Хитой: Президент Ши истеъфоси талаблари ва мисли кўрилмаган намойишлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Хитой жанубидаги Гуангжоу шаҳрида одамлар тун оша полиция билан тўқнашдилар. Бу Хитойнинг қаттиққўл Ковид қоидаларига қарши намойишларнинг давоми бўлмоқда.
Интернетда тарқалган тасвирларда оқ ҳимоя устбошларини кийиб олган полициячилар ўзларига қарата отилаётган тош ва шишалардан сақланиш учун қалқонлар ортида турганлари кўринади.
Бошқа видеода эса одамлар кишанларда олиб кетилаётганларини кўриш мумкин.
Чоршанба куни шаҳар ҳокимлиги Ковид қоидалари бир нечта туманларда юмшатилишини билдирди.
Хитойда ўтган бир неча кунларда Ковид юқтириш ҳолатлари яна рекорд даражага чиқди.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, намойишлар сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси Ҳайжу туманида бўлган.
Гуангжоу яшовчиларидан бири AFPга айтишича, 100га яқин полициячи тумандаги Ҳужиао қишлоғига кириб камида уч кишини ҳибсга олган.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳайжу шу ой бошида ҳам Ковидга қарши катта намойишларга саҳна бўлганди.
Ўтган пайшанба куни асосан уйғурлар яшовчи Шинжон вилоятидаги турар жойда ёнғин 10 кишини нобуд қилиши ортидан дам олиш кунларида Хитой бўйлаб намойишлар оқими юзага келди.
Кўплаб хитойликлар Урумчи шаҳридаги ушбу ёнғинга шаҳарда кўпдан бери ўрнатилган аксил-Ковид қоидалари сабаб бўлганига ишонадилар. Ҳукумат буни рад этади.
Бунинг ортидан Шанхай, Пекин ва бошқа катта шаҳарларда одамлар кўчаларга чиқиб қаттиққўл Ковид қоидалари бекор қилиниши, ва ҳатто Президенти Ши Жинпин истеъфо беришини талаб қилдилар.
Намойишлар аввалига кам сонли полиция назоратида ўтган бўлса, кейинроқ полиция қаттиққўлроқ чораларни қўллай бошлади.
Хитой хавфсизлик хизмати намойишлар ортида "душман кучлари" турганини айтиб улар тезда бостирилишига чақирган.
Баъзи хабарларга кўра, полиция намойишчиларни излаб топиб улардан қаерларда бўлганликлари ҳақида маълумот талаб қилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














