Муслималар ва Дунё: Талоқни байрам қилувчи мусулмонлар – улар ким? Yangiliklar Ayollar Dunyo

Бева қолган аёллар ажрашганини байрам қилиб нишонлашини диндор жамиятларда учратмайсиз. Бироқ исломий давлат бўлмиш Мавританияда иддаси чиққан аёллар ажрашгани шарафига зиёфат уюштиради.
Никоҳ бузилишига динда энг сўнгги чора сифатида қарашади. Айрим жамиятларда ажрашганларга тавқи-лаънат тамғасини ёпиштиришга ҳаракат қилишади.
Бироқ Мавританияда бева қолган аёллар ажрашганини нишонлаши кенг ёйилган. Эркаклар эса аёллар ҳаётида янги саҳифани илиқ қаршилайди. Уларга атаб шеърлар ёзади.
Ана шулардан бири 29 ёшли Фотима эридан ажрашганини дўстлари даврасида ўйин кулгу билан нишонламоқда.
"Бахлиман, янги ҳаёт бошлаётганимдан хурсандман. Юртимизнинг чиройли аёллари бу - ажрашиб, яна турмуш қурганларидир. Мени собиқ эримдан бахтлироқ қила оладиган бирини топишга умид қиламан", дейди у.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Фотима эри билан 1,5 йил яшади. Мавританияда ажрашиш тавқи-лаънат эмас, балки унинг акси бўлиши мумкин.
Бу ердаги ҳар бир аёл ажрашишни нишонлаш кечасини ташкил қилиши мумкин, бироқ талоғини олгандан сўнг иддаси чиққунча 3 ой кутиши керак.
Исломий қоидага кўра, бу аёлнинг ҳомиладор эмаслигига амин бўлиш учундир.
"Юртимизда ажрашиш оддий ҳол. Бу зиёфат аёлнинг энди эркин эканлиги ва рафиқа излаётганларга унинг боши очиқлигини билдириш учун ҳам қилинади",Ю дейди Фотиманинг синглиси Марям.
"4 марта ажрашганман. 2 нафар болам бор ва ҳаётдан мамнунман. Ҳеч қайси аёл ажрашишни истамайди, аммо баъзи ҳолларда никоҳда жуда кўп муаммо бўлса бу энг тўғри ечим", дейди Фотиманинг дугонаси Муборака.
"Ажрашиш зиёфат"лари асосан Мавританиянинг 80 фоиздан кўпроғини ташкил қилувчи маврлар жамоаси орасида кенг ёйилган.
"Маврлар анъанасига кўра, эри ҳақорат қилса ёки устига хотин олиш каби маълум тартибларни бузса аёл ажрашишга қарор қилиши мумкин. Аслида, бизда ажрашганларга атаб кўплаб шеърлар ёзилган. Масалан, "Бири ташлаб кетган, бироқ ҳамма севган", "Эй, бева! Сен бевалар ичра энг латофатлисан", дейди ёзувчи Муборак Бейрок.
Мавритания эркаклари учун бева хотинларнинг қадри баланд бўлса-да, бун фикрга ҳамма ҳам қўшилмайди.
"Ажрашишни нишонлаш эридан ўч олишнинг йўли бўлиши мумкин. Аммо мен бева хотинларни афзал биладиган эркаклардан эмасман", дейди Мавритания фуқароларидан бири.
"Мавританияда ажрашган аёлларнинг харидори кўп, чунки улар кўп нарса талаб қилмайди ва турмушда уларнинг тажрибаси бор", деб ҳисоблайди яна бир мавританиялик эркак.
Уларни истовчилар кўп бўлиши мумкин. Аммо молиявий жиҳатдан бева аёллар болаларини ёлғиз боқишига тўғри келади.
Бунинг учун уларнинг айримлари собиқ эрларидан қолган ашёларни сотиш учун Нуакшотдаги "бевалар бозори"га келади.
"Ажрашган аёллар отасининг уйига қайтганда ашёларини бизга сотади, чунки ота-онасининг ҳамма нарсаси бор. Улар яна болаларининг таълими, соғлиғи ва кийимларини қоплаш учун ҳам сотишади", дейди сотувчи аёл Нана Аҳмад.
Мавриятаниядаги баъзилар ажрашишлар сони кўплигидан ва бу оилаларга таъсир қилишидан хавотирга тушган.
Бироқ ҳозирча анъана ўз кучини кўрсатишда давом этмоқда.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













