Россия ва Украина уруши: Ўта шиддатли жангларда украинлар илгариламоқда - Янгиликлар

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Украина мудофаа вазири ўринбосарининг айтишича, Россия қўшинларига қарши ҳужум давом этар экан, Украинанинг айрим ҳудудларида "ўта шиддатли жанглар" юз бермоқда.

Ханна Малиар Телеграмда Украина кучлари шарқда Бахмут ва жанубда Запорижжя яқинида олдинга силжишга муваффақ бўлганини ёзди.

Аммо у Россия кучлари баъзи ҳудудларда қаттиқ мудофаа қилаётганини тан олди.

Унинг изоҳлари Россия ракеталари ва дронлари Украина бўйлаб шаҳарларга яна бир тунда зарба берганидан кейин янграмоқда.

Янгиликлар. Россия ё Украина: энди кимнинг қўли баланд келади?

Президент Владимир Путин ўз кучлари ракета ва учувчисиз самолётлар етишмаслигидан азият чекаётганини тан олганига қарамай, Россия сўнгги ҳафталарда бомбардимон кампаниясини кучайтирди.

Украина армияси маълумотларига кўра, пайшанба куни эрталаб Днипропетровск вилоятидаги саноат объектларига тунги ҳужумлар уюштирилган.

Минтақавий ҳарбий матбуот котиби Сергей Братчукнинг маълум қилишича, Одессанинг Қора денгиз минтақасига бир қатор дрон ҳужумлари ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа тизимлари томонидан қайтарилган.

Бир кун олдин Одесса шаҳридаги омбор ва савдо марказига уюштирилган ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган эди.

Киевнинг орзиқиб кутилган олға силжиши узоқ вақтдан бери тайёрланган эди ва Украина расмийлари Россияни сўнгги ҳафталарда Украинани бу ҳужумдан чалғитиш учун зарбаларни ошираётганликда айбламоқда.

Украиналикларнинг айтишича, уларнинг қўшинлари контр-ҳужум бошланганидан бери еттита аҳоли пункти ва камида 90 квадрат километрлик ерни озод қилишган.

Малиар хоним Телеграмда Украина қўшинлари узоқ вақтдан бери рус кучлари билан шафқатсиз ва қонли кўчама-кўча жанг маркази бўлган Бахмут шаҳри атрофида олдинга силжишганини ёзди.

Унинг сўзларига кўра, аскарлар шаҳар томон 200 дан 500 метргача, жанубий Запорижжя вилоятида эса 300 дан 500 метргача олдинга юрган.

Би-Би-Cи бу даъволарни мустақил равишда тасдиқлай олмайди.

Аммо унинг тан олишича, қарши ҳужум аллақачон "ўта шиддатли жангларга" олиб келган, чунки краина кучлари Россиянинг мустаҳкам ўрнатилган мудофаа чизиғини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Ғарбнинг юқори мартабали мулозимлари Россия кучлари Украина ҳужумлари олдида шунчаки "тарқаб кетади" деган фикрдан огоҳлантириб, Киевнинг ютуқлари аллақачон "қимматга" тушаётганини қўшимча қилди.

"Россия қўшинлари одатда ўзларининг яхши тайёрланган, ҳимояланган позицияларини яхши мудофаа қилдилар ва тактик чизиқлар орасида орқага чекинишди", деди манбалар.

"Бу "манёвр мудофаа усули" украиналиклар учун қийин бўляпти, ҳужумчи кучларга ҳам қимматга тушмоқда. Шунинг учун ҳозирда олға силжиш секин кечяпти", - дея қўшимча қилишди улар. Уларга кўра, Украина ҳужуми қанчалик самарали бўлганини айтишга ҳали эрта.

Аммо улар Россияга мудофаа чизиқларини тайёрлаш учун бир неча ой тайёрлангани ҳисобга олинса, катта йўқотишлар кутилиши кераклигини таъкидладилар.

"Бироқ биз гувоҳи бўлганимиз шуки, украинлар йўқотишлар бўлган жойларни босиб олишда ва олдинга силжишда давом этишди. Умуман олганда, тўғри йўналишда кетишмоқда", - дейди улар.

Иккала томон ҳам рақиблари орасида қурбонлар сони ортиб бораётгани ҳақида хабар беришди, аммо буни мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.