Эрон: 700 ўқувчи қиз заҳарланди, бунинг ортида қандай мақсад бор? Янгиликлар, Dunyo

ota-onalar

Сурат манбаси, IRNA

    • Author, Марям Афшанг
    • Role, BBC

Эронда ноябр ойидан бери қарийб 700 ўқувчи қиз газдан заҳарланди. Кўпчилик бу мактабларни ёпиш учун атайин уюштирилганига ишонмоқда. Бош прокуратура жиноий иш очди.

Ҳеч бир қиз ўлмаган, аммо уларнинг ўнлаб қизлар нафас йўлидаги муаммолар, кўнгил айниши, бош айланиши ва чарчоқ билан касалхонага ётқизилган.

"Кимдир барча мактабларни, айниқса, қизлар мактаблари ёпилишини истагани аён бўляпти", деди мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Юнус Паноҳий 26 феврал куни ўтган матбуот анжуманида.

Ҳозиргача бу борадаги ягона расмий ҳужжат бош прокуратура заҳарлаш бўйича жиноят иши очгани ва бу "қасддан" қилинган бўлиши мумкинлиги эди.

Ўтган уч ой давомида касал бўлишдан аввал қизлар мандарин ва сасиган балиқ ҳидини сезишганини айтишган эди.

"Қўлланган кимёвий моддалар ҳарбий даражада эмас, асосан дўконлардан топса бўладиган моддалар, - дейди доктор Паноҳий. - Ўқувчиларга кучли даволаш чоралари шарт эмас, хотиржамликни сақлаш керак."

Доктор кейинчалик ўз баёноти "хато талқин" қилинганини айтди. Бу эса айбдор кимлиги аниқ бўлмай турганда ижтимоий норозиликни қандай бостириш борасида расмийлар келиша олмаётганини кўрсатиши мумкин.

Диний марказ бўлган Қум шаҳри заҳарлаш маркази бўлган, аммо яна саккизтагача шаҳарда кузатилган.

Жамоатчилик норозилиги ўсишда давом этяпти.

qum

Сурат манбаси, IRNA

Биринчи заҳарланиш 2022 йил 30 ноябрида - Қумдаги Нур техника мактабидан 18 нафар ўқувчи қиз заҳарланиш ташхиси билан касалхонага ётқизилганда кузатилган эди.

Ўшандан буён вилоятдаги ўндан ортиқ қизлар мактаби нишонга олинган.

Феврал ўрталарида камида 100 киши Қум шаҳри ҳокимияти олдида норозилик намойиши ўтказган.

"Болаларим хавфсизлигини таъминлашингиз керак, иккита қизим бор", деб бақиради бир ота тарқалган видеотасвирда. "Икки қиз. Қўлимдан келадигани уларни мактабга юбормаслик."

"Бу уруш! - деди ўша намойишда бир аёл. - Улар бизни уйда қолишга мажбурлаш учун Қум қизлар ўрта мактабида шундай қилишяпти. Улар қизларнинг уйда ўтиришини исташади!"

Баъзи ота-оналарнинг айтишича, болалари заҳарланишдан кейин бир неча ҳафта давомида касал бўлган.

Касалхонадан олинган яна бир видеода эса ўсмир қиз онасининг ёнида ётганини кўриш мумкин.

"Ҳурматли оналар, мен онаман, болам касалхонада ётибди, оёқ-қўллари шалвираб қолган", дейди она.

"Чимчилаяпман, лекин ҳеч нарсани сезмайди. Илтимос, болаларингизни мактабга юборманг".

Диний марказ

Ҳужумлар Ислом Республикасининг таянчи бўлган шиа ислом диний етакчилари яшайдиган Қум шаҳрига қаратилган.

Бироқ уларнинг ҳокимияти ўтган йилнинг сентябрида «белгиланган шаклда» рўмол ўрамагани учун полиция ҳибсхонасида ёш курд аёл Маҳса Амини ўлимидан сўнг танқидлар остида қолди.

Баъзи эронликлар ёш қизларга қилинган ҳужум уларнинг ҳукуматга қарши оммавий намойишлардаги роли учун «қасос»микан деган шубҳага ҳам бормоқда. Ижтимоий тармоқларда ўқувчи қизларнинг рўмолларини йиртиб ташлаётгани акс этган тасвирлар тарқалганди.

namoyish

Сурат манбаси, Twitter

Шунингдек, кўпчилик бу ҳужумлар Афғонистондаги Толибон ва Нигериядаги жангари исломий гуруҳ "Боко Ҳарам"нинг ота-оналарни қизларини мактабга юборишдан тийиш усулидан "нусха олмоқчи" бўлган муросасизларнинг иши, деб тахмин қилмоқда.

«Боко Ҳарам Эронга келганми?» - деб сўрайди Эроннинг собиқ вице-президенти Муҳаммад Али Абтаҳий Instagram'да.

Ислоҳотчи сиёсатчи, шунингдек, "экстремистлар давлат ва дин чегараларини ўз манфаати йўлида талқин қилади", дея огоҳлантирган.

Эрон режими аёлларга нисбатан қўйилган чекловлар, масалан, мажбурий ҳижоб борасидаги танқидларни рад этиб, университетларда таҳсил олаётган аёллар сони билан мақтаниб келади.

Аммо ёш қизлар мактабни тамомламаса, коллеж шунчаки орзу.

Икки марта заҳарланганини айтган мактаб ўқувчисининг Қум ҳокими билан бўлган учрашувида айтган гаплари расмийларнинг айрим даъволари нақадар ноаниқ ва чалғитувчи эканлигини кўрсатади.

"Улар [расмийлар] бизга ҳаммаси яхши эканини, текшираётганликларини айтишди. Аммо отам мактабимдан сўраганида, улар узр сўраб, мана бир ҳафтадан бери CCTV ишламаяпти ва биз буни текшира олмаймиз дейишди".

"Якшанба куни мен иккинчи марта заҳарланганимда, мактаб директори: "Унинг юраги ёмон, шунинг учун у касалхонага ётқизилган", дебди. Менинг юрак хасталигим йўқ!»

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002