Янгиликлар. Ўзбекистон ва Дунё: Эрта никоҳларга ‘эртагаёқ’ барҳам бериш мумкинми? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Obama, Kluni va Geyts

Сурат манбаси, THE OBAMA FOUNDATION

    • Author, Мегҳа Моҳан, Юсеф Элдин ва Эмма Эйлс
    • Role, ББС 100 аёл

Обама, Клуни ва Гейтс: 'Бир авлод умридаёқ болалар никоҳига барҳам беришимиз мумкин'

Алоқадор мавзулар:

Ким нима қилмоқчи?

Дунёнинг уч нуфузли аёли BBC News'га бир авлод умрича даврда болалар никоҳига барҳам беришни исташларини айтди.

Мишель Обама, Амал Клуни ва Мелинда Гейтс ўтган йили ушбу муаммога қарши курашиш учун уларнинг фондлари ҳамкорлик қилажагини эълон қилишган эди.

БМТ огоҳлантиришича, ҳозирги ўзгаришлар суръатида бу муаммога уч асрда барҳам бериш мумкин.

АҚШнинг собиқ биринчи хоними Мишель Обама BBC News'га "бу эртагаёқ ҳал қилса бўладиган муаммо", деб айтди.

Улар Жанубий Африка ва Малавига ташрифлари асносида "Би-би-си 100 аёл" лойиҳаси учун эксклюзив интервью беришди.

"Кечиринг, жуда ҳиссиётга берилдим", дейди 26 ёшли Люси, кўз ёшларини тийишга уриниб.

Люси Малави марказий вилоятларидан биридаги Лудзи Қизлар ўрта мактаби кутубхонасида ўтирарди. У қизларнинг мактабда ўқиши аҳамияти ҳақида гапириб, ўзи ҳам ўзидан ёши анча катта одамга мажбуран никоҳлатилишдан омон қолганлардан бири эканини айтади.

Столнинг нариги тарафида дунёнинг уч нуфузли аёли - Мелинда Гейтс, Амал Клуни ва Мишель Обама унинг ҳикоясини тинглаб ўтирарди.

"Қизлар келин эмас" нодавлат ташкилотига кўра, Малави Шарқий ва Жанубий Африкадаги болалар никоҳи энг кўп учрайдиган давлатдир. Бу ерда 18 ёшгача бўлган қизларнинг 42 фоизи аллақачон турмуш қуради. Лудзи Қизлар мактаби жойлашган Мхинжи туманида 33 фоиз қиз 18 ёшга етмай ҳомиладор бўлган ва мактабни ташлаган.

Люси ўша қизлардан бири бўлиши мумкин эди. Унинг отаси қизи 14 ёшида мактабни ташлашини истаган. Аммо Люси қаршилик қилган ва университетга ўқишга кирган қишлоғидаги биринчи қиз бўлган. Ҳозир у университет дипломи билан AGE Africa ташкилотининг туман бўлими етакчисидир. Ушбу ташкилот ўрта мактаб пулли бўлган Малавида қурби етмайдиган қизларга стипендия беради. Люси ҳам унинг ёрдамида ўқиган эди, ҳозир эса ўзи каби қизларга ёрдам беряпти.

Mishel Obama

Сурат манбаси, .

Люсининг айтишича, отаси унинг муваффақиятидан унчалик шод бўлмаса ҳам, онаси бундан жуда хурсанд. У бошидан кечирганларни гапирар экан, кўнгли тўлиб, кўзига ёш келади.

АҚШнинг собиқ биринчи хоними Люсининг чап тарафида ўтирарди. "Менинг гапимни отангга етказа оласанми? Келаси сафар уни кўрганингда унга Мишель ва Барак Обама менинг шундай аёл бўлганимдан фахрланар экан деб айт".

Люси унга қараб жилмайди. Люсининг ўнг тарафида эса инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро даражадаги адвокат Клуни хоним ўтирган эди. "Унга яна менинг адвокатим ҳам бор деб айт", деди у ҳам Люсига.

Ўтган йили болалар никоҳига қарши курашга бел боғлаганликларини эълон қилгач, Мишель Обама, Амал Клуни ва Мелинда Гейтс ушбу масала билан шуғулланувчи бошланғич ташкилотлар ишини қўллаб-қувватлаш, жабрланган аёллар билан кўришиш учун Малави ва Жанубий Африкага боришди.

Обама хонимнинг таълимга йўналган Girls Opportunity Alliance ташкилоти дунё бўйлаб ёш қизлар ҳомиладорлик ва ўсмир ёшдаги никоҳлар сабабли ўқишни ташлаши жиддий муаммо эканини ўрганган. Клуни хоним эса қишлоқ жойлардаги қизлар ўз ҳуқуқларини билишлари учун ҳаракат қилмоқда. Гейтс хонимнинг лойиҳалари эрта ҳомиладорлик сабабли азият чекаётган қизлар соғлиғини яхшилаш чораларига қаратилган.

Уларнинг бари аёл ва қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаттиқ киришган.

"Бу учовимизнинг жуда ёқимли ва органик ҳамкорлигимиз ва дўстлигимиздир", дейди Клуни хоним "Би-би-си 100 аёл" лойиҳасига.

"Гейтс жамғармаси билан бўлган биринчи суҳбатларимдан бирида айтдим: "Сиз гендер адолатни таъминлаш устида катта ишлар қиляпсиз, лекин қонундан умуман восита сифатида фойдаланмаяпсиз. Иқтисодга қарайсиз ва соғлиққа қарайсиз. Балки ҳамкорлик қилармиз?"

Melinda Geyts

Сурат манбаси, .

Малавига бешинчи ташрифи эканлигини айтганида, Лудзи мактаби қизлари қарсаклар билан олқишлаган Гейтс хоним биргаликда ишлаш стратегик қарор эканлигини ва бир-бирига мос келадиган тажрибалари ишни янада самарали қилишини айтди.

"Менимча, аёллар жамоавий ишлашни яхши кўради, - дейди у Би-би-сига. - Мен ўзимдан катта бўлган, ўз компанияларининг бош директори ёки молиявий директори бўлган кўплаб аёллар билан суҳбатлашганман. Улар бошқа аёллар билан ҳамкорлик қилмаганликларидан афсусланишади. Улар бошқа аёлларни ўзлари билан биргаликда юқорига кўтаришмаган. Биз мансуб бўлган авлод - Мишель ва мен бир хил ёшдамиз ва бошқаларни ҳам ўзимизга эргаштирмоқчимиз."

ЮНИСEФ маълумотига кўра, бугунги кунда 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиққан 650 миллион қиз ва аёл бор, дунё бўйлаб ҳар йили 12 миллиондан ортиқ қизлар эса қонуний ва анъанавий маросимларда турмушга чиқмоқда. Болалар никоҳи бўйича кўрсаткич Жанубий Осиё ва Қора Африкада энг юқоридир, аммо бу фақат глобал жанубдаги муаммо эмас. АҚШнинг бешта штатида минимал ёш белгиланмаган.

Баъзи мамлакатларда, масалан, Малавида 18 ёшгача бўлган никоҳларни тақиқловчи илғор қонунлар мавжуд, аммо улар кўпинча маданий тўсиқлар боис амал қилмайди. Душанба куни, уч фаолнинг ташрифидан сўнг, Президент Лазарус Чаквера болалар никоҳини тугатиш миллий стратегиясини қўшимча молиялаштиражагини эълон қилди. Ҳозиргача бу борада жиноят ишлари жуда кам қўзғатилган.

Клуни хоним фаоллик бу саволга жавоб деб ҳисоблайди. Унинг "Аёллар учун адолат" дастури Малави аёл юристлар уюшмасини молиялаштиради. Уюшма ёрдамга муҳтож аёлларни топиш учун мутахассисларни қишлоқ жамоаларига олиб боради. Малави аҳолисининг 85% дан ортиғи оқсоқоллар бошқарадиган, йўллар ва электр энергиясидан узоқда, кулбаларда яшовчи жамоалардан иборат.

"Биз юридик ёрдам кўрсатиш бўйича кўчма клиникалар тармоғини туздик, яъни адвокатлар бўлган фургон чекка ҳудудларга боради, қизларга: "Бу сизнинг ҳуқуқларингиз. Агар сизга адвокат керак бўлса, бу бепул. Биз сизни ҳимоя қилиш учун келдик", дейишади.

"Биз адолат учун курашамиз, ҳа "курашамиз", деймиз, чунки бу ўзидан ўзи бўлмайди, - дейди Клуни хоним. - Сиз иттифоқчилар топишингиз ва урушда ғалаба қозониш учун зарур бўлган қатъият билан бундай адолатсизликка қарши курашишингиз керак."

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Би-би-си Мхинжи туманидаги қишлоқлардан биридаги вақтинчалик чодирга жойлашган юридик клиникага борди - 1000 дан ортиқ одам, асосан аёллар мурожаат қилди. Улардан баъзилари ҳомиладор ўсмирлар бўлиб, туққандан кейин мактабга бора олиши учун нима қилиши мумкинлигини сўрашди.

"Мен ўзимни биз ҳимоя қилаётган қизларда кўраман, - деди Обама Би-би-сига. - Мен бу қизларда қизларимни кўраман."

Бироқ, бу муаммонинг ҳеч бўлмаганда қисқа муддатда ечими йўқлиги ҳақида хавотирлар бор. ЮНИСEФнинг шу йил бошида эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, ҳозирда ёш никоҳлар барча никоҳларнинг 19 фоизини ташкил этади, 10 йил илгариги 23 фоиздан камроқ. Аммо бола никоҳини тугатиш тахминан 300 йил давом этиши мумкинлигини қўшимча қилади ташкилот.

"Бу шошилинч масала, - дейди Обама хоним. - Биз буни эътиборсиз қолдира олмаймиз ва биз аҳолимизнинг ярми ҳуқуқини таъминламасдан туриб бошқа барча муҳим масалаларда - қашшоқлик, иқлим ўзгариши, уруш ва бошқа ҳамма нарсада муваффақиятга эриша оламиз деб ўйламаймиз.

Бу эртага ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммо. Агар барча дунё етакчилари йиғилиб, буни устувор вазифа қилиб кўтарса, бу 300 йилни талаб қилмайди. Бу бир авлоддан камроқ вақт ичида содир бўлиши мумкин."

Мишель Обама, Амал Клуни ва Мелинда Гейтс Малавига ташриф буюришга қарор қилишди, чунки уларнинг дастурлари аллақачон ушбу мамлакатдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлай бошлаган. Уларнинг узоқ муддатли ҳамкорлиги қандай бўлиши ҳали шаклланиш бошқичида, аммо ҳозирча улар мамлакатдаги жамоалар билан ишлаётган ташкилотларни қўллаб-қувватлашларини айтишмоқда.

"БМТ Хавфсизлик Кенгаши каби бу ишни қилиши керак бўлган йирик халқаро ташкилотлар, шунингдек, қудратли ҳукуматлар ўзлари айтарли бир нимани эплашолмаяпти, дейди Клуни хоним. - Шундай экан, менимча, бунда хайрия ва алоҳида шахслар каттароқ роль ўйнаши керак."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002