Янгиликлар. Дунё: Сурияликлар куни бугун америкаликлар сарқитига қолдими? Video Suriya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Gabriel Chaim
- Author, Лина Шайхуни
- Role, BBC Жаҳон хизмати
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Бугун ҳар беш сурияликдан тўрттасининг озиқ-овқати йўқ. Улар Суриядаги америкаликлар ахлатхонасини титиб, қолган сарқитларигача ейишга мажбур.
"Улар бизни уялтиришга уринишади, ахлат титарлар деб аташади", - дейди 25 ёшли Алия.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сарқитга куни қолган одамлар
АҚШнинг Сурия шимоли-шарқидаги ҳарбий чиқиндилари бу одамлар учун ягона озиқ-овқат ва даромад манбаи бўлиб қолган.
БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, ўн йилдан ортиқ давом этган урушдан сўнг 15,3 миллионга яқин суриялик гуманитар ёрдамга муҳтож.
Уларнинг бешдан тўрттаси етарли озиқ-овқат йўқлигидан азият чекади.
Улардан бири Алиянинг қизи Вала.
"Биз гўшт топиш, овқат топиш учун шу ерда юрибмиз, чунки очмиз", - дейди 12 ёшли қиз.
Мамлакатнинг курдлар назорати остидаги шимоли-шарқида ўзини "Исломий давлат" (ИД) деб атаган гуруҳга қарши уруш иқтисодни вайрон қилди.

Сурат манбаси, Gabriel Chaim
Телл-Байдар шаҳри атрофидаги текисликларда чиқинди тўпланган. Куяётган ахлатдан чиқаётган зарарли тутун ичида бир гуруҳ одамлар егулик ва сотиш учун пластик қидирмоқда.
Бу Алия ўз фарзандлари учун орзу қилган ҳаёт эмас.
Охирги уч йил давомида у ҳар куни соат 07:00 да ахлатхонага икки соат йўл босиб, кўпинча қизи Вала билан келади.
Алиянинг катта қизи кенжа ўғлини қараш учун уйда қолади.
Алия ва Вала кун ботгунча қайтишмайди. Бу вақтгача оила оч ўтиради.
"Қизларим ҳам бошқа қизлар каби ўқишини истардим", - дейди у.
"Аммо ҳозир улар ҳам менга ўхшаб, на ўқишни, на ёзишни билади."
Алиянинг эри фермада ишлар эди. Аммо 10 йил олдин вафот этганида, оилага катта зиён етди.
Шиддатли уруш, оғирлашиб бораётган қурғоқчилик ва оғир иқтисодий шароит Алиянинг умидларини сўндирарди.
Чиқинди билан кун кўриш
Болалар ахлатхонага келиб тўхтаган юк машинаси томон югуради.
Қора ахлат қопларини титиб, 15 ёшли Амир товуқ қолдиқларини топди.
У суякларни тўплайди ва янгиларини овлайди.

Сурат манбаси, Gabriel Chaim
"Агар бошқа иш бўлганида, ўша ерда ишлаган бўлардим. Лекин бошқа қиладиган ишим йўқ", дейди у.
Амир 11 кишилик оилада ягона боқувчи.
У ўзи тўплаган пластикларни сотиб, кунига 3000 дан 5000 Сурия фунти (1,19-1,99 доллар) топади.
Бу кун кўриш учун етарли эмас.
"Урушдан кейин вазият оғирлашди. Ҳатто нонга ҳам пулимиз етмайди", дейди у.
Амирнинг укаси минтақада ИДга қарши АҚШ аскарлари билан бирга жанг қилган.
У яқинда патруль пайтида яраланган ва ўз оиласини боқишга зўрға пул топади.
"Америкаликлар бизга ёрдам бериш учун кўпроқ ҳаракат қилишлари керак", - деб қўшимча қилади Амир.
ИДга қарши кураш
2014 йилда АҚШ курдлар бошчилигидаги Сурия демократик кучларини ИДга қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун қўшин юборган эди.
Беш йил ўтиб, улар ИД устидан ғалаба қозонганликларини эълон қилишди.
Ҳудуд ҳозир курдлар бошчилигидаги кўп миллатли маъмурият томонидан бошқарилади, аммо бу ерда ҳаёт одатдагидек эмас.
"Шимоли-шарқдаги аҳвол мамлакатдаги умумий вазият ёмонлашишининг табиий натижасидир", дейди минтақадаги ривожланиш лойиҳалари устида ишловчи нодавлат ташкилот (ННТ) раҳбари.
У хавфсизлик нуқтаи назаридан аноним қолишни истади.
Мамлакат шимоли-шарқидаги каттагина қишлоқ хўжалиги ерлари ва нефть конлари бир пайтлар Суриянинг асосий даромад манбаи бўлган.
Озиқ-овқат нархлари кескин кўтарилиши, хавфсизликка таҳдидлар кучайиши ва аҳолининг икки баравар кўпайиши қашшоқлик даражасини яна оширмоқда.
Ҳозирда кўп одамлар омон қолиш учун гуманитар ёрдамга қараб қолган, аммо маблағ озлиги ва логистик чекловлар ёрдам муҳтожларнинг ҳаммасига етиб боришини қийинлаштиради.

Сурат манбаси, Gabriel Chaim
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минтақага ёрдам уюштиришга қийналяпти, айниқса, Россия ва Хитой Ироқ чегараси орқали ўтишга рухсат берувчи БМТ резолюциясини маъқулламагандан кейин.
Ҳатто келаётган ёрдам ҳам асосан қочқинлар лагерлари ва урушдан энг кўп зарар кўрган Раққа ва Дайр-аз-Зор каби ҳудудларга йўналтирилади, дея тушунтиради ноҳукумат ташкилот раҳбари.
Орадаги қишлоқлар, масалан, Телл Байдар атрофидаги қишлоқлар ва бошқалар эътибордан четда қолмоқда.
Журналист Ҳамза Ҳамки шимоли-шарқдаги Қамишли шаҳридан.
Унинг айтишича, шимоли-шарқда "ахлатхонага шўнғиш" кенг тарқалмаган, бироқ шундай қилувчилар сони ортмоқда.
"Одамларга ривожланиш лойиҳалари керак. Улар реконструкцияга муҳтож. Аммо бундай лойиҳалар йўқ, бу эса қашшоқлик ўсишини тезлаштиради", дейди у Би-би-сига.
Доимий хавфсизлик таҳдидлари бундай лойиҳаларни молиялаштиришга тўсқинлик қилади. Туркия Суриядаги курдлар назоратидаги ҳудудларга иккита ҳарбий операция уюштирди.

Сурат манбаси, Gabriel Chaim
Бу ерда асосан Анқара террорчи ташкилот деб ҳисоблаган курд ЙПГ гуруҳи етакчилик қилади. Туркия ўз чегараларида ЙПГнинг мавжудлиги унинг хавфсизлигига таҳдид солаётганини айтади.
ИДнинг қайта бош кўтариши хавфи ҳам мавжуд.
АҚШнинг ҳарбий ҳозирлиги бу таҳдидлардан ҳимоя қилади. Аммо унинг базалари у ерда қанча вақт қолиши ҳозирча аниқ эмас.
"АҚШ қўшинлари бу ерни тарк этса, бутун ҳудуд Туркия ёки Сурия ҳукумати қўлига тушиши учун 24 соатдан кўпроқ вақт керак бўлмайди", дейди Ҳамки. Иккала сценарий ҳам минтақадаги одамлар учун "ҳалокатли" оқибатларга олиб келади.
"Одамларнинг иккала томон билан ҳам муаммоси йўқ. Улар фақат муносиб ҳаёт исташади", дейди у.
Амир ва Вала каби болалар бутун умри давомида уруш ва умидсизликдан бошқа нарсани билишмаган.
"Мен мактабга бориш ва [бошқа жойда] ишлашим учун бироз кўпроқ пулимиз бўлишини истардим. Бошқа нарса керакмас", дейди Амир.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














