
Ота-онамиз бизни пул учун сотиб юборганми, деган савол эгизакларни қийнарди.

Сурат манбаси, BBC/ Woody Morris
Эми буни билиш учун биологик онасини топмоқчи эди, лекин Ано бунга унча қизиқмасди. "Нега бизни ташлаб кетган одам билан учрашишни истаяпсан?" деб сўрайди у.
Эми Facebook'да грузиялик оилаларни туғилишида ноқонуний асраб олинган болалари билан топиштиришга ёрдам бериш учун очилган гуруҳ топди ва ўз ҳикояларини жойлаштирди.
Германиялик бир қиз онам 2002 йилда Кирцхи туғруқхонасида эгизак қиз туққан, аммо болалари ўлгани айтилганига қарамай, бунга шубҳа қилади деб ёзди.
Facebook гуруҳидаги ўша қиз уларнинг синглиси эканлигини ДНК тестлари кўрсатди. У онаси Аза билан Германияда яшар экан.
Эми Аза билан учрашишни жуда хоҳларди, лекин Ано кўпроқ шубҳаланарди. "Сени сотган одам, ҳақиқатни айтармиди?", деб огоҳлантирди у. Шунга қарамай, у Эмига қўллов бўлсин деб биргаликда Германияга боришга рози бўлди.
Эгизаклар фойдаланган Facebook гуруҳи Ведзеб грузин тилида "Қидиряпман" маъносини англатади. Оналарнинг сон-саноқсиз постлари бор. Касалхона ходимлари уларга фарзандлари вафот этганини айтишган, аммо кейинчалик ўлим қайд этилмагани ва уларнинг болалари ҳали ҳам тирик бўлиши мумкинлиги аниқланган.
Қолган постлар ўз биологик ота-оналарини қидираётган Эми ва Ано каби болалардан.
Гуруҳнинг 230 000 дан ортиқ аъзоси бор. Улар ДНК веб-сайтларига кириш орқали Грузия тарихидаги қоронғу саҳифани очишди.
Гуруҳни журналист Тамуна Мусеридзе 2021 йилда ўзининг асранди эканини билгач, очган эди. У марҳум онасининг уйини йиғиштираётганда ўзининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига нотўғри маълумотлар киритилганини билиб қолди.
У ўз онасини топиш учун гуруҳ очди, аммо бу гуруҳ ўн минглаб одамлар ҳаётига таъсир қилган ва ўнлаб йиллар давом этган бола савдосини фош қилди.

Сурат манбаси, BBC/ Woody Morris
Тамуна юзлаб оилаларни бирлаштиришга ёрдам берди, лекин ҳали ўзиникини топгани йўқ.
Тамуна бутун Грузияда 1970-йиллар бошидан 2006 йилгача мавжуд бўлган бола бозорини кашф этди.
Унинг фикрича, бу бозорни уюшган жиноятчилар бошқарган ва такси ҳайдовчиларидан тортиб, юқори мартабали ҳукумат амалдорларигача бўлган барча қатламдаги одамлар унда иштирок этган. Коррупционер мансабдорлар болаларни асраб олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни сохталаштиришган.
"Миқёсни тасаввур қилиб бўлмайди, 100 000 тагача чақалоқ ўғирланган. Бу мунтазам жараён бўлган", дейди у.
Тамунанинг тушунтиришича, у бу рақамни у билан боғланган одамлар сонини бу ишлар содир бўлган вақт оралиғи ва мамлакат бўйлаб тақсимланишини ҳисоблаш орқали чиқарган.
Ҳужжатларнинг баъзилари йўқолган, бошқалари берилмаган - аниқ рақамни текшириш мумкин эмас.
Тамунанинг айтишича, кўплаб ота-оналар ўлган болалари жасадларини кўришни сўрашганида, улар аллақачон касалхона ҳудудига дафн этилганини айтишган. Ўшандан кейин у Грузия шифохоналарида қабристонлар бор йўқлигини ўрганди. Айрим ҳолларда, ота-оналарга ўликхонадаги музлаган чақалоқ жасадлари кўрсатилган.

Сурат манбаси, BBC/ Woody Morris
Тамунанинг айтишича, бола сотиб олиш қиммат бўлган: қиз бола учун 1000 манети (1400 доллар) ва ўғил бола учун 1500 манети (2100 доллар) - Гуржистонда бир йиллик маош бу. У баъзи болалар АҚШ, Канада, Кипр, Россия ва Украинадаги оилаларга берилганини аниқлади.
2006 йилда Грузия бола асраб олиш ҳақидаги қонунларни ўзгартирди ва одам савдосига қарши қонунларни кучайтирди, бу эса ноқонуний бола асраб олишни янада қийинлаштирди.
Жавоб излаётган яна бир киши - Ирина Отарашвили. 1978 йилда у Гуржистондаги Кавказ тоғлари этакларида жойлашган Кварели шаҳридаги туғруқхонада эгизак ўғил туғди.
Шифокорлар унга иккала ўғилнинг ҳам соғлом эканлигини айтишган, аммо тушунтирилмаган сабабларга кўра уларни ундан узоқроқ тутишган.
Улар туғилгандан уч кун ўтгач, унга иккаласи ҳам тўсатдан вафот этганини, болаларнинг нафас олишида муаммолар бўлганини айтган.
Ирина ва унинг эри буни тушуна олмади, лекин, айниқса, совет даврида, "ҳокимиятни саволга тута олмасдик", дейди у. Шифокорлар нима деса, улар барига ишонишди.

