Янгиликлар, Россия: Путин бошлаган уруш москваликлар ҳаётига қандай таъсир қилди? Dunyo, Ukraina, yangiliklar

Подольск

Сурат манбаси, MAXIM SHIPENKOV/EPA-EFE/REX/Shutterstock

Ушбу мақола Россия қонунчилиги сабабли ўз исмини ошкор қилишни истамайдиган бир москваликнинг қайдларидир. Бу ерда ифодаланган кузатувлар 100% объективликка даъво қилмайди, лекин россиядаги воқеликнинг бир қисмини акс эттиради.

Тасаввур қилинг-а, Соловёв ва Симоньян кўрсатувларини кўрмайди, айни пайтда телеграмни ўқимайди ва Youtube'да долзарб ҳеч нарсани кўрмайди. Москвани кезиб юрган бу одам бир йилдан бери қонли уруш олиб бораётган давлат пойтахтида эканлигини сезмаслиги мумкин. Ҳа, баъзи жойларда қандайдир яхши қуролланган ҳарбийлар тасвирланган билбордлар ёки плакатлар бор, аммо бу тасвирлардан бу аскарлар қаерда ва нима қилаётгани билинмайди.

Аммо бу Москвадаги ҳаёт, аҳолининг хатти-ҳаракати ва суҳбатлари ўзгармаганлигини англатмайди. Ўзгаришлар бор. Аммо урушдан олдин камида ҳар ўнинчи россиялик яшаган бу йирик шаҳарда улар «Украина», «уруш» ёки ҳеч бўлмаганда "махсус ҳарбий операция" сўзлари кўзга ташланмаслигига ҳаракат қилишади.

Нега Ғарб фирмаларининг кўплаб машҳур дўконлари ёпилди? Турли савдо марказлари ва дўконлар эшиклари ёпилиши ҳақидаги эълонларда энг кўп учрайдиган ибора шу - "Техник сабабларга кўра". Мана, Янги Арбатда Uniqlo логотипи турибди, яхши кийинтирилган манекенлар дераза ойналари олдида. Лекин дўконларнинг витриналари чанг босган, манекенлар остидаги стендлардаги тавсиф ва нарх белгилари бўм-бўш. 2022 йил март ойи охиридан бошлаб ҳамма нарса ёпилди. Шундай қилиб, юзи йўқ манекенлардаги жинси ва жемперлар урушдан олдинги мода намуналарини намойиш этиб турибди.

Яқин атрофда, Эски Арбатда - эгалар ўзгарганига яққол мисол - Starbucks ўрнида Stars Coffee пайдо бўлган. Агар диққат билан қарамасангиз, нима бўлганини тушунолмайсиз - жигарранг ва яшил эди, жигарранг қолган ва яшил рангга бироз фирузаранг аралашган, тожли сув париси ўрнида кокошникдаги аёл. Мен ассортиментда ёки интерьерда ҳеч бўлмаганда аввалгидан ниманидир топишга беҳуда уриндим. Ҳеч нарса. Ҳар ҳолда бир йил ўтди. Аммо Арбат бўлишига қарамай, мижозлар жуда оз.

Москва

Сурат манбаси, MAXIM SHIPENKOV/EPA-EFE/REX/Shutterstock

Бу ерда, эҳтимол, асосий фарқ шундаки, аввал гавжум бўлган жойларда одам камайган. Транспортдаги оломон ўша ўша, тирбандликлар вақти-вақти билан аввалгидек пайдо бўлади, лекин тирик, гавжум шаҳар қаергадир ғойиб бўлганга ўхшайди. Ҳамма кетганми? Йўқ, ҳаммаси эмас, оқшомлари, аввалгидек, камдан-кам ҳолларда метрода ўтириб кета оласиз. Кузатувчилар кетиб қочганларни санашда давом этишяпти - ярим миллионми, миллионми? Уларнинг қанчаси москвалик? Шаҳар ўзгариб кетиши учун қанча одам (ва қайсилари) кетиши керак?

Арбатдаги қаҳвахона ёнида 1922 йилдаги "Фалсафий кема"га бағишланган кўча экспозицияси жойлашган. Улар зиёлиларни тезликда, бефарқ ва шафқатсизларча мамлакатдан қувишган эди. Улар Россия фани, фалсафаси, маданиятини яратдилар, афсуски, хорижда. Бу ерда ҳар қандай тарихий ва ҳозирги воқеалар ўртасидаги ўхшашликдан қўрқадилар. Наҳотки, бу сафаргиси «бошқача»?

Москва

Менимча, шундай ёки - марказда ёки аҳоли яшовчи районларда - одамлар кўчаларда тезроқ, кўпроқ ғуж ғуж бўлиб юришарди. Йўлнинг нариги томонидаги «Пятерочка»да илгари об-ҳаво қандай бўлмасин кўпинча қувноқ ва маст одамлар тўпланиб турарди. Анча бўлди уларни кўрмадим. Озиқ-овқат дўконининг ўзида ҳар сафар нарх кўтарилаётганини тушунишга ҳаракат қиламан. Афтидан, мен оладиган маҳсулотлар - тухум, сметана, ёғ, укроп, нон нархи 2022 йил баҳоридаги сакраш ва ёзда нархларнинг пасайишидан кейин ўсмаганга ўхшайди. Аммо умумий харажат ҳайратланарли - ҳеч нарса сотиб олмагандекман, лекин 500-600-800 рубль тўлаб чиқаман.

"Хорижий агентлар" ва тузумга ёқмаган бошқа ёзувчиларнинг таъқиб қилиниши ҳақидаги хабарларга қарамай, маънавий озуқа тўлиқ қуриб қолмаган. Янги Арбатдаги «Китоблар уйи»да маслаҳатчи «ноқулай» ёзувчиларга нисбатан умумий ёндашув йўқлигини айтади. У менга Акуниннинг китоблари (кичик ассортиментда бўлса ҳам) жавонларда қаерда турганини аниқ кўрсатиб беради. Людмила Улицкая китоблари эса узунроқ жовонни эгаллаган. Босқиндан кейинги биринчи ҳафталарда оммага намойиш қилиш учун Жорж Оруэлл асарларига бутун бир стол ажратилган.

Оруэлл

Бир столда Иноземцев ва Бауновнинг сиёсатшунослик асарлари қўйилган бўлса, унинг ёнида Ғарбнинг Россияга қарши фитналарини гўё фош этувчи бир қатор асарлар жойланган. Майкл Каннингем ва Ҳаня Янагиҳаранинг китобларида ноанъанавий қадриятларга қарши салиб юриши сезилади.

Тезлик датчиги бузилгани учун автодўконга бордим. Бу автодўконда энди орқа ойнага ёпиштириладиган стикерлар сотилмайди. На «Обама-чмо», на "Fuck of NATO" ва на "Можем повторить" стикерлари бор. Z ҳарфлари ҳам йўқ. Москвада бу ҳарфларни машинасига ёпиштиришни истаганлар шундоғам кам эди, ҳозир улар бутунлай йўқолган. Илгари мен дала ҳовлига кетаётганда катта йўлда бундай машиналарга дуч келганман, лекин оз - 300 км йўлда битта ёки иккита. Аммо сўнгги бир неча ой ичида мен Москвада ҳам, шаҳар атрофида ҳам бундай автоуловчиларни кўрмадим.

Ноябрь ойида эса бутун «Z-мобил»лар карвони магистралда учрашди. Фуқаролик рақамлари бўлган турли машиналар сафарбар қилинганларга ёрдам учун нимадир олиб кетишаётган эди. Бу карвонга йўл полицияси машиналари ҳамроҳлик қилаётганди.

Карвон йўл кесишмаларидаги янги қурилган кўприк остидан ўтди. Кўприкларда кулгили ҳолатлар бўлганди: дизайнерлар уларга тагчироқ қўйишди ва ўтган йилнинг кузига қадар бу чироқларнинг турли ранг комбинацияларида Украина байроғининг сариқ ва кўк ранглари бошқаларга қараганда тез-тез учраб турарди. Шубҳали ёруғлик ҳақида шикоят қилишган шекилли ноябрь ойидан бери кўприклар тунда Россия байроғи рангларини акс эттирадиган бўлди. Аммо негадир улар ҳам бекор қилинди - ҳозир улар сариқ-оловрангда порлаяпти.

Босқиндан бир ҳафта ўтгач, менга деярли ҳамма йўловчилар уруш ҳақида гапиргандай туюлди. Хавотирга тушганларнинг суҳбатлари қулоғимга чалинарди. Ёки шундай туюлдимикан? Хиёбонлар бўйлаб юриб, гаплашаётган одамлар ёнидан ўтдим. Бошқалар суҳбатини тинглаётганда шубҳали кўриниш мумкин эди. Уруш ва унинг эҳтимолий оқибатлари ҳақида деярли ҳеч қандай гап йўқ эди. Бир йигит иккинчисига қизишиб, Россияга парвозлар тақиқлангани, рейслар бекор қилингани, қаерга кетиш ҳақида гапирарди.

xayrlashuv

Сурат манбаси, Getty Images

Олти ой ўтгач, ҳаммаси аниқ эди: ҳар ер ҳар ерда сафарбарлик ҳақида суҳбатлашишарди. "Бишкек умуман узоқми?" "Қочиб кетолмайсиз", "Болалар нима қилади?».

Бу суҳбатлар ҳозир ҳам давом этяпти. Мана, метро бекатида, метрополитен хизматчиси бўлган бир йигит суҳбатдошига: "Биздан аллақачон учтасини олиб кетишди". Мен тўхтаб, сўрамоқчи бўлдим: қолганлари чи? Ким ўзи кетди? Ким қочиб кетди? Умуман олганда, улар урушга бориш ҳақида нима деб ўйлашади ва ҳозир қандай - буни маъқуллашадими ёки йўқ? Лекин тўхтамадим. Бир гал тўхтаб сўраганимда йўлимдан қолмаслигим кераклигини айтишган эди.

Хавотирга тушиб қолган, аммо сукут сақлайдиганлардан бир аёл танишим бор. Албатта уруш тарафдори эмас, лекин қораламайди ҳам. Сўнгги 10 йил ичида норозилик намойишлари ҳақида кўп эшитган, аммо бирортасига ҳам чиқмаган. Баҳорда, жамоавий айбдорлик ҳақида гап-сўзлар авж ола бошлаганида, мен ундан ҳозир қандайдир масъулиятни ҳис қиляпсанми, деб сўрадим. "Нега ҳаммамиз айбдор бўлишимиз керак? - деб савол билан жавоб берди. - Қарорни биз бермаганмиз."

Октябрь ойи бошида у дастурчи бўлган 22 ёшли ўғли учун Тбилисига бир амаллаб чипта олганини ёзган эди. Ҳозир ўғли Грузияда яшайди ва ҳатто Москвадаги компанияда масофадан ишлаяпти. Португалияга кўчмоқчи. Онаси эса унинг олдига бориш учун ҳаётида биринчи марта хорижга чиқиш паспорти олмоқчи.

Яқинда мен ундан айб/масъулият ҳақида яна сўрадим. "Мен ўзимни айбдор ҳис қилмайман. Бу менинг қурбимдан ташқаридаги ишлар... Мен ўзимни алданган, қўрққан, заиф ҳис қиламан. Ҳеч нарса қила олмаслигимга афсусланаман. Менинг сўзим ва фикрим ҳеч нарсани ўзгартирмайди, лекин менга зарар етказиши мумкин ", деб ёзди у жавобан.

Moskva

Дала ҳовлиси қўшни бўлганларнинг чатида ҳам нимадир ўзгарди. Уруш бошланишидан бир кун олдин, 23 февраль, Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган китч расмлари одатий бўлмаган. 8 март сукунат. 9 май куни икки ёки учта табрикнома бор эди, илгари ўн ўн бешта бўларди. Ёзда дала ховли учун умумий улушларини ким кам ёки ортиқча тўлаганлиги ҳақида гапира бошлашди, кейин яна тинчиб кетди.

Бошқа куни қўшнилар интернет сифатини яхшилаш учун Ростелекомнинг оптик толали кабелини ўрмон орқали ўтказиш керак ёки йўқлигини муҳокама қила бошладилар. Ва, албатта, уруш ҳақида бир оғиз гап йўқ. Бироқ, охир-оқибат "бир нима рўй берди": қўшнилардан бири мобил миноралардан қимматбаҳо қурилмаларни олиб ташлаш кераклиги, энди Россияга бунақа қурилмалар келмаслиги, бунинг ўрнига кабел ўтказиш кераклигини гапира бошлади.

Сафарбарлик эълон қилинганида, мен қўшним Андрейдан чақирув қоғози келса, 40 ёшли ўғли нима қилади, деб сўрадим. "Нима қиларди, кетади!" деб жавоб берди қўшни. "Имконим бўлса, ўзим борардим, украиналик қардошларимдан нега фашистлар белгиларини кўтариб юришганини сўрардим!" Бундан ажабланмадим, Андрейнинг қарашлари менга 2014 йилдан бери таниш эди. Бироқ, «белгилар» ҳақида яна бир бор сўрашга тўғри келди - қаердан бу маълумотлар? Қўшним қизишиб сўкиниб гапирди, одатда у кўп сўкинмасди.

safarbarlik

Сурат манбаси, Sergei Medvedev/TASS

Биз ҳар доимгидек яна келиша олмадик. Менинг азалий саволим: илгари неча марталаб алдаган ҳокимиятга қандай ишониш мумкин. "Мен фақат телевизор кўрмайман. Интернетда ҳам шу нарсани ёзишяпти" деди у. Ҳа, интернетда ҳам ёзишади. Қўшним билан хафалашиб қолдим, деб ўйладим. Эртаси куни у ўрмон йўлидаги чуқурларни ямаш кераклигини айтганда хафалашмабмиз деб енгил тортдим.

Йил бўйи дала ҳовлида яшовчи қўшним Машанинг эри Москвада ишлайди ва дам олиш кунлари унинг олдига келиб туради. Машанинг айтишича, улар ўзаро маслаҳатлашишган, агар чақирув қоғози келса, эри урушга кетади. "Моддани бўйнингга илиб қўйишади, лекин бу ерда ҳеч бўлмаганда пул тўлайдилар", деди қўшниси. Мен ундан масаланинг ахлоқий томони ҳақида гаплашмадингларми, деб сўрадим. Қўшним уфққа тикилиб, йўқ, гаплашмадик деди.

Москвалик бир танишимнинг курсклик холаваччаси сафарбар қилинган эди. У ҳали ўқув марказида, фронтга жўнатилганича йўқ, дам олиш кунлари уйига таътил ҳам олган. Танишимга холаси ўғли бироз тўлишганини айтибди. Қариндошлари унинг фронтга юборилмаслигига умид қилмоқда, танишим қариндошларининг кайфиятида шуни айтиши мумкин. Мен унга Бучада топилган жасадлар ва қабрлар ҳақида гапирганимдан бери биз уруш ҳақида гаплашмадик. Ўшанда у менга "улар бу хабарлар фейк эканини аллақачон тушунтиришган", деди. Сўнг эгаси ташлаб кетган уйдан аскарнинг нимадир олиши нормал ҳолат деди.

Ўтган куни М шаҳарчасидаги бекатда тонгда таксига ўтирдим. Фақат битта такси бор эди, унга эзма бир пенсионер ҳам чиқди.

- Икки ой бўлмадинг, - деди у ҳайдовчига. - Шаҳарда қандай янгилик, кўп одамни урушга олиб кетишганми?

- Жуда кўп.

- Умид қиламанки, ҳеч кимни ўлдиришмаган?

- Баъзан олиб келишади - деди таксичи қисқа қилиб.

- Оҳ, бечора, бечора... - деди у ва 2014 йилда «ДХР» ва «ЛХР»да қўшинларни тўхтатмасдан Киевга қараб ҳаракат қилиш керак эди деб қўшимча қилди. "Эпласа бўларди! Кейин қанча бетон қуйишди, қанча истеҳкомлар қуришди улар..."

Москвa

Сурат манбаси, YURI KOCHETKOV/EPA-EFE

Ҳеч ким уруш ҳақида қайғурмаяпти деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, ҳамма эмас. Москвадаги 4-синф ўқувчисининг онаси қизи душанба куни эрталаб "Муҳим мавзу ҳақида суҳбат"га бормаслигини айтди. Дастлаб бормаслик учун бир неча марта баҳона топишди. Кейин ҳеч қандай баҳона топилмагач, қизи боришига тўғри келди. Ўшанда ўқувчиларнинг учдан икки қисми бу дарсларга бормаслиги маълум бўлди. Она бошқа ота-оналар билан суҳбатлашгач, ҳеч ким баҳона излаб ўтирмаслигини билиб олди. Синф раҳбари мажбур қилмас экан.

Россия ракетаси Днепрдаги уйни вайрон қилганидан бир неча ҳафта ўтган, Москвадаги ҳамдардлик билдириш марказига айланган Леся Украинка ҳайкали қоронғи ва бўш турибди. Ҳамдардлик билдириш ҳам тўхтаганга ўхшайди. Яқин атрофда ҳеч қандай кузатув камераларини кўрмадим.

Илгари бу ерда кўпроқ одамлар бор эди - йўл бўйлаб жойлашган Европа савдо марказига одам кўп келганидандир эҳтимол. Ҳозир «Европа»да ҳам тинч. Шунингдек, кўплаб дўконлар "техник сабабларга кўра" ёпилган. Баъзи жойларда янги бутик очилиши ҳақида ҳам ёзилган. Бу эълонлар қачон ёпиштирилган, билмайман.

Ҳозир «Европа»да ҳам тинч
Сурат тагсўзи, Ҳозир «Европа»да ҳам тинч

Ишлайдиган дўконларда сотувчилар харидорлардан кўпроқ. Бу одатий ҳолми деб, кимдан сўрасангиз, бундай эмасди дейишади. Айтишларича, сал аввал одамлар кўпроқ эди. Урушдан бироз олдин Павелецкий темир йўл станцияси яқинида очилган ер ости савдо майдонида ҳам аҳвол шу. Бизнеснинг ҳам куни битди десангиз, ундай эмас дейдилар, яқинда бир барга кирганимда мендан ташқари уч киши бор эди. Бир ҳафта ўтиб, яна бордим - ўша ўша шунча пивони ичадиганлар қаерга ғойиб бўлишди?

Пушкин майдонидаги собиқ МcDonald's, ҳозирги "Вкусно" кўпроқ гавжум... Шунга қарамай, урушдан олдингидек эмас, лекин буюртмалар экранидаги ўн бештача буюртма доимий туради. Талабалар ва пенсия ёшидаги хўрандалар овқат ўзгармагани ва картошка фри янада мазали бўлиб қолганини айтишди. МcDonald's га кўп бормаганман, аммо ҳозир 80 рублга сотиб олганим картошка фрининг мазаси аввалгидек эди.

Янги Третьяков галереясида Суздал қолдиқлари кўргазмасига бутун бир қават ажратилган. Черков меъморчилигидан пиктограммалар, либослар, ёғоч ҳайкаллар... Уларнинг ёзишича, буларнинг барчаси Суздал минг йиллик тарихга эгалигини кўрсатади, аммо бу юбилей келаси йил ўтказилади. Катта кўргазма бўляпти, лекин у ерда деярли ҳеч ким йўқ. Собиқ Рассомлар марказий уйининг (РМУ) кийиниш хонасида бир ярим минг «илгак» дан ўттизтачасига пальто осилган.

Янги Третьяков галереясида Суздал қолдиқлари кўргазмаси
Сурат тагсўзи, Янги Третьяков галереясида Суздал қолдиқлари кўргазмаси

РМУнинг бош кўргазма зали тўлмади. Суздалдаги кўргазма экспонатлари "захира" жой билан жойлаштирилган, Суздал ҳудудини дрондан суратга олинган тасвирларини намойиш қилиш учун экранга катта зал ажратилган, аммо анчагина жой бўш. Кузатувчилар бундай кўргазма урушдан олдин асосий залда жойлаштирилмаган бўларди, деб тахмин қилишади. Умуман олганда, ҳозир нимани намойиш қилиш мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб беришни исташмайди. Аммо кўргазма алмашинувлари умуман тўхтамаса ҳам, секинлашгани аниқ. Масалан, ёзда улар рассом Семирадскийни кўргазма учун зўрға кўндиришди - картиналарнинг катта қисми Полшадан олиб келиниши керак эди, аммо поляклар рад этган. Яна бир-икки кўргазма Маданият вазирлиги томонидан "фурсати эмас" деб тўхтатилди.

Ҳозир кўргазма маркази қаршисида, Горкий боғига кираверишда - урушнинг энг яққол тарғиботи - катта Z ва V ҳарфлари ва "Биз биргамиз" улкан хештеги ёзилган. Россия байроғи рангидаги Рождество тўпи турибди. Атрофда ҳеч зоғ йўқ. Ўтиб кетаётган аёлнинг гулдастаси тушиб қолди. Қум рангли комбинезондаги қўриқчи унга қаради - бу норозилик белгисими? Аммо аёл гулдастани олиб, йўлида давом этди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002