Янгиликлар: Исроил уруш тугаши борасида муддат белгилаганми? Танклар Хон Юнус марказига кирмоқда - Видео Isroil Hamas Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 9 дақ

Ғазо секторидаги уруш қачон тугайди, деган савол Исроилдаги ОАВ диққат марказида бўлиб турибди. Исроил танклари сектор жанубидаги Хон Юнус шаҳри марказига кириб келмоқда.

Таҳлил: Исроил уруш қачон тугаши борасида муддат белгиламаган

Йоланда Нелл

Би-би-сининг Яқин Шарқдаги мухбири

Ғазодаги ҳарбий амалиётларнинг эҳтимолий тугаш муддати Исроилддаги ОАВнинг диққат марказида бўлиб турибди. Ўт очишни тўхтатиш борасида Исроилга халқаро ҳамжамиятнинг босими ортаркан, Исроил ҳукумати Ғазода ҳарбий амалиёт ўтказиш вақтинчалик доирасини кенгайтираётганга ўхшайди.

Исроилнинг яқин ҳамкори АҚШ Исроил ўз мақсадларига эришиш учун бирор муддат белгиламаган, дейди Исроил миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Цачи Ханегби Channel 12 телеканалига.

"Тўғри, ҳафталар билан баҳо бериб бўлмайди, балки уни ойлар билан ўлчаш мумкинлигига аминман", деган у.

Исроил ОАВги таҳлилчилар Ғазо ичида бир неча армия дивизиялари иштирок этаётган жорий ҳарбий ҳаракатларни урушнинг иккинчи босқичи сифатида тафсифлашмоқда.

Уларнинг тахмин қилишича, ҳарбий раҳбарият ушбу босқични январ ойининг охирига қадар якунлашни истайди.

Бироқ АҚШ ушбу босқич аста-секин янги йилгача якунлашини кераклигини уқтирмоқда, деб айтилади. Бундан ташқари Исроил жамоатчилик фикри Ғазода тутқунда ушлаб турилганларнинг оилалари томонидан уларни қутқариш учун янги битим имзолаш учун янграётган ҳиссиётли чақириқларга ўта сезгир.

Экспертларнинг айтишича, урушнинг учинчи босқичида Исроил ҳарбийлари вақтинча, Ғазо секторидаги буфер ҳудудларга жойлаштирилади.

Тўртинчи ва охирги босқичда Ғазога Ҳамаснинг ўрнига янги бошқарув келиши кутилади.

Танклар секинлик билан Хон Юнус марказига кирмоқда

Рушди Абу Алуф

Истанбулдан хабар беради

Исроил ўтган ҳафтанинг охирида 4 та муҳим қишлоқни эгаллагандан сўнг унинг танклари шарқдан Ғазо секторидаги иккинчи йирик шаҳар Хон Юнусга юра бошлади.

Танклар жуда секинлик билан ҳаракатланиб, Хон Юнуснинг шарқий қисмимга етиб келди. Кўп биноалар, дўконлар ва кўплаб одамлар бўлгани боис ҳудуд ўта мураккаб.

Хон Юнусда ҳамон юз минглаб одамлар қолмоқда.

Исроил армияси бу тонгда Хон Юнусдаги одамларни ғарбдаги ал-Мавасий минтақаси томон чиқишни сўраб варақалар ташлади. Аммо ушбу кичик жойда шарт-шароит йўқ.

Хон Юнусдаги касалхона раҳбари менга ходимлари бу ерга келаётган яраланганларни қабул қилишда қийналаётганини айтди.

У касалхонада жуда ҳам оз дори-дармон қолганини улар озиқ-овқат, сув, ва ёнилғи етишмовчилигидан азият чекаётганини таъкидлади.

9 декабр хабарлари

Сўнгги тафсилотлар.

Алоқадор мавзулар:

АҚШ оҳанги кучайди

АҚШ Давлат котиби Исроилни урушнинг жорий палласидаги хатти-ҳаракатлари учун кескин танқид қилди.

Бу каби танқид Америка Қўшма Штатлари томонидан шу пайтгача кузатилмагани билан ўзига эътибор тортди.

Иоланда Нелл

Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири, Қуддуси Шариф

Ўтган ҳафта Ғазо жанубига ҳужумини бошлашидан аввал АҚШ Исроилни огоҳлантирди.

Исроилга инсоний талафотлар олдини олиши шарт эканини айтди.

Америка томонига кўра, Ҳамасга қарши Ғазо шимолидаги амалиётларда жуда кўп фаластинлик ҳалок бўлган.

АҚШ Давлат котибининг Исроилга қарши энг қаттиқ танқиди ўтган тун Британия Ташқи ишлар вазири лорд Кэмерон билан учрашуви ортидан янгради.

Энтони Блинкенга кўра, "Исроил тинч фуқароларни ҳимоя қилишга катта аҳамият бериши зарур".

Исроил тинч аҳолига етказиладиган зарарни камайтириш чораларини кўраётганини таъкидламоқда.

Аммо сўнгги кунларда юзлаб одам ўлдирилди. Ўлим ҳоллари бундан аввал тинч аҳолига бошпана топишлари учун хавфсиз экани айтилган ҳудудларда ҳам юз берди.

Воқеаларнинг бошқа бир ривожи эса, ўта эҳтиёжмандларга янада кўпроқ ёрдам етказилишига кўмак қилиши мумкин.

Исроил Мисрдан Ғазога олиб ўтилаётган товарларни текшириш учун Керем-Шалом чегара ўтиш нуқтасини очишга рози бўлди.

Исроилни бунга Вашингтон ундаб келаётганди, дейди мухбиримиз.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши жума куни йиғилиб, Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақириш масаласини овозга қўймоқчи.

Орада эълон қилинган муваққат оташкесим келишуви етти кун давом этган. Унга биноан, Ҳамас 110 асирни, Исроил эса ўз турмаларидан 240 фаластинликни озод қилган.

Фақат "ич кийим"да?

Ижтимоий тармоқларда Исроил кучлари ҳибсга олган ўнлаб фаластинлик эркаклар фақат ич кийими билан тушган видеолари тарқалган.

Би-би-си айни видеолар ҳақиқийлигини тасдиқлашга муваффақ бўлди.

Видеода бу қарийб яланғоч эркаклар тиз чўкиб ўтиргани ва Исроил аскарлари уларни назорат қилиб тургани аксланади.

Бу эркаклар Байт Лаҳия - Ғазо бўлгасининг чекка шимолида ҳибсга олинган.

Маҳаллий матбуотга кўра, ҳибсга олинганлардан бири ҳурматга сазовор, таниқли журналистдир.

Бошқа тасвирлар ич кийимдаги эркаклар ҳарбий юк машинасида қаергадир олиб кетилаётгани кўринади.

Яна бир тасвирда эса эркакларнинг кўзи боғланган, тиз чўктирилган ҳолда катта қум чуқурликда турганини кўриш мумкин. Аммо Би-би-си ҳозирча бу видеони ҳаққонийлигини тасдиқлай олгани йўқ.

Исроил матбуоти бу эркакларни таслим бўлган Ҳамас жангчилари деб айтмоқда.

Исроил Мудофаа кучлари эса бу тасвирлар борасида изоҳ бермаган.

Аммо Исроил кучлари воизи Даниэл Ҳагари пайшанба куни Мудофаа кучлари "юзлаб террорда гумон этилганларни ушлашгани ва сўроққа тутишганини" айтган.

Ҳамас баёноти

Ҳамаснинг баён қилишича, Исроилни тўхтатган.

Исроилнинг гаровдагилардан бирини озод қилиш уринишини чиппакка чиқарган.

Бу ҳақда Ҳамаснинг қуролли қаноти - "Иззеддин ал-Қасам бригадалари" янги баёнот билан чиққан.

Баёнот мазмунидан маълум бўлишича, Исроил бугун тонгда Ғазода ушлаб турилган тутқунлардан бирини қутқармоқчи бўлган. Аммо Ҳамас Исроил ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлган.

Ҳамас ўзаро жангда гаровдаги исроилликнинг ҳалок бўлганини айтмоқда.

Ҳаракатга кўра, Исроил ҳужум доирасида ҳаводан ҳам зарба берган.

Исроил Ҳамаснинг сўнгги даъволари борасида ҳозирча жим.

Жабалияда ёнғин

Рушдий Абу Алуф

Истанбул

Исроил Ғазо шимолидаги Жабалия қочқинлар жамлоғини бомбардимон қилишда давом этган.

Танклари жамлоқ марказига қараб йўлга тушган.

Ғазо шимоли ҳақида хабар берган журналист Ҳосам Шабат бу ҳақда ижтимоий тармоқларда аудиопайғом қолдирган.

"Бизни Жабалия қочқинлар жамлоғининг Абу Зайтун кўчасидаги 15000 одам жон сақлаб турган бошпанасини ўққа тутаётган танклар қуршаб олган.

Уч соатдан кўпроқ вақт давомида шиддатли бомбардимонлар тўхтамади ва Тез ёрдам машиналари у ерга етиб бора олмади. Ғазо шимолидаги барча касалхоналар ишдан чиққан.

Жамлоқдаги кўплаб биноларда ёнғин келиб чиққан. Бу уйларини ташлаб, БМТга қарашли мактабларда жон сақлаб турган минглаб одамларни даҳшатга солмай қўймаган", - дейилади унинг аудиопайғомида.

Ғазода нархлар сакради

Ғазода озиқ-овқат нархлари осмонга сапчиган.

Бу бўлгадаги кўпчиликни оч қолдириши мумкин.

Чунки озиқ-овқат сотиб олишга катта сондаги одамнинг қурби етмай қолган.

Сабзавот ва асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошаркан, баъзи маҳсулотлар ўн баравар ёки ундан кўпроқ қимматлаган.

Ғазо марказида жойлашган Дейр ал-Балаҳ бозоридаги бир кишининг айтишича, бир қоп унни $135 долларга олган.

6 декабр тафсилотлари - "Ҳамма нарса титраяпти": Ғазо жанубидаги муҳим шаҳарда оғир жанглар

Исроил Ғазо бўлгаси бўйлаб, айниқса Хон Юнус ва бошқа ҳудудларда қуруқликдан амалиётларини кучайтирган кўринади. Исроил ҳарбий техника ортилган 200 чи самолётни қабул қилиб олди.

Сўнгги хабарлар:

  • Исроил ҳарбийлари Ғазо жанубидаги Хон Юнус бўйлаб илгарилашда давом этмоқда. Бу ерда Ҳамаснинг айрим етакчилари яширинаётгани айтилади. Жабалия қочқинлар жамлоғи ва Ғазо шимолидаги Шежаияда ҳам жанглар жавом этмоқда.
  • БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агенлиги раҳбарининг айтишича, Ғазо шимолидаги 600 мингдан ортиқ одам эвакуация қилиниш буйруғи остида қолган. Уларнинг қарийб ярми аллақачон уйларини ташлаб чиқишга мажбурланган. Филип Лаззарини жамлоқлар тўлиб қолгани боис одамларнинг борадиган жойи қолмаганидан огоҳлантирган.
  • Исроил тинч аҳолини Миср билан чегарадош Рафаҳга ёки ва Ўртаер денгизи қирғоғидаги бир бўлак ер ал-Мавасига кўчишни сўраган. ЮНИСЕФ матбуот котиби Жеймс Элдер Би-би-сига айтишича, Исроил томонидан "гуманитар ҳудуд" дейилган ал-Маваси "сув ва бошпанаси бўлмаган бир парча ер".
  • Ҳамас бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг айтишича, сўнгги 24 соатда Ғазо марказида 73 одам ўлдирилган, 100 дан ортиқ яраланганлар ал-Афса касалхонасига олиб келинган.
  • Исроил армияси матбуот котиби Даниэл Ҳагари Ғазода ҳамон 138 тутқун ушлаб турилганини тасдиқлади ва халқаро ҳамжамиятни уларни қутқариш учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирди.

Хон Юнусдаги журналист: Ҳамма нарса титраяпти

Исроил танклари Хон Юнус ичига киришга ҳаракат қиларкан, Би-би-си Хон Юнус ғарбида турган фаластинлик журналист Ғада билан гаплашди.

"Вазият ўта даҳшатли… Ҳар дақиқада ҳаводан зарба беришяпти ва танкдан ўт очишяпти… Ҳамма нарса титраяпти. Исроил бу ер ҳозирча хавфсиз жой эканлигини айтди, аммо хавфсиз эмас. Биз ҳаракатлана олмаяпмиз… Одамлар Рафаҳга қочишга уриняпти", дейди Ғада.

"Бир неча кундан бери электр энергияси йўқ. Бугун телефонимни қувватлантириш учун касалхонага келдим", дейди у ва шаҳарда сув ифлослангани ва бу одамларни касалликларга дучор қилаётганини қўшимча қилди.

Исроил одамларга бўлганинг шимолини тарк этишни сўраганидан сўнг, юз минглаб одамлар Ғазо шимолидаги жанглардан қочиб Хон Юнусдан бошпана топганди.

Исроилга 200 чи ҳарбий юк ортилган самолёт келди

Исроил Мудофаа вазирлигининг айтишича, улар Исроил Мудофаа кучлари учун ҳарбий жиҳозлар олиб келган 200 чи самолётни қабул қилиб олган.

Вазирлик томонидан чиқарилган пресс-релизда уруш бошланган бери Исроилга 10 минг тоннадан ортиқ ҳарбий жиҳозлар етказиб берилган. Уларнинг ичида зирҳли техника, қуроллар, шахсий ҳимоя жиҳозлари, тиббий буюмлар ва ўқ-дорилар бор.

Хабарда айтилишича, жиҳозларни олиш ишлари АҚШ харидлар бўйича миссияси томонидан олиб борилмоқда.

АҚШ Исроилнинг энг йирик ҳарбий қўллаб қувватловчи ҳисобланади ва ҳар йили ўртача 3.8 миллард долларлик мудофаа ёрдами етказиб беради.

5 декабр хабарлари: Ғазода қурбон бўлган инсонларнинг сони 15900 га етди

Ғазодаги Ҳамас бошқарувидаги тиббиёт расмийлари хабар қилишларича, Исроил бўлгага ҳужумларини бошлаганидан буён ҳалок бўлган инсонларнинг сони 15900 га етди.

Бугун Хон Юнус шифохонасига ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган 45 инсоннинг жасади олиб борилди.

Исроил бутун Ғазо бўйлаб қуруқлик амалиётларини олиб бораётганини айтмоқда.

Шимолдаги Жабалия қочқинлар жамлоғини "тўла ўраб олдик, жамлоқ Ҳамаснинг ҳарбий базаси бўлган" дейди Исроил.

Ғазо жанубидаги Хон Юнус атрофида йирик ҳарбий амалиёти бошланади, демоқда Исроил Мудофаа кучлари.

Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиётининг "оғир, кейинги босқичи" бошланаётгани ҳақида айтмоқда.

Хон Юнус атрофида тинч аҳолини хавфсиз зонага ўтиш ҳақида огоҳлантиришлар ёзилган варақалар самолётлардан тарқатилган.

Варақаларда хавфсиз жой жойлашуви ҳақида QR-код берилган, бироқ электр ва мобил алоқа сигналлари муаммолари боис одамлар QR-коддаги маълумотдан фойдаланолмасликлари мумкин.

Хон Юнусдан ғарбда денгиз соҳилида хавфсиз зона деб кўрсатилган Ал-Мавсий 10 минг одамга мўлжалланган.

Бироқ Исроил аҳолини шимолдан жанубга кўчишни буюрган октябр ойидан буён бу жамлоққа одамлар доим кўчиб келаяптилар, ҳозир у ерда камида 100 минг одам тўпланган деб кўрилади.

Одам кўп, сув, егулик йўқ.

Одамлар орасида турли касалликлар тарқалмоқда.

"Ғазода хавфсиз жойнинг ўзи қолмади", дейишади инсонлар.

Матбуотда Исроил Ўрта Ер денгизидан сувни насосларда тортиб ерости туннелларини сувга тўлдириши мумкинлиги ҳақидаги мақола чиқди.

Исроил Мудофаа вазирлиги сўзчиси бу борада шарҳ бермади.

Лекин, мухбирларга кўра, Исроил гаровдаги инсонлар озод қилинмагунча, туннелларни сувга бостиришга қарор қилмайди.

4 декабр. Исроил бутун Ғазо бўйлаб ҳужум бошлади, бўлгада хавфсиз жой қолмагани айтилмоқда

Исроил ҳарбийлари бутун Ғазо бўйлаб ҳужум бошлади. Асосий мақсад Хон Юнусда қуруқликдан ҳужум бошлаш эканлиги айтилмоқда. Халқаро ташкилотлар ва ғазоликлар секторда хавфсиз жой қолмаганини таъкидлашмоқда.

  • Ғазодаги урушнинг 59-куни - сўнгги янгиликлар
  • Исроил кучлари Ғазо жанубига қараб юрмоқда
  • Исроил Мудофаа кучлари харитада тинч аҳоли эвакуация қилиниши керак бўлган янги жойларни кўрсатди
  • Одамлар тўлиб тошган Ғазо жанубидаги касалхона жароҳатланганлар билан тўлганини айтди. Тасвирларда яраланганлар йўлакларда ётгани кўринган.
  • Ғазодаги тутқунлар билан биргалиги тахмин қилинган исроиллик эркакнинг ўлгани айтилди.
  • Исроил Мудоаа кучлари Ҳамас баталон қўмондонини ўлдирганини ва 3 исроиллик аскар ҳалок бўлганини айтди.
  • Исроилнинг Ғарбий Соҳилга уюштирган рейди давомида 2 киши ўлдирилди, 30 дан ортиқ фаластинлик ҳибсга олинди.

