You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия-Украина уруши: Зеленский туғилган шаҳар ҳужум остида, етти қишлоқ озод этилган - Янгиликлар
Россия тунда Украина марказидаги Кривий Рих (Кривой Рог) шаҳрига ҳужум қилиб бир нечта биноларни вайрон қилди.
Кривий Рих Президент Володимир Зеленский туғилиб ўсган шаҳардир.
Алоқадор мавзулар:
Маҳаллий расмийларнинг айтишларича, ушбу ҳужумда ҳозирча олти киши ҳалок бўлгани маълум.
Зеленский ҳужумга муносабат билдира туриб: "Рус қотиллари оддий аҳоли яшайдиган уйлар, оддий шаҳарлар ва одамларга қарши урушини давом эттиряпти", - деди.
У ўз Телеграм каналида мазкур ҳодисада нобуд бўлганларнинг яқинларига таъзия билдирди ва "террорчилар ҳеч қачон кечирилмайди", деди.
Тун оша амалга оширилган ҳужумлар фақат Кривий Рихни нишонга олмаган. Россия дрон ҳужумлари Харкивда ҳам оддий аҳоли турар жойларини нишонга олган.
Шаҳар ҳокими Ихор Тереховнинг айтишича, Киевский туманидаги коммунал хизматлар биноси ва Салтивский туманидаги омборхона шикастланган.
Шунингдек, Днипропетровск, Донецк ва Полтава вилоятларида ҳам ҳаво сиреналари янграган.
Россия ҳозирча охирги хабарларга муносабат билдиргани йўқ.
Кечанинг ўзида эса Украина ва Россия қўшинлари орасида 26та жанг бўлиб ўтган. Украина армияси бош қўмондонлиги жанглар Донецк ва Луханск вилоятларида бўлиб ўтганини билдирди.
Қўмондонликка кўра, Донецкнинг кичик Мариинка шаҳри яқинида Россиянинг 14та ҳужуми қайтарилган, ҳамда шарқий Авдиивка шаҳрига Россия "ҳужум ҳаракатлари муваффақиятсиз бўлди".
Шанба куни Зеленский Украина армияси контр-ҳужумларни бошлаганини эълон қилганди.
Шундан бери Киев шу кунларда еттита қишлоқ: Блаходатне, Нескучне, Макаривка, Сторожеве, Лобково, Левадне ва Новодаривкани Россия қўшинларидан озод қилганини билдирган.
Россия ўз армияси ортга чекинганини тасдиқламади.
Россия куни байрамида гапирган Президент Владимир Путин фуқароларни бу "қийин даврларда" ватанпарварлик ҳисси билан бирлашишга чақирди.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.