Путин, Россия ва зулматда қолган россияликлар - Yangiliklar, Urush, Dunyo

- Author, Алам Робинсон, Олга Робинсон ва Кайлин Девлин
- Role, Би-би-си мониторинг
Кўп жойларда интернет қидируви маълумотларнинг кенгроқ оламига кириш эшиги ҳисобланади, аммо Россияда бу одамларни муқобил реалликка банди қилишга ёрдам берадиган тизимнинг бир қисмидир.
Июнь ойида Россиянинг Украинанинг Кременчуг шаҳрига ракета ҳужуми оқибатида 20 киши ҳалок бўлганидан кўп ўтмай, Россиянинг "Yandex" технология компанияси собиқ менежери Лев Гершензон қўшимча маълумот олиш учун шаҳар номини қидирув тизимига киритди.
Натижалар уни ҳайратда қолдирди.
"Саҳифанинг тепасида жойлашган манбалар ғалати ва тушунарсиз эди, - дейди у Би би сига. - Номаълум муаллифнинг битта блоги бор эди, у қурбонлар ҳақидаги маълумотлар сохта эканлигини даъво қилган."
Кремль мамлакат оммавий ахборот воситаларини, хусусан, Россиянинг Украинага бостириб киришини озодлик миссияси сифатида улуғлайдиган ва ваҳшийлик ҳақидаги хабарларни сохта деб рад этувчи телевидениени қаттиқ назорат қилади.
Россияда интернет узоқ вақтдан бери муқобил ахборот манбалари учун асосий майдон бўлиб келган, бироқ февраль ойида уруш бошланганидан бери Кремль мустақил интернет оммавий ахборот воситаларини таъқиб қила бошлади.
Рақамли ҳуқуқлар бўйича ташкилот «Роскомсвобода» ҳисоб-китобларига кўра, урушнинг дастлабки олти ойида Россияда 7000 га яқин веб-сайт, жумладан, йирик мустақил оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари веб-сайтлари блокланган.
Бизнинг тажрибамиз
Би би си Мониторинг ҳозир Россиядаги одамлар Интернетда маълумот қидирганда нимани кўришини билмоқчи эди.
Биз ВПНдан фойдаландик, яъни у орқали биз Россиядан интернетни киргандек бўламиз.
Июнь ва октябрь ойлари орасида биз Россиянинг етакчи қидирув тизимлари - Yandex ва Google'да Украинадаги уруш билан боғлиқ калит сўзларни ўнлаб марта қидирдик.
Yandex - Россиядаги маҳаллий технология саҳнасидаги йирик юлдузлардан бири. У мамлакатдаги энг йирик қидирув тизимини бошқаради ва ўзини ҳокимиятдан мустақил деб кўрсатади.
Компаниянинг ўз статистик маълумотларига кўра, у Россияда қидирув сўровларининг қарийб 60 фоизини қайта ишлайди, Google эса тахминан 35 фоизни ташкил қилади.
Уруш бошидан бери Yandex ўзининг янгиликлар агрегатори Yandex News'да жойлаштирган веб-сайтлар ва мақолаларда Кремлга мойиллик кўрсатаётгани учун танқид қилинмоқда. Сентябрь ойида у Yandex News'ни эгаси Кремлга алоқадор шахс бўлган «ВКонтакте»га сотди.
Аммо Yandex ўзининг умумий қидирув тизими устидан назоратни сақлаб қолди ва Би би си Мониторинг тажрибаси натижасида бу ерда Россиянинг уруш ташвиқоти ҳукмрон бўлган муқобил реаллик борлиги маълум бўлди.
Ваҳшийликлар ҳақида бир оғиз сўз йўқ
Улар қидирган мавзулардан бири Украинанинг Буча шаҳри эди, у ердан рус қўшинлари апрель ойи бошида чиқиб кетишдан олдин юзлаб тинч аҳолини ўлдирган.
Ўлимлар дунёни ларзага солди, аммо Россияда кўпчилик уларни Украинанинг ўзи саҳналаштирган деб ишонади.

Биз Россияда жойлашган ВПНдан фойдаланиб ва рус тилида ёзиб, Yandex'да Бучани қидирганимизда биринчи чиққан натижаларни кўрсангиз, қотилликлар ҳеч қачон содир бўлмагандек таассурот қоларди.
Энг юқоридаги тўққизта натижадан учтаси қотилликларда рус қўшинларининг иштирокини инкор этувчи аноним блог постлари бўлди. Қолган олтитасида воқеа ҳақида мустақил хабарлар мавжуд эмас эди.
Октябрь ойида Лиман шаҳарчаси рус қўшинларидан қайтариб олинганидан сўнг оммавий қабрлар топилгани ҳам «Yandex»да Кремл нуқтаи назаридан аксини топди. Ўлимларда Украина «нацистлари»ни айблаган бир қанча кремлпараст янгиликлар унинг қидирув натижаларида биринчи ўнталикка кирди.
Худди шундай, қидирув тизимида «Украина» сўзини қидириш ҳам Кремль қарашига мувофиқ натижаларни кўрсатди.
Биринчи саҳифадаги тўққизта натижадан тўрттаси Кремлпараст ахборот воситалари билан боғланган, ҳеч бири мустақил ОАВга алоқадор эмас.
Мустақил ахборот парчалари фақат вақти-вақти билан Yandex қидирув натижаларида Wikipedia ёки YouTube'даги мақолаларга ҳаволалар билан пайдо бўлади.
Би би си изоҳ сўраганида, Yandex Россиядаги қидирув "[ОАВ] регулятори томонидан блокланган сайтлардан бошқа онлайн мавжуд контентни кўрсатишини" айтди. У қидирув натижаларига "инсон аралашувини" рад этди.

