Янгилик: Осмонда қуёш фермаси қуришмоқчи - кейин умуман свет ўчмайдими?

Сурат манбаси, ESA
- Author, Паллаб Ғош
- Role, Илм-фан бўйича мухбир
Олимлар кўкда қуёш нурини тутиб, уни электр қуввати сифатида Ерга йўллаш ва миллионлаб уйларни ёритиш мумкинми, деган масалада ишлашмоқда.
Бош мақсад - Ер атрофидаги сунъий йўлдош каби учириладиган бу фермалар етарлича электр қуввати ишлаб чиқара оладими деган масалани ўрганиш.
Европа Фазо Агентлиги Ер орбитасида учта қуёш фермаси қуриш бўйича ҳам ишлар олиб борган.
ЕФА бош директори Йозеф Ашбахернинг Би-би-сига айтишича, келажакдаги энергия тақчиллигини ҳал этишда осмондаги қуёш фермалари ёрдами катта бўлади.
"Агар фазода буни уддаласангиз, айтмоқчиманки, уддаласак - чунки ҳали унгача етиб бормадик - жуда ажойиб бўларди. Бу кўплаб муаммоларни ҳал этарди" - деган Йозеф Ашбахер.
Алоқадор мавзулар:
Таклиф этилаётган қуёш фермалари қандай ишлайди?


Олимларга кўра, самода қуёш нурини йиғиб олиш анча самарали. Чунки тепада на тун чўкади, на булутлар кезади.
Айни ғоя янги эмас. Ярим асрки одамзод бу борада бош қотиради.
Бироқ уни амалга ошириш ўта қимматлиги боис амалий ишларга ўтилмаган.
Энди балки вақти келгандир... Технология ривожланди ва қуёш қувватини фазодан ерга симсиз узатиш имконлари юзага келмоқда бўлмоқда.
Солярис номли айни дастур учун сармоя зарур. ЕФА ҳозир аъзо давлатлардан маблағ истамоқда.
"Фахода қуёш нурини олиш - эндиликда илмий фантастика эмас" - дейди ЕФА олими Санжай Вижендран.

Сурат манбаси, ESA
Солярис дастурининг муҳим жиҳати - у қуёш қувватини самода йиғиб, Ердаги электр тармоқларига етказиб бера олиш имкониятларини аниқлаш.
Солярис жамоаси эса электр қувватини симсиз, хавфсиз ва самарали усулда етказиш мумкинлигини аллақачон намойиш этган,
Уларга кўра, мазкур технология хавфсиз ҳамда жонзодлар ва одамларга зарар етказмайди.
Фазода қувват станцияларини ривожлантириш бобида АҚШ, Хитой ва Япония анча илгарилаб кетишган. Британия ҳам ўзича Фазо Қуёш қуввати устида ишлаб келади.
Британия ҳукуматининг ЕФА тадқиқотларига алоқадор бўлмаган ўз хулосасига кўра, сунъий йўлдош тарзидаги қуёш фермаси бир электр станцияси миқдорида электр қуввати ишлаб чиқариши имконига эга бўлиши мумкин.
Доктор Вижендраннинг айтишича, агар етарлича маблағ ажратилса ва сиёсий ирода бўлса, келаси 10-12 йил ичида бунга эришиш эҳтимоли бор.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















