Янги Зеландия ва Финляндия лидерлари: Биз ёш аёллар бўлганимиз учун учрашмаяпмиз Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Янги Зеландия ва Финляндиянинг раҳбарлари журналистнинг "ўхшаш ёшлар" ҳақидаги саволини рад этишди.
Коронавирус: Аёл раҳбар бўлган давлатларнинг пандемияга қарши кураши нима учун самаралироқ кечмоқда?
Янги Зеландия пойтахти Окландда ўтган матбуот анжуманида Финляндия бош вазири Санна Марин ва Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн учрашувга сабаб уларнинг ёш ва аёл раҳбарлар эканликлари эмас, бош вазир эканликларини айтишди.

Ардерн хоним бу каби савол эркак раҳбарларга ҳам берилиши мумкинлигини сўради.
Янги Зеландиянинг Newstalk ZB радиоканали журналисти икки раҳбар учрашуви ҳақида сўрар экан, шундай деди: "Кўпгина одамлар сизлар бир хил ёшда бўлганларингиз ва ўзаро муштарак тарафларингиз кўп бўлгани учун учрашяпсизлар деб ўйлаяпти".
Ардерн хоним саволни бўлди ва "Барак Обама ва (собиқ Янги Зеландия бош вазири) Жон Кий учрашганда ҳам ёши бир хил экани айтилармиди", дея савол ташлади.
Собиқ АҚШ президенти Барак Обама ва Жон Кий 1961 йилда туғилганлар ва туғилган кунлари бир-бирига яқин бўлган.

Сурат манбаси, Twitter
42 ёшли Ардерн қўшиб қўйди: "Албатта, сиёсатда эркаклар кўпроқ, бу бор гап. Лекин, икки аёл учрашса, бунга сабаб фақат уларнинг аёл эканликлари эмас".
У сўнгра икки давлат ўртасидаги муносабатларни санаб ўтди ва қуйидагиларни айтди: "бугунги учрашувимиз икки мамлакатимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга имконият туғдиради. Жинсимиздан қатъий назар, бизнинг вазифамиз ана шу алоқаларни мустаҳкамлаш".
37 ёшли Марин хоним ҳам унинг сўзларини қўллаб-қувватлаб, "биз бош вазирлар бўлганимиз учун учрашяпмиз", деди.
Бу Марин хонимнинг Финляндия бош вазири сифатида мамлакатга илк расмий ташрифи. Ўтмишда Финляндия бош вазирлари Янги Зеландияга расмий ташриф буюрмаган.
Икки-томонлама учрашувларда икки раҳбар глобал иқтисодий муаммоларни муҳокама қилиш билан бирга Россия босқини остидаги Украинани қўллаб-қувватлашларини қайтарганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












