Видео. Автобусда аёлларнинг интим аъзоларини ушлашдан тортиб жинсий алоқа вақти презервативни ечиб қўйиш - яна нималар зўравонликка киради? Yangiliklar, Dunyo Video

Сурат манбаси, Ghazal Farkhari
- Author, Ребекка Торн
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Итальянча "mano morta" "ўлик қўл" маъносини англатади. Бунинг нима эканлигини оналар ва қизлар муҳокама қилмоқда, дўстлар чатларида ундан шикоят қилмоқда, ўсмир қизлар мактабга бораётганда ундан эҳтиёт бўлиш билан огоҳлантирилмоқда:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Аммо ўлик қўл қандайдир қўрқинчли халқ эртаги эмас. У аёлларга қарши жинсий зўравонлик шаклидир. Ўлик қўл одам тўла автобус ва поездларда аёлнинг интим аъзоларига тегинадиган қўлдир.
Итальянлар учун "mano morta" қасддан қилинган хатти ҳаракатни англатади. Дунё бўйлаб аёллар ана шу каби муносабатларга гувоҳ бўлиши мумкин, аммо унинг ўз тилларида номи йўқ.
Инглизчада "gaslighting", "upskirting" ва "love bombing" бу каби таҳқирларни ифодаловчи сўзга айланяпти.
Gaslighting - кимнидир алдаб ўз мақсади йўлида фойдаланишни англатади. Бу сўз "Merriam-Webster" луғати веб сайтидаги қидирувлар сони 1740 фоизга ошиб 2022 йил сўзи бўлди. TikTok'да #gaslighting ҳештэгидаги видеолар 1.9 млрд марта кўрилган, #lovebombing деярли 250 миллион марта.
"Агар биз бу сўзлар қачон аёлга қарши жинсий тажовуз ёки сексизм шакли маъносини англата бошлаганига эътибор қаратсак, феминизм катта ижтимоий ҳаракатга айланган вақтга тўғри келишини кўрамиз", дейди доктор Алессия Транчезе. У аёлларга қарши зўравонликлар тил орқали қандай бардавом бўлишини ўрганади.
Портсмут университетида амалий лингвистика ва коммуникация бўйича дарс берувчи доктор Транчезе гендер зўравонликларга қарши курашиш учун мавжуд таҳқирлов шаклларини ифодаловчи сўзлар қандай муомалага киритилишини ўрганади.
"Биз тил эркак ва аёл ўртасидаги нотенг муносабатларни акс эттиради ва у ушбу муносабатлар амалга ошадиган ва вужудга келтириладиган восита ҳамдир дейишимиз мумкин", деб қўшимча қилади у.
Аммо янги сўзларни муомалага киритиш дунё бўйлаб аёллар йўлиқаётган камситишларга қарши ёрдам бериши мумкинми?
Би би си 100 аёл лойиҳаси жинсий тажовуз ва таҳқирловни ифодаловчи янги сўзларни муомалага киритишга уринаётган Британиядан, Жанубий Америкадан ва Яқин Шарқдан уч аёл билан суҳбатлашди.
Стелсинг

Михаэла Коэлнинг "I May Destroy You" телесериали 2020 йили телеэкранларга чиққач, кинотанқидчиларнинг олқишини қозонди.
Аммо жинсий тажовузга учраган бир аёлнинг келгуси тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи ва қатор мукофотларга эришган ушбу британ телесерияли ТВ танқидчилар орасидан ташқари чиқиб, бошқа давраларда ҳам довруғ қозонди.
Чилилик 34 ёшли сиёсатчи ва парламент аъзоси Мейте Орсини телесериалдаги бир саҳнадан қаттиқ таъсирланди. Ўша саҳнада сериал қаҳрамони Арабелла ўзи жинсий алоқада бўлган эркак алоқа вақтида ундан яширинча презервативни ечиб қўйганини билиб қолади. Кейинчалик аёлнинг розилигисиз ҳимоя васитаси ечиб қўйилиши - стелсинг Британия, Германия, Канада ва АҚШнинг Калифорния штатида зўрлаш сифатида таснифланганини билиб қолади.
"Бу нарса жинсий тажовуз ҳисобланишини аввал билмасдим, буни сериалда кўрганимдан кейин эътибор бердим", дейди Орсини. У жамоат хавфсизлиги бўйича ҳуқуқшунослик магистридир.
Чилида стелсинг жиноят сифатида таснифланмагани учун бу каби ҳолатлар статистикаси мавжуд эмас. Аммо Орсини дўстлари, танишлари ва ҳамкасблари билан гаплашгач, бу кенг тарқалган ҳолат экани маълум бўлди, аммо жабрланганларни ҳимоя қиладиган қонун ҳам йўқ эди.
У Чили қонунларида стелсингга аниқ баҳо берилиши керак деб ҳисоблади ва қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
"Биз стелсингни испанча муқобилини топиш ҳақида тортишдик. Мен испанчасини топишга қарши чиқдим. [Stealthing инглизча сўз.] Мен жабрланганлар бу инглизчада ҳам бор сўзлигини билишини истардим. Чунки шунда бемалол интернетдан унинг нима эканлигини осон билиб олишарди."

Сурат манбаси, Maite Orsini
Унинг стелсинг қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидан ўтди ва ҳозир сенатда кўриб чиқилмоқда. Орсини қонуни стелсингни жиноят деб белгилаб, унга жазо тайинлайди.
Бу аёлларнинг тил устидан назоратни ўзларига олаётгани белгисидир, дейди Транчезе.
"Луғатлар ҳақида ўйланг, уларни ким тузган? Тарихан улар эркаклар бўлган.
Аёлларга ёзувчи, ҳуқуқшунос ёки шифокор бўлишга қўйишмасди. Билим, маъно яратиш жараёни эркаклар имтиёзи эди."
Орсини хоним тилнинг роли аёллар учун муҳимлигига қўшилади.
"Аввал номланмаган хатти ҳаракатларни номлаш жабрланганларнинг ўзини чиндан жабрдийда эканини кўрсата олишини енгиллаштиради", дейди у.
"Мен стелсинг жиноят кодексида бўлишини истадим. Аёллар ана шу каби ҳаракатларнинг қурбони бўлганда буни била олиши учун, бу турдаги жиноят борлигини кўрсатиш учун уни қонунчиликка киритамиз."
Даунблузинг

Шимолий Ирландиядан бир сиёсатчига кўра, аёллар жамоат жойларда қанчалик ўзини хавфдан холи ҳис қила олмаётганини тил орқали ҳам билса бўлади.
Собиқ адлия вазири Наоми Лонг томонидан таклиф қилинган жинсий тажовузлар бўйича янги қонун март ойидан Шимолий Ирландияда кучга киради.
У Би би си 100 аёл лойиҳасига кирган аёллардан биридир.
Бу қонунда бир қанча янги атамалар киритилган, масалан, "даунблузинг". Бу атама одамнинг розилигисиз, унинг интим аъзоларини тепадан суратга олишни англатади.
"Бу таҳқирлашнинг ўзига хос тури, - дейди Лонг. - Бу аёлни камситиш ва қўрқитишга уринишдир."
Аввал бу хатти ҳаракат қонунга алоҳида атама билан киритилмаган эди, бу эса жабрланганлар ва полицияни қийин аҳволга солиб қўярди, дейди Лонг хоним.
"Сиз ўзингизнинг шахсий даҳлсизлигингизга тажовуз бўлганини сезсангиз ва у сизни хавотирга қўйса ва камситса ю, сиз полицияга мурожаат қилганингизда, улар нима қилишни била олмаса."

Сурат манбаси, Neil Harrison
Тилнинг ўзи ва "даунблузинг" сўзининг гендер маъноси муҳокаманинг бир қисмидир, дейди Лонг хоним.
"Нима деб аташ керак, блуза, кўйлак ёки устки кийим, муҳокама бўлди, балки кўкракка ишора қилувчи бирор сўз қўшиш керакдир.
"Кимдир эркакларнинг кийими устидан баданини суратга оламан деб кўчада юрмаса керак, бунақаси шунчаки бўлмайди."
Шимолий Ирландия Британияда даунблузингни жиноят деб белгилаган биринчи юрисдикция бўлди. Қонун комиссияси Англия ва Уэлсни ҳам шундай қилишга чақирди.
"Тил таъсир қилади. Нарсаларни қандай тасвирлашимиз муҳимдир, - дейди Лонг хоним. - Бу жамиятга ўзи нотўғри деб биладиган, аммо буни ифодалашга қийналадиган ҳаракатни номлаш имконини беради."
Тил қандай ишлайди?

