Ҳаммамиз ҳам зомби эмасмиз: Русларни кузатаётган "Оташ" қандай гуруҳ? Янгиликлар Украина Dunyo Yangiliklar

Сурат
    • Author, Жессика Паркер
    • Role, Би-би-си, Киев

"Кимдир мени кузатаётгандек туюларди. Юрагим қинидан чиққудек тепиб турарди."

Биз номини "Агент 1" деб атайдиган эркак буталар орасида яширинганча, суратга олади.

У "Оташ" деб аталган гуруҳга аъзо эканини айтди. Оташ Қрим татарчада "олов" деганидир.

У мессенжер орқали Би-би-сига ўзининг сирли ҳаёти - ишғол остидаги Қримда жойлаштирилган Россия қўшинлари ортидан жосуслик қилиши ҳақида гапириб берди.

"Икки ҳафтача нима қилишим, қандай қилишим ҳақида режа туздим, - дейди у. - Йўлни аниқладим, сезиб қолсалар нима қилишим, асосий ёрдам...

"Агент 1" жуда қунт билан ишлайди. У турли ракурслардан бир неча марта суратлар олади.

Аммо бу жуда хавфли, ўлим билан ўйнашиш. Бир гал ҳудудни кузатаётганда рус ҳарбийлари яқин келиб қолганини сезди.

"Жуда даҳшатли лаҳза эди, - дейди у. - Машина олдида эгилиб, ғилдирагига нимадир бўлгандек, унга қарай бошладим."

"Улар индамай ўтиб кетишди."

Алоқадор мавзулар:

"Оташ"нинг билдиришича, гуруҳ Россия ҳарбийлар ҳаракатлари ҳақида ахборот тўплайди - асосан, Қримда. Бошқа босиб олинган ҳудудларда ва Россиянинг ўзида ҳам жосуслик қилиши мумкин.

Агентларнинг айтишича, улар бераётган ахборот Украинанинг Қримдаги муҳим нуқталар, масалан, Россиянинг "Минск" десант кемаси ва "Ростов-Дон" сувости кемасига, 2023 йил сентябрида Россиянинг Қора денгиз флоти штабларига зарба беришига ёрдам берди.

"Оташ"нинг охирги разведка маълумотлари Украинанинг Евпаториядаги эҳтимолий радар станциясига зарбасидан бир ҳафта ўтиб олинди.

Россиядаги урушсевар блогерлар "Оташ"ни Украина разведкаси қаршилик ҳаракатини бўрттириб кўрсатиш учун тўқиб чиқарган ихтироси деб ёзмоқда.

Айни пайтда Россия ОАВси "Оташ" террорчи ташкилот сифатида Кремль томонидан тақиқланганини ҳам айтади.

'Қримликларнинг ҳаммаси ҳам зомбилар эмас'

Остапдан иқтибос

Сурат манбаси, .

Мессенжерлар ва гуруҳ ташкилотчиси орқали Би-би-си "Оташ"нинг беш нафар фаол агенти билан гаплашди. Улардан бири ҳозирда Россия армиясида ишлар экан.

Уларнинг аккаунтларини мустақил тарзда текшириб бўлмайди, аммо Украина мудофаа ва разведка хизматлари Би-би-сига уларнинг гувоҳликлари ишончли эканини тасдиқлади.

Агентлар фаол қаршилик ҳаракати борлигини кўрсатиш учун ҳам биз билан гаплашишга тайёр эканликларини айтишди.

"Қримликлар ҳаммаси зомби эмас ва ҳатто умумий цензура шароитида ҳам қаршилик кўрсатишга тайёр", дейди "Агент 1".

Би-би-си суҳбатлашган рус аскари, "Агент 5" ўзининг икки томонлама ҳаёти хавфли эканини билади.

"Хавф жуда юқори - ҳеч ким қамоққа тушишни хоҳламайди." Қўлга олинганлар давлатга хиёнатда айбланиб, узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинмоқда.

"Ҳамма нарсага эҳтиёткор қарашингиз керак. Бундай ишда хатога ўрин йўқ".

Россия Қрим ярим оролини 2014 йилнинг март ойида, Украинага кенг кўламли бостириб киришидан саккиз йил аввал аннексия қилган.

Бу ерда этник руслар аҳолининг кўп қисмини ташкил қилади, аммо украин ва қрим-татар озчиликлари сақланиб қолган.

Би-би-си "Оташ" билан бевосита боғланиб, гуруҳнинг Украинадаги куратори билан суҳбатлашди.

У ҳибсга олиниш хавфи борлиги туфайли уларнинг шахсини ошкор қилмади.

"Россия разведка хизматлари партизанларни аниқлашга ҳаракат қилмоқда", дейди "Агент 2".

У ишини ҳатто энг яқин қариндошларидан ҳам яширади.

"Биз ўқ-дориларни исроф қила олмаймиз"

Бу одамлар Москванинг қилмишларига рози бўлмагани учун ҳам жосуслик қила бошлаган.

Улар ҳаво мудофааси, омборлар, ҳарбий базалар ва аскарлар ҳаракати ҳақида маълумот тўплайди, баъзан эса бир неча ҳафта давомида ҳудудларни кузатишади.

"Агент 2"нинг айтишича, у иши учун маош олмайди, лекин ёқилғи каби харажатлар қопланади.

Биз билан гаплашган гуруҳ куратори "кўп" манбалар борлигини айтса ҳам, гуруҳ қандай молиялаштирилиши ҳақида изоҳ бермади.

Украина махсус амалиёт кучлари таркибидаги яна бир орган - Миллий қаршилик маркази ҳукумат томонидан молиялаштирилади ва "Оташ" билан ҳамкорлик қилади.

Унинг таъкидлашича, "Оташ" шунчаки пропаганда мақсадида тузилган сохта ташкилот эмас ва бу маълумотлар катта аҳамиятга эга.

"Storm Shadow ёки Himars билан ракета зарбаси бериш қиммат туради", дейди унинг ниқоб кийган ва "Остап" тахаллуси остида ишлайдиган аъзоси.

"Биз руслар каби ўқ-дориларни бемалол исроф қила олмаймиз. Олинган маълумотларни обдон текширишимиз керак".

Сурат

"Агент 2" ҳарбий объектни текшириш учун 100 кмдан ортиқ масофани босиб ўтаман дейди. Панжарадаги ўтиш мумкин бўлган бўшлиқни топгунга қадар у "узоқ" юради.

У суратга олиш ва ҳарбий техника ҳақида маълумот тўплаш учун тор жойдан ўтиб, ичкари киради.

"Бу ҳаяжонли, - дейди у. - Бундай дақиқаларда адреналин ниҳоятда кучли кўтарилади."

Кейинги кунларда у бу ҳудудга муваффақиятли зарба берилганини билди.

"Бу менинг энг фахрли лаҳзаларим", дейди у.

Россиянинг Қора денгиздаги аҳволини танг қилиш

Россиянинг Қримдаги ҳарбий объектларига кенг кўламли ҳужумлар Киев қарши ҳужумининг асосий қисми сифатида қаралмоқда.

Ярим орол катта стратегик аҳамиятга эга, чунки у моҳиятан "чўктириб бўлмайдиган авиаташувчи" ҳисобланади, дейди истеъфодаги Украина ҳарбий-денгиз флоти капитани Андрей Риженко.

Аннексиядан олдин Қримда, ҳозир эса Киевда яшаётган Риженконинг айтишича, Россия ярим оролдан Қора денгиздан Ўртаер денгизи ва Атлантика океанига "кучини йўналтириш" учун фойдаланмоқда.

Россия юк ташишга рухсат берувчи келишувдан чиққач, Украина дон кемаларини ярим оролдан узоқроқ олиб ўтишга мажбур бўлди.

Мобил телефонга олинган вертолет сурати

Бироқ сунъий йўлдошдан олинган суратлар Украина бераётган зарбалар Россияни Севастополдаги активларини Россиянинг Новороссийск портига кўчиришга мажбур қилганини кўрсатади.

"Оташ" учун россияпараст жангариларнинг гуруҳ ичига кириб қолиши таҳдиди катта.

"Биз ФСБ қўлга тушириши хавфи бўлган агентларга стратегик режаларни ошкор қилмасликка ҳаракат қиламиз", дейди гуруҳ куратори.

"Улар фақат билиши керак бўлган нарсанигина билади."

"Агент 3" бизга "урушаётган мамлакат ҳарбийларини суратга олиш ўз жонига қасд қилиш" билан баробарлигини айтади, аммо бу хавфни Россиядаги "жинояткорона уруш" туфайли оқлаш мумкин.

"Агар мен қўлга тушсам, ФСБ ертўласига кетаман ва ватан хоини деган айбловга қоламан".

Аммо хавф билан бирга мукофот ҳам бор.

"Биз кўпинча ишимиз самарасини кўрамиз, - дейди "Агент 4". - Россия объектларидан фақат кул қолганда."

Баъзан шунчаки бир ёки иккита тезкор фотосурат етади. Баъзида "Агент 4" узоқ вақт давомида ҳудудларни кузатиши керак.

"Барча патруль йўналишларини аниқлаш, барча чиқиш ва кириш йўллари қаерда эканлигини, ҳудудда қандай жиҳозлар мавжудлигини ёки объектда аниқ нима сақланишини билиб олиш учун."

Ҳар бир агент бизга ёлғиз ишлаётганини, фақат маълумот узатиладиган "куратор" билан алоқада эканлигини айтди.

"Оташ" тармоғи 2022 йилда Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин пайдо бўлган ва босиб олинган ҳудудлардаги ягона қаршилик ташкилоти эмас.

У оммавий ҳаракат бўлиб, ҳозирда "минглаб" одамни бирлаштирган гуруҳга айланмоқда.

2022 йил сентябрида Telegram'да эълон қилинган «қасамёд»да шундай дейилган эди: "Оташ ҳаракатига содиқ бўлишга" ва "Украина давлати учун курашишга" "жоним ва қоним билан қасамёд қиламан".

Қрим харитаси

Гуруҳнинг ярим оролдаги туркийзабон қрим-татар аҳолиси билан мустаҳкам алоқалари борлиги хабар қилинган, бироқ Би-би-си гаплашган қрим-татарлар "Оташ"га биз асос солмаганмиз деб айтишди.

Гуруҳ мунтазам равишда Telegram'да ўз иши ҳақидаги маълумотларни эълон қилади, ҳаттоки суратларини ҳам жойлаштиради.

Ҳаракат асосан логистик маълумотларини тўплашини айтса ҳам, партизан фаоллар ҳарбий госпиталда 30 нафар рус аскарини ўлдириш ва Россия босиб олган Херсонда бомба ўрнатилган машина билан ҳужумлар содир этганликларини ҳам даъво қилмоқда.

Биз суҳбатлашган кураторнинг тан олишича, улар кўпроқ агентларни ёллаш ва русларни асабийлаштириш учун гуруҳни оммалаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Аммо Би-би-си суҳбатлашганларнинг барчаси Россиянинг Украина ерларига бостириб кириши ва босиб олинишини тўхтатиш уларнинг устувор мақсади эканини айтади.

"Агент 1" нинг айтишича, Қримда одамлар ташвиқот ва назорат остида "даҳшатли шароитларда" яшайди.

"Аммо мен Қримнинг озод этилишини аста-секин яқинлаштираётганимизга аминман", дейди у.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002