Украина қишлоқларини бирма-бир озод қилаётганини айтмоқда. Нималар маълум? Video Yangiliklar, Dunyo

Сурат манбаси, Reuters
Озод этилган ерларда Украина байроқларини ғурур билан илаётган аскарларнинг тасвирлари бу мамлакат ва унинг иттифоқчилари учун яхши янгилик, албатта. Аммо, илгарилаш ўта секин юз бераётганини инкор қилиб бўлмайди.
Украинлар фронт чизиғида кўплаб нуқталарда ҳужумларни амалга оширишмоқда, аммо ғалабалар ҳозирча оз. Россияга қарши узоқ кутилган контр-ҳужум ҳали бошланғич босқичларида.
АҚШда жойлаган уруш тадқиқотлари институти таҳлилларига кўра, Украина Донецк вилоятининг ғарбида қатор қишлоқлар, хусусан Нескучне, Макаривка ва Блаходатнени қайтариб олишга муваффақ бўлганлар. Бироқ, айтиш жоизки, бу кичик ҳудудлар. Умумий ҳисобда улардаги аҳоли 2 минг кишига яқин.
Украина душанба куни Донецкдаги Сторожове қишлоғини ҳам озод қилганини эълон қилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Украинлар томонида йўқотишлар ҳам кўп бўляпти. Айниқса жанубдаги Запорижя вилоятида украинлар Россия армиясининг ожиз томонларини илғашга уринар эканлар, кўпгина аскарлари ва қуролларидан айрилдилар. Россияда бу контр-ҳужумга тайёрланиш учун бир неча ой бор эди ва у фронт ортида мустаҳкам истеҳкомларни қуриб олишга ва қурол ғамлашга улгурган.
Ҳаводаги жангларда ҳам Москванинг қўли устун. Ҳозирча икки тараф асосий кучларини ҳавога ташлаганлари йўқ. Қирувчи учоқларсиз Киев сезиларли ютуқларга эришиши қийин, шунинг учун ҳам Президент Володимир Зеленский Ғарбдан F-16 қирувчи учоқларни беришни қайта-қайта сўраб келади.
Шанба куни Зеленский Украинага ташриф буюрган Канада бош вазири Жастин Трудо билан учрашувида узоқ кутилган қарши-ҳужум бошланганини тан олди. Аммо, амалиётлар қай босқичда эканини айтишдан ва тафсилотларни беришдан бош тортди.
Журналистлар унга Россиянинг "Киев илгарилай олмади" деган фикрини етказганларида, Зеленский ўз қўмондонлари яхши кайфиятда эканини билдирди ва "буни Путинга етказинг" дея қўшиб қўйди.
"Россия ҳамиша шуни англаши муҳим: менинг фикримда, уларда оз вақт қолди", - деди Украина раҳбари.
BBC билан суҳбатда Украина мудофаа вазирининг маслаҳатчиси Юрий Сак мамлакат қўшинлари сафидаги йўқотишларни тан олди, аммо Россия томони унданда кўпроқ аскарларини йўқотаётганига ишончи комил эканини билдирди. Унга кўра, охирги икки кун ичидаги жангларда мингга яқин Россия аскари ҳалок бўлган. BBC бу даъволарни мустақил тарзда тасдиқлай олмайди.
Охирги хабарларга кўра, кеча Россия Запорижя вилоятида кичик тўғонни нишонга олганликда айбланяпти. Бу тўғон ўтган ҳафта ўпирилган Каховка тўғонидан анча кичикроқ.
Украина армиясига кўра, Россия украинларнинг юришларини секинлатиш мақсадида тўғонни портлатди. Москва ҳали бу айбловларга муносабат билдиргани йўқ.
Мазкур тўғон Украина озод қилганини айтаётган қишлоқлар жамланмасига яқин жойда, мамлакат жануби-шарқидаги фронт чизиғига яқинликда жойлашган.
Каховка тўғонининг ўпирилиши Днипро дарёси бўйлаб 50дан ошиқ шаҳар ва қишлоқларни ғарқ қилганди. Икки томон ҳам унинг бузилишида бир-бирини айблаган.
Украина томонига кўра, дам олиш кунларидаги қутқарув ишлари чоғида Россия қутқарилган одамларни ташиётган кемани нишонга олиб уч кишини ўлдирган.
Зеленский ҳудудга вазиятни ўрганиш учун келган Халқаро жиноят судининг вакиллари ташрифини олқишлади. Минглаб одамларнинг уйлари сув остида қоляпти, ўн минглаб одамлар ичимлик сувисиз қолганлар.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