Проф. Лера Бородицкий инсоният қандай қилиб "бунчалик ақлли бўлиб қолгани"ни ўрганади. Унинг айтишича, бунда муҳим ролни тил ўйнаган.
"Тиллар эҳтиёжимизга мослашимиз мумкин бўлган тирик нарсалардир. Тил тафаккур тарзимизни қандай шакллантириши, одамларнинг фикрлашини ўзгартириш учун сўзлаш тарзимизни қандай ўзгартиришимиз ҳақида қизиқ саволлар мавжуд", дейди у.
Когнитив жараёнларни ўрганувчи олимлар онгимиз, тил ва реаллик ўртасидаги муносабатлар, айниқса, маъно қандай пайдо бўлишини тадқиқ қилади.
"Бирор воқеани қандай таърифлашингиз унга даҳлдор одамларни қандай қоралаш ёки жазолашимизни кескин ўзгартиради", дейди у.
Муайян тушунчани билдирадиган сўз ёки исм таъсири ҳақида ўйлаганимизда, унинг ўзига хослигини ҳам ҳисобга олиш муҳим, дейди проф. Бородицкий.
"Масалан, жинсий тажовузга учраган жабрланувчидан судда сўрашлари мумкин: "у сизни ўпдими?" Ўпиш кўпчилик учун аслида ёмон нарса эмас, аммо бегона билан мажбурий орал контактни бундай дея олмаймиз. Агар сиз буни "мажбурий орал контакт" деб атасангиз судьянинг онгида мутлақо бошқа манзара намоён бўлади, умумий маъноли сўзлардан кўра, аниқ ва хос маъноли сўзлар бошқача эмоция қўзғайди."
Никоҳдаги зўрлаш
Ламя Лотфий Мисрда аёллар йўлиқадиган таҳқирлашлар, шу жумладан, никоҳдаги зўрлашлар ҳақида ҳар куни эшитади.
"Муаммо шундаки, аёллар ўзларининг ҳуқуқлари бузилаётганини ўзлари тушунишмайди", дейди у.

Сурат манбаси, Lamya Loftey
New Women Foundation дастури раҳбари Лотфий хоним эр хотинлар ўртасидаги мулоқот жараёнларида қатнашади ва зўравонликка учраётган аёлларни бошпана билан таъминлайди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2018 йилги ҳисоботида айтилишича, Мисрда турмуш қурган ёки партнери бўлган 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёларнинг 30 фоизи жуфтининг тажовузига ҳаётида камида бир марта йўлиқади.
Никоҳдаги зўрлик қурбонлари кўпинча буни ўзлари англаб етмайди. "Шундай экан улар кимга ва нима деб шикоят қилиши мумкин?" дейди у.
Мисрда зўрлашда айбланган эркаклар умрбод қамоқ ёки ҳатто ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин, аммо никоҳдаги зўрлаш мамлакат жиноят кодексига киритилмаган.
Лотфий хонимнинг ташкилоти никоҳдаги зўрлаш ҳақида алоҳида эслатувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ёрдам берди. Бу таклиф парламентга иккинчи марта киритилмоқда, аммо муҳокамага қўйилгани йўқ.
"Жамиятда зўрлаш қораланади ва жазоланади, шунинг учун никоҳдаги зўрлаш ҳақида гап кетганда, бу атамани қўллашга қаршилик бор: сиз уни "никоҳдаги зўрлаш" деб аташингиз биланоқ, айб эркакка тушади. Улар бу атамани эркаклардан узоқлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар", дейди Лотфий хоним.
Унинг таъкидлашича, тилдаги чекловлар сиёсат доирасидан ташқари чиқиб, кундалик сўзлашувларни ҳам қамраб олган.
"Никоҳдаги зўрлаш"ни англатувчи "ағтесаб завжи" ибораси 1980 йилларда мисрлик ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан қўллана бошлаган, лекин етарлича оммалашмаган, дейди у.
Аста-секин бари ўзгара бошлади. У 2020 йилги «Ньютоннинг ўйини» телесериалини эслайди, унда эр ўз аёлини зўрлагани саҳнаси бор.
"Шу сериални кўрганимда мен аёлларнинг менга: "Бу бизда ҳам бўлади", деганларига эътибор бердим. Айримлар ҳатто "ағтесаб завжи" атамасини ҳам қўллай бошлаганлар. Баъзилар менга: "Агар бизга нисбатан шундай қилинганини айтсак, улар бизни жиддий қабул қилишадими?" дейишарди. Илгари бу ҳақда ҳамма жим эди."
Тилшунос доктор Алессея Транчезе тилнинг боғловчи ролига ишора қилади, яъни одамлар у орқали туйғуларини бир бири билан боғлай олади ва умумий кайфият юзага келади.
"Менимча, бу сўзлар аёлларга бошдан кечирганлари фақат ўзларида бўлмаганини билишга имкон беради, бироқ бу кўплаб аёлларга таъсир қиладиган катта тизимли муаммонинг бир қисми, холос", дейди у.
"Номлаш одамлар бир хил нарсани бошдан кечирганини янада аниқроқ кўрсатади."
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