Хон Юнус — Исроил амалиётларининг марказида

Йоланда Нелл

Би-би-си мухбири, Қуддус

Исроил ҳарбийлари ўз кучлари бутун Ғазо сектори бўйлаб Ҳамас жангарилари билан тўқнашаётганини айтмоқда. Ҳарбий таҳлилчилар минтақа жанубидаги сўнгги ҳодисаларни ушбу ҳудудда кенг кўламли қуруқлик амалиётига тайёргарлик сифатида кўрмоқда.

Kan телерадиокомпаниянинг таъкидлашича, Исроилнинг кўплаб ҳаво зарбалари Хон Юнусга берилмоқда. Бу ерда Ҳамаснинг Ғазодаги раҳбари Яҳё Синвар ва ҳарбий қанот етакчиси Муҳаммад Дейф каби ташкилот раҳбарияти яшириняпти, деб ишонилади.

Yedioth Ahronoth газетасининг хабар беришича, Хон Юнусдаги жанглар "жуда оғир" бўлишини айтиб, у ердаги вазият икки омилга кўра мураккаблашишини қўшимча қилган.

Биринчидан, у ерда шимолдаги жанглардан қочган, юз минглаб фаластинлик қочқинлар бошпана топган. Иккинчидан, у ерда айрим исроиллик тутқунлар сақланаётгани айтилади.

Ғазода Исроил армиясининг 3 ҳарбийси ўлдирилди

Исроил Мудофаа кучларининг хабар беришича, бир кун олдин Ғазодаги жангларда 3 исроиллик ҳарбий ҳалок бўлган.

Исроил армияси чоп қилган баёнотда, 22 яшар генерал-майор, 19 яшар сержант ва 36 яшар қўмондон ўлганини тасдиқлади.

Уруш бошланган бери Ғазода ҳалок бўлган ҳарбийларнинг сони 75 нафарга етди.

ЮНИСЕФ: Ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қилмаяпти, ҳар 10 дақиқада бомба тушаяпти

БМТнинг болалар жамғармаси матбуот котиби Жеймс Элдер, Исроилнинг Ғазо жанубидаги ҳарбий амалиёти оқибатлари борасида жиддий хавотир борлигини айтди.

"Шимолда содир бўлганлар - даҳшатлиги ва уларнинг бошига тушганлар жанубдагилар билан ҳам қайталанмаслиги ҳақида энг юқори даражада огоҳлантирилди. Айнан мана шу нарса содир бўляпти", деган Элдер.

Унга кўра, ҳар 10 дақиқада бомба тушяпти.

Ғазо жанубидаги аҳолининг ҳаётига таҳдид устига чарчоқ ҳам қўшилди.

"Одамлар 3 ёки 4 марта бомбалар остида қочганидан сўнг чарчашди, кучдан қолишди. Кучини болалари учун сақлашмоқчи - уларнинг борадиган ери йўқ", дейди Жеймс Элдер.

"Бир бола ортидан бошқасини замбилда олиб келишаётганда, урушда даҳшатли яраланган ота-оналар соат сайин замбилларга қараб қичқираётганини кўраман. Уларга касалхоналар хавфсиз эмас, уларга бошпаналар хавфсиз эмас. Ўзимни хавфсиз жойдаман деб ҳис қилмайман, ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қилмайди", дейди у.

Бизга бу ерни хавфсиз дейишганди - Ғазолик

Ғазо жанубидаги Рафаҳда яшовчи Салоҳ ал-Аржа Reuters агентлигига айтишича, одамлар ухлаётган вақти унинг уйи вайрон қилинган. Гарчи улар ўзларини хавфсиз жойдамиз деб ҳисоблашганди.

Унинг айтишича, Исроил ҳарбийлари унинг мавзесини якшанба куни соат 22:20 бомбардировка қилган. Натижада у вайрон бўлган.

"Хеч қаер хавфсиз эмас, на Рафаҳ, на Хон Юнус, на Ғазо ва на Диер. Уларнинг ҳаммаси ёлғончи, улар бу ерларни xавфсиз ҳудуд дейишганди, қочишимизга қўйиб беришганди, улар Хон Юнус ва Ғазодан эвакуация қилишди, шунга қарамасдан аҳоли зич жойлашган ҳудудларни бомбалашяпти", дейди у.

"Улар сизга бу ер хавфсиз ҳудуд дейишади, аммо Ғазо бўлгасида хавфсиз жойнинг ўзи йўқ. Буларнинг ҳаммаси ёлғон ва манипуляция", деган у Reuters агентлигига.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002