You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ғарбий Соҳил: Фаластинликларга қарши яҳудий келгиндилари зўравонликлари кескин ортган - Видео Янгиликлар Dunyo Yangiliklar
- Author, Жереми Боуэн
- Role, Би-бисининг халқаро муҳаррири, Хирбет Занута
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Бир неча кеча олдин Исроил Ҳеброн деб атайдиган Ал-Халил жанубидаги тепаликларда жойлашган кичик Фаластин қишлоғи Хирбет Занутадаги мактаб биноси бошқа уйлар билан бирга бульдозер билан бузиб ташланган.
Биз етиб борганимизда бульдозер излари қумда янгидек турарди. Исроил ва халқаро қонунларга кўра, ноқонуний ҳисобланадиган яқин атрофдаги яҳудий манзилгоҳларидаги қуролланган ва зўравон яҳудий келгиндиларнинг доимий босими ва таҳдидлари ортидан тахминан бир ой олдин 200 га яқин фаластинлик қочганидан бери қишлоқ ҳувиллаб қолган.
Алоқадор мавзулар:
Хирбет Занутадаги мактаб харобалари орасида қийшайган металл лавҳа ётибди. Унга қалин қора ҳарфлар билан: "Ғарбий Соҳилда мажбуран кўчирилган фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами" деб ёзилган. Лавҳада лойиҳага пул қўшган донорлар номлари ёзилган. Европа Иттифоқи етакчи донор сифатида турибди, Европа тараққиёт агентликлари номлари орасида "Буюк Британиянинг Қуддус Бош Консуллиги" сўзлари устида Британия қироллик оиласи тамғаси ҳам тасвирланган.
Надав Вейман Би-би-си билан бирга қишлоққа келди. У Исроил махсус кучларининг собиқ аскари ва ҳозирда Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олишига қарши кампания олиб бораётган собиқ жангчилардан иборат "Сукунатни бузиш" гуруҳининг фаоли. Надавнинг фикрича, энг жангари яҳудий келгиндилар - уларни ҳатто маҳаллий фаластинликлар билан танийди - полиция ва армия билан бирга яна қонунни бузмоқдалар.
"Улар Фаластин қишлоқларини вайрон қилмоқда, фаластинлик деҳқонларни калтакламоқда, зайтунларини ўғирламоқда, Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши учинчи фронт, шарқий фронт очишга ҳаракат қилмоқда. Нега? Чунки улар бу ерларда фаластинликлар бўлмаслигини хоҳлайдилар".
Икки исроиллик аскар нима қилаётганимизни билиш учун олдимизга келди. Улардан бири Би-би-си жамоасининг исроиллик аъзосига фаластинликлар олдига келгани учун сотқинсан дейишди. Улар бизни суратга олишди, лекин йўлдан бир неча километр нарида жойлашган Хирбет Занутада содир бўлаётган воқеаларга унчалик қизиқишмади.
Мен полициядан мактаб ва қишлоқнинг вайрон этилганини текширяпсизми, деб сўраганимда, улар электрон почта орқали шикоят кутаётганликларини айтишди. Ваҳоланки, Занутанинг фаластинлик адвокатлари Исроил Олий судига ариза билан мурожаат қилишган.
Босиб олинган Ғарбий соҳил бўйлаб уч кунлик саёҳатимиз давомида фаластинликлар 7 октябрда Ғазода уруш бошланганидан бери яҳудий келгиндилар янада яхшироқ қуролланган ва тажовузкорроқ бўлиб қолганини қайта-қайта таъкидлашди.
Зўравон ҳужумлар, жумладан, Ғарбий соҳилда қуролли яҳудий келгиндиларнинг фаластинликларни отиб ўлдиришлари ҳолатлари кескин кўпайди. Ҳужумлар шунчалик кўпки, Исроилнинг энг яқин иттифоқчилари, жумладан, АҚШ ва Британия экстремист яҳудий келгиндилар зўравонликларини қоралаб, жиноятлар учун жавобгарликка тортишни талаб қилаяптилар.
Амалда, бу келгиндилар камдан-кам ҳолларда судга тортилади ва тортилса ҳам, енгил жазо олади.
Келгиндилар қуролланган ва Исроил ҳукуматидаги айрим кучли гуруҳлар уларни ҳимоя қилади. Уларнинг тарафдорлари орасида миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ва Ғарбий соҳилдаги хавфсизлик учун ҳам масъул бўлган молия вазири Безалел Смотрич бор.
Смотричнинг келгиндилар учун 100 миллион доллардан кўпроқ пул топгани ҳақида баҳслар бор. Фаластинликлар Ҳамасни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги сўровнома натижаларидан иқтибос келтирган ҳолда, у The Times of Israel газетасига берган интервьюсида "Яҳудия ва Самарияда икки миллион нацист бор, улар биздан худди Ғазодаги Ҳамас-ИШИД нацистлари каби нафратланади" деди. Ғарбий Соҳил Инжилда Яҳудия ва Самария деб аталган.
Яҳудийлар Ерихо, араблар Ариҳо деб атайдиган шаҳар яқинидаги Яҳудия саҳросида яшайдиган бадавийлар оиласидан бўлган ёш фаластинлик Мунтассар Мҳилат томонидан суратга олинган видеода келгиндиларнинг ҳужумлари тасвирланган.
Уларнинг уйига 20 га яқин тажовузкор, қуролланган яҳудийлар бостириб кирганлар. Мунтассар улар бақириб, қурол ўқталаётганини видеога олган.
"У амакимга қарата ўқ узаётган эди, мен у ерга югуриб бордим ва унга рўпара келдим. Биз бир-биримизни туртиб, юзма-юз бақирдик. Мен уни видеога олдим. Кейин 20 га яқин келгинди келди".
Видеода бир яҳудий М-16 автоматини ўқлаб, уни оилага қаратганини кўриш мумкин. Бир ойлик боласини кўтариб олган аёллардан бири Умму Умар "тамом, ўлдик", деб ўйлади.
"Улар уйимизга ҳужум қилишди, қўйларимизни ўғирлашди, болаларимни қурол билан қўрқитишди, менга таҳдид қилишди. Кейин мени ва қайинсинглимни уришди. Бизни ўлдиришади, деб ўйладим".
Ҳеч ким ҳалок бўлмади. Келгиндилар бизни эчки ўғирлаганликда айбладилар, дейди оила. Қурол ўқталаётган эркак полиция кийимида эди.
Умумий шикоят шуки, келгиндилар 7 октябрдан бери захирадаги аскар сифатида хавфсизлик кучларига чақирилган ва ҳукумат томонидан берилган қуролларни ножоиз қўллаяптилар.
Фаластин оиласи ҳужумчиларнинг бир қисмини таниди, чунки улар бир ярим километрча узоқликда жойлашган ноқонуний манзилгоҳдан келган. Фаластинликлар келгиндиларнинг яна қайтиб келишларидан хавотирда яшаяптилар.
Фаластинликларга нисбатан тазйиқлар иқтисодий ва психологик ҳамдир.
Ал-Халил шаҳри жанубида фаластинлик фермерлар эшак билан ер ҳайдаяптилар, чунки маҳаллий яҳудий келгиндилар трактордан фойдаланишса, уларни ўғирлаш ёки йўқ қилиш билан таҳдид қилганлар.
Ғарбий соҳилнинг деярли нариги чеккасида, Наблус яқинидаги Бурин қишлоғида фермер Аҳмад Тиравий водий бўйлаб ўзининг зайтун дарахтларига қарайди, маҳаллий келгиндилар унга ҳосилни йиғишни тақиқлаб қўйгани учун ҳосили чирий бошлаган.
"Агар мен зайтунни йиғиштириб олиш учун тоғ ёнбағрига борсам, ҳаётим қил устида қолади. Келгиндилар маҳаллий деҳқонларга ҳужум қилишади - битта ўқ ва тамом."
Зайтун фасли ҳар доим стрессли вақт, лекин бу сафар у "даҳшат"га айланди, дейди у.
"Менинг ҳис-туйғуларим ғазабдан кўра кўпроқ. Ўзимни камситилгандек ҳис қиляпман. Мен ўзимни битта келгиндидан ҳимоя қилолмайман. Бунчалик ёлғиз қолиш ва ўзингизни ҳимоя қила олмаслик - хўрлик бу. Ягона ечим - халқаро ҳуқуқ, икки давлатни яратиш ва халқни Исроил босқинидан ҳимоя қилишдир".
Мен Наблус яқинидаги Хават Гилад манзилгоҳида келгинди яҳудийлар оқсоқоли Яҳуда Саймон билан суҳбатлашиш учун бордим. У фаластинликларга ҳужум қилишда айбланган келгиндиларни ҳимоя қилган адвокат. Мен у яшаган ҳудуддаги фаластинлик деҳқонларга зайтун йиғиштириб олишга рухсат берилмаганини айтганимда маъқуллаб бош ирғаб қўйди.
"Армия зайтун териш учун келган фаластинликлар 7 октябрдаги каби ҳужум уюштириш учун маълумот йиққанлар деган хулосага келди".
У кўчманчиларнинг фаластинликларга ҳужумлари ҳақидаги ҳужжатлаштирилган хабарларни рад этди.
"Мен фаластинликларни ўлдирадиган одамлар ҳақида эшитмаганман. Яхши. Ўз айвонида ўтирган фаластинликни келгиндилар келиб ўлдирганини ҳеч қачон эшитмаганман. Мен инглизлар, АҚШ ва бутун дунё Исроилнинг дўстлари эканига ишонмайман... Ҳаттоки Жо Байден ҳам яҳудий халқига қарши. У яҳудийларни ёқтирмайди".
Арабларга келсак: "Улар бу ерда биз билан қолишлари мумкин эди, лекин бошида бизни ўлдиришга ҳаракат қилишмаганда".
Бир асрдан ортиқ вақтдан бери араблар ва яҳудийлар шу кичик ер учун курашиб келадилар. Ғазо секторидаги уруш Ғарбий соҳилда зўравонликлар кучайишига олиб келди. Унинг қандай тугаши кейинги авлод бу чексиз можародан қандай қутула олишига таъсир қилади.
Уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган оилаларни кўриш фаластинликлар учун 1948 йилдаги хотираларни эслатади. Исроил ўз мустақиллиги учун курашда ғалаба қозонганда, 700 000 дан ортиқ фаластинлик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлганди. Янги давлат уларнинг мулкини олган ва ҳеч қачон уйларига қайтишларига изн бермаган. Фаластинликлар 1948 йилги воқеаларни Нақба ёки фалокат деб аташади.
Келгиндиларнинг зўравонликлари ва уйлар тортиб олиниши фаластинликлар учун энг даҳшатли қўрқув рўёбга чиқаётганини кўрсатади: Исроил ҳукуматидаги кучлар ва келгиндилар уларнинг кетишини истайди ва бунга эришиш учун Ғазо уруши баҳона бўлмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002