Сурат манбаси, BBC/ Woody Morris
Улардан чақалоқларнинг жасадларини солиш учун қути олиб келишлари ва ўша пайтдаги гўдаклар учун одат бўлганидек, уларни қабристонга ёки томорқага дафн қилишни сўрашди. Шифокор уларга ҳеч қачон қутини очмасликни тайинлади.
Ирина уларнинг айтганини қилди, лекин 44 йил ўтгач, унинг қизи Нино Тамунанинг Facebook'даги гуруҳини топди ва у ерда ёзилганларни ўқиб, шубҳалана бошлади.
"Акаларимиз ростдан ҳам ўлмаган бўлса-чи?" деб ўйлади у. Нино ва унинг синглиси Нана қутини қазиб олишга қарор қилишди.
"Юрагим тез урарди, - дейди у. - Биз уни очганимизда суяклар йўқ эди, фақат таёқчалар бор эди. Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдик".
Унинг айтишича, маҳаллий полиция улар ток новдалари эканлигини ва одам қолдиқлари излари йўқлигини тасдиқлаган.
У энди акалари тирик эканига аниқ ишонади.

Сурат манбаси, BBC/ Woody Morris
Лейпцигдаги меҳмонхонада Эми ва Ано биологик оналари билан кўришишга тайёргарлик кўришди. Ано фикрини ўзгартирганини, у билан кўришмаслигини айтди. Аммо бу қисқа муддатли иккиланишдан сўнг у чуқур нафас олиб, давом этишга қарор қилди.
Уларнинг биологик онаси Аза бошқа хонада асабий кутмоқда эди.
Эми тараддуд билан эшикни очади ва Ано синглисини хонага итариб киргазди, ўзи ортидан эргашди.
Аза олдинга югуради ва уларни маҳкам қучоқлади. Дақиқалар ўтади, улар қучоқлашади, ҳеч ким гапирмайди.
Эмининг юзига кўз ёшлари оқади, лекин Ано ўзини тутиб туради. У ҳатто бироз безовта кўринади.

Сурат манбаси, BBC/ Woody Morris
Учаласи ёлғиз гаплашиш учун ўтиришди.
Кейинроқ эгизакларнинг айтишича, онаси туғруқдан кейин касал бўлиб, комага тушиб қолганини айтиб берган. У уйғонганида, шифохона ходимлари чақалоқлар туғилгандан кўп ўтмай ўлганини айтишган.
Унинг айтишича, Эми ва Ано билан учрашган унинг ҳаётига янги мазмун бағишлаган. Гарчи улар яқин бўлмаса ҳам, улар ҳали ҳам мулоқот қилишади.
2022 йилда Грузия ҳукумати бола савдоси бўйича тергов бошлади. Уларнинг Би-би-сига айтишича, 40 дан ортиқ одам билан гаплашилган, аммо ишлар "жуда эски ва тарихий маълумотлар йўқолган". Журналист Тамуна Мусеридзенинг айтишича, у ўзидаги маълумотларни берган, аммо ҳукумат унинг ҳисоботини қачон эълон қилишини айтмаган.
Ҳукумат нима бўлганини аниқлаш учун камида тўрт марта уринган. Булар қаторига 2003 йилда халқаро болалар савдоси бўйича олиб борилган тергов киради. Ўшанда бир қанча ҳибсга олишлар бўлган, аммо кам маълумот оммага эълон қилинган. 2015 йилда, яна бир терговдан сўнг, Грузия ОАВлари Рустави туғруқхонаси директори Александр Баравкови ҳибсга олингани, аммо оқлангани ҳақида хабар берди.
Би-би-си Грузия Ички ишлар вазирлигидан алоҳида ҳолатлар бўйича қўшимча маълумот сўради, бироқ маълумотлар ҳимояси туфайли аниқ тафсилотлар ошкор этилмаслигини айтишди.
Тамуна инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Лия Мухашаврия билан бир гуруҳ жабрланувчиларнинг ишларини Грузия судларига етказиш учун ҳамкорлик қилмоқда. Улар ўзларининг туғилганлик ҳақидаги ҳужжатларига кириш ҳуқуқини исташади, ҳозирда бу Грузия қонунларига кўра мумкин эмас.
"Мен доимо ҳаётимда нимадир ёки кимдир етишмаётгандек ҳис қилардим, - дейди Ано. - Тушимга қора кийимдаги кичкина қиз киради, у менга эргашиб, куним қандай ўтганини сўрайди." У Эмини топгач, бу туш ҳам йўқолди.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek













