You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Япония ва коррупция: Тўрт вазир нега истеъфо беришди? - Янгиликлар Yangiliklar Dunyo
Японияни бошқарувчи партияга алоқадор энг қудратли фракция атрофидаги коррупция можароси билан боғлиқликда пайшанба куни тўрт вазир истеъфо берди.
2022 йилгача давом этган беш йил ичида 500 миллион иена (3,4 миллион доллар) ноқонуний жамғармага тушгани айтилмоқда.
Никкей хабар қилишича, Токио прокурорлари коррупция терговини очишган.
Бу жамоатчилик орасида дастаги тобора тушиб бораётган Япония Бош вазири Фумио Кишиданинг ҳукуматига яна бир зарба бўляпти.
Сайловчилар мамлакатдаги инфляция ва Кишиданинг аввалги можароларга қандай ёндошганидан ғазабдалар.
Истеъфо берган тўрт вазир ичида Кишиданинг ўнг қўли деб кўрилган Хироказу Матсуно ҳам бор. Матсуно вазирлар маҳкамасининг бош вазири ва ҳукумат воизи эди.
Иқтисод ва саноат вазири Ясутоши Нишимура, Ички ишлар вазири Жунжи Сузуки ва Қишлоқ хўжалиги вазири Ичиро Мияшита ҳам истеъфо беришди.
Уларнинг ўрнига ким тайинланиши кун охирида маълум бўлади.
Улар билан бир қаторда беш юқори даражали вазир ўринбосарлари ҳам истеъфо бердилар.
Айбловларга кўра, фракция жамғармага дея йиғилган миллионлаб иенани декларация қилмаган.
Сейва сиёсати гуруҳи деб номланган фракция, шунингдек, ўз аъзоларига жамғарма тадбирларига чипта сотиш бўйича квоталар қўйган.
Чипталар савдоси квотадагидан юқори бўлганида, аъзолар қўшимча тўлов олганлар. Бу жиҳати Япония қонунларига хилоф эмас.
Аммо, айбловларга кўра, қўшимча даромад декларация қилинмаган ва махсус ноқонуний жамғармага жойлаштирилган.
Биргина жаноб Матсуно 10 миллион иена даромадини очиқламаганликда айбланяпти.
Японияда келгуси умумхалқ сайловлари 2025 йилга режаланган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.