You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Энди Арманистон Путинни ҳибсга оладими, Мирзиёев АҚШ ва Германиядан сўнг Россияга боради, Рамзан Қодиров қизига янги мансаб берди Yangiliklar
Президент Мирзиёевнинг Россияга 3 кунлик ташрифи сўнгги куни Путиннинг туғилган кунига тўғри келади. Арманистон Халқаро суд бўйича Рим статутини тасдиқлади. Соғлиғи тўғрисидаги миш-мишлар ортидан Рамзан Қодиров 24 яшар қизини Бош вазир ўринбосари қилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қисқа вақт оралиғида АҚШ ва Германияга сафар қилганидан кўп ўтмасдан Россияга йўл оляпти.
Расмий хабарда айтилишича, 5-7 октябрь кунлари давом этадиган расмий ташриф президент Путиннинг таклифи билан амалга ошяпти.
Москва шаҳрида икки давлат етакчиларининг музокаралари олиб бориши кутилмоқда. Бундан ташқари Мирзиёев Россия Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин ва Татаристонга ташриф буюриб, республика Раиси Рустам Минниханов билан ҳам учрашади.
"Бўлажак учрашувлар кун тартибидан икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, миграция ва гуманитар соҳаларда кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
3 кунлик расмий ташрифнинг охирги куни Россия президенти Владимир Путиннинг туғилган кунига тўғри келади.
Путин 7 октябр куни 71 ёшни қаршилайди.
Арманистон парламенти Рим статутини тасдиқлади
Арманистон парламенти Халқаро жиноий суд бўйича Рим статутини ратификация қилди. Бошқа мажбуриятлар қатори у суд ордер берган шахсларни ҳибсга олишни талаб қилади. Ўшандай гумондорлардан бири Россия президенти Владимир Путин ҳисобланади.
Арманистон ҳукумати статутни ратификациялаш ҳақидаги қарорга Озарбайжон билан 2022 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган қуролли тўқнашувдан сўнг келганини бир неча маротаба такрорлаган.
"Биз душманимиз Озарбайжон томонидан мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигига таҳдид қаршисида Арманистон учун қўшимча кафолат яратяпмиз", деган Арманистоннинг халқаро масалалар бўйича вакили Егише Киракосян.
Бироқ Рим статутининг тасдиқланиши Халқаро суд томонидан ҳибсга олиш ордери берилган президент Путиннинг Арманистонга ташрифи давомида қўлга олинишини англатади
Олдинроқ Арманистон парламенти вице-воизи Акоп Аршакян Рим статути ратификация қилинишига қарамасдан Арманистон ҳукумати президент Путинни ҳибсга олиш учун на хоҳиши ва на нияти борлигини таъкидлаганди.
Шунга қарамасдан Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков олдинроқ арман ҳукуматининг статутга қўшилиш истагини Россияга нисбатан "ўтакетган адоват" дея таъриф берганди.
"Арманистоннинг Рим статутига қўшилиши икки томонлама муносабатлар нуқтаи назаридан тўғри бўлишига шубҳаланяпмиз ва бошидан шубҳа билдириб келганмиз. Буни олдингидек, нотўғри қарор, деб ҳисоблаймиз" , деган Песков сешанба куни.
Рамзан Қодиров 24 яшар қизига янги мансаб берди
24 яшар Айшат Қодировани Чеченистон Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлаш бўйича таклиф берилди. Рамзан Қодиров ушбу таклифни маъқуллади.
Айшат Қодирова Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари сифатида тайинланган. Бу ҳақда унинг отаси ва республика раҳбари Рамзан Қодиров телеграм каналида хабар берган.
"Мен Муслим Хучиевнинг таклифини қўллаб қувватладим. Албатта, Айшат Қодирова минтақавий Маданият вазирлиги фаолиятини яхшилашда катта ҳисса қўшди, иш тажрибаси орттирди", деган у.
Айшат Қодирова 2021 илдан бошлаб Чеченистон Маданият вазири лавозимида ишлаб келаётганди.
Унгача у бир муддат Маданият вазири ўринбосари бўлган.
Айшат Қодированинг юқори лавозимга тайинланиши Рамзан Қодировнинг соғлиғи борасида хабарлар чиққандан сўнг содир бўлмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002