Россия ва Украина: Зўрланган дея сохта даъво билан ўсмир қиз қайтишига қандай тўсқинлик қилинди?

BBC
    • Author, Святослав Хоменко ва Нина Назарова
    • Role, BBC News Russian

2023 йил 6 март куни кечқурун Харков вилоятидан 13 ёшли Вероника Власова Россиянинг Липецк вилоятидаги қочқинлар марказида Украинага, ўз уйига олиб кетиши учун бувисини кутди. Вероника 2022 йил февралида Россия Украинага бостириб кирганида онаси ва бувисидан ажралган, мана, бир йилдирки, уларни кўргани йўқ.

Соатлаб кутди, бувиси келмади. Сўнг бирдан соат 23:30 да хонага учта полициячи кириб келишди. Улар Вероникага зўрлаш ҳақидаги даъвони текшираётганликларини ва у расман жабрланувчи ҳисобланаётганини айтишди. Вероника кўрсатма бериши керак экан. "Айтганларимизни тасдиқласанг бўлди, кетамиз", дейишди улар.

Вероника ўша куни бувиси келмаслигини ва уйига кетмаслигини тушунди.

Икки ойдан сўнг Вероника ниҳоят бувиси билан учрашганида олинган фотосуратларни Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Белова ижтимоий тармоқларда жойлаштирди. "Хуш хабар! - деб ёзди у. - Яна бир оила бирлашди."

Львова-Белова айтмаган гап шуки, 14 ёшли Вероника ўз оиласи билан кўришгунга қадар бир ярим йил давомида мактабдаги безориликларга, терговларга, мажбурий гинекологик текширувларга ва болалар уйидаги қамоққа чидашига тўғри келди. Унинг онаси ҳатто қизининг иши бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгаши олдида гувоҳлик берди.

Одатий кун

Вероника Власова ва унинг онаси Нина учун 2022 йил 23 февраль одатий кун эди. Улар Харков вилоятининг Россия-Украина чегарасида жойлашган Пилня қишлоғидаги уйларидан чиққанларида, икки йил ўтиб уйларига қайтишлари хаёлларига ҳам келмаганди.

Украина армиясининг собиқ аскари бўлган Нина Харковга қайтиб, кабобхоналар тармоғи ташкил қилди. Вероника холаси Татьяна Мелник ва холаваччалариникига, қўшни Борисовка қишлоғига кетганди.

Эртаси куни тонг соат 4:21 да - Вероника вақтни дақиқасигача эслаб қолганини айтди - ҳамма ўқ овозларидан уйғонди. Оила ҳафтанинг қолган қисмини ертўлаларда ўтказди, атрофда жанглар авж олганди. Вероника нима бўлаётганини айтиш учун онасига қўнғироқ қилди, лекин Харковдан чегарагача бўлган йўл ёпиқ эди ва Нина қизини олиб кетишга кела олмади.

BBC

2 март куни, бир ҳафталик отишмалардан сўнг, Татьяна ва унинг эри оилаларини хавфсиз жойга олиб кетиш вақти келди деб ҳисоблашди. Ягона йўл - юкларни йиғиштириб, машинага ўтириб, Россия чегарасидан ўтиб кетиш эди. Улар Вероникани ўзлари билан олиб кетишди.

Вероника ва Нина телефон орқали алоқада бўлишга ҳаракат қилишди, бироқ ҳудудда телефон сигнали жуда беқарор эди.

"Онам Россияга кетаётганимизни фақат божхонадан ўтганимизда билди, - дейди Вероника. - У жуда қўрқиб кетганди."

Мелниклар оиласи тунни Белгороддаги спорт залида, транзит пунктда бир ҳафта ўтказди ва охир-оқибат, 12 март куни улар ва яна 200 нафар бошқа кўчирилганлар автобусда Липецк вилоятидаги "Мечта" болалар санаторийсига, вақтинчалик марказга олиб кетилди.

"Улар бизни қаерга юборишса, ўша ерга бордик", деб эслайди Вероника. Бир неча кун ўтгач, у ўзининг 13 ёшини нишонлади.

"Уни Россияда ҳарбий жиноятчи ҳисоблашади"

Россияда Татьяна Мелник дарҳол Вероникани вақтинчалик васийликка олди - қонунга кўра, вояга етмаган боланинг қонуний вакили бўлиши керак. Вероника онаси билан қисқа телефон қўнғироқлари орқали гаплашиб турди.

Нина қизи кўнглини кўтаришга ҳаракат қилди, лекин содир бўлган ҳамма нарсага қарамай, у хотиржам бўлиши, камига, мезбонларга хушмуомала бўлиши керак эди.

"Қизим жуда ватанпарвар, ёшлигига қарамай, уйига қуролли одамлар келиб, таҳдид қилиб: "Сизни озод қиламиз", деб бақириши нимани англатишини яхши биларди", дея тушунтиради у Би-би-сига.

Россия болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Белованинг маълум қилишича, 2022 йил февралидан бери Украинадан 730 минг бола Россияга кириб келган. Уларнинг аксарияти ота-оналари билан келган, бошқалари эса меҳрибонлик уйларидан ёки давлат ҳомийлигида катта гуруҳларда эвакуация қилинган. Аммо учинчи тоифа бор - улар шу ёки бошқа сабабларга кўра ота-онасидан ажралиб, Россияда қолган Вероника каби болалардир. Бундай ҳолатларни кузатиш анча мушкул, аммо уларнинг тақдири Россиядаги украиналик қочқин болалар дуч келаётган муаммолар, уларнинг ўз уйларига қайтиши қанчалик қийинлигини яққол кўрсатиб беради.

Россияга олиб кетилган украиналик болаларни оилалари билан бирлаштириш мураккаб жараён. Россия ҳукумати оналар фарзандларини олиб кетиш учун Россияга шахсан келиши кераклигини талаб қилади (ҳарбий ёшдаги эркаклар уруш пайтида Украинани тарк этишлари мумкин эмас, шунинг учун одатда аёллар келади). Украина-Россия чегарасини тўғридан-тўғри кесиб ўтиш ҳозирча имконсиз, оилалар учинчи давлатлар орқали узоқ айланма йўл босиб ўтишга мажбур. Украина хайрия ташкилотлари кўпинча сафар учун пул ажратишга ёрдам беради.

Нина Власованинг ўзи учун Россияга сафар қилишнинг иложи йўқ эди, чунки у илгари Украина армиясида хизмат қилган.

"Россияда уни ҳарбий жиноятчи деб ҳисоблашади", дейди Татьяна Би-би-сига.

У синглиси билан Вероникани уйига қайтариш йўлларини муҳокама қилди. Нина Татьяна ва унинг оиласи учун уйга йўл ҳақини тўлашни таклиф қилди, аммо Татьяна рад жавоби берди ва Украинадан Россияга пул жўнатиш имконсизлигини айтди. Яна бир вариант, Татьяна Вероникани Латвия ёки Эстония чегарасига олиб келиши ва уни нейтрал зонадаги қариндошига топшириши эди. Аммо сўнгги лаҳзада Татьяна фикрини ўзгартирди, чунки Россия расмийлари уни ичкарига қайтармаслиги ва оиласидан узилиб қолишидан қўрқарди.

Борган сари бетоқатлашаётган Нина билмас эдики, унинг ҳарбий ўтмиши аллақачон Россия ҳукуматига маълум эди ва улар бундан Татьяна ва унинг оиласига босим ўтказиш учун фойдаланишаётганди.

Татьяна қишлоқда кимдир босқинчи рус қўшинларига синглиси армияда хизмат қилганини айтган бўлса керак, деб тахмин қилди. Иккала оиланинг уйини рус аскарлари тинтув қилган ва Мелниковлар Россияга кўчиб ўтганларида ундан Нина билан муносабатлари ҳақида сўрашган.

Татьянанинг айтишича, у рус разведка хизматлари Вероникани Украинага қайтаришни истамаётганини сезган, чунки улар Нинани Россияга келишга мажбурламоқчи бўлишган.

"Улар менга сичқондек жим ўтиришни айтишди, - дейди у Би-би-сига. - Синглим билан деярли мулоқот қилмадим. Мен унга бу махфий хизматлар эканлигини айтишим мумкин эди, лекин улар менга босим ўтказаётганини айта олмадим, жуда қўрқдим.

Натижада, опа-сингил ўртасидаги муносабатлар тобора кескинлашди.

"У мени Верониканинг вақтинчалик васийси бўлганим учун берилаётган пулни ўзимга олаётганликда айблади, - дейди Татьяна. - Мен буни инкор қилмадим, шунчаки ҳеч нарса дея олмадим.

Айни пайтда, Нина Россиядаги янги қулай ҳаётини хавф остига қўймаслик учун ёрдам беришни истамаяпти деб опасидан ғазабланди.

"Опам менга Украина қуролли кучлари ўзига ўзи ҳужум қилганини айта бошлади - у ҳар хил бемаъни гапларни гапира бошлади. Аммо мен у билан жанжаллашишни хоҳламадим, чунки болам у билан эди."

Дастлаб, Липецкдаги ҳаёт Татьяна учун жуда яхши бўлди. Русча гапирардим, фарзандларим янги дўстлар орттирди, эрим иш топди, дейди у Би-би-сига.

BBC

Аммо Татьянанинг ўзи иш топишга қийналди. Ҳамшира сифатида у Россияда ишлаш учун Украинада олган дипломини қайта рўйхатдан ўтказиши керак бўлади.

"Улар унга меҳмонхонада админстратор сифатида ишлашни таклиф қилишди. Аммо у инглиз тилида гаплаша олмасди", дейди Вероника.

Верониканинг айтишича, Татьяна ўз норозилигини жиянига тобора кўпроқ кўрсата бошлаган, уни ва "Украина армиясидаги онаси"ни муносиб иш топа олмагани учун айблай бошлаган.

Ойлар ўтди, баҳор ўз ўрнини ёзга бўшатди. Вероника дарё бўйида сайр қилгани, спорт залида волейбол ўйнаганини эслайди. Санаторий ошхонасидаги таомлар унчалик мазали бўлмаса ҳам, одатий эди. Қочқин болалар учун дарслар ташкил қилинган, аммо уларнинг қатнашган-келмаганига ҳеч ким аҳамият бермасди.

"Истаганлар ўқиди, истамаганлар эса йўқ, - дейди Вероника. - Биз ўқиган ёки ўқимаганимиз ҳеч кимга фарқи йўқ эди, чунки биз украиналик қочқинлар эдик".

Украинадан хабарлар асосан Россия давлат телеканаллари орқали келарди. Улар ертўлаларда яшовчи, оч қолганидан итларни ейишга мажбур бўлган, рус тилини билгани учун ўлиб кетиш хавфи остида қолган одамлар ҳақида ҳикоя қиларди. Вероника қўрқиб кетди, Россияда қолганим яхшироқмикин, деб ўйлади. Аммо у бувисига қўнғироқ қилиб, Харковдаги ҳаёт ҳақида сўраганида, у бутунлай бошқа нарсаларни гапириб берди.

"Бизда ҳамма жойда гуманитар ёрдам бор, - деди бувиси. - Итларни ейишга мажбур эмасмиз ва бир-биримизни отаётганимиз ҳам йўқ."

Вероника онаси билан камдан-кам гаплашарди. "Биз бир-биримизга ҳаммаси яхши эканини айтардик. Шу асосийси эди. Мен унинг овозини эшитишим керак эди", деб эслайди Вероника.

"Украинага қайтинг, бу ерда сизга ҳеч нарса йўқ"

2022 йил 15 сентябрида Татьяна, унинг оиласи ва Вероника бошқа вақтинчалик яшаш жойига - Липецк аэропортидан унчалик узоқ бўлмаган жойга олиб борилди. Шароит яхши, оилага иккита хона ажратилди. Улар яхши овқатланар, вақти-вақти билан Вероника эслаганидек, мева-чева ва пирожное билан чой ичишарди. Қочқинларга хайрия қилинган нарсалар берилди, шунингдек, кийим-кечак, пойабзал, косметика маҳсулотлари сотиб олиш учун ваучерлар берилди.

Бироқ на дарё, на спорт зали, на дўстлар бор эди. Вероникага марказдан ташқарига ёлғиз чиқишга рухсат берилмасди, холаси эса унга шаҳарга чиқишига рухсат бермасди. Мактаб автобуси ҳар куни болаларни олиб кетиш учун келиб, кечки пайт уйларига олиб келарди.

Вероника ҳам мактабни ўзгартиришга мажбур бўлди. Сентябрь ойидан бошлаб у Кузьминские Отвержки қишлоғидаги ўрта мактабда ўқиди.

Мактаб веб-сайтида 2022-2023 ўқув йилидаги воқеалар, жумладан, Россия мадҳияси учун душанба куни мажбурий байроқ кўтариш маросимлари ва уруш бошланганидан бери ўқув дастурига янги қўшимча бўлган ҳафталик "Долзарб мавзулар ҳақида суҳбат" киритилгани ҳақида маълумот берилган. Верониканинг эслашича, бу "суҳбатларда" аннекция қилинган Қрим мавзулари муҳокама қилинган ва унинг "халқ иродаси билан" Россияга қайтарилгани ҳақидаги ғоялар тарғиб қилинган.

Бир гал, дейди Вероника, ўқувчиларга, айниқса, қизларга фронтдаги рус аскарларига яхши тилаклар билан хат ёзиш, ўзларини таништириш вазифаси берилган. "Мен синф раҳбарига бундай нарсаларни ёзишни хоҳламаслигимни айтдим. У шундай деди: "Унда нега Россияга келдинг? Агар бизнинг сиёсатимизни қабул қилмасанг, нега бу ерда юрибсан? "

BBC

Унинг синфидаги 35 нафар боладан фақат Вероника украиналик эди ва ҳеч ким уни хуш кўраётгани йўқ эди. У дўстлар орттиришга ҳаракат қилди, лекин бу иш бермади, қисман унинг синфдошларида аллақачон дўстлик гуруҳлари бўлгани, қисман эса "болалар украиналик бўлганим учун мен билан гаплашишни истамагандек муомала қилишди, - дейди у. - Агар мен ким биландир дўстлашмоқчи бўлсам, улар менга "нари юр" дегандек қарашарди."

Синф чатида ва унинг ўзига бошқа болалар уни ҳақорат қилишди, лақаб қўйишди, Украина ракета тизимлари ҳақида саволлар беришди ва нарсаларини "ўлжа" сифатида тортиб олишга ҳаракат қилишди.

Верониканинг холаси нима бўлаётганини билар, лекин аралашишга уринмасди ва ҳозир ҳам Би-би-си билан суҳбатда у буни очиқчасига юмшатиб кўрсатмоқчи бўлди. "Вероника яхши ўқиди ва у Украинадан бўлганлиги сабабли ўрнак сифатида кўрсатилди, барча фанлардан аълочи, шу туфайли бошқа болалар у ҳақида ўз фикрларини айтишди."

Асосийси, Вероникага жисмоний зарар етмагани, дейди Татьяна.

Ишончли дўст

Бу даврда Верониканинг ягона дўсти Харков вилоятидан келган ва унинг "Мечта" санаторийсидаги қўшниси 20 ёшли қочқин Кирилл Простенников эди.

"У ерда катта гуруҳ бор эди, лекин кейин ҳамма кетди, лекин биз қолдик, дўст бўлдик, - дейди у. - Санаторийда болалар учун саҳна кўринишлари, эртаклар намойиш этилди. Биз иштирок этдик - у бобо ролини ўйнади, мен эса бувини ўйнадим. Онам бизнинг суратимизни кўриб, унинг кимлигини сўради. Мен унга айтдим, кейин у билан [телефонда] суҳбатлашди. Онам унинг кимлигини билар ва унга ишонарди".

Вероника ва унинг холаси оиласи аэропорт яқинидаги янги марказга кўчиб ўтгач, Кирилл унинг олдига келиб турди.

Верониканинг онаси ҳам, холаси ҳам 13 ёшли Вероника ва 20 ёшли Кириллнинг дўстлиги ҳақида билишганини ва унда ҳеч қандай номақбул нарсани кўрмаганликларини айтишди.

"Улар гўёки хавфсизликда бўлган жойда, Россия ҳукумати ҳимояси остида, ўғил болалар қизларни ҳақорат қиларди, Кирилл уни ҳимоя қила бошлади, - дейди Нина. - Кирилл унга кўпроқ акаси каби эди. Вероника менга имкон қадар улар нима ҳақида гаплашаётганини айтиб беришга ҳаракат қиларди. У Кириллга жуда ёқарди."

Татьяна бу фикрни тасдиқлайди: "У Вероникани безовта қилмади, йўқ. У унга ширинликлар, мевалар, ўйинчоқлар олиб келарди. У унга меҳр қўйган ва уни ёқтирарди. Биз қочқин бўлганимиз учун мактабдаги болалар уни доим ҳақорат қиларди, шунинг учун биз бирга бўлишга ҳаракат қилдик, - дейди у. - Албатта, у яхши бола. Бир оз ғалатироқ, лекин яхши".

Бу орада Нина Вероникани уйга қайтаришга тайёргарлик кўраётган эди. Бувиси зарур нотариал тасдиқланган ишончнома билан Россияга бориб, уни олиб келишига қарор қилинди. Режа бўйича бувиси Вероника ва Кириллни олиб келиши керак эди. Нина учаласини Украинага бирга қайтиши учун пул беради.

Паспорт ва ҳужжатларни олиш жараёни бир неча ой давом этди. Бувиси 2023 йил март ойи бошида Россияга жўнади. У невараси билан Киевга Верониканинг туғилган кунини онаси билан нишонлаш учун қайтиб келмоқчи эди.

BBC

Верониканинг эслашича, 6 март, душанба куни эрталаб, холаси тўсатдан унга ва амакиваччасига мактабга бормай, уйда қолишни айтади. Соат 11 да ўзини ФСБ ходимлари деб таништирган икки киши бинога кириб, барча телефонларни мусодара қилиш бўйича суд қарори борлигини айтган.

"Бири телефонларимиз паролларини ёзиб олди. Иккинчиси эса, бўйи нақ икки метр келадиган одам эшик олдида туриб, бизни ҳеч қаерга чиқармади", дейди Вероника.

Бу вақтга келиб, Верониканинг бувиси Липецкка эндигина келган ва ФСБ ходимлари ҳақида эшитиб шокка тушган эди. У режага мувофиқ кечқурун набирасининг олдига боришга ваъда бериб, рус тилида ишончномани расмийлаштира бошлади.

Бироқ, соат 23:30 да Вероника бувисининг келишини кутаётганида, учта полициячи пайдо бўлди.

"Улар менга Кирилл жинсий алоқада бўлганимиз ва мени зўрлагани ҳақида ўзи гувоҳлик берганини айтишди. 22 ноябрдан бошлаб, кунига тўрт марта, ҳар куни", дейди Вероника.

"Кейинроқ улар менга баённомани кўрсатишди. У менга калтаклангани ва титраётган қўллари билан ёзганини айтди. Лекин қўлёзма Кириллникига ўхшамайдиган шаклда, жуда чиройли хуснихат билан ёзилган эди, - дейди у. - Ўртангизда бирор нарса бўлдими ёки йўқми деб сўроққа тута бошлашди. Мен уларга ҳеч нарса бўлмаганини айтдим. Ҳатто видео ҳам борлигини айтишди. Видеони кўрсатинглар дедим. Илтимосимни эътиборсиз қолдиришди, менга ҳеч нарса кўрсатишмади. Улар баённома ҳақида гапиришди, 22 ноябрь ҳақида, лекин 22 ноябрь куни мен шифокор қабулида эдим. Улар ҳатто ишончли сана ҳам кўрсатишмаган. У билан ойига икки-уч марта учрашиб турдим. Ҳар учрашганимда холам ҳам бўларди", деб эслайди Вероника.

Татьяна буни тасдиқлайди: "Ҳеч нарса бўлмаган, бўлиши ҳам мумкин эмасди. Биз вақтинча бошпанада эдик, ҳар ерда камера, йигит келган вақтда доим кўриб турардим."

Айни пайтда Верониканинг айтишича, полиция унга руҳий босим ўтказа бошлаган: "Онанг қаерда? Нега у сенга қарамайди?" Кейин улар: "Сени қийнамасликлари учун барини айт, кейин сени тинч қўйишади", деб таҳдид қилишди. Кейин яна: "Ҳозир тиббий кўрикка олиб борамиз ва бу нима бўлганини кўрсатади", дейишди. Мен: "Ҳа, борамиз, тиббий кўрикдан ўтишга розиман, борамиз" дедим. Мен ўзим ҳеч нарса бўлмаганлигини исботлаш учун бу текширувни талаб қилдим".

Вероника бизга кейин нима бўлганини айтиб беришга қийналди, лекин онаси рухсат бергач, у айтиб беришга қарор қилди. Унинг айтишича, у кечаси зўрға ухлаган ва тиббий кўрикдан олдин ювинишга рухсат берилмаган.

"Мени олиб боришганида, шифокор менга: "Ҳозир нима бўлганини аниқлаймиз" деди ва мени хонага олиб кириб, бутунлай ечинишимни буюрди. У эркак эди. Кўрикдан ўтказди. У ерда бир аёл ҳам бор эди, лекин кейин қаергадир кетиб қолди. Эркак мени текширганда мен йиғлаб юбордим. Жуда уялдим. Кейин у (жинсий) ҳеч нарса бўлмаганлигини айтди. Бу тиббий кўрикда тасдиқланди. Аммо ҳеч ким мендан кечирим сўрамади."

Кирилл Простенников ўша куни, 6 март куни Верониканинг бувиси кўз ўнгида ҳибсга олинган. У унга шаҳарда юришига ёрдам бериб, ҳамроҳлик қилаётган эди.

Вероника ҳам, унинг холаси Татьяна ҳам Би-би-сига Кирилл калтаклангани, электр токи билан қийноққа солингани, ўз айбига иқрор бўлиб, имзо чекишга мажбурланганини айтди.

Суд Простенниковни Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 135-моддаси - "Бузуқлик" билан айблаб, Липецкдаги тергов ҳибсхонасига жойлаштирди.

Би-би-си иш материаллари билан танишиш имконига эга эмас, бироқ Татьяна Би-би-сига айбловлар учун асос Верониканинг телефонидан топилган ёзишмалар бўлганини айтди. "Шоколад учун интим" ёки шунга ўхшаш нарсалар ҳақида ҳазил бор эди", дейди у. Терговчилар унга Telegram чатидан парчаларни кўрсатишган.

Верониканинг ўзи Би-би-си билан суҳбатда Кирилл билан бир неча ой давом этган ёзишмаларида интимга оид мавзуларда қандайдир "ҳазиллар" бўлганини тасдиқлади, бироқ аниқ эслай олмагани учун бирор мисол келтира олмади.

Верониканинг бувисига эса унинг набираси жиноий ишда расман жабрланувчи экани, шу боис унга Россиядан чиқиб кетишига рухсат берилмаслиги ҳақида хабар берилган. Унинг холаси Татьяна ҳам, Кириллнинг онаси ҳам Би-би-сига бу иш Вероникани Россиядан чиқариб юбормаслик учун уйдирилган деди.

Верониканинг айтишича, у бир неча бор сўроқ қилинган. Баъзида уни сўроқ қилиш учун мактабдан олиб кетишган. Тергов қўмитаси йўлагида соатлаб кутган вақтлари ҳам бўлган.

Ҳеч ким Верониканинг онаси билан боғланишга уринмади.

"Россия расмийлари унинг онаси борлигини билишган, чунки бувиси барча ҳужжатлар билан борган эди, - дейди Нина. - Қизим терговчига онамга қўнғироқ қилинг деб кўп марта айтган. Лекин тергов давом этаверган, мен билан ҳеч ким алоқага чиқмади."

Буларнинг барчаси содир бўлганда, Вероника 14 ёшга тўлди. У иккинчи туғилган кунини Россияда психологик текширув жараёнида ўтказди. "Мен психологлар, психиатрлар билан суҳбатлашдим, тестлардан ўтдим. Эсимда, психиатрия шифохонасида эдим. Туғилган кунимни ўша ерда ўтказдим, кейин яна тергов қўмитасига бордик".

Болалар реабилитация маркази

Полиция келиб, жиноят иши очгач, санаторийда кайфият бузилди, Верониканинг дўстлари ва қўшнилари ундан юз ўгирди. "У ерда менинг бир дўстим бор эди, у ҳам мени фоҳиша деб атай бошлади", дейди у.

Оғир стрессдан азият чекиб, бўш вақтининг кўп қисмини хонасида ёлғиз ўтказди, жуда озиб кетди.

Унинг холаси билан муносабатлари ҳам ёмонлашди. Верониканинг мусодара қилинган телефонлари унга қайтарилмади ва у онаси билан фақат холаваччасининг мобил телефони орқали боғлана олди. "Холам фақат видео қўнғироқлар орқали мулоқот қилишимизни айтиб, ўзи ёнимда ўтириб, ҳамма нарсани тингларди", деб эслайди у.

Улар ўртасида тез-тез жанжал бўлиб турарди.

BBC

2023 йил баҳорида Татьянанинг Вероникага вақтинчалик васийлик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари муддати тугади. Кейинчалик Татьяна Вероникага ФСБ менга васийлик қилиш муддати бошқа узайтирилмаслигини айтди деди. "Улар мени болалар уйига юборишларини айтишди. Шундай қилишса, онам қўрққанидан ҳам келади деб ўйлашган. Кейин уни ҳибсга олишлари мумкин эди", дейди Вероника.

Бу вақтга келиб, оиладаги зиддиятлар қайнаш нуқтасига етди. Вероника расмийларга холаси билан яшашни истамаслигини айтди ва апрель ойи ўрталарида ижтимоий хизматлар уни қўшни Ельц шаҳарчасидаги вояга етмаганлар учун реабилитация марказига ўтказди. У ерда, янги келганлар учун қоидаларга мувофиқ, Вероникани икки ҳафта давомида карантинга жойлаштиришди.

Украинада Нина, Вероника қўнғироқ қилмагунча, нима бўлаётганини билмас эди. "У менга: "Ойи, мени ўлдириш учун ўрмонга олиб боришяпти, деб ўйладим", деди. Уни бу жойга олиб боришларини билмасдим. "Яхши, кут, сени олиб чиқамиз", дедим унга".

Шундан кейингина Нинага ниҳоят болалар реабилитация марказидан қўнғироқ қилишди: "Шунча вақт ичида биринчи марта адвокат менга савол билан қўнғироқ қилди: болани олиб кетасизми ёки йўқ? Мен унга болани нега онамга бериб юборишмаганини тушунмаётганимни айтдим. Meн онам ишлатган ишончномани юбордим, Россия Федерацияси ҳудудида расмий таржима қилинганини. Адвокат болани қайтариб олишда бундай муаммо бўлганидан ҳайратда эканини айтди."

"Қизим Россия томонидан гаровда ушлаб турилибди"

BBC

Верониканинг бувиси Харковга набирасисиз қайтганидан сўнг, Нина ёрдам сўраб Украинанинг турли органларига мурожаат қила бошлади.

"Эртаси куни мен [Украина] полициясига улар боламни қайтаришдан бош тортгани ҳақида ариза ёздим. Кўнгиллилардан маслаҳат сўрай бошладим? Жуда кўп йиғладим. Халқаро даражада гапириш кераклигини билардим. Биз Қизил Хоч ва Украинадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман Дмитрий Лубинец билан гаплашдик. Унинг котиби менинг гапларимни қандай қабул қилганини билмайман - унинг олдида йиғлаб юбордим", деб эслайди бувиси Би-би-си билан суҳбатда.

