You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Украина уруши: Россия аскарлари оммавий қочаяптими? - Видео Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar
Украина ҳарбийлари мамлакат шимоли-шарқида қарши ҳужумларини давом эттираяптилар.
Сентябрь ойи бошидан буён 3000 квадрат километр Украина ҳудудини Россия қўшинларидан озод этганини хабар қилмоқдалар.
Украина қуролли кучлари мамлакат жанубидаги Херсон атрофида қарши ҳужумга ўтишлари мумкинлиги ҳақидаги хабарлар икки ойдан зиёд вақт давомида тарқалаётган, АҚШдан HIMARS ракета тизимларини олганидан бошлаб Днепр дарёси устида қурилган Антонов кўпригига ўхшаган муҳим нишонларни уриб ишдан чиқаришни бошлаган эди.
Алоқадор мавзулар:
Натижада Украина жанубидаги Россия қўшинларини қурол-яроғ билан таъминлаш қийинлашди, Россия ҳарбийлари узунлиги бир километрдан узун Днепр дарёсидан понтонлардан фойдаланиб ўта бошлади.
Сентябрь ойининг дастлабки кунларидан Украина қуролли кучлари жанубдаги Херсон йўналишида эмас, шимоли-шарқдаги Харкив йўналиши бўйича контр ҳужумларни бошладилар.
Қисқа вақт ичида Россия ўз назоратидаги катта ҳудудларни қўлдан бой берди ва Россия Мудофаа вазирлиги ўз кучларини Харкив атрофидан Херсонга ташлаганини тан олди.
12 сентябрь куни Харкивнинг Россия тарафига ўтган раҳбари Виталий Ганчевнинг Россия телевидениесига айтишича, Харкив контр ҳужумида қатнашган Украина ҳарбийларининг сони Россия қўшинларидан саккиз баробар кўп бўлган.
Виталий Ганчев Украина армияси шимолдаги қишлоқларни босиб олиб Россиянинг Украина билан чегарасига чиққанини айтди.
Украина расмийлари 3000 квадрат километрдаги ўз ҳудудларини қайта ўз назоратларига олганларини айтмоқдалар, бу нарса олтий ойлик уруш мобайнидаги энг йирик ёриб ўтиш ҳисобланади.
Би-би-сининг урушаётган томонлар тақдим этаётган рақамларни текшириш имконияти йўқ.
Украина армиясига кўра, охирги 24 соат ичида шимоли-шарқда 20 қишлоқни ўз қўлларига олганлар.
Улар орасида ҳали 2014, 2015 йилги илк Донбасс уруши вақти Украина назоратидан россияпараст кучлар назоратига ўтган ҳудудлар ҳам бор.
Британия Мудофаа вазирлиги расмийлари айтишича, Украина қуролли кучлари сўнгги ғалабаларининг Россия умумий жанговар режасига "оқибатлари салмоқли" бўлади.
11 сентябрь куни Россия бутун Украина бўйлаб фуқаролик инфратузилмаларига ракета ҳужумларини уюштирди, Украина расмийлари буларни жанг майдонидаги мағлубияти учун ғазабланган Россиянинг қасос амали деб атадилар.
Якшанба кунги қанотли ракеталар Украинанинг бир неча вилоятида электр таъминоти узилишига сабаб бўлди.
Миллионлаб одамлар электр қувватисиз қолдилар.
Кечқурун Харкив раҳбарияти электр ва ичимлик суви таъминоти қайта тикланганини хабар қилдилар, лекин душанба кунги ракета ҳужуми яна Харкивни электрсиз қолдирди.
Украина Мудофаа вазири Олексий Резниковнинг айтишича, ўзларининг эндиги энг устувор вазифалари қарши ҳужум натижасида қўлга киритилган ҳудудларни қўлда ушлаб қолишдир.
Олинаётган хабарларда Россия ҳарбийлари нафақат ўзларини ДХР, ЛХР деб атайдиган ҳудудларга, балки Россия ҳудудига ҳам қочиб чиқаётганлари айтилади.
Луганскдан ҳам ҳарбийлар ва ҳам тинч аҳоли Россияга қочаётгани ҳақидаги Украина расмийлари хабарларини Россия расмийлари ҳам тасдиқламоқдалар.
Россия чегара хизмати охирги ҳафтада 116 минг одам, Россиянинг ЛХР ва ДХРдаги ҳарбий назорати йўқотилган ҳудудлардан бир кеча-кундузда 17000 дан ортиқ одам Россия ҳудудига ўтганини хабар қилди.
Украина ҳарбийлари Россия босқинининг дастлабки кунларида Россия армияси назоратига ўтган ҳудудларда аскарлар қочиб чиққанларидан кейин кўп сондаги қурол-яроғ, ҳарбий техникани ташлаб кетганларини айтмоқдалар, видеолар тарқалди.
Украина ҳарбийларининг сўнгги ғалабалари манзарасида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 10000 ҳарбийсини Украинага юборишга буйруқ берганини хабар қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek