Янгиликлар: Кобулдаги худкуш ҳужумчи ўзбекистонликми, туркманлар хавотирда, Қозоғистон раддия билан чиқди ва Ўзбекистонда ҳокимлар кимлар? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Туркманистоннинг "Туркманистон" авиа компанияси Москвага парвозларини бекор қилгани ҳақида эълон тарқатди.

Эълон авиа ширкатнинг расмий веб-сайтида эълон қилинди.

Ашхобод-Москва-Ашхобод рейси парвозларини 1 августдан Татаристон пойтахти Қозонга кўчиришга қарор қилинган.

Бундай қарорга келинишига "Москва ҳаво ҳудудидаги вазият, шунингдек, парвозларни амалга оширишда хавфсизликни таъминлаш мақсадидаги рисклар баҳолангани" сабаб қилиб кўрсатилган.

Авиа компания сайтида кейинроқ матн таҳрир қилинди, парвоз ўзгартирилиши сабаби олиб ташланди.

Туркманистон ҳукуматига мухолиф муҳожиротдаги "Хроника Туркменистана" сайти хабар қилишича, "Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудини ҳужумга тутиши кўпайгани натижасида" Туркманистон ҳукумати Россияда бўлган ўз фуқароларини ватанига қайтаришни режаламоқда.

Туркманистон ҳукумати фуқароларини фавқулодда қайтаришга қарор қилгани ҳақида расман маълум қилгани йўқ, бу ҳақдаги хабарларга ҳам ҳозирча муносабат билдирмади.

Охирги бир ҳафта мобайнида Москва-Сити осмонўпар биносига икки марта дрон ҳужуми содир этилди.

Россия дрон ҳужумларида Украинани айблади. Аммо Киев одатда бу каби ҳужумлар борасида шарҳ бермайди.

Москва мэрига кўра, шаҳардаги осмонўпар бинонинг 150 квадрат метрга тенг шишаси синдирилган, лекин инсонлардан ҳеч ким жароҳат олмаган.

Россия матбуотига кўра, Москванинг Внуково аэропорти вақтинча ёпилган.

Россия пойтахтига дрон ҳужумлари туфайли бошқа мамлакатлар ёки авиа компанияларнинг Москвага парвозларини бекор қилганлари ёки парвоз режаларини ўзгартирганлари ҳақида хабар қилингани йўқ.

Қозоғистонда биолаборатория йўқ

Қозоғистон Соғликни сақлаш вазирлиги мамлакат ҳудудида АҚШ биолабораториялари жойлаштирилгани ҳақидаги хабарлар ёлғон экани тўғрисида баёнот берди.

Қозоғистон нашрларининг ёзишича, айрим Интернет ижтимоий тармоқлари ва веб-саҳифаларда илгари Украина ҳудудида фаолият юритган 30 Америка билабораториясини Қозоғистон ўз ҳудудида жойлаштиргани хабарлари тарқалган.

"Бу фейк, Қозоғистон Республикаси ҳудудида ҳеч қандай ўзга давлат биолабораториясини жойлаштириш режалаштирилгани йўқ ва режалаштирилмаяпти ҳам", - баёнот тарқатди Соғликни сақлаш вазирлиги.

Украина ҳудудида одамларга турли вирусларни юқтирадиган жониворлар ёки қушларни парваришлаётган биолабораториялар мавжудлиги ҳақидаги хабарларни Россия давлат матбуоти охирги бир неча йиллардан буён тарқатиб келади.

Ўтган йили АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Олма-Ота шаҳри атрофида биолабораториялар мавжудлиги ҳақидаги мишмишларни рад этган эди.

Кобул худкуш ҳужумчиси ўзбекистонлик бўлган

Россияда нашр этиладиган "Коммерсантъ" газетаси ёзишича, 2022 йил 5 сентябрь куни Россиянинг Афғонистон пойтахти Кобулдаги элчихонаси биноси олдида ўзини ўзи портлатган худкуш ҳужумчи Ўзбекистонда туғилиб ўсган эркак бўлган.

Рўзнома унинг исм-шарифини эълон қилди.

Россиянинг элчихонаси олдидаги портлаш оқибатида тўрт Афғон полициячиси, Россия консуллигининг икки ходими ҳалок бўлганлар.

Ҳодисани Россия Тергов қўмитаси ва Бош прокуратураси тергов қилганлар, уларга Афғонистон Толибони ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ёрдам берганлар.

"Коммерсантъ" газетаси ёзишича, ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари худкуш ҳужумчининг Ўзбекистондаги ота-онасини сўроқ қилганлар, ўғлининг ўлимидан кейин суд қилинишига рози-рози эмасликларини сўраганлар.

Ота-она рад жавоби ортидан худкуш ҳужумчи Россияда суд қилинади, деб ёзади "Коммерсантъ",

Аёл ҳокимлар атиги 2 фоизни ташкил этади

Ўзбекистондаги "Юксалиш" ҳаракати мамлакат туманларини бошқараётган ҳокимлар ҳақидаги маълумотни эълон қилди.

Айтилишича, "Юксалиш" мамлакатдаги туман ва шаҳарлар бошқарувидаги кадрлар салоҳиятига доир тадқиқотни бошлаган, ундан кўзланган мақсад, бугунги ҳокимларнинг замонавий менежмент ва замон талабларига қанчалик жавоб бера олишлари ҳақида маълумот беришдир.

Ҳозирги туман ва шаҳар ҳокимларининг аксари - 96 нафари бунгача маҳаллий бошқарув органларида ишлаганлар.

Республика бошқарув органларида 35, банк соҳасида 19, прокуратурада 18, Ички ишлар органларида 8, давлат корхоналари бошқарувида 7, тадбиркорликда 4, депутатликда 4, солиқ соҳасида 4, фавқулодда вазиятлар тизимларида 2 нафари банд бўлган.

"Юксалиш" ҳаракат хабар қилишича, шу кеча-кундузда Ўзбекистондаги 11 туман ва шаҳарнинг ҳокими "йўқ" - ҳокимлар расман тайинланмаганлар, вақтинча ҳоким вазифасини бажарувчи бўлиб турибдилар.

Ҳокимларнинг аксарининг мутахассислиги иқтисодчи.

Бу рақам 25 фоизни ташкил этади.

Ҳокимларнинг ўртача ёши 46 да, энг ёши катта ҳоким Когон тумани ҳокими Муҳиддин Эсонов 71 ёшда экани айтилган.

Муҳиддин Эсонов 2011 йилдан 2016 йилгача Бухоро вилоятини бошқарган.

"Аёл ҳокимлар жами ҳокимларнинг 2 фоизини ташкил қилмоқда - Каттақўрғон шаҳри, Боёвут, Бўстон ва Олот туманлари", деб хабар қилади "Юксалиш".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002