You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар: Путиндан қўрққуликми, рубль қулаяпти, Россияда ёмон, Украина ва Ўзбекистонда яхши бўладими ва блогерлар нимадан хавотирда? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar
Нималар бўлмоқда?
Алоқадор мавзулар
- Энди Арманистон Путинни ҳибсга оладими, Мирзиёев АҚШ ва Германиядан сўнг Россияга боради, Рамзан Қодиров қизига янги мансаб берди
- Янгиликлар: kompromatuzb иши бўйича ҳукм, АҚШ қўмондони Тошкентда - Россия ҳозирча жим ва Рамзан Қодиров нега сарлавҳаларга чиқди
- Янгиликлар: Мирзиёев ҳудудий яхлитликни урғулади, украиналиклар ҳудуди учун ўлишга ҳам розими, Путиннинг ‘Қиёмат' генералига нима бўлди ва Тожикистон Россиядан қўрқмадими?
- Янгиликлар: Ўзбекистонда тармоқлар жунбушга келди, ҳаммасига Толибон сабабчими, Қозоғистон Россиянинг кейинги нишонига айланди ва Қирғизистон Москвага кескин кетди...
Путиндан қўрққуликми?
Президент Володимир Зеленский Украина можаросини "музлатиб қўйиш"га бўлган ҳар қандай уриниш оқибатларидан огоҳлантирди.
Украина президентининг айтишича, Россия ҳозир бу яқин йиллар учун турли сценарийларни кўриб чиқмоқда ва улардан бири айниқса хавфлидир.
Унга кўра, Украинага қарши бу тажовузда қандайдир танаффус - янги таҳдидий вазиятни пайдо қилади.
"Агар Россияга ҳозир мослашишга имкон берилса, 2028 йилга бориб Кремль биз йўқ қилган ҳарбий салоҳиятини тиклай олади ва Россия экспансияси диққат марказида бўлган мамлакатларга ҳужум қилиш учун етарли кучга эга бўлади. Украинадан ташқари, булар, албатта, Болтиқбўйи давлатлари ва айнан Россия контингентлари бўлган мамлакатлардир. Бу бизнинг разведкамиздан аниқ маълумот. Биз бу ҳақда сизга сигнал бераяпмиз", - деб айтган Володимир Зеленский.
Унинг бу сўзлари кеча, 5 октябрь куни Европа сиёсий ҳамжамиятининг Испаниянинг Гранада шаҳрида бўлиб ўтган саммити чоғида янгради.
Украина президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг ўтган ой бўлиб ўтган сўнгги сессиясида ҳам худди шунга ўхшаш мазмундаги огоҳлик билан чиққан.
Володимир Зеленский "Россия ҳар ўн йилда янги уруш бошлаши"ни айтаркан, унинг энди "Қозоғистон ва Болтиқбўйи давлатларига таҳдид солаётгани"ни таъкидлаганди.
Украина президентининг сўнгги баёнотларига расмий Москвнинг муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.
Володимир Зеленский кўзда тутган давлатлар пойтахтлари ҳам ҳозирча жим.
Аммо
Худди шу манзарада Россия президенти янги баёнот билан чиққан.
Путиннинг баён қилишича, мамлакати ядровий двигателли қитъалараро қанотли "Бурвестник" ракетасининг якуний синовини "муваффақиятли" ўтказган.
Россия президенти бу ҳақда "Валдай" халқаро мунозара клубининг кеча, 5 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи йиғини чоғида маълум қилган.
Бундан ташқари, Путиннинг сўзларига кўра, "Сармат" стратегик ракета тизими ҳам тез орада жанговар навбатчилик ҳолатига ўтказилади.
Россия дунёнинг энг катта ядровий арсеналга эга давлати бўлади.
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра эса, Россия Давлат Думаси шу яқин орада ядровий синовларни тақиқлаш тўғрисидаги ратификацияни бекор қилиш масаласини ҳам кўриб чиқади.
Путин "Валдай"да, шу билан бирга, "Украина инқирози ҳудудий можаро эмаслиги"ни ҳам таъкидлаган.
Россия президентига кўра, "мамлакати дунёдаги энг катта давлат, энг катта ҳудудга эга ва ўзларига қандайдир қўшимча ерларни босиб олишнинг кераги йўқ".
Путиннинг баён қилишича, "гап янги дунё тартиби қандай тамойилларга асосланиши ҳақида кетмоқда".
"Барча ўзини хавфсиз ҳис қилган тақдирдагина, мустаҳкам тинчликка эришилади".
Россия президентининг даъво қилишича, "Украинада уруш, деб аталган нарсани ўзлари бошлашмаган".
Алишер Усмонов яна "нишонда"ми?