"Мен ҳар бир эшикни тақиллатдим. Менга ёрдам беришга рози бўлган тўғри одамларни топганим, албатта, тасодиф эмас эди", дейди Нина.

Шундай қилиб, Нина "Лайлак жамоаси" - Украинанинг турли агентликлари ходимларининг норасмий бирлашмаси - украиналик болаларни Россиядан яширинча олиб чиқиб кетиши ҳақида билиб олди.

"Дисней мультфильми туфайли уларни лайлаклар дейишади", дейди Нина ва бутун суҳбат давомида деярли биринчи марта табассум қилади. Бу жамоада Реинтеграция вазирлиги, Қизил Хоч, Омбудсман идораси ва бошқа агентликлар ходимлари бор.

"Менга омад кулиб боқди", дейди Нина.

28 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгаши украиналик болаларни Россияга депортация қилиш масаласи бўйича норасмий йиғилиш ўтказди. Нина видео алоқа орқали гапиришга таклиф қилинди. Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинецнинг офисида ўтирган Нина Верониканинг ҳикоясини айтиб берди. Ана шу бурилиш нуқтаси бўлди.

"Қизим Вероникани Россия Федерацияси гаровда ушлаб турибди. Мен уни кўра олмаяпман ва эҳтимол, ҳаётидаги энг оғир дамларда у билан бирга бўлолмаяпман... Халқаро ҳамжамият бугун 14 ёшли қиз таҳқирланишига чек қўйиши керак. Агар БМТ буни қила олмаса, ким қила олади?" деди Нина кўз ёшларини ушлашга уриниб.

Вероника ва унинг онаси учун бу фурсат омадли бўлди. Бундан бир ой аввал Халқаро жиноят суди депортация қилинган украиналик болалар масаласини халқаро кун тартибига қўйган эди. У президент Владимир Путин ва Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Мария Львова-Беловани украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда айблаб, ҳибсга олишга ордер берган эди.

Нинанинг БМТдаги нутқи Россия давлат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди ва ҳар сафар Мария Львова-Белованинг изоҳи ҳам қўшимча қилинди. У "Агар бундай ҳолатлар аниқланса, Россия болаларни Украинадаги оилаларидан ажратилини бартараф этиш учун ишлашга тайёр", деб ишонтирди."

Львова-Белова ўзининг Telegram каналида Верониканинг иши ҳақида онаси БМТга мурожаат қилишидан олдин ҳам хабардор бўлганини айтди. "26 апрель куни Липецк вилоятидаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил ходими бу қиз билан учрашди", деб ёзади у. "3 май куни маслаҳатчимиз Верониканинг онаси билан боғланди ва биз уни уйига қайтариш масаласини кўриб чиқа бошладик."

Болалар комиссари билан чой

BBC

Вероника бир ойдан камроқ вақт давомида болалар реабилитация марказида яшади ва, ўзининг айтишича, бу ер Россияда яшаган жойлари орасида тузукроғи бўлиб чиқди.

"Онамга қўнғироқ қилишим учун бошқа болалар менга телефонини бериб туришига рухсат берилмади, лекин улар менга ёрдам беришди, - дейди у. - Улар изоляторга бир амаллаб кириб олишарди. У ерда худди катта оиладек эдик. Қийналган оилалар фарзандлари, улар айнан шундай. Улар сиёсийлаштирилмаган эди".

Май ойида Верониканинг бувиси яна Россияга кетди. Бу сафар Украина Бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук ташаббуси билан унга Халқаро Қизил Хоч вакиллари ҳамроҳлик қилди.

Верониканинг айтишича, онасининг БМТдаги нутқидан кейин унга бўлган муносабат ўзгарган. "Филиал директори аввалига менга телефон ва шунга ўхшаш нарсалар мумкин эмаслигини айтганди, аммо кейин онам БМТда гапирганда, менга телефондан фойдаланишга рухсат беришди ва ҳаммаси яхши бўлди".

Бувисининг айтишича, у Россияга кирганида 10 соат ушлаб турилган. Улар Нинанинг ҳарбий тайёргарлиги ҳақида сўрашган, телефонини текширишган.

Аммо унинг ҳам сабри тугайди: "Мен уларга айтдим: мен Россияда жиноят қилдимми? Менга шикоятларингиз борми? Нега мени бу ерда ушлаб турибсизлар? Мен бу ерга неварам учун келдим. Биз бу ҳақда халқаро миқёсда келишиб олгандик! Агар неварамни қайтариб беришни истамасангиз, яхши, мен ортга қайтаман! Паспортимни қайтариб беринг!" Ярим соат ўтгач, ФСБ ходимлари уни сўнгги сўроққа олиб кетишди ва ўшанда унга сиз "ярамас онасиз, болаларингиз ҳам ярамас - нацистлар ва фашистлар" деб айтишди. "Мен уларга айтдим: биласизми, йигитлар? Сизлар мени "озод қилдингиз", ҳозир эса менинг на уйим бор, на оилам. Ҳозир набирам учун келдим. Улар менга: "паспортингизни олингда, жўнанг", дейишди!"

Мария Львова-Белова Вероникани оиласига топширишга катта ҳисса қўшганини ҳаммага кўрсатишни жуда хоҳларди ва шунинг учун телевидение гуруҳи ҳар бир дақиқани ёзиб олишини таъминлашга ҳаракат қилди.

"Биз унинг бувиси билан Москвада учрашдик, меҳмонхона тайинладик, Липецк вилоятига олиб бордик, барча керакли ҳужжатларни таржима қилдириб бердик", деб ёзди Львова-Белова ижтимоий тармоқларда.

Россия давлат каналларидан бири журналистлари Верониканинг бувиси билан бирга Ельцга борди. "Улар мендан онанг билан яшашни истайсанми ва қаерда - Украинада ёки Россияда, деб сўрашди. Мен бу саволларга жуда айёрлик билан жавоб бердим. Мен қаерда бўлишидан қатъи назар, онам билан яшашни хоҳлайман, деб жавоб бердим. Менга бошқа савол беришмади, чунки мен бу вазиятда уларга ёқадиган жавоб бермаётган эдим. Агар мен Россияни қўллаб-қувватласам, ўзимни ёмон ҳис қиламан. Агар Украинани қўллаб-қувватласам, яна менга ёмон бўлиши мумкин эди. Шундай жавоб билан қутилдим. Улар менинг айтганларимдан ҳеч нарсани кесиб ташлай олмасди, кейин мен интернетда излаб кўрдим - улар буни ҳеч қаерда эълон қилишмабди", деб эслайди Вероника.

Россияни тарк этишдан олдин Вероника ва унинг бувиси Мария Львова-Белова билан чой ичиш учун Жамоат палатасига таклиф қилинди. Учрашув якунида комиссар қизга iPhone совға қилди.

Украинада олган телефонларини эса унга қайтаришмади.

Йўқотилган вақтни тўлдириш

Вероника ҳозир Киевда онаси билан яшайди. У мактабга қайтди. Россияда бўлганида ўтказиб юборган ҳамма нарсани ўзлаштириши керак.

У Нина билан ўз қишлоғига, уруш бошланишидан олдин ўқиган мактабга қайтди. Бу қишлоқ руслар томонидан бутунлай вайрон қилинган эди.

Нина "Лайлак жамоаси" билан мулоқотни давом эттирмоқда, 2023 йил сентябрь ойида Вероника бир гуруҳ украиналик болалар билан Гаагага ўз бошдан кечирганлари ҳақида гувоҳлик бериш учун борди.

"У бошидан кечирганларини тўлиқ англамаган бўлиши мумкин", дейди онаси.

Мария Львова-Белова унга берган iPhone унчалик яхши совға эмас экан. Вероника унга украин қўшиқларини юклаб олиш иложи йўқлигини кўргач, онаси билан маҳаллий савдо марказига бориб, уни янги моделга алмаштирди.

Верониканинг холаси Татьяна реабилитация марказига юборилганидан кўп ўтмай Россияни тарк этди. Унинг Би-би-сига айтишича, у ва унинг оиласи кетишни истамаган, аммо Россия разведка хизматлари қолсалар, уларни жосусликда айблашлари билан таҳдид қила бошлашган. Унинг айтишича, у Россиядан чиқиб кетганидан кейин олти соат давомида сўроқ қилинган.

2023 йил ноябрь ҳолатига кўра, Кирилл Простенников Россияда, Липецк тергов ҳибсхонасида. Унинг онаси ўғлини у ерда гаровда ушлаб туришганига ишонади. Татьяна ва Вероника сингари, у ҳам ўзига қўйилаётган айбловларни мутлақо рад этмоқда. Унинг суд томонидан тайинланган адвокати эса Криллнинг оиласига ҳеч нарса қилишни режалаштирмаётганини ва ҳатто ўғлининг телефон рақамини ҳам бермаслигини айтган. Улар Липецкда топган яна бир адвокат 150 минг рубль аванс талаб қилди. Оиланинг бунга ҳозир қурби етмайди. Кириллнинг онаси ҳозир Украинага қайтган ва ўғлини озод қилиш учун курашни давом эттирмоқда.

Бошдан кечирганлари ҳақида ўйлар экан, Вероника Россия ҳақида битта катта сабоқ олганини айтади: "Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Агар кимдир муаммога дуч келса, бу унинг ўз айби ва ўзи ҳал қилсин, деб ҳисоблашади."

________________________________________________

* Верониканинг холаси фамилияси унинг илтимосига кўра ўзгартирилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek