Янгиликлар. Эрон: Аёллар ечинтирилиб, видеога олинмоқда... Eron Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Парҳам Ғобадий
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
Аёлларни "шарманда қилишмоқчи"ми?
Алоқадор мавзулар:
Эронлик собиқ виждон маҳкумлари Би-би-сига айтишича, қамоқхоналарда ечинтириб тинтув қилинганларида уларни тасвирга олишган.
Улар, шунингдек, баъзи маҳбуслар ҳайз пайтида гигиена прокладкалари ёки тампонларини олиб ташлашга ва чўккалаб ўтиришга ёки сакрашга мажбур қилишганини айтишди.
"Улар бизни шарманда қилиш учун шундай қиляпти", дейди деярли уч йил панжара ортида, асосан Теҳрондаги машҳур Эвин ва Карчак қамоқхонасида ўтирган Мужгон Кешаварз Би-би-сига.
Унинг айтишича, 2022 йил январь ойида тугаган маҳбуслиги вақтида у видеокузатув камералари олдида уч марта ечинтириб тинтув қилинган.
Унинг сўзларига кўра, учинчи марта қўриқчи аёл уни яланғоч ҳолда суратга олган. Кешаварз хоним норозилик билдирганида, келажакда қийноқлар ҳақидаги иддаоларни рад этиш учун суратга оляпмиз деб жавоб беришган.
"Бу видео ва фотосуратларни ким кўради? Режим улардан бизнинг овозимизни ўчириш учун фойдаланадими?" деб сўрайди у ҳибс муддати тугагандан кейин ҳам шантаж хавфини назарда тутиб.
Кешаварз хоним ҳижоб ёки рўмол ўраш мажбурийлигига қарши чиққан аёллар ҳуқуқлари учун курашчи.
Унинг Instagram аккаунтида турли жамоат жойларида ҳижобсиз тасвирланган бир қатор бадиий суратлари бор.
Унга "миллий хавфсизликка қарши фитна уюштириш, Ислом динига ҳурматсизлик, Эрон Ислом Республикасига қарши тарғибот қилиш, бузуқилик ва одобсизликни тарғиб қилиш" айбловлари қўйилиб, 12 йилу 7 ойга озодликдан маҳрум этилди.
Яқинда у "ер юзида бузғунчилик қилиб юриш", яъни ўлим жазоси назарда тутилган жиноятда айбланган ва ҳозирда Би-би-си билан суҳбатлашган жойида сургунда яшамоқда.

Сурат манбаси, .
Аёл маҳбусларнинг Би-би-сига айтишича, Эронда илгаридан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ маҳбусларни ечинтириб, дорини яширмаганини текширишган. Аммо виждон маҳкумлари одатда бунга дучор бўлмаган ва, албатта, камида камера олдида эмас.
Июнь ойи бошида Эрон адлия тизими маҳбусларни суратга олиш ҳақидаги айбловларни рад этиб, буни "гибрид уруш ва Ғарбнинг Эронга қарши тўлақонли ташвиқоти" деб атади.
Бироқ, июнь ойи ўрталарида Эрон парламенти суд қўмитаси раҳбари "фақат аёл қўриқчилар маҳбус аёл тасвирини кўришини" айтган ва бу билан аёл маҳбуслар тасвирга олинаётганини тан олганди.
Шунингдек, маҳбуслар бошқа камералар йўқ жойлардагина тасвирга олингани даъво қилинган.
"Қамоқхона қоидаларига кўра, видеокузатувга фақат маҳбуслар ҳаракатланаётган жойларда, масалан, коридорларда рухсат берилади", дейди теҳронлик адвокат Муҳаммад Ҳусайн Агасси Би-би-сига.
Яланғочлаб тинтув қилиш ва суратга олиш амалиёти фақат Эронга хос эмас - бошқа мамлакатларда ҳам кузатилган, масалан, Австралиянинг Янги Жанубий Уэлс штатидаги воқеа анча шов-шув бўлганди.
Ахборот эркинлиги сўрови орқали олинган ҳужжатлар кўрсатишича, полиция тинтувлар олиб борилаётган пайтда мунтазам равишда видеотасвирга олади.
Эроннинг фарқли ва ташвишли томони шундаки, бизнинг суҳбатдошларимиз ва бошқалар ҳибсга олинганларни камситишга қаратилган тизимли, атай қилинган амалиёт ҳақида гапирмоқда.
Би-би-си хакерлар гуруҳи "Эдаалат Али"дан 2021 йил ноябрига оид махфий ҳужжатларни олди, уларда тинтувларнинг шундай ҳолатларидан бирини тасдиқловчи Эрон адлияси хати бор.

Сурат манбаси, Getty Images
Мактубда Курд этник озлиги ҳуқуқ ҳимоячиси Мужгон Кавуси тилга олинади, у Караж қамоқхонасида шундай амалиётга дуч келган.
Ишдан хабардор эронлик манбанинг Би-би-сига айтишича, Кавуси хоним беш марта тинтув қилинган.
Ҳужжатлар кўрсатишича, "Ҳрана" инсон ҳуқуқлари агентлиги унинг тинтув қилингани ҳақидаги хабарини эълон қилганидан сўнг, Эрон прокуратурасидан масалани текшириш сўралган.
Ҳозирда Кавуси хоним гаров эвазига озод қилинган.
Ҳозир сургунда яшаётган Балужи этник озчилиги ҳуқуқ фаоли Элахеҳ Эжбарининг Би-би-сига айтишича, мансабдор шахслар у ҳибсга олинганида иккала тинтув пайтида унинг танасини масхара қилган.
У бизга қўлидаги чандиқни ҳам кўрсатди, терговчи унинг терисига сигарет босиб ўчирган экан.
Эжбари хоним илк бор 2020 йил сентябрида Теҳронда "Эрон Ислом Республикасига қарши ташвиқот олиб бориш"да айбланиб ҳибсга олинган ва олти ҳафтани Эвин қамоқхонасида ўтказган. У иккинчи марта 2022 йил ноябрь ойида ҳибсга олинди ва уч кун номаълум жойда сақланган.
Хавфсизлик кучларидан ҳибсга олиш таҳдиди билан доимий қўнғироқлар бўлгач, у Эрондан чиқиб кетди.
Эронлик яна бир аёллар ҳуқуқлари фаоли Насиба Шамсайнинг айтишича, у уч марта тинтув қилинган.
У "Инқилоб кўчаси қизлари" гуруҳига аъзо бўлиб, улар 2018 йилда Эронда ҳижобнинг мажбурийлигига норозилик билдириб, жамоат жойларида ҳижобларини ечган эди. Кейин ўнлаб одамлар ҳибсга олинганди.
Бир қатор жиноятлар, жумладан, "ҳижобни очиқдан-очиқ ечиш орқали Эрон Ислом Республикасига қарши ташвиқот қилиш ва Эрон Ислом Республикаси асосчиси ва Олий Раҳнамога ҳурматсизлик қилиш"да айбланган Шамсай хоним 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
У Карчак қамоқхонасида қарийб уч ойдан кейин озодликка чиқди ва ҳозир сургунда яшамоқда.
Унинг эслашича, у видеокузатув камералари олдида кўриниб қолганидан шикоят қилганида, қамоқхона қўриқчиси: "Бундан буён ҳаммаси мумкин", деб жавоб берган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