Хабарларга кўра, Германия полицияси ва божхона ходимлари пайшанба куни Германия жанубидаги бир нечта мулкни тинтув қилишган.
Масаладан хабардор манба "Рейтер" ахборот агентлигига мулкнинг Россиянинг Украинага босқини сабабли Европа Иттифоқи санкциялари нишонига олинган россиялик фуқарога тегишли эканини айтган.
Мазкур ахборот агентлиги манбасига кўра, сўз миллиардер Алишер Усмонов ҳақида кетмоқда.
"Жаноб Усмоновга нисбатан шубҳаланиш учун ҳеч қандай сабаб бўлиши мумкин эмас. У ҳар доим ўзи томонидан қонуний йўл билан қўлга киритилган шахсий мол-мулки, шунингдек, унга қайси маблағлар билан эришганини ошкор қилган ҳолда, тегишли тартибда декларация қилиб келган", - деб айтган "Рейтер"нинг изоҳ сўраб қилган мурожаатига унинг матбуот котиби.
Матбуот котибига кўра, Алишер Усмонов ўзи асос солган трастнинг соҳиби эмас ҳамда унинг активларини назорат қилиш ёки бошқариш ҳуқуқига эга эмас.
"Шунинг учун ҳам жорий пайтда трастга тегишли мол-мулкка нима бўлаётганини билишининг имкони йўқ".
2022 йилнинг сентябрида немис полицияси Алишер Усмоновнинг Тегернзее соҳилдаги Роттах-Эгерн курорт шаҳарчасидаги вилласини ҳам тинтув қилган.
Кейинчалик суд буни ноқонуний, деб топган.
Германия божхона бошқармасининг махсус комиссияси суднинг тинтув қарори асосида иш олиб бораётганини айтган.
Махсус комиссия тактик сабабларга кўра амалиёт ҳақида қўшимча маълумот бера олмаслигини билдирган.
Ҳаммаси яхши бўладими?
Жаҳон банкининг баҳолашларига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш жорий йилда 5,5 фоизга яқинлашади.
Ўрта муддатли истиқболда аста-секин тезлашиб, 2024 ва 2025 йилларда мос равишда 5,6 ва 5,8 фоизга етиши мумкин.
Жаҳон банки бу йил ва келаётган йил учун Ўзбекистонинг иқтисодий ўсиши бўйича ўзининг прогнозларини яхшилади.
Аммо Россиядан пул ўтказмалари камайиши ҳисобига истеъмол даражаси секинлашиши, қашшоқлик даражаси бироз пасайишига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиёти бўйича Жаҳон банкининг бугун эълон қилинган ҳисоботида таъкидланишича, дунёнинг ушбу қисмидаги бозори шаклланаётган ва иқтисоди ривожланаётган давлатларидаги иқтисодий ўсиш прогнози 2023 йил учун 2,4 фоизгача кўтарилиш томонга қайта кўриб чиқилган.
Янги ҳисобот тафсилотларидан маълум бўлишича, жорий йилда Марказий Осиё давлатларида иқтисодий ўсиш 4,8 фоизгача тезлашиши кутилмоқда.
2024 ва 2025 йилларда эса, инфляция секинлашади, деган эҳтимол асосида йиллик ўртача ўсиш 4,7 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинаётир.
Жаҳон банкининг маълум қилишича, ўсишнинг тезлашиши урушдан зарар кўрган Украина ва Марказий Осиё мамлакатлари учун прогнозларнинг яхшиланишини англатади.
Шунингдек, Туркияда истеъмолчилар талабининг барқарорлиги ва Россияда ҳарбий мақсадлар ва ижтимоий тўловлар учун давлат харажатларининг кескин ошиши билан боғлиқ кутилганидан юқори ўсиш суръатларини акс эттиради.
Россия ва Украинадан ташқари, минтақада ишлаб чиқариш ҳажми кечаётган йилда 3 фоизга ошади.
Жаҳон банки ўтган йил устма-уст хавотирли баёнотлар билан чиққан.
Банк дунёни Украина урушининг кескин оқибатларидан огоҳлантирган.
Ўшанда уруш Шарқий Европа ва Марказий Осиёга коронавирус пандемиясидан ҳам кўра кўпроқ зиён етказиши мумкинлиги айтилганди.
Рубл-чи, яна қулайдими?
Рублнинг курси Путиннинг "Валдай"даги баёнотлари ортидан ҳам пасайишда давом этди.
Россия президенти Украинага қарши уруш фонида ҳам мамлакати иқтисодиёти кўнгилдагидек ривожланаётганини даъво қилганди.
Олинаётган хабарларга кўра, доллар 14 августдан бери илк бор 101 рублга етган, евро курси эса, 16 августдан буён биринчи марта 106 рублдан ошган.
"Интерфакс"нинг ёзишича, ўтган ёздан бери рубль деярли икки баробар қадрсизланган.
Россиялик масъуллар орада рублни мустаҳкамлаш ва инфляцияни пасайтириш учун қатор чораларга қўл уришган.
Шу билан бирга, Кремль россияликларга рубль зонасида яшашни маслаҳат берган, доллар курсига "ҳаддан ташқари эътибор"ни "ўтмишнинг сарқити", деб ҳам атаган.
Шу билан бирга, заиф рубль бюджетни тўлдиришни осонлаштириши ҳам айтилади.
Путиннинг "Валдай"да айтишича эса, бюджет Украинадаги "махсус ҳарбий амалиётни" (Россия президенти урушни шундай, деб атайди) молиялашда ҳеч бир қийинчиликка тўқнаш келаётгани йўқ.
Рубль қадрсизланиши орада Ўзбекистон сўмининг курси ҳам пасайишига сабаб бўлмай қолмаган.
Жумладан, ўтган ой 1 АҚШ долларининг курси 12000 сўмдан юқорига кўтарилиб кетган.
Ўзбекистон Марказий банки ўшанда бунинг сабабини "асосий савдо-ҳамкор давлатлари миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши" билан изоҳлаган.
Россия эса, жорий пайтда Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий шериги бўлади.
Рубль қадрсизланиши Россиядаги сонлари камида икки миллион, деб кўрилувчи ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари даромадининг ҳам пасайишини англатади.
Орада бу даромадларнинг ҳам йил бошидан буён 38 фоизга тушиб кетганига оид хабарлар олинган.
Россия, йилларки, ўзбекистонликлар учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини ўтаб келади.
Сергелида нима портлаган?
Сергелидаги портлашдан ўн кунча ўтиб, ўзбекистонлик айрим блогерлар масъулларни ижтимоий масъулиятли бўлиш ва текширув жараёнларини тезлаштиришга чақириб чиқишган.
Жумладан, "Ҳокимиятнинг халққа аниқ ва тезкор хабар бермай, мужмал баёнотлар бериши одамлар орасида турли миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлади. Яъни, давлат олдингидек, ахборотни яширсам, ҳаммаси яхши бўлиб кетади дейиши хато. Тўғри ахборот бўлмаганда, бўшлиқни табиий равишда фейк тўлдиради", деб ёзаркан, @pan_diplomat мисол ўлароқ Сергелидаги ҳодисани тилга олган.
"Масалан, ҳукумат Сергелидаги омборда портловчи моддалар бўлмаганини айтди. Лекин унда нима портлагани борасида 5 кундан бери дастлабки маълумотларни ҳам бергани йўқ. Аҳоли орасида эса, ваҳимали хабарлар пайдо бўлмоқда. Масалан, хавфли қўшни ва шимоллик давлат (президент АҚШ ва Европага боргани учун огоҳлантириш сифатида) иштироки ҳақидаги версиялар...", деб ёзган.
Унга кўра, ҳукумат бундай асоссиз ва ваҳимали хабарлар тарқалишига чек қўйиш учун ҳақиқатни очиқлаши керак.
Кучли портлаш ва ёнғин 28 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида жойлашган божхона омборида юз берган.
Портлаш Шавкат Мирзиёев Германияга уч кунлик амалий ташрифини бошлаётган бир кунга тўғри келган.
Портлаш ортидан ижтимоий тармоқларда портлашга қулаган самолёт, портлаш хавфи бор модда ёки чақмоқ сабаб бўлганига оид фаразлар тарқалиб кетган.
Масъуллар портлаш юз берган кечанинг ўзида ижтимоий тармоқларда янграётган ҳар уч фаразни ҳам устма-уст рад этишган.
Ўзбекистон президенти эса, портлаш сабаби тагига етиши учун махсус ташкил этилган ҳукумат ҳайъатига уч кун муҳлат берган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзида ИИВ Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми "а" ва "б" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Расмий хабарларда ҳозирда жиноят иши юзасидан тегишли идораларнинг мутахассисларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилгани айтилган.
Ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тегишли экспертизалар тайинлангани ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилаётганига оид хабарлар ҳам олинган.
Худди шу мақсадда Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг махсус лабораторияси ҳам ҳодиса жойида иш олиб бораётгани, ҳудудда ФВВ раҳбарлигида штаб ташкил этилгани ҳам расман маълум қилинган.
Ички ишлар бошқармаси эса, воқеа тафсилотлари юзасидан ахборот бериб борилишини билдирган.
Орада айрим маҳаллий нашрлар ўз манбаларига таяниб, портлашга омборда сақланаётган кимёвий моддалар сабаб бўлгани ҳақида ҳам ёзишган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002