Хўш, агар сиз Yandex'дан Россиянинг иккинчи йирик қидирув тизими Google'га ўтсангиз нима бўлади?
ВПНни рус манзилига ўрнатган ҳолда Google қидирув тизимидан русчада ёзиб фойдаланилганда кремлпараст оммавий ахборот воситалари ҳам топилди, аммо улар баъзи мустақил ва Ғарб манбалари билан аралаш ҳолатда эди.
Рус тилида ёзган ҳолда, ВПНни Буюк Британияга жойлаштириб, Google'да қидирганимизда кўпроқ мустақил манбалар пайдо бўлди. Тинч аҳоли ўлими ёки урушни қамраб олган кўплаб натижалар бор эди.
Google'нинг Би би сига айтишича, унинг қидируви "очиқ интернетда мавжуд контентни акс эттиради" ва унинг алгоритми "ишончли манбалардан юқори сифатли маълумотлар кўриниб туришига" ўргатилган.
Натижаларни тозалаш
Хўш, нима учун Yandex қидирув натижалари Google қидирув натижаларидан жуда фарқ қилади?
Би-би-си билан суҳбатлашган бир қанча экспертларнинг таъкидлашича, «Yandex» ичида кенг кўламли манипуляция содир бўлиши даргумон, чунки буни қилиш жуда қийин.
Имкониятлардан бири шуки, компания натижалари Кремлнинг босқин ҳақидаги мустақил хабарларни бостириши туфайли бузилган.
Россия медиа регулятори минглаб веб-сайтларни блоклаганлиги сабабли, Yandex қидирув натижаларида катта ҳажмдаги маълумотлар кўрсатилмайди.

"Улар [ҳокимият] натижаларни бутунлай тозалаши мумкин", дейди собиқ Yandex дастурчиси Алексей Сокирко Би би сига.
Шу билан бирга, Кремль ўз тарғиботини акс эттирувчи веб-контент яратишга катта маблағ сарфламоқда, дея қўшимча қилди у.
GA Agency маркетинг компаниясининг қидирув экспертлари Гидо Амполлини ва Михаил Орловнинг таъкидлашича, бу фойдаланувчилар Yandex'да кўрадиган натижаларни ҳам бузиши мумкин, чунки қидирув тизими алгоритми кремлпараст контентга юқори рейтинг бериши ва муқобил контентни пасайтириши мумкин.
Сунъий веб траффик
ВПНдан фойдаланиш русларга уруш ҳақида ўз тилларида кўпроқ маълумот олишга ёрдам берадими?
Агар улар ушбу маълумотни топиш учун Yandex'дан фойдаланса, бунинг фойдаси оз.
Буюк Британияга ўрнатилган ВПН орқали Yandex'да рус тили орқали маълумот излаш ғалати мустақил манбаларни топиши мумкин, аммо барибир кремлпараст манбалар устунлик қилаверади.
Амполлини ва Орловнинг таъкидлашича, кремлпараст контент алгоритм бўйича юқори ўринларни эгаллаш учун эҳтиёткорлик билан танланган кўринади.
Натижаларда кўзга кўринган нотайин янгиликлар сайти ёрдамида улар веб-трафикни манипуляция қилиш белгиларини топдилар.
Ташқи веб-сайтлардан сайтга кўплаб потенциал сунъий ҳаволалар топилди, бу сайтнинг қидирув рейтингини оширишнинг кенг тарқалган усулидир.

Сурат манбаси, MARYNA MOISEYENKO
Ва ниҳоят, Yandex россиялик фойдаланувчиларнинг ўзлари кремлпараст контентни танлашини ҳисобга олиши мумкин.
The Audit Lab рақамли маркетинг агентлигининг қидирув бўйича мутахассиси Ник Бойлнинг Би би сига айтишича, Google'дан фарқли ўлароқ, Yandex фойдаланувчиларнинг хатти-ҳаракатларини ҳисобга олади.
Бу, масалан, веб-сайтнинг қидирув рейтингига ушбу веб-сайтга ташрифлар сони таъсир қилиши мумкинлигини англатади. Google бу унинг қидирув тизимига тааллуқли эмаслигини айтади.
GA Agency жамоаси кўпчилик россияликлар ўз армиясини ижобий кўрсатувчи контентга босишлари мумкинлигини аниқлади ва бу Yandex алгоритмини ушбу контент рейтингини юқори баҳолашига сабаб бўлади.
Лев Гершензоннинг фикрича, Кремл Yandex қидирув натижалари бўйича устунликка қандай эришганидан қатъи назар, давлат оммавий ахборот воситаларида эшитган нарсаларини шубҳа остига қўймоқчи бўлган ҳар бир киши фақат расмий нуқтаи назарни тасдиқловчи маълумотни кўради.
"Сиз Yandex'нинг асосий саҳифасини очасиз ва бошқа манбалардан қандайдир муқобил расмни олиш учун Кременчуг [ҳужумb] ни [қидиришни] бошлайсиз ва сиз фақат "келинг, сиз ҳақсиз, бу сохта" деган гапни ўқийсиз, тамом, - дейди у Би би сига. - Бу икки марта мушт туширишга ўхшайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















