Янгиликлар: НУЖлар ҳақида қайси сирлар ошкор қилинди? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Майк Вендлинг
- Role, BBC News
Америка расмийлари бир неча ўн йилликлар мобайнида номаълум учувчи жисмлар(НУЖ) ҳақида олинган 800 тача ахборотни ўрганганлар. Бироқ уларнинг жуда оз қисмигина аниқ изоҳланмаган.
Ўтган йили НАСА ўзи номаълум аномал феноменлар (НАФ) деб атаган ҳодисаларни ўрганиш ва изоҳлаш учун гуруҳ ташкил қилган эди.
Алоқадор мавзулар:
НАФ "илмий нуқтаи назардан табиий ҳодиса сифатида билинмаган ёки учоқ сифатида ҳам кўриб бўлмайдиган ҳодисалар" сифатида таърифланган.
Гуруҳ 31 май куни илк очиқ учрашувини ўтказди.
Қуйида учрашувда айтилган муҳим маълумотларни келтирамиз.
Аксар кўрилган ҳодисаларни изоҳлаш мумкин, айримлари сирлилигича қолмоқда
"Ҳар ойда 50 дан 100 тагача шу ҳақда хабарлар келади, - дейди АҚШ Мудофаа вазирлигининг Аномалияларни ўрганиш идораси директори Шон Киркпатрик.
Аммо унинг айтишича, умумий маълумотлар баъзасидаги хабарларнинг 2-5 фоизи "ҳақиқатда аномал" бўлиши мумкин.
Гуруҳ учрашуви вақтида АҚШ ғарбидаги денгиз кучлари учоғи томонидан тасвирга олинган видео намойиш этилди. Унда тунги осмонда ҳаракатланаётган бир қанча оқ нуқталарни кўриш мумкин. Ҳарбий учоқ бу обьектни тўса олмаган, чунки бу обьект катта аэропортга қараб кетаётган тижорий учоқ бўлиб чиқди.
Бошқа кўринганлари анча сирли.
2021 йили Пентагон берган ҳисоботда ҳарбий учувчилар 2004 йилдан буён 144 та шу каби ҳолатга дуч келган, улардан фақат биттасининг нима эканини изоҳлаб бўлмаган. Расмийлар бу обьектлар ердан ташқаридан келганини истисно қилишмаган.
Шахсий дахлсизлик НАСА текширувларини чеклайди
Жаноб Киркпатрикнинг яна таъкидлашича, шахсий дахлсизлик важлари агентликнинг текширувларини чеклайди.
"Биз исталган вақтда дунёнинг исталган бурчагидаги катта миқдордаги аппаратларни кўрсатиб бера оламиз.
Аммо биздаги маълумотларнинг аксариси континентал АҚШ ҳудудига тўғри келади, - деб қўшимча қилади у. - Аксар одамлар томорқасига кузатув аппаратларини ўрнатиб қўйишимизни истамайди."
Микротўлқинлар ва оптик иллюзиялар
НАФга алоқадор маълумотларни талқин қилиш кўпинча қийин ва осон бузиб кўрсатилиши мумкин.
НАСАнинг НАФ гуруҳи раиси Дэвид Спергелнинг айтишича, Австралиядаги тадқиқотчилар радиотўлқинлар портлашига гувоҳ бўлган.
"Улар ҳақиқатда ғалати тузилишда эди. Одамлар нима бўлаётганини тушунмасди. Сўнг улар асосан тушлик вақтида кўпайишини пайқаб қолишди", дейди у.
Тадқиқотчиларнинг қурилмалари шу қадар сезгир бўлганки, одамлар тушлик вақтида ишлатган микротўлқин печлардан таралаётган тўлқинларни ҳам олаверган.
Ўн йиллаб тажрибага эга бўлган, собиқ астронавт ва учувчи Скот Келли оптик иллюзиялар ҳақида ҳикоя қилиб берди.
У ва унинг шериги Виржиния Бич яқинидан учиб ўтаётганда ҳамкасби ёнидан "НУЖ учиб ўтиб кетганига" амин эди.
"Мен уни кўрмадим. Биз айланиб учиб, унга яна қарадик. У Барт Симпсон - ҳаво шари экан."
Уят ҳисси тадқиқотларга халақит беради
Тижорий учоқлар учувчилари кўрганларини хабар беришга уялишади, дейди жаноб Спергел. Чунки учар ликопчани кўрганмиш, деб мазаҳ қилишларидан қўрқишади.
"Ана шу уялиш ҳиссини йўқотиш мақсадларимиздан биридир, - дейди у. - Чунки НУЖлар масаласида юқори сифатли маълумотларга эҳтиёж бор."
Айрим олимлар ана шу соҳадаги ишлари учун онлайн ҳақоратларга ҳам дуч келишади.
"Таҳқирлашлар НУЖ масаласида яна уялтиришларга йўл очади. Бу эса бундай муҳим масаладаги илмий изланишлардан кўнгилни совутади", дейди НАСАнинг илмий масалалар бўйича раҳбари Никола Фокс.
Янги шаффофлик даври
Чоршанба кунги йиғилишнинг эътиборли сабабларидан бири НАСАнинг ёндашувдаги ўзгаришидир. Коинот агентлиги ўнлаб йиллар давомида НУЖларни рад этиб келган.
Учрашув якунида улар жамоатчилик саволларига жавоб берди. Улардан бири "НАСА нимани яширмоқда?" деб сўради.
НАСА вакили Ден Иванс агентлик шаффофлик тарафдори эканлигини айтди. "Шунинг учун биз бугун жонли тарзда буни эфирга узатяпмиз", деди у.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













