Янгиликлар: Ўзбек қовунини еб кўрган қиролнинг қироллиги кўп яшайдими? Dunyo

Чарльз ҳали шаҳзода бўлиб турган 1996 йили Ўзбекистонга ташриф буюргани билан ўзбекистонликларга таниш. Ўшанда у Самарқанд ва Тошкентдаги диққатга сазовор жойларни бориб кўрган ва бозорда машҳур ўзбек қовунини татиб кўриб, "ширин экан" деганди.
Онаси Елизабет II вафотидан сўнг 15 давлатнинг қиролига айланган Чарльзнинг ҳукмронлик даври қандай кечади?
Чарльз қирол ҳисобланган давлатлар - Британия ҳамдўстлик мамлакатларининг аксариятида, турли даражада бўлса ҳам, республика тузумига ўтиш масаласи кўндаланг турибди.
Қуйида Би-би-си мухбирлари Қирол Чарльз давлат раҳбари ҳисобланган айрим мамлакатлардаги кайфият ҳақида сўзлаб, уларнинг монархияни бекор қилиши эҳтимоллари қанчалик экани ҳақида фикрларини бўлишадилар.
Сент-Китс ва Невис
Селестина Олулоде
Томошабинларнинг нигоҳи крикет ўйингоҳига қадалган. Сент-Китс ва Невис оролларининг аёллар жамоалари беллашмоқда. Бу ерда Британиянинг таъсири кучли, ҳатто миллий спорт ҳам унга тақлидан шаклланган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сент-Китс ва Невис қўш оролдан иборат давлат бўлиб, Атлантика океани ва Кариб денгизи туташган ерда жойлашган. Бу инглиз мустамлакачилари Кариб ҳавзасида ўрнашган илк ҳудуддир. Аммо мустақил бўлганига қарийб 40 йил ўтганига қарамай, бу мамлакатнинг миллий ўзлиги, республика тузумига ўтиш керакми ёки йўқлиги устида баҳс кетмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Томошабинлар ўтирган томонда паст овоздаги суҳбатлар айримларнинг ўйинчиларга бақириб маслаҳат бериши билан бўлиниб туради. Ўйин суръати сусайганда одамларга савол билан юзланаман.
Кам одамларгина ўз фикрини билдиради, аммо аниқ гапирмайди.
Шарлин Мартин маълумоти озлигини айтса ҳам, Қирол Чарльз III нинг бўлишидан наф нималигини сўроқлайди: "Хитойлик ва тайванликлар Ангилиядан кўра бизга кўпроқ ёрдам беради, тағин билмадим".
Кун ботишидан аввал маҳаллий аҳоли билан сўзлашиш учун барга йўл оламан. Жулиан Мортоннинг айтишича, бу миллий ғурур масаласидир: "Республика бўлиш, бизнинг етилганимизни кўрсатади. Шундай экан, дунё биз ўз тақдиримизни ўзимиз белгилай олишимизни кўрсин".

Жулианнинг дўсти Кристофер Робертс унинг гапларини маъқуллайди, аммо Сент-Китс ва Невис коронавируснинг салбий таъсиридан ҳамон қутилмаганини айтади. Шу боис у республика бўлиш долзарб масала эмаслигини таъкидлайди: "Биз буни шунчаки муҳокама қиляпмиз, шунчаки кўчадаги гаплар".
Барбадос каби бошқа Кариб давлатларига солиштирганда Кристофер Сент-Китс ва Невисни «ёш мустақил давлат» дейди ва ўзгаришлар олдинда деб ўйлайди.
Бир вақтлар "Кичик Англия" деб аталган Барбадос 2021 йили қадам ташлади ва бу бошқа давлатларга ҳам туртки берди.

Аммо унга эргашиш учун Сент-Китс ва Невис конституциясига кўра референдум ўтказилиши ва одамлар розилик бериши керак. Аслида Кариб ҳавзасидаги саккиз давлатдан бир Белизгина референдумсиз буни қила олади. Бу ерда миллий кенгаш қарори етарли.
Референдум орқали масалани ҳал қилишга тўсиқлар ҳам турли давлатларда турлича.
Сент-Люси, Багам ороллари, Ямайка ва Сент-Китс ва Невисда аксар аҳоли розилик берса кифоя. Аммо овоз берувчиларнинг камида учдан икки қисми розилиги талаб қилинадиган Антигуа ва Барбуда, Гренада, Сент-Винсент ва Гренадинада ўтиш мураккаброқ кечади.
Аммо уринишлар доим ҳам муваффақиятли чиқмайди. 2009 йили Сент-Винсент ва Гренадинада ўтган референдумда 45 фоиз овоз берувчи Қиролича Елизавета II ўрнига рамзий президент давлат раҳбари бўлишига розилик билдирган. Бу талаб қилинган учдан икки оввоздан кам.
Гарчи бу жуда оддий масаладек кўрингани билан, ҳар бир Кариб давлати бу масалада ўзига хос муаммоларга эга.
Австралия
Тиффани Тёрнбулл
Сидней кўчаларини айланар экансиз, Австралиянинг янги қиролига тож кийдирилаётгани ҳақида бирор эълонни топишга қийналасиз.
Орадан бир ҳафта ўтиб, суҳбатлашганим бир кишидан ташқари ҳамма тож кийиш маросими қачон ўтказилишини билмаслигини айтди. Бир талаба ҳатто бу нима эканлигини билмаслигини тан олди.
"Менга фарқи йўқ, бу муҳим эмас", деди 73 ёшли Грем - унинг гапи бу ердаги умумий кайфиятнинг ёрқин ифодасидир.
Шанба оқшомида мамлакат бўйлаб диққатга сазовор жойлар бинафша рангда ёритилади, аммо маросим нишонланадиган тадбирлар сокин ва жуда оз кўринади.
Тадбирни телевидениеда махсус ёритиш чекланган - қироллик тўйлари ва қироличанинг дафн маросимидагидек кенг қамровли ёритиш бўлмайди.
Қирол Чарльз қиролича Елизавета II каби машҳур эмас ва унинг тож кийиши Австралияда республика ҳаракати сўнгги ўн йилликларда энг кучайган вақтга тўғри келди.
Мамлакат референдумда монархияга чек қўйишга қарши овоз берганидан қарийб 25 йил ўтиб, республикачилик ҳаракати жадал ривожланмоқда.
Бош вазир Энтони Албанезе аввалроқ республика «муқаррар» эканлигини айтган ва ўтган йили республи учун биринчи кичик вазир этиб тайинланган эди. Қўшни Янги Зеландияда ҳам аҳвол шу: Бош вазир Крис Хипкинс шу ҳафта ўзини республикачи эканлигини ва бир кун келиб мамлакат монархиядан "идеал ҳолда" чиқиб кетишига ишонишини айтди.
Австралияда монархия соф рамзий роль ўйнайди. Одамлар менга бу мамлакат аллақачон ўзлигини Буюк Британиядан ташқарида кўра бошлаганини айтишди.
Бошқалар алоқаларни узишга сабаб сифатида мустамлакачиликнинг аборигенлар ва Торрес бўғози ороллари аҳолисига узоқ муддатли таъсирини кўрсатади.
17 ёшли Эстел Патерсон: "Биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ мустамлакачиликка қаршимиз", дейди.
"Бу ерда инглиз қиролининг мавжудлиги жуда ғалати туюлади", деб қўшимча қилади унинг дўсти Моника Жанулевичюте.

Аммо Австралиянинг республика бўлишига йиллар керак.
Ҳукумат дастлаб маҳаллий халқларни конституцияда тан олиш бўйича референдум ўтказади.
Австралияликлар ҳамон давлат раҳбарини қандай тайинлаш борасида келишмаяпти - у халқ томонидан сайланиши керакми ёки парламент томонидан тайинланиши керакми?
Лекин энг муҳими, сўнгги сўровлар республикани қўллаб-қувватлаш даражаси ҳали ҳам бу ерда референдум ўтказиш учун талаб қилинадиган даражага етмаганини кўрсатди. Австралияликларнинг кўпчилиги «ҳа» деб овоз бериши керак, шунингдек, Австралиянинг олтита штатидан камида тўрттасида кўпчилик қўллаб-қувватлаши керак.
Канада
Торонтодан Жессика Мёрфи
Агар кўпчилик канадаликларнинг қирол Чарльзга бўлган ҳис-туйғуларини бир сўз билан таърифлаш мумкин бўлса, бу шунчаки «бефарқлик» дейилади.
Умуман олганда, канадаликлар қиролича Елизавета II га меҳр қўйган бўлсалар ҳам, уларда қирол Чарльзга нисбатан бундай муносабат йўқ.
Ижтимоий сўровлар кўрсатишича, канадаликлар мамлакатни монархиядан узоқлаштиришга тобора кўпроқ қизиқмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Ангус Рид томонидан апрель ойи охирида эълон қилинган сўнгги сўров кўрсатишича, канадаликларнинг аксарияти - ярмидан сал кўпи - мамлакат келажак авлодлар учун конституциявий монархия бўлиб қолишини истамайди.
Бешта респондентдан иккитаси эса яқинлашиб келаётган тож кийиш билан иши йўқлигини айтган.
Қизиқишнинг пастлиги Канаданинг шундоқ ҳам камтарона режалаштирилган тадбирларида акс этади. Мамлакат пойтахти Оттавада бир соатлик телевизион тадбир бўлиб ўтади ва федерал диққатга сазовор жойлар байрам муносабати билан зумрад яшил рангда ёритилади.
Ўтган йили қиролнинг тахтга ўтириши мамлакатнинг монархия билан алоқалари ҳақидаги баҳсларни янада кучайтирди.
Бу, айниқса, Квебекда кузатилди, бу ерда монархияга муносабат бошқа жойларга қараганда салбийроқ. Эҳтимол бу ушбу ҳудуднинг бир вақтлар Британия мустамлакачилиги остида француз тилида сўзлашувчи провинция бўлгани билан боғлиқ.
Ўтган декабрь ойида Квебек монархга содиқлик қасамёдини қонун чиқарувчи орган аъзолари учун ихтиёрий деб белгиловчи қонунни қабул қилди.
Аммо буларнинг ҳеч бири Канада монархия келажаги ҳақида расман баҳслар бўлган ёки бўлаётган Барбадос, Ямайка ёки Австралияга ўхшашлигини англатмайди.
Амалдаги тизимни ўзгартириш учун парламентдаги Жамоалар палатаси ҳам, Сенат ҳам уни маъқуллаши, шунингдек, барча 10 провенция бир овоздан розилик бериши талаб қилинадики, бу айрим сиёсатшунослар фикрича, жуда катта тўсиқдир.